Эй гулим, қай куни борурман гулшану гулзорингга?
Гул узиб, бўлсам мушарраф давлати дийдорингга.
Термулиб булбул каби, ҳуснинг тамошо айласам,
Зард баргидек титрасам сурх олмадек рухсорингга.
Ҳар киши кўрса кўзи қошингни ҳайрон бўлгуси,
Жон фидо айлар яна ноз уйқуда хумморингга.
Назри даргоҳингда бошин қўйди бу Завқий қулинг,
Бу мувашшахни кўруб, «Балли!» дегайму корингга.
***
Скобелев рафиқасига нимадан сўз очишни билмай анча вақт ўтириб қолди. Ичини куйдираётган нарса босилмас эди, икки рюмка ароқ ичди, тамаки тутатди, барибир хотиржамлик йўқолгани сезилиб турарди.
Нега бунчалик ҳомушсан? деди Елена эрига зимдан тикилиб.
Гаплашиб олишимиз керак.
Нималар ҳақида? Сен билан гаплашишни жуда соғинганман.
Қулоғим сенда, деди Елена кўзини сузиб.
Қобилнинг ўрнига бошқа хизматкор топдим, уни алмаштирамиз, деди у қовоғини солиб.
Нега? деди Елена асабийлашганини зўрға жиловлаб.
У менга ёқмайди.
Менга эса жуда ёқади.
Нима учун жуда ёқади? деди Скобелев хотинига ғазаб билан тикилиб.
У жуда яхши одам, ақлли, ювош
Бўлди, тўхтат, деди уни илкис бўлиб. Бугундан бошлаб у бу ердан йўқолади.
Ундай қилма Михаил, у яхши одам.
Нега сен унга бефарқ эмассан? Севиб қолганинг йўқми?
Нимага ишора қилаётганингни энди фаҳмладим.
Мен уни ўлдириб юбораман, ўлигини ҳам топиша олмайди.
Бундай қила кўрма, бунга йўл қўймайман.
Қандай қилиб?
Агар уни ўлдирсанг қасос оламан.
Ҳали шунақами?
Ҳа, шунақа, сени заҳарлаб ўлдираман.
Кучинг етармикин, ўзингни ҳам қўшиб йўқ қилсам нима бўлади?
Бунинг иложи йўқ, сенинг шафқатсизлигинг ҳақида подшо ҳазратларига хат жўнатганман. Мени ҳимоясига олишни ваъда қилган.
Гап бу ёқда эканда.
Одам ўлдиравериб шафқатсиз бўлиб кетгансан, сени кўрсам юрагимга муз киргандек бўлади. У эса жуда гўзал одам, мени уни аллақачон севиб қолганман.
Кутилмаган томондан келган бу омадсизлик Скобелевнинг ичини газандадек чақа бошлади. Иложсиз дард, даволаб бўлмайдиган офат. Вақти келиб бу воқеа одамлар ўртасида тарқалади. Кимсан генерал-губернатор, тарихий шахс Скобелев ҳақида кулгили латифалар тўқилади.
Қириб ташлаш керак бу чопон кийган халқни, деди у ичида.
Бу воқеа аллақачон халқ ичида латифа ва афсоналарга айланиб кетган эди.
Стаканда чой ичган лўм-лўм Мамажон, деган илмоқли гап шундан келиб чиққан.
***
Фақат бир кишига, бир кишининг иродасига тобе бўлган мамлакат асло фаровонликка эришган эмас.
Ҳар бир давр кишилари келажак учун масъул эканликларини билмай яшашлари жиноятдир.
Ҳукмроннинг энг бахтлиси инсоният фарзанди бўлган, ўз миллатининг фарзандидир.
Исёнчиларнинг ташкилотчилари катта лавозимларни эгаллаб оладилар, ижрочилари эса аста-секин йўқ қилинади, ҳар доим шундай бўлиб келган. Ёқутдек товланиб ҳар қандай кишини маст қиладиган тахт деб аталадиган сеҳрли ўриндиқ Насриддинбекка мунтазир, асрлар давомида зиддиятлар сабабчиси бўлиб, отани ўғилга, акани укага душман қилган ёғоч курси унинг рўпарасида, ун чиқармай минглаб одамларнинг жонини оладиган, калла суякларидан минора ясаб, ариқлардан қон оқизадиган тилсим кутмоқда, тўполон қилмай бутун бошли мамлакатлар бошига кулфат соладиган касофат, ҳеч кимга ҳеч қачон вафо қилмай, шуҳратпарастлик касали билан ақлни оладиган кулфатлар маскани унинг ихтиёрида. Ҳеч ким унинг қучоғида қанча фурсат ўтиришини билмайди, шодлик билан қарши олиб, қайғу билан сийлаб кузатади.
