Инсон бугун ва эртага - Оқилжон Ахмедович Ғофуров 2 стр.


Дарҳақиқат, гуллар осудаликни, тинч-осойишта ҳаётни истар экан. Гулларда ҳам эшитиш, фикрлаш, сезиш ва ҳис этиш хусусияти мавжуд. Гулларнинг кайфияти, барқ уриб ривожланиш хусусияти инсон кайфиятига уйғунлигини табобат илми тасдиқлайди. Яъни, хонаки гул ва ўсимликлар таркибида ҳаводаги микроорганизмларни ўлдирувчи учадиган фитонцидлар мавжуд. Ёки айтайлик, плюмерия ва лаванда гуллари ўзидан ёқимли ҳид таратиб, хона ҳавосини тозалайди. Айрим гулларнинг барглари ўзидан муаттар бўй таратиб, инсон руҳиятига аъло кайфият бағишлайди. Агар болгариялик дунёга машҳур ноёб қобилият соҳибаси, кўзи ожиз башоратгўй аёл Вангелия Пандева-Гуштерованинг ҳаёти саҳифаларига назар ташласак, талай диққатга молик қизиқарли маълумотларга дуч келамиз.

Ванга, аввало, ўтмишни, ҳозирги кун ва келажакни кўра олувчи фавқулодда феномен эди. У ҳатто марҳумлар ва ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлганлиги тасдиқланади. Жумладан, Ванга ҳам Анаксагор каби табиатдаги барча гиёҳларнинг жони бор деб ҳисоблаган, гуллар ва дарахтлар билан суҳбатлаша олган. Ўтлардан турли дорилар ўйлаб топиб, беморларни даволаган. Шифокор Ванга таъкидлайдики, одам табиат билан уйғунликда яшашни ўрганиши керак, шундагина у соғлом, руҳи тетик бўлади. Ҳайратланарли жойи шундаки, кароматгўй аёлнинг иқрор бўлишича, қайси доривор гиёҳ инсон танасидаги қай бир дардга даво эканлигини муолажа чоғида ўзи айтиб тураркан. Бу  чинакам мўъжиза!

Дарвоқе, башоратгўй Ванга ўз ҳузурига ташриф буюрувчилар билан суҳбат чоғида: «Дунё ўтлардан бошланган ҳамда ўтлар билан тугайди. Одамлар ерда қолдирган ҳамма нарса ўт бўлиб кўкаради, ҳар бир мамлакат ўти фақат ўша мамлакат одамлари учунгина шифобахшдир»,  деб кўп бора таъкидлаган экан

Ҳа, аччиқ ҳақиқатки, инсон гоҳида бошқа жониворларга хос бўлган ҳис-туйғуларни қадр қилмай, қабоҳатга юз тутмоқда. Суҳбатдошлар сўзлаб берган ёввойи буғуларнинг ўзига хос ҳаёти, яшаш қонун-қоидалари, оққуш муҳаббати, китнинг ғазаби, дарғазаб айиқлар ҳамласи ҳақидаги ҳикоялари ниҳоятда таъсирли бўлиб, инсонни табиатга, ҳайвонлар ва ўсимликларга меҳр-шафқатли бўлишга, уларни ногаҳоний хуружлардан ҳифз-ҳимоя қилишга даъват этади.

Чиндан ҳам, фан-техника тараққиётини жадал суръатлар билан ривожлантираётган инсон ўзига маҳлиё бўлиб, табиатга зўравон нигоҳи билан қарашга ўрганиб қолмаяптими? Табиатнинг асл ҳолатига кулфат-мусибат ёғдириб, бағритошлик қилмаяптими?..

