Пахта-тўқимачилик кластерлари пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш
Раҳматулла Асадуллаевич Усманов
© Раҳматулла Асадуллаевич Усманов, 2023
ISBN 978-5-0059-1588-7
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
КИРИШ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни ташаббуси ва раҳбарлигида, инвестицияларни жалб қилиб пахта хом-ашёсини ҳосилдорлигини ошириш, пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини яратиш ва модернизациялаштириш йўли билан пахта толасини чуқур қайта ишлаб тайёр пахта маҳсулотларини сотишга эришиш мақсадида, пахтани етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахтани қайта ишлаш корхоналари, ёғ мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардан ташкил этилган, Пахта тўқимачилик кластерлар тизимини тадбиқ этилиши натижасида, республикада етиштирилаётган пахта хом-ашёсини тўлиқлигича чуқурроқ қайта ишлаб, эндиликда пахта толасини эмас, тайёр пахта маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти яратилди.
Ҳозирги вақтда Пахта-тўқимачилик кластерлари сони 134 тага етган бўлиб улар республикадаги мавжуд 1034,2 минг га пахта майдонларини қамраб олган. Кластерлар томонидан 20162021 йилларда 21400 та юқори унумдорли техникалар ва агрегатлар харид қилиниб қишлоқ хўжалигини техника парки янгиланиши, 73,2 минг км ирригация-мелиорация тармоқларини тозаланиши, 213 та насос агрегатлари ўрнатилиши ва қишлоқ хўжалиги соҳасига фан ютуқлари, инновациялар ҳамда илғор технологияларни тадбиқ этиш ва бошқа ишлар натижасида 2022 йилда кластерлар томонидан 3 млн. 800 минг тонна пахта хом-ашёси етиштирилиб 1,3 млн. тонна тола ишлаб чиқарилган ва пахта хом-ашёсини ҳосилдорлиги 36,74 ц/га етказилган. Ҳозирги кунда кластерларни тола бўйича 1,9 млн. тонна ишлаб чиқариш қувватига эгалиги эътиборга олинса, улар хом-ашё бўйича 68,4% таъминланганлиги, яна 31,6%, яъни 1,2 млн тонна пахта хом-ашёси бўйича бўш қувватга эгалиги билинади.
Қисқа вақт мобайнида мамлакатда пахта хом-ашёсини етиштиришдан тайёр пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни қамраб оладиган тўлиқ даврли 125 дан ортиқ янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратилиши, экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришга ва пахтани чуқур қайта ишлаш натижасидаги тайёр маҳсулотлар экспорт ҳажмини 3,2 млд. доллардан оширишга ҳамда бу лойиҳалар доирасида 150 мингдан ортиқ доимий иш ўринларини яратиш имкониятига эришилди. Келгуси беш йил мобайнида ҳосилдорликни ошириш, хом-ашёни чуқур қайта ишлашни таъминлаш, калава ип ишлаб чиқарилишини 50% дан 70% га ва ундан кўпга, экспортдан олинадиган валюта миқдорини 7 млд. долларга етказиш назарда тутилаётганлиги, кластерлар тизими аҳоли бандлигини, даромадларини ҳамда мамлакат салоҳиятини ошириш ва мустақиллигини хавфсизлигини таминлашни манбаи, республикада олиб борилаётган инқилобий ислоҳатларнинг ажралмас қисмига айланганлигидан далолат беради.
Пахта тўқимачилик кластерларининг мақсади пахта хом-ашёсини чуқур қайта ишлаш натижасида олинаётган экспортбоп тайёр пахта маҳсулотларини чет мамлакатларга сотишдан кўпроқ фойда олиш бўлса, пахта тозалаш корхоналари худди шу мақсадга эришиш учун сифатли йигирилувчан тола, техник чигитлар ва бошқа толали маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек сара уруғлик чигитлар тайёрлашни юқори унумдорликда, камхарж ва хавфсиз таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Пахта тозалаш корхоналарини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.
Пахта тозалаш саноати соҳасидаги фаолият тажрибаси пахта тозалаш корхоналари иш фаолияти турларининг ҳеч бирини бажарилиши хавфсиз бўлмаслигини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги замон ишловчиси табиий, техноген, ижтимоий ва бошқа хавфлар дунёсида яшайди. Шунинг учун, ер юзидаги инсонлар ҳаёт-фаолияти муҳитидаги энг ўткир халқаро терроризмга қарши кураш, ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий-диний низолар каби глобал муаммолар билан бир қаторда ишловчиларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ночор кун кечиришлар, касалланишлар ва жароҳатланишлардан ҳимоялаш муаммоси ўта муҳим аҳамият ҳосил қилади.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, корхоналар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги корхона ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун пахта тозалаш корхоналаридаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.
Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.
Пахта хом-ашёсини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида ишлатилаётган машина ва механизмлар, технологик ускуналарни ҳаракатга келтирувчи кучи электр энергияси билан узликсиз таъминлаш, пахта заводининг самарали фаолияти гарови бўлганлигидан, ўқув қўлланмасида электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш масаласига жиддий этибор берилганлиги ўзини оқлайди.
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириб ишловчиларни жароҳатланиш ёки касалланиш эҳтимолини минималлаштириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратишдан иборат.
Пахта тозалаш корхоналарида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб пахтани чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва пахтани чуқур қайта ишлаш машиналар тизимини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар тизимини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, пахта тозалаш корхоналари технологик жараёнлари ва ускуналари хавфсизлиги, электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари кучайтириб ёритилган, пахта тозалаш корхоналарининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш муаммоси илк бор илмий асосланган нуқтаи назардан келтирилган "Пахта-тўқимачилик кластерлари пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш" ўқув қўлланмасининг яратилиши ва чоп этилиши, бизнинг фикримизча, ўз вақтида бўлган ва замонавий талабларга жавоб беради.
Ўқув қўлланмасида: меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий, ҳуқуқий ва ташкилий масалалари; ишлаб чиқариш муҳити ноқулай омиллари ва уларнинг таъсиридан ҳимоялаш; пахта тозалаш корхоналари жараёнлари ва уларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари; пахтани қайта ишлаш ускуналари, хавфсизлик воситалари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; ишлаб чиқаришда микроиқлим; иш жойларига қўйиладиган меҳнат гигиенаси талаблари ва иш ўринларини аттестациялаш; ишлаб чиқариш цехлари, бино ва иншоотларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари; корхоналарда меҳнат хавфсизлиги ва шароитларини баҳолаш, етарли таваккал концепцияси; пахта тозалаш корхоналарида электр хавфсизлигини таъминлаш; корхоналарда электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини ташкиллаштириш; пахта тозалаш корхоналарида экология хавфсизлигини, иқтисодий хавфсизликни, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш; ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш; бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланганларга шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш; пахта тозалаш корхоналари ишловчиларини жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш; меҳнат хавфсизлигини психофизиологик ва эргономик асослари ҳамда меҳнатни мухофаза қилишнинг кўпчиллик бошқа саволлари ёритилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди.
Муаллиф, 1994- йилда уни Тошкент вилояти «Пахтасаноат» бирлашмасига ишга қабул қилиб саноатга ишлашга тайёрлашни ташкиллаштирган бирлашма раиси Раҳим Аҳмедович Бўриевни, 1995-йилда Эрқул Зикриёев раҳбарлик қилаётган «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўлимига бош мутахассис лавозимига ишга олиб устозлик қилган Қодир Орзиқулович Ярқуловни миннатдорчилик билан эслаб ўтишни ўз бурчи, ўғиллари Музаффар ва Равшанларнинг китобни яратилишидаги беминнат хизматларини таъкидлаш жоиз деб ҳисоблайди.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.
1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ МАСАЛАЛАРИ
1.1. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар
Меҳнатни мухофаза қилиш бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Техника хавфсизлиги ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш санитарияси ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.
Меҳнат гигиенаси профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.
Электр хавфсизлиги электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.
Ёнғин хавфсизлиги шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.
Ҳаёт фаолиятини хавфсизлиги инсонни техносфера билан комфорт ва хавфсиз узвий боғлиқликдаги ҳаракати тўғрисидаги фан.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш меҳнатни хавфсиз ва зарарсиз шароитларини яратиш мажмуи вазифалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний норматив ҳужжатларни қўллаш асосида, хавфсизликни таъминлаш, жароҳатланиш, авариялар, касбий касалланишларни камайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкиллаштириш.
Касбий тавакалчилик ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида, меҳнат шартномаси бўйича ишловчини ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ёки меҳнат кодекси томонидан ўрнатилган ёхуд бошқа ҳолларда соғлиққа зарар келтириш эҳтимоли. Касбий таваккалчиликларни бошқариш ўз ичига касбий таваккалчиликлар даражасини аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш бўйича комплекс чораларни қамраб олган узвий боғланган тадбирлар мажмуини олади. Касбий таваккалчиликларни бошқариш тўғрисидаги Низом, меҳнат соҳасида давлат сиёсатини олиб борувчи ва шу соҳадаги меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириб борувчи Меҳнат вазирлиги билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий-меҳнат қилишни мақбуллаштириш бўйича уч томонлами комиссиянинг хулосасини инобатга олган ҳолда, ҳукуматни бажарувчи органи томонидан тасдиқланади.