Бир вақтлар Насриддинбекнинг кўзи отаси ўтирадиган бу тахтга тушганда ҳавас билан суқланиб қолар, унинг соҳиби бўлиб, ўша ерда ўтиришни кўз олдига келтириб ҳузур қилиб жилмаяр, дабдабали хон сифатида юриш-туришларини ўйлаб, барчага фармон берадиган олий мартабага эришишга ошиқар эди.
Қувончлардан кўзи порлаб турган Насриддинбек бу курсининг чириб қолганини, яқин ўртада мутлоқ ўлимга маҳкум бўлишини билолмай, кўролмай шод эди. Беҳисоб асабийлашишлар, қанча-қанча уйқусиз тунлар ва яна шунча хатарли кунлар ҳисобига қўлга киритган бу дастгоҳ жилва билан қиё боқаётгандек, гўзал чиройини кўз-кўз қилиб унга тикилиб турарди.
Мана энди ўлим чангалидан аранг қочиб қутилган отасининг ўрнига у ўтиради. Парвардигор барчани бахтли бўлиш имконияти билан яратган. Афсуски, кўпчилик бахт қидириб бахтсизлик томон одимлайверади, хоннинг авлодлари, Насриддинбек ҳам ўзлари билмаган ҳолда шиддат билан инқироз томон югуришар, бахт қидириб бахтсизлик, кўргилик сари интилишар эди. Ҳеч қачон ҳеч кимга вафо қилмаган ҳукмронликни талашишар эди.
1876 йил 22 январда Насриддинбек ва Абдураҳмон офтобачи Россия шаҳарларига жўнатиб юборилади, ўша ерларда Насриддинбек 32 ёшда вафот этади.
Чоризм босиб олган Ўрта Осиё халқларининг ҳақ-ҳуқуқларини йўқ қилиб, уларни ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий ва ҳарбий қолоқликда сақлаб туриш учун тўрачилик, маҳкамачиликка асосланган бошқариш усулини жорий қиладики, бунда энг қуйи мансабдан энг юқори мансабга қадар бўлган лавозимлар ҳарбийлар орқали идора қилинадиган тартибда ўрнатилади. Маҳаллий халқлардан таланган бойликлар: пахта, маъдан, рангли металл, қоракўл тери, тулки териси, пилла, мева маҳсулотлари ва бошқалар, от аравалар, эшак ва хўкизга юкланган карвонларда Россияга олиб кетилар эди.
Қўқон хонлигининг аҳолиси 3 миллион сўм контрибуция тўлашга мажбур қилинди. Бу даврда ўзи шундай ҳам меҳнаткаш халқ зиммасига янги-янги солиқлар юкланиб, 20 дан ортиқ ҳар хил солиқлар олинарди.
1876 йил 19 февралда Фарғона вилояти ташкил этилиб, Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилди. Генерал-майор Скобелев вилоятнинг ҳарбий губернатори этиб тайинланди. Шундай қилиб Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги Россия империясининг вассалига, Фарғона водийси унинг қарамоғидаги ўлкага айлантирилди. Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман императорга ёзган мактубларининг бирида, истило Ўрта Осиё халқларининг маданиятини, ижтимоий тараққиётини уч юз йилгача орқага суриб юборганлиги тўғрисида мақтаниб ёзган.
«Ўқишлар чегараланган, ноёб қўлёзмалар ва китоблар куйдирилган ёки олиб кетилган, маърифатли одамлар йўқ қилинган. Ўзбек миллатига мансуб 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган кишилар мардикорликка олиниб Россия юртларига жўнатиб юборилган».
