Юнон фалсафаси юқори даражага кўтарилади. Шу даврда антик давр ақллилик даҳолари Суқрот, Платон, Аристотель каби буюк файласуфлар яшаб ижод қилганлар. Суқрот биринчи бўлиб инсон ҳаёти, яхшилик, ёмонлик, адолат каби муаммоларни мушоҳада қилишга асосий ўрин берди.
Суқротнинг шогирди Платон (эр. авв. 429—347 йй) Афина аристократиясининг вакили эди. У эр. авв. 385 йили Академия номи билан файласуфлар мактабини ташкил қилган. Платон ўзининг идеал давлат тўғрисидаги ғояларини мунозара шаклида ёзган. Унингча идеал шаҳар давлатни оиласи, хусусий мулки бўлмаган файласуфлар бошқариши зарур эди.
Идеал шаҳарнинг аҳолиси жангчилар ва оддий халқ (ҳунармандлар ва деҳқонлар) га бўлинар эди. Келиб чиқиши чет эллик бўлган қуллар ҳам бор эди. Платон тизимини Аристотель (эр. авв. 384—322 йй.) танқид остига олган эди. Унинг «Сиёсат» номли машҳур асарида ўша даврда маълум бўлган билимларни алоҳида соҳаларга – ботаника, физика, сиёсат, тарих каби номларга биринчи бор бўлинган эди.
У «Метафизика» асарида фалсафа фанининг метафизик йўналишига асос солган. У Македония подшоси Александр Македонскийнинг устози бўлиб, «Биринчи муаллим» номи билан машҳур бўлган.
Худди шу даврларда «Тарих фанининг отаси» Геродот (эр. авв. 490—430 йй), атом назариясининг асосчиси Демокрит (эр. авв. 460- 370 йй), машҳур табиб, 72 та китоб муаллифи Гиппократ (эр. авв. 460—375 йй) каби машҳур олимлар яшаб ижод қилганлар.
Архитектура ва шаҳар қурилиши бўйича Милетлик Гипподам томонидан шаҳарларнинг режалаштириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра шаҳар жамоа маркази, яшаш учун уй-жой ҳамда ишлаб чиқариш ва порт зоналаридан иборат бўлиши керак эди. Монументал қурилишнинг асосий тури ибодатхоналар бўлган.
Архитекторлар – Гектин ва Каликратлар томонидан қурилган Афина Акрополи жаҳон архитектурасининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланиб, унда 46 та устун ва ҳайкаллар мавжуд бўлган.
Таниқли архитектура иншоотлари ичида дунёнинг етти мўъжизасидан бири Эфесдаги Артемида ибодатхонаси бўлиб, унга ёвузлик тимсоли бўлмиш Герострат томонидан ўт қўйилган эди. Қайта тикланган ибодатхона қурилишида ҳайкалтарошлар Праксител ва Скопаслар томонидан ишланган 127 та устун ажойиб ҳайкаллар ва расмлар акс эттирилган эди.
Классик даврда юнон ҳайкалтарошлик санъати «Эллада» етакчи ўринни эгаллаган эди. Ҳайкалтарошлар ичида энг таниқлиси Фидий бўлиб, унинг Олимпияда яратган Зевс ҳайкали (бўйи 14 метр) оламнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган.
Унинг Афина ҳайкали (бўйи 12 метр) Афина Акрополининг марказига қўйилган. Промахос (Афина жангчиси) ҳайкали (бўйи 9 метр) жангчи кийимини кийган, найза ушлаб турган аёл худо қиёфасида тасвирланган бўлиб, у Афинанинг ҳарбий қудратини ифодалаган. Фидий Афина Акрополи қурилишида ҳам иштирок этган.
Пифагор Регийский «Оёғидан тиконни чиқараётган бола», Мирон «Дискабол» ва «Афина ва Марсий», Поликлет «Дорифора» ва «Яраланган Амазонка» каби ҳайкалларни яратганлар. Поликлет инсон танасининг мутаносиблиги ҳақида «Қанон» асарини ёзган.
