Қўқон хонлари - Хамидулла Абдуллаев 2 стр.


Атиги йигирма қадам нарида совуқ кўзларини Шоҳруҳ томонга қадаб баҳайбат йўлбарс депсиниб турарди. Думини гажжак қилиб наъра тортишидан ҳамла қилмоқчилиги сезилиб турарди. Йўлбарс икки сабабга кўра одамга ҳужум қилиши мумкин. Болалаган пайтда инига яқин келиб қолинса, очликдан ўта қийналган ҳолатда ёки бирор сабабга кўра ярадор бўлса одамдан ўч олиши аниқ. Ўз кучига ишонган Шоҳруҳбий ўзини йўқотиб қўймади, у илгарилари ҳам ҳар хил йиртқичларга дуч келган, лекин ҳозиргидек бундай яқин масофадан унга рўпара бўлмаган. У ўйланиб қолди, агар орқасига қочса йиртқич албатта ҳамла қилади, жойида қимирламай туришнинг иложи йўқ, чунки от сесканиб титрамоқда, илкис ҳаракат қилиб ишни бузиб қўйиши мумкин. Йўлбарсни камон билан қулатиб бўлмайди, аксинча яраланиб қаттиқ ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна яқинлаша бошлади. Қандай чиройли жонзот ўйлади Шоҳруҳ, бир зарба билан қулатиш мумкин, лекин жонивор увол бўлади. Ахир у тўқайзорнинг ярашиғи-ку, ҳайвонлар подшосини ўлдириш инсофдан эмас. Ўйланиб ўлтиришга фурсат қолмади, қўлидаги найзанинг тўмтоқ томони билан сакрашга шайланган йиртқични зарб билан урди, кўз очиб юмгунча иккинчи бор орқа оёғининг юқори қисмига янада кучлироқ зарба берди. Хавф-хатар чекина бошлади, орқа оёғидан қаттиқ зарба олган маҳлуқ оқсаб-оқсаб чекина бошлади. От чоптириб етиб келган Шомансур ажойиб манзарани кўриб жойида анграйиб қолди.

– Бу йўлбарс-ку, – деди у ҳовлиқиб. – Сизга ҳужум қилмадими?

– Қилмоқчи бўлди, лекин эплай олмади.

– Найза санчдингизми?

– Йўқ, кети билан урдим.

– Ҳазиллашяпсизми?

– Йўқ, чиндан айтаяпман.

– Нега бундай қилдингиз?

– Ўлдиргани кўзим қиймади.

– Йиртқичга шу даражада шафқат қилиш хавфли-ку.

– Хавф-хатар олдида ўзингни йўқотмасанг, ҳар қандай офат чекинишга мажбур бўлади.

– Орқага қайтамизми? Мен йўл-йўлакай ов қила олмадим, лекин сизни ахтаравериб чарчадим.

Анча-мунча ўлжа билан қайтишган йигитлар, гулхан атрофига бориб ўтирдилар.

– Отам келмадиларми?

– Ҳали замон келиб қолишса керак, – деди Раҳимқул. – Таом олиб келайми?

– Ҳозирчалик чой келтирсанг етарли.

– Хўп бўлади.

– Нима таом тайёрладинг?

– Кийик гўштидан кабоб қилдим.

– Қирғовул гўштидан шўрва тайёрла, дадам хуш кўрадилар.

Шоҳруҳбийнинг йўлбарс билан олишгани бутун қишлоққа ва аста-секин теварак-атрофга ёйила бошлади. Биров у деса, биров бу дейди. Шоҳруҳбий ёлғиз ўзи каттакон йўлбарс билан олишиб, найза билан ҳалок қилибди деса, яна кимдир йўқ, қуролсиз қўли билан маҳв қилибди дейди. Шоҳ авлодидан бўлган Шоҳруҳбийнинг обрў-эътибори ўн чандон ошиб кетди.

– Чинакам шоҳ авлодидан-да.

– Шоҳ бўлишга муносиб йигит-да.

– Жасурлиги ҳусни-жамолига монанд.