Убайдулло Завқийнинг йигитлик йиллари ана шундай мураккаб, юрти қашшоқ, илмсизликка айланган вақтда ўта бошлади. Рус тўралари маҳаллий халқ ичида чиққан хушомадгўй, нодон кишиларни ишбоши қилиб тайинлар, бундай нобакорлар гўзал, зиёли одамларга кун бермай, уларни таҳқирлар ва ҳакоратлар. Иғво, чақимчилик, худбинлик, илмсизлик кучайиб борар, маҳаллий халқнинг тубанлашишидан рус тўралари манфаатдор эдилар. Бундай шафқатсиз усул таъсирида миллат инқироз томон одимлар, тараққиёт кишанлаб ташланган эди. Ана шундай қаро кунларда ҳам фидоий, миллат ҳақида қайғурадиган кишилар етишиб чиқмоқда эди. Убайдулло Завқий шундай кишиларнинг энг фаолларидан бўлиб, маърифат, маданият, маънавият ҳақида тинмай изланар, ўз ашъорларида халқ дарди, миллат орзусини тараннум қилар эди. Миллат деганда айни чоғдагидек ярим ёввойи нодон кишилар тўдаси эмас, балки онгли, фидоий, бир-бири учун қайғурадиган, илмли, доно кишилардан иборат буюк одамлар йиғиндиси бўлишини орзу қиларди.
***
Завқийнинг шоир ўртоқлари кўп бўлишига қарамай, Муқимийга алоҳида ҳурмат билан қарар, ғазалларини завқ билан ўқиб ёдлаб олар, Муқимийдек шоир бўлишни орзу қиларди. Ёзган шеърларини биринчи бўлиб унга кўрсатар, лекин шоир уни етарлича рағбатлантирмас эди. Кўпгина ҳолатларда шеърлари вазнга тушмаганини, нималардир етишмаганини айтса, кейинги сафар фақат қофияга эътибор бериб мазмунни унутиб қўйганини айтар эди. Шеър фақат жарангдор ва жўшқин сўзларнинг ўзидангина иборат бўлмаслигини, қофиялар ўхшашлиги билан чекланиб қолмаслигини, оддий фикр ва насиҳатомуз сўзлар билан бекорчи безаклар бермасликни ўргатарди. Шеър ёзиш учун жуда кўп шоирларнинг ижодини чуқур билиш, уларнинг шеър ва ғазалларини ўрганиб, ёдлаб олиш лозим. Ташбеҳлар нима, сўз ўйини нима албатта билиш керак. Шоир шеър орқали ўз дарди, завқи, руҳий ҳолатини ифодалай олиши лозим. Кўпгина ҳаваскорлар жарангдор сўзлар жўшқин чақириқлар қилишиб мазмунга алоқаси йўқ фикрлар қўллашади, ҳамма биладиган мисраларга алоҳида урғу беришиб ёки мураккаб хорижий сўзларни кераксиз жойда қўллаб ёқимсиз шеърлар ёзадилар. Бундай қусурлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ҳақиқий шеърнинг қиёфаси, тили, дили, мусиқаси, яширин фикри, дарди ва фалсафаси, эзгу мақсади бўлиши шарт. Бундай қаттиққўл талаблар аввалига бажариб бўлмайдигандек туюлган, Завқийни бирмунча бор тушкунликка тушиб зада қилиб қўйган бўлса ҳам у Муқимийдан сабоқ олишни тарк этмади, аста-секин қийинчиликлар чекина бошлади, заҳматли туюлган сатрлар бўшашиб равонлаша бошлади. Мавлоно Муқимий жилмайиш ва ҳайратланиш билан муомала қила бошлади. Қаттиққўлликни тўғри англаган Завқий ўзига нисбатан янада талабчанликни ошириб, борган сайин ажойиб шеър ва ғазаллар ярата бошлади.
Завқий мустақил ҳаёт бошлаб, маҳсидўзлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланар, ижтимоий ишларда фаол қатнашар, ўзининг севимли машғулоти шеърият билан жиддий шуғулланар, унинг ижодий маҳсули халқ ичида тез тарқалиб, шоир бўлиб танила бошлаган эди. У кўпгина шоирлар қатори аввалгидек шоир Муқимий билан ҳамкорлик қилар, шеърларининг сиёҳи қуримасиданоқ унга кўрсатар, маслаҳатлар олар эди. Авваллари Завқийга танқидий муносабатда бўлган Муқимий кейинчалик унга ҳурмати ошиб, рағбатлантира бошлади. Унга бўлган ҳурмати нишонаси сифатида баъзи бир шеърларига мухаммас ҳам бағишлади.