Пракситель, Скопас, Лиссил қуйи классика давр намояндаларидир. Пракситель юнон ҳайкалтарошлигида биринчи бўлиб яланғоч аёл образи – «Афродита Книдская» ҳайкалини яратган. Пракситель ижоди учун дид, нозик гўзаллик хос бўлиб, улар «Мусаллас қуяётган сатир», «Эрот» ҳайкалларида айниқса ёрқин намоён бўлган.
Скопас Пракситель билан биргаликда Эфесдаги ибодатхона ва Галикарнасдаги Артемида мақбарасини бунёд этишда иштирок этганлар. Сарой рассоми Лиссип Александр Македонскийнинг ҳайкалини яратган. У инсоннинг ички дунёси, кечинмаларини ўз асарлари орқали намоён қилган. Бунга «Ором олаётган Гермес», «Шиппагини боғлаётган Гермес», «Эрот» асарлари мисол бўла олади.
Поэзия соҳасида Афина демократиясини қабул қила олмай, аристократия табақасини ўз асарларида улуғлаб куйлаган шоир Пиндар Олимпия ўйинлари ғолибларига атаб қасидалар, қўшиқлар ёзган. Қадимги Юнон маданиятидаги театр соҳасида трагедия, комедия жанрларининг пайдо бўлиши ва равнақи муҳим воқеа ҳисобланади.
Юнон театри қишлоқ хўжалиги ҳомийси бўлган Дионис шарафига ўтказиладиган байрамлар вақтида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ва ўйинлари асосида вужудга келган. Дионис байрамлари токлар, дарахтлар барг чиқарган баҳорда ва кузда ўтказилган. «Трагедиялар отаси» Эсхил (525—458 йй) 90 дан ортиқ трагедия ёзган.
Эсхил ўз трагедияларида афсонавий воқеалардан фойдаланган бўлсада, уларда ўз даврининг муҳим масалалари кенг ўрин тутган. Масалан, ҳалок бўлиб бораётган матриархат билан патриархат ўртасидаги зиддиятлар масаласига бағишланган «Орестея» трилогияси: «Агамемнон», «Хоэфорлар» ва «Авменида» асарларидан иборат. Унинг энг машҳур трагедиялари бўлса «Занжирбанд Прометей» ва «Форслар"дир. «Занжирбанд Прометей» асари инсоннинг куч-қудрати, иродаси буюклиги тимсолидир.
Жумладан, Зевс томонидан юборилган Гермесга Прометей қандай азоб-уқубатлар билан жазо берилишини эшитгач, шундай дейди:
Ва на қатл, ва на макр қилмас асло кор,
Айтмасман Зевсга ҳеч қандай сир-асрор,
Чақмоқ чақиб, майли ўтда куйдирсин.
Осмону фалакни оппоқ қуюндек,
ҳаммасини батамом-буткул қуритсин:
Аммо иродамни буколмас асло,
Жаҳаннам ўтини қилса ҳам пайдо.
Ким унинг ҳокимлигини этишин бекор,
Хомтама бўлмасин, айтмасман зинҳор.
Эсхилнинг «Форслар» трагедиясида Юнонистон – Эрон урушларида юнонларнинг қаҳрамонона кураши ва ғалабаси акс этган. Яна бир буюк трагедия шоирларидан бири Софокл (496—406йй) бўлиб, у 120 дан ортиқ трагедиялар ёзган. Улардан бизгача еттитаси етиб келган, холос. Афина театрида дастлаб қўйилган «Антигона», «Шоҳ Эдип» асарлари унга шон-шуҳрат келтирган.
Трагедия жанри билан биргаликда комедия7 жанри ҳам вужудга келиб, ривожланади. Комедия жанрининг отаси Аристофан (450—388 йй) бўлиб, унинг асарлари содда, тушунарли, халқ тилида ёзилган ва ҳаётнинг муҳим масалалари, жумладан, тинчлик муаммоси акс эттирилган. Жумладан, унинг «Тинчлик», «Аёллар халқ йиғинида», «Суворийлар» асарлари ўз даврида машҳур бўлган.