***

Карнай-сурнайнинг садоси худди оламни титратаётгандек, еру осмон унга жўр бўлиб рақсга тушаётгандек. Барча шод, барча хуррам, қувончлар ҳамма ерни тутиб кетган. Соддадил, одми кишиларнинг энг севимли одатлари тўю-томоша, сайил, ўйин-кулгилар. Имкониятлари чекланган, юпун, ярим оч, қўли юпқа бу ночор одамлар ана шундай томошалардан тасалли топиб, ўйин-кулгу билан ўзларини овутиб, омонат қувончлар билан кифояланар эди. Теварак-атрофдан тумонат одамлар йиғилган. Шомастбий ўз ҳисобидан сайил уюштириб, элу юртга ош бермоқда. Бундай анжуманлардан кўзланган мақсад кишиларни жамлаб обрў-эътибор олиш, ўғли Шоҳруҳбийни элга танитиш. Ҳар сафаргидек халқнинг меҳрини қозонган санъаткорлар, қизиқчилар, аскиячилар, созандалар ҳамда энг номдор полвонлар кураши ҳар доим сайилнинг диққат марказида бўлади. Уларнинг баҳслари қийқириқлар ва олқишлар билан бир неча соат давом этади. Гоҳо полвонларнинг кураши натижасиз тугаб эртасига давом этади. Шундай полвонлар борки, кураги ерга тегмаган. Уларнинг курашлари барчани ҳаяжонлантириб юборади, тинимсиз қийқириқлар остида ўтадиган бундай баҳслар кишиларни икки гуруҳга ажратиб юборади, ажралиш бир қанча баҳс-мунозараларга, ҳатто жанжалларга сабаб бўлади. Бугун полвонлар ичида асло енгилмаган Халилхўжа полвон ҳам бор, у ҳали бирор маротаба ҳам енгилган эмас, бир неча йилларки биринчиликни қўлдан бермайди. Алпқомат Халилхўжа полвон табиатан ҳалол, чиройли ва гавдали йигит. Гавдаси қўрғошиндек оғир, ердан узиб бўлмайди, бели чўяндан ҳам қаттиқ, қўли якка суяк, илиги тўла, бадани темир деган гаплар юради. Бош ҳакам унинг номини айтиб, талабгор борми деганда ҳамма бараварига қарсак чалиб юборди, бақиришиб олқишлади. Ҳаммаёқ жим-жит, ким ҳам юрак бетлаб чиқар экан деган шивирлашар бошланди. Ҳар сафаргидек дадил отилиб чиқадиган даъвогар йўқ. Жимлик анчагина ҳукм сурди, наҳотки… наҳотки деган гаплар бошланди, энг қизиқарли кураш бўлмас экан-да. Ҳакам даъвогар топилмаслигини тушуниб навбатни майда-чуйда полвонларга беришга оғиз жуфтлаган эди, «мана мен даъвогар» деган товуш эшитилди. Ҳамма ҳайрон, ҳамма таажжубда. Баъзилар кўзларига ишонишмайди. Даврага Шомастбийнинг ўғли Шоҳруҳбий кириб келди. Бундай бўлишини Шомастбийнинг ўзи ҳам кутмаган эди. Унинг атрофидагилар хавотирлик билан унга тикилдилар.

– Майли, – деди Шомастбий бироз мулоҳаза қилиб. – Майдонга чиқдими тамом, энди қайтариб бўлмайди, ўғлим ўз кучига ортиқча баҳо берадиган бўлиб қолган чамамда.

Ҳаяжонли кураш бошланди. Халилхўжа полвон Шоҳруҳбийга нисбатан икки баровар улкан, бундай давангирни йиқитиш учун унга тўрт баравар куч керак. Полвонлар роса чиранишди, шунча йиллар давомида катта тажриба орттирган Халилхўжанинг синовдан ўтган усуллари иш бермас, куч-қувватда бундай рақибни асло учратмаган. Уринишлар ҳам, шиддат ҳам бефойда. Вақт ўтган сари чарчаш ўрнига рақибининг кучига куч қўшилиб бормоқда. Уни биринчи марта қўрқув эгаллай бошлади. Борди-ю енгилса, шунча йиллик шон-шуҳрат чилпарчин бўлади, енгилмас деган фикр синади. Ана шу қўрқув уни мағлубият томон етаклай бошлади, ишонч йўқолиб кучи камайиб борарди. Чарчаш ва руҳий толиқиш бошланди. Кутилмаганда Халилхўжа полвон ердан узилиб бир газ юқорилади, чирпиракдек бир айланиб Шоҳруҳбийнинг оёғи остига қулади. Қий-чув, шовқин-сурон, қарсаклар ҳеч қаерга сиғмай кетди, олқишлар анча пайтгача тинмади. Нима бўлганини англашга ҳам улгурмаган полвонни Шоҳруҳбек даст кўтариб ўрнидан тургазиб қўйди-да, елкасига уриб қойил қолганини изҳор қилди. Халилхўжа ўзига келди, юзига қизил югуриб Шоҳруҳбий томонга таъзим қилди, мардлиги учун миннатдорчилик билдирди. Шоҳруҳбийнинг таклифи билан анжуман учун ажратилган энг катта соврин Халилхўжа полвонга берилди ҳамда банорас тўн кийгизиб, шоҳи қийиқ ҳам боғлаб қўйишди.