Ҳақиқатан, илму техника тараққиёти жадал суръатлар билан ривожланаётган, башарият янги тамаддун сари крейсер тезлигида олға интилаётган бир даврда табиат билан инсон ўртасидаги азалий муқаддас алоқалар ипи узилгандек, инсоннинг табиатдан ола биладиган эстетик завқ-шавқи, кўнгил баҳраси, ҳиссий қувваси адо бўлаётгандек ёқимсиз таассурот уйғонади. Шундайки, оламшумул фан-техника кашфиётлари қаршисида ўз ақл-заковатига ҳамду санолар ўқиб, сархуш бўлаётган одамзод эндиликда табиат билан, жонивору ҳайвонлар билан аввалгидек тиллашмай-сирлашмай қўйди; она табиатга меҳр-муҳаббат туйғулари, унинг бетакрор гўзаллигини англаш ҳиссиётлари инсон юрагида тамом сўниб битгандек, онг-шууримиз мушоҳада денгизининг теран қатларига сингиб кетади. Ҳозирги ғоятда шиддатли, тезкор даврда дунёда юз бераётган мураккаб воқеа-ҳодисалар олдида айрим тоифа инсонлар саросимага тушиб қолаётгандек; маънаван хаста қалбини аллақандай фобиялар, янаки футуролог Олвин Тоффлер талқин этгандек, «футурошок»  келажак билан тўқнашувдан ларзага тушиш  қутқулари муттасил таъқиб этаётгандек ҳанг-манглик, карахтлик ҳолатлари кузатилмоқда. Қудратли цивилизация инсонни тийнатидаги ҳиссий қувватни табиатдан ажратиб юборди, инсон табиат билан ўзини бир бутун ҳис қилмай қўйди

Айтматов юз чандон ҳақ: инсоннинг ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари башарият олдида жиддий муаммоларни юзага келтирди. Радиоактив нур таъсирида пайдо бўлган мутант-қўзиқорин, радиоактив моддалар таъсирида Бермуд учбурчагида пайдо бўлган ваҳшатли мутант-қисқичбақалар инсоният учун ниҳоятда хавфли бўлган ҳалокатга айланди. Табиатни вайрон қилиш, табиат билан ихтилофда бўлиш  инсониятнинг ўзини ўзи ҳалокатга элтиши демакдир. Ваҳоланки, келажак воқеа-ҳодисалари тўғрисидаги башоратлари дунё афкор оммасини поёнсиз ҳайратга солиб келаётган фарангистонлик улуғ соҳибкаромат Мишель де-Нотрдам Нострадамус (15031556) неча асрлар муқаддам шундай башорат қилган: «Инсоният худони унутиб, темир ўйинчоқларга берилиб кетади Одамлар табиатдан тобора узоқлашадилар, ўз навбатида, табиат ҳам одамлардан даҳшатли ўч олади»

Ё Раббий, ҳайратдан ёқангизни ушлайсиз! Ҳолбуки, сайёрамизнинг турли минтақаларида содир бўлаётган:

 кўплаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган даҳшатли зилзилалар;

 цунами  ҳалокатли сув тошқинлари;

 вабо эпидемиялари;

 бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётган ваҳшатли ёнғинлар;

 ўша Бермуд учбурчаги қаърида радиоактив моддалар таъсирида пайдо бўлган, атроф-теваракка ажал уруғларини уфураётган даҳшатли мутант-қисқичбақалар тажовузи;

 йирик саноат ҳудудлари ҳавога чиқарадиган олтингугуртга бой аралашмалар олтингугурт кислотаси тариқасида ёғаётган «тузли ёмғирлар»;

 қушлар, ўсимликлар ва капалакларнинг кўпайишига таъсир кўрсатган Япониянинг ҳалокатга учраган «Фукусима  1» АЭСидан тарқалган цезий-134, цезий-137 радиоактив моддалари;



 одамзод бошига улкан кулфат-мусибат ёғдираётган ногаҳоний тўфон-торнадо каби табиий офат-фалокатлар замирида аслида кароматгўй Нострадамус башоратлари ўз тасдиғини топмадимикин?!.

Шу ўринда яна турли йилларда АҚШ ҳудудлари ва Кариб денгизида кўпчилик инсонларнинг умрига зомин бўлган «Хьюго», «Эндрю», «Жорж», «Флойд», «Катрина», «Флора» каби даҳшатли тўфонлар, «Исабель» ва «Иван» қуюнларини эслаб ўтмоқ жоиз.

Кўз олдимда яна беихтиёр Нострадамус башоратлари гавдаланади: «Миясиз тентаклар истилоси туфайли инсонлар қалбидаги Аллоҳга ибодат қилиш ҳисси кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бемаъни туйғулар билан алмашинади Инсон истибдод домида яна баттар эзилади»

Дарҳақиқат, Нострадамус урғу бергандек, ўзи ихтиро этаётган темир ўйинчоқлар, тилсимли ойна, темир қушлар, заминни чулғаб олган темир ўргимчак инлари бўйлаб шитоб елувчи усти ёпиқ арава-амфибиялар каби кашфиётлардан мутаассир бўлган инсоннинг асл маънавияти қашшоқлашиб, очкўзлик, худбинлик, ҳирсу ҳавас иллатлари, худосизлик, табиатга зўравонларча ёндашувлар пировардида тирикликни адойи тамом қилмаяптими?!