Қадимги Юнон маданиятининг сўнгги даври бу Эллинизм (323—146йй.) дир. Бу даврда маданиятнинг баъзи соҳаларида, жумладан, фалсафада эришилган ютуқлар даражасидан пасайиш ҳолатлари юз беради. Бу даврда юнон маданиятининг бошқа мамлакатларга, жумладан, Ўрта Осиёга таъсири кучаяди. ҳатто бу жараён Юнонистоннинг Римга қарам бўлганидан кейин ҳам давом этади. Рим Юнонистонни сиёсий жиҳатдан тобе этади.
Фан соҳасида бу даврда етакчи ўринни математика эгаллайди. Унинг асосчилари Евклид ва Архимед каби олимларнинг ижоди туфайли математикадан механика, оптика, қурилиш соҳаларида фойдаланиладиган бўлинди. Астрономия, медицина ва география соҳаларида муҳим ютуқлар қўлга киритилди.
Бу даврда архитектура соҳасида кўплаб ҳашаматли саройлар, кутубхоналар, гимназиялар, уй-жойлар қурилди. Жумладан, Александрияда 799 минг ўрамли китоблар турадиган кутубхона қурилган. Архитектор Состратнинг лойиҳаси асосида дунёнинг етти мўъжизасидан бири, 120 метр баландликдаги Александр маёғи барпо этилган.
Ҳайкалтарошлик соҳасида Эллинизм даврида баъзида йирик шакллардаги ҳайкаллар ҳам яратилган. Хусусан, Херос томонидан яратилган қуёш худоси Гелиос ҳайкали, ёхуд дунёнинг етти мўъжизасидан бири 36 метр баландликда бўлган Родос оролидаги Колосс Родосский ҳайкали бунга мисолдир (мазкур ҳайкал ер силкинишлари натижасида қулаб тушган). Ўша даврда яратилган Афродита (Венера), Милосская ва Ника Самосская ҳайкаллари ҳозиргача дунё маданиятининг ноёб дурдоналари ҳисобланади.
Қадимги Юнонистон маданияти жаҳон маданиятига катта таъсирини ўтказди ва ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Юнон маданиятисиз ҳозирги Европа маданиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Шунингдек Шарқ дунёси ҳам Эллинизм маданиятисиз бошқачароқ кўринишга эга бўлган бўларди
Қадимги юнон назарияси. Гипподам
Юнонистон шаҳарсозлигида асосий уч давр мавжуд: архаика (мил. ав.VIII—VI асрлар); классика (мил. ав.. V—IV асрлар) ва Эллинизм (мил. ав. IV—I асрлар). Полисларнинг майдони турлича бўлган. Масалан: Спарта 8400 км2, Афина 2550 км2 ҳудудни эгаллаган эди. Афина аҳолиси 300 минг кишини ташкил қилган, унинг учдан бир қисми қуллар эди.
Селенунт акрополи композициясида полихромия қўлланилган, тарҳида мунтазамлик мавжуд, шаҳарни Карфаген бир неча марта бузган. Пестум шаҳри, буюк Грецияда жойлашган, шаҳар ўртасида думалоқ бассейн бўлган.
Олимп муқаддасгоҳи Алтис дейилган. мил. ав. 776 йилда дастлабки олимпия ўйинлари ўтказилган, бу жойда асосий ибодатхона Зевсга бағишланган эди. Зевс саждагоҳида ёрқин олов ушлаб туришган, ибодатхона қаршисида «ехо» стоаси бўлган. кейинчалик акора пайдо бўлади, Алтис ёнида 40 минг ўринли стадион бўлган, яқинидаги Алфей дарёси ёқасида ипподром бўлган.
Алтис атрофида гимнасий, палестра булевтерий каби иморатлар бўлган, шаҳарнинг ўзи кичкина эди, Олимпия ўйинларига қуллар киргазилмаган, Алтис архаика даврида тузилган бўлсада, мунтазам эмас, балки эркин тархли қилиб қурилган.