– Дада, мендан хафа бўлгандирсиз, – деди у ҳайиқибгина отаси томон яқинлашиб.

– Хафа бўлганимни билиб турибсан ўғлим, – деди Шомастбий ўғлига таънаомуз тикилиб. – Мени қанчалик асабийлашишимни билиб туриб шу ишга азм қилдинг. Борди-ю мағлуб бўлсанг нима деган одам бўлар эдик?

– Дадажон, ахир қўрқмасликни, мағлубиятдан чўчимасликни ўзингиз ўргатгансиз-ку?

– Ғалабага ҳисоб-китоб қилиб эришилади,у таваккалчиликни ёқтирмайди.

– Мен ахир барча нарсани ҳисоблаб бу ишга қўл урдим, шунинг учун ютиб чиқдим-да.

– Мағлуб бўлишинг ҳам мумкин эди.

– Ғалабани қўлга киритиш учун мағлубиятни ўйлама деб эдингиз.

– Мен сен хон бўлишингни хоҳлайман, полвон бўлишингни эмас.

– Бундан буён бундай иш қилмайман.

– Ҳа майли, ҳар ҳолда омад сен томонда бўлди, энди кераксиз ишларга қўл урма.

Карнай-сурнай овозлари оламни ларзага солар, Шоҳруҳбий хурсанд эди. Битта ўта хатарли тасодиф чекинди, яхшилик билан якунланди. Агар мағлуб бўлганида хонлар авлодининг хонадони шаънига яхши бўлмас эди. Буни Шоҳруҳбий яхши ҳис қиларди.

***

– Ойбарчинга совчилар келишибди, нима дейишни билмадим.

– Қизингни жуда кўҳлик деб эшитган эдим, – деди Аширбек дўсти Юсуфга тикилиб. – Ўзимиздан ортмас эди-ю…

– Мен ҳам шундай фикрда эдим.

– Ким экан у совчилар?

– Чодакдан келишибди.

– Чодак хожалариданми?

– Худди шундай.

– Улар икки гуруҳга бўлинишган, бирлари маҳдуми Аъзам деса, бошқалари Ҳазрат Офоқхўжанинг авлодлариданмиз деб даъво қиладилар. Улар анча йиллардан буён бизнинг юртимизга хўжайинлик қилишдан воз кечмай келмоқдалар.

– Бизнинг ҳудудларимиз Бухоро Амирлигига қарайди-ку?

– Амир ўз ҳукмронлигини шуларга суяниб амалга оширади, улар ўлпон устига ўлпон йиғиб халқни безор қилмоқдалар.

– Бек ака, ўзимиз мустақил бир салтанат тузсак бўлмайдими?

– Айтишга осон, бундай ишларни амалга оширишни бизлар ҳам кўп ўйлаганмиз, ҳозирчалик бу ишларнинг ечими топилган эмас.

– Мен нима қилай ака?

– Сен розилик беравер.

– Сиз шунга розимисиз?

– Ҳа, мен розиман. Қизалоғингни «хожалар» уруғига узатиш ҳар томонлама бизлар учун фойдали. Тўйни ўзимиз ўтказиб берамиз.

– Раҳмат бек ака, менга жавоб.

– Тўйнинг маслаҳати учун алоҳида келасан. Катта базм уюштирамиз, барча сарф-харажатларни ўзим қиламан.

Минглар уруғидаги аҳилликка барчанинг ҳаваси келар, улар худди бир оиладек бирга меҳнат қилиб, бирга қувонишар, бир-бирларига ҳамдард ва меҳрибон эди. Мавсумий ишлар, деҳқончилик муаммоларини, айниқса ариқларни тозалаш, ерларни ўзлаштиришда бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишар, бирор киши иморат қурмоқчи бўлса ҳашар йўли билан бир неча кун ичида битказиб беришарди, шу боис бу уруғнинг теварак-атрофдагиларга нисбатан мавқеи жуда ортиқ бўлиб, тўй ва маросимлари ҳам бамаслаҳат ва тартибли ўтарди.