Ҳайҳот, бундай таназзулдан Ўзи асрасин! Одамзодга инсоф берсин, иймон-эътиқодини мустаҳкам қилсин! Келажак авлодлар олдида юзимиз шамгин бўлмасин!..


Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган умумбашарий муаммолардан бири  экология муаммосидир. Жаҳон иқтисодиётининг аксилэкологик ривожланиш тамойиллари табиий муҳитга ҳалокатли таъсир этиб, биосферадаги табиий мутаносибликнинг бузилишига, инсон ва табиатнинг диалектик бирлиги издан чиқишига олиб келиши мумкинлигини зинҳор унутмаслик керак. Бу нарсани ХХI аср бўсағасига келиб, дунё фабрикасига қиёс қилинаётган Хитой иқтисодиёти мисолида равшан мулоҳаза қилиш мумкин.

Хитой иқтисодиёти ҳозирги кунда дунёда иккинчи ўринда туради. Бироқ мамлакат иқтисодиётининг юқори суръатлар билан равнақ топиб, гуркираб ўсаётгани атроф-муҳит масаласида турли муаммоларни юзага чиқараётгани ҳам айни ҳақиқат. Ҳолбуки, бу равиш юқори суръатлардаги саноатлашув, жадал миқёсдаги урбанизация (шаҳарлаштириш) кўринишлари, бунёдга келган йирик шаҳарлар  мегаполисларда аҳолининг зич жойлашуви, қурилиш бунёдкорликларининг салбий жиҳатлари ҳукумат раҳбарларини жиддий ташвишга солиб қўймоқда. Зеро, дунёдаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида Хитойнинг еттита шаҳри қайд этилган! Боз устига, экологиянинг кескин ёмонлашуви сабабли ушбу мамлакатда ҳар йили 500 мингдан 750 минггача инсон бевақт ажал шаробини тотмоқда. Тўғри, илдизи тобора чуқурлашиб бораётган долзарб экология масалаларини ҳал этиш мақсадида Хитой ҳукумати керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда, лекин муаммо миқёсининг улканлиги барча саъй-ҳаракатларни боши берк кўчага киритиб қўймоқда. Ечим? Бу ўринда фақат биргина тушунча мавжуд: вақт  олий ҳакам дейдилар, барчасини вақт кўрсатади


Мавзуга қайтсак, Шохонов таассуф билан таъкидлайди: ҳар хил заҳарли газлар, чанг-тўзонлар, радиация ер атмосферасини кескин суръатда ифлосланишига сабаб бўлмоқда; дунё бўйлаб сон-саноқсиз саноат корхоналари ҳавога пуркаётган заҳарли чиқитлар ва қурумларнинг кўпайиб кетиши оқибатида ернинг ҳимоя қобиғи  озон қатлами емирилиб бормоқда. Бинобарин, ер қобиғини ультрабинафша нурлардан мудофаа қилувчи Озон қатламининг емирилиб бораётгани бугунга келиб, инсон тафаккури ва ақл-идроки қаршисида мисли тоғдек кўндаланг турган ечими мушкул масалалардан бирига айланиб қолди. Илм-фан тараққиёти ҳосиласи бўлган турли техник жиҳозларнинг узлуксиз ҳаракатда бўлиши, автотранспорт воситаларидан ажраб, ҳавога кўтарилаётган фреон моддалари озон қатламига секин-аста шикаст етказиб келмоқда. Озон қатламини асраб қолиш муаммоси вақт ўтган сайин инсоният олдида турган глобал муаммо эканлиги яққол англашилиб бормоқда. Ажабо дейман, Улуғ Нострадамус ҳатто беш аср муқаддам озон туйнуги ҳақида ҳам келажак авлодларни огоҳ этиб, шундай башорат қилган экан: «ХХ аср охирида ўлат ва бошқа касалликлар юриб одамларга ёпирилади.» Қўшимчасига, дарё ва денгиз сувлари қуриётир. Агар соҳа мутахассислари тадқиқотларига синчиклаб назар ташласак, тупроқ заҳарланиши ва эрозия ҳодисаси кескин кучаймоқда; дунё океанига йил сайин миллион-миллион тонналаб нефть чиқиндилари тўкиб ташланмоқда. Ҳайвонот ва наботот олами аёвсиз қирғинлардан ҳамон азият чекмоқда

Назад Дальше