Мил. ав. VII—VI аср денгизчилик, савдо-сотиқ, аҳолининг ўсиши колонизация ривожига олиб келди, дастлабки колонизация маркази Эвбея ороли эди, кейин Коринф, Мегара ва Родос шаҳарлари колонияларини қурдилар, баъзан колонияларнинг ўзлари ҳам ривожланиб, колония туздилар.
Милетликлар 80 колония (янги шаҳарлар) қурдилар, шу жумладан Қора денгизда Истрия, Одесса, Олвия, Феодосия, Пантикапей, Диоскуриада шаҳарларини барпо этдилар. Янги шаҳар учун керакли шартлар қуйидагилар ҳисобланган: кема учун кўрфаз яқинлиги, тоза сув, унумли ер, муҳофаза учун рельеф қулайлиги, шамоллар тарзи, ёмғир сувларининг оқиши учун нишаблик ва бошқалар.
Милетлик Гипподам мил. ав. V асрда ижод этган меъмор ва математикдир. шаҳарсозликдаги мунтазамлилик мил. ав. VII—VI асрларда ҳам маълум эди. Этрусклар ва Финикияликлар ҳам уни ишлатганлар, лекин Гипподам уларни янгича функциялар ва эстетик мазмунда қўллаган. Арасту маълумотига кўра, Гипподам Пирей шаҳри қурилишида қатнашган, у Милетни қайта қурган (А. Геркан бўйича). иккала шаҳарда янги ва умумий хусусиятлардан бири шундан иборатки, уларда зоналар, савдо маркази, жамоат маркази ва икки даҳага ажратилган.
Пирейда Гипподам номли майдон икки бандаргоҳ орасида ташкил этилган, ғарброқда омборхона ва порт ҳудуди мавжуд, даҳалар шимоли-шарқда ва жануби-ғарбда жойлашган, Бошқа иккинчи умумий жиҳати асосий кўча жануби-ғарбдан шимоли-шарққа йўналганлигидан иборат, кварталларнинг нисбатлари Гипподамгача чўзинчоқ эди, кейин эса квадратга яқинлашди, Гипподамга иккиламчи кўчалар эни 3,5 м бўлган. Милетдаги асосий кўча – 7 м, Пирейда —15 м эди демак, мавқейи муҳимроқ кўча эни 2 баробар энлироқ қилиб олинган.
Милет шаҳри маркази икки йўналишда ривожланган: биринчи йўналиш бўйича – гимнасий, стадион, парк жойлашган; иккинчи йўналиш бўйича – савдо ва жамоат марказлари (икки агора, ўртасида булевтерий, фуқаролар қасам ичишлари учун саждагоҳ ва яна гимнасий) жойлашган эди, тахмин бўйича шимолий кварталлар классик даврда қурилган бўлса, жанубийликларнинг қурилиши Эллинизм даврига тўғри келади. Милет катта шаҳар бўлган, аҳолиси 100 минг киши атрофида эди, бу ерда йирик олим ва файласуфлар ижод этган, Пифагор ҳам шу ерга яқин бўлган Самос оролида яшаган.
Бундай мунтазам тизимдаги шаҳарлар «очиқ» зийнатга (кўринишга) эга эди, қўрғон девор шаҳарни беркитиб қўймаган, унинг даҳаларини ҳам, марказини ҳам кенгайтириш ва ривожлантириш имконияти бор эди, шаҳарлар табиат билан боғланган бўлган.
Ривоятларга кўра, Зевс ернинг марказини билиш учун икки кабутарни учирган, учрашган жойини ернинг маркази сифатида белгилаган, махсус тош-омфал шу ерни, яъни ер киндиги – дельфани билдиради деб ҳисоблаган, дельфалилик коҳинлар қайси ерда, қандай ер ўзлаштириш кераклигини башорат қилишган.
Дельфадаги Апполон муқаддасгоҳи, икки тоғ орасида барпо бўлган, асосий кираверишда турли қабила (полис) ларнинг хазинахонаси, устунлар ва ҳайкаллар жойлашган, мазкур эгри йўлдан бош ибодатхонага борилган. Адитонида коҳин аёл сўровларга жавоб берарди, уни ёзиб шеър тарзида сўровчига етказилар эди, мажмуада театр ҳам бор бўлган.