Шомастбийнинг таклифига биноан теварак-атрофдан нуфузли ва хос одамлар кириб кела бошлашди. Меҳмондорчилик баҳонасида Шомастбий узоқ вақтлардан буён ўйлаб юрган режасини амалга ошириш чораларини маслаҳатлашиб олмоқчи.

– Ҳурматли оқсоқоллар, чодаклик хожалар Юсуфхўжанинг қизига совчи бўлиб келибдилар, – деди Шомастбий уларга маъноли тикилиб. – Биз бажонидил розилик бердик. Анча вақтдан буён мўлжаллаб келаётган ишларимизни амалга ошириш фурсати етганга ўхшайди.

– Сиз нима десангиз биз тайёрмиз, – дейишди оқсоқоллар бир овоздан.

– Келишиб олганимиздек тўйни тантанали ўтказамиз, барча Чодак хожаларини таклиф қиламиз. Улар эртага жавоб олиш учун келадилар.

– Бўладиган ишларни бўлишиб оламиз.

Теварак-атроф оқсоқоллари билан гапни бир жойга қўйгандан сўнг Шомастбий тўй тайёргарликларини кўра бошлади. Тўй қайси куни бошланади, неча кун давом этади, нечта хонадон жалб этилади барчаси режалаб қўйилди. Тўйга барча Чодак хожалари таклиф қилинди. Сарпо ва совға-саломлар тайёрлаб қўйилди. Бу тўй жуда дабдабали бўлмоғи даркор, чунки унинг якуни юрт тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Чодак хожалари таклифни жуда мамнуният билан қабул қилдилар, чунки бу қуда-андачилик энг нуфузли «Минг» уруғи билан дўстлик риштасини мустаҳкамлайди, теварак-атрофдаги мавқелари янада ошади. Улар катта совға-саломлар билан кириб боришга тайёрлана бошладилар.

***

– Менга қара Эргашхўжа, бўлажак тўйга жуда пухта тайёрланишимиз лозим. Теварак-атрофда тўйга таклиф қилинмаган бирорта қишлоқ ёки овул қолмасин. Барчанинг меҳрини қозонишимиз шарт ва зарур. Қази-қарталарни мўл қилинглар, қимиз ва қимрон ҳам эсингдан чиқмасин. Қанча қўю-эчки кетса аяманглар.

– Барчасини бажарамиз, асло хижолат бўлманг.

– Ҳа айтгандек, анчагина шароб ҳам ғамлашимиз керак.

– Бироз тушунмайроқ турибман ота, – деди Эргашхўжа ҳайратини яширмай. – Ахир сиз тўйларимизда шароб ичишни таъқиқлаб қўяр эдингиз-ку?

– Бу сафар шароб ичишга рухсат бераман. Сабабини сўраб ўтирма, буни кейинроқ биласан.

– «Хожалар» учун заррин тўн тайёрлайликми?

– Менимча бунга зарурат бўлмаса керак.

– Нега? Улар икки юз киши бўлиб келишар эмиш.

– Йигитларга шундай топшириқ берасан, хожаларнинг бирортаси менинг ижозатимсиз кетиб қолмаслиги керак.

– Барча топшириғингиз бажарилади.

– Сенга рухсат, менга Шоҳруҳбийни чақириб қўйинглар.

***

– Йўлбарс билан бўлган олишувдаги жасурлигингни эшитдим, – деди у ўғлига меҳр билан тикилиб. – Анчагина қалтис ҳаракат қилибсан.

– Бундай жасорат кўрсатишни сиздан ўрганганман.

– Катталардан кўп нарса ўрганиш жуда яхши фазилат, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб ҳаракат қилма.

– Келажакда бунга эътибор бераман.

– Бир йиртқични омон сақлайман деб жуда қалтис иш қилибсан. Агар озгина адашиб қолганингда йўлбарс сени авайлаб ўлтирмас эди.

– Йўлбарслар одамларга ноўрин тажовуз қилишмайди деган эдингиз…

– Тўғри, шундай деганман. Сен ҳам уларга ноўрин тажовуз қилма дейман, лекин ҳужумга учрасанг ҳар қандай йўл билан ўзингни ҳимоя қилишга ҳақлисан.

Шоҳруҳ отасининг ўгитларини сўзсиз бажарар, ана шу сифати билан унинг чинакам меҳрини қозонган эди. Шунинг учун бу бироз қизариб отасига тикилганича индамай қулоқ соларди.