Афина ёрқин шаҳарсозлик намунасидир, Пирейни режалаш учун Милетдан Гипподам чақиртирилади. Фемистокл (мил. ав. 525—460-й.) даврида деворлар, жумладан, узун деворлар қурилди, Афина денгиз иттифоқини тузишда бошчилик қилди, шаҳар Перикл (мил. ав. 443—429-й.) даврида ривож топди, халқ мажлисларида ҳар 20 ёшга тўлган эркин фуқаро қатнашган. Бу бутун аҳолининг 20% эди. Мажлис қатнашчилари 10 фил (раён) дан сайланган, 500 кишидан иборат кенгаш бўлган, Перикл даврида Афина ғарбдан-шарққа 1,5 км га чўзилган эди.
Тепаликлар икки кичиккина дарё оралиғида эди, шаҳар мил. ав. VI асрда қурилган акведикдан сув ичган, бош савдо ва жамоат агораси акропол билан дипилон дарвоза оралиғида эди. Агора атрофида баъзи маълумотларга кўра, чинорлар ўтқазилган эди. Лимна, Мелите, Керамик каби даҳалари бўлган, турар жойлар ёғоч ва хом ғиштдан қурилар эди.
Акропол бир вақтлар қалъа ва ўрда вазифасини ўтаган, узунлиги, тахминан, 300 м, эни 150 м. атрофидадир, ривожи вақтида Афинада Геродот, Эсхил, Софокл, Эвпирид, Фидий, Иктин, Калликрат, Мнесикл каби алломалар ижод этган. Аввалги Гекотомпедон ибодатхонаси вайронага айланган эди, қайта қуриш вақтида Акрополда уч ғоя ўз ифодасини топди: 1 – Юнон оламида Афинанинг эътиборини эътироф этиш; 2 – Аттиканинг иқтисодий ва маданий тараққиётини акс эттириш; 3 – демократик тузумни ифода этиш.
Акрополда диний функция ватанпарварлик билан уйғунлашиб кетган, аввал, Афина Промахос ҳайкали қурилди, кейин – Парфенон ибодатхонаси, Пропиллея ҳамда Ника Аптерос ва Эрехтеён ибодатхоналари қад кўтарди. Парфенон ҳам олимпиядаги Зевс ҳамда Дельфадаги Апполон ибодатхоналари каби умумюнон ибодатхонаси бўлган, у ҳарбий ва фуқаролик шуҳрат ёдгорлиги каби кўринишга эга эди, унда архитектура ва ҳайкалтарошлик чамбарчас боғлиқдир.
Панафинея байрамлари тўрт йилда бир марта ўтказилган, маҳаллий Афинея байрами ҳар йили ўтказилган. Панафинея байрами эса олимпия ўйинлар каби қадимий бўлмай мил. ав.VI аср ўрталарида шаҳар мавқеини кўтариш мақсадида жорий этилган, июл ойининг охирида бир неча кун давом этган, иштирокчилар кечга яқин агорага йиғилган, байрам қўшиқ ва рақс билан бошланган, кейин байрам иштирокчилари Акропол томон юришган. орасида турли маросимлар ўтказилган.
Қуёш чиқиш вақтида тепаликнинг шарқига етилган, қуёш Парфеноннинг селласига бир неча дақиқа кириб Хрисоелефантин ҳайкалини ярқиратган, кейин маросим тепаликнинг жанубий, Дионис театри ва Перикл одеонида (мусиқа биносида) қўшиқ-рақс билан давом этган, куннинг иккинчи ярмисида пропиллея орқали Акрополга чиқилган, маросим Парфеноннинг зофорида акс этилган, унда эътиборли оиладан чиққан қизлар пеплос кўтаришган, улардан кейин оқсоқоллар, бошқа шаҳар элчилари совға кўтариб ўз хизматкорлари билан атлетлар, руҳонийлар, қурбонликка ҳайвонлар етаклашган ҳолатлари тасвирланган, маросим қуёш йўли билан ҳамоҳанг равишда ўтказилган.