– Ўғлим, бугун мени ҳар қачонгидан ҳам диққат билан тинглагин. Бизлар хон авлодидан эканимизни ҳар доим эслаб юрмоғинг лозим. Сени келажакда улкан ишлар кутмоқда, бундай ишларни фақат жасурлик билангина бажариб бўлмайди. Сен бошқалардан кўра уқувли, билимли, бардошли ва сезгир бўлмоғинг лозим. Кишиларнинг кўнглидан нелар ўтаётганини гапирмасларидан аввалроқ билишинг, дўст билан душманни, хушомад билан самимийликни ҳамма ерда фаҳмламоғинг лозим. Эҳтимол сен яқин кунлар ичида ўлкамизнинг ҳукмрони бўларсан. Ҳукмрон бўлиш эса ўта масъулият, ўта нозик ва хавфли вазифа. Ана шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисан?

– Бу масалалар хусусида чуқур бир билимга эга эмасман.

– Бухоро Амирлигига тобе эканлигимизни яхши биласан. Амир бизларни гўё ўгай фарзандидек кўради. Юртимизни қўрқувда ушлаб туриш учун мутаассиб руҳонийлар, риёкор хушомадгўйлардан усталик билан фойдаланади. Жаҳолат ва илмсизликнинг авж олиши учун айни муддаодир. Шундай гўзал ўлка, шундай истеъдодли миллат ривожланмаётганининг сабаби шунда. Минг уруғи теварак-атрофдаги музофотлар ичида энг улкан, энг аҳил эл. Шу сабабдан мустақил бир салтанат тузиш йўлидаги энг улкан, энг қийин вазифа бизнинг зиммамизда бўлади. Бу йўлдаги тўсиқларнинг барчасини биз ҳали билмаймиз, лекин бир нарса равшан. Халқ амирнинг зулмидан, бизларнинг камситилишимиздан тўйган, учқун чиқса бас, у алангага айланади. Амир бизга бўлган ҳукмронликни хожалар қўли билан бажаришига сабаб шуки, юртимиздан олинаётган даромаднинг бир қисмига уларни шерик қилиб қўйган. Чумолидек увол бўлган бу кишилар бизларга ҳукмрон бўлганликларидан қувониб амирга садоқат билан хизмат қиладилар. Биз бу дастгоҳни яқин ўртада синдириб ташлаймиз, янгисини тузиш эса бениҳоя қийин ва хатарли. Умид қиладиган жойимиз шуки, халқнинг хоҳиши биз томонда халқ жуда қудратли мўъжиза.

***

Чодак атрофи тоғлар билан ўралган. Чодаксой бўйида жойлашган бир неча кичик-кичик қишлоқлардан иборат. Аҳолиси сийрак бўлиб, тирикчилик учун зарур бўлган неъматлар етиштириш чекланган. Асосан наъматак ва ҳар хил гиёҳлар тайёрлаш, ўрик ва ёнғоқ мевалари етиштириш билан шуғулланишар, деҳқончилик учун яроқли ерлар кам бўлганлиги учун кўпчилик чорвачилик билан шуғулланар эди. Табиат инъомларининг чекланганлиги, ҳунармандчиликнинг йўқлиги сабаб бу ерларда катта мулк эгалари ҳам йўқ. Турмуш тарзи жуда одми, аҳолиси ўзбек ва тожиклардан иборат бўлиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришар, шўх оқар ягона сойнинг шовқинини ҳисобга олинмаса, доим сокинлик ҳукм сурарди. Ҳавоси тоза, табиати гўзал бу масканнинг одамлари жуда ювош, соддадил бўлиб ҳукмронлик қилиш учун ҳеч қандай қудратга эга эмасдилар. Ўзларини улуғ зотлар авлодидан деб билгувчи хожалар Бухоро Амирининг қўғирчоғи эдилар холос. Кимнингдир ташаббуси билан барпо қилинган бошқарувнинг бу усули жуда заиф, ҳеч қандай кучга таянмаган бўлиб, бу заифликни минг уруғининг сардори Шомастбий бошқаларга нисбатан яққолроқ кўра олган ва анчадан буён уни синдириб ташлаш тараддудига пинҳона киришган эди. Унинг мўлжалидаги кун яқинлашиб қолгани аниқ. Бирор анжуман ниқобида бошлаш энг қулай усул бўлади.

Конец ознакомительного фрагмента.

Назад