3. Машина, механизм, станоклар ва улардан фойдаланиш бўлимига ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчилар қўл юритмали тикув машиналарининг тузилишини, ишлатилишини, тикув машинасида юзага келган содда носозликларни бартараф этиш ишларини бажаришни ўрганадилар, ипсиз тикишни машқ қиладилар. Берилган вақт
ичида бу маълумотларни ҳам ўқувчиларга етказиб бериш мумкин.
4. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси бўлимини ўрганиш-га 36 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга газламага ишлов бериш технологияси, буюмларни конструкциялаш ва моделлаштириш, буюмларни тайёрлаш, тикув машинасида ишлаш, бахя ва буклама чоклар ҳақида билимлар берилади. Амалий мустақил ишларда фартукни конструкциялаш ва моделлашни бажарадилар. Фартук тайёрлаш технологиясини босқичма-босқич амалга оширадилар. Бу маълумотларни 14 соат ичида бажариш учун ўқитувчидан анча моҳирлик талаб этилади. Чунки бу машғулотларда ўқувчилар фартукни конструкциялашда, чизмачилик фанига оид айрим тушунчаларни, яъни чизиқ турлари, симметрик ва ассимметрик расмлар, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, буюмларни проекциялари, техник чизмалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлмаганлиги учун буюм чизмасини лойиҳалаш, конструкциялаш, моделлаштириш ишларини бажараётганларида муаммо туғилади. Шунинг учун 2 соат вақт чизиқ турлари, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, симметрик ва ассимметрик расмларни фарқлашни ўргатишга ажратилса, яна 2 соат вақт мобайнида буюмларни проекциялаш, масштаб бўйича катталаштириш, кичрайтириш ва буюмларни техник расмларини чизишни ўрганадилар. Ўқув дастурида буюмни конструкциялаш учун ҳам кам вақт ажратилган, биз ўқув дастурини стандартдаги ўқув дастурига нисбатан бошқача тузиб, шу асосда тажриба синфларида синовдан ўтказдик. Натижа ўз самарасини берди.
5-синфда сервис хизмати йўналиши бўйича ўқув дастури ва ДТСларни
қуйидагича таҳрирда берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
Газламага ишлов бериш технологияси
Материалшунослик (4 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламаларнинг турлари ва халқ хўжалигидаги аҳамияти, газламанинг хусусиятлари. Газламадан тайёрланадиган буюмлар ва уларнинг элементлари. Тикувчилик буюмларини тайёрлаш технологияси. Махсус, ички, устки ва тантаналарга кийиладиган кийимларнинг вазифаси, турлари ва уларга бўлган эстетик талаблар.
Амалий мустақил ишлар: Газламаларнинг турлари, хусусиятлари, хоссалари, қўлланиш ва ишлаб чиқариш технологияларига оид маълумотлар тўплаш. Табиий толалардан тайёрланган газлама хусусиятлари.
Асбоб-ускуналар, мосламалар ва улардан фойдаланиш (6 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламага ишлов беришда қўлланиладиган асбоб-ускуналар. Уларнинг турлари, тузилиши, қўллаш қоидалари ва ҳавфсизлик техникаси. Тикувчилик буюмларини тайёрлашда (нам-иссиқлик ишлови беришда) қўлланиладиган асбоб-ускуналар. Уларнинг турлари, тузилиши, қўллаш қоидалари. Ўқув манекени. Буюмлар чизмалари, андозалари ва намуналари.
Амалий мустақил ишлар: Иш ўрнини ташкил қилиш. Меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена қоидаларини ўргатиш.
Машина, механизм, станоклар ва улардан фойдаланиш (6 соат)
Шакллантирадиган билимлар: қўл юритмали тикув машиналари.
Уларнинг техник-технологик тавсифи, ишлаш усуллари. Замонавий тикув машиналари моделлари. Тикув машиналарининг тузилиши ва ишлаш тамойиллари.
Амалий мустақил ишлар: Тикув машинасининг асосий қисмларининг тузилиши. Машинани ишга тайёрлаш ва ишлаш. Содда носозликларни бартараф этиш.
Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси (18 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Чизмачилик элементлари. Чизиқ турлари. Чизмачилик асбобларини тузилиши ва ишлашини ўрганиш. Масштбали линейка. Буюмларни проекциялари. Буюмларни техник расмларини лойиҳалаш ва чизиш. Газламага ишлов бериш технологияси, конструкциялаш ва моделлаштириш, буюмларни тайёрлаш, тикув машинасида ишлаш. Бахя ва буклама чоклар.
Амалий мустақил ишлар: чизмачилик асбоблари, чизиқ турлари ва уларни қўллнилиши; буюмларни тасвирлаш усулларини ўрганиш. Махсус кийим, тунги кўйлак, ўқув, ишлаб чиқариш ва уй-рўзғор ишларини бажариш учун фартук, рўмол бичиш ва тикиш. Машина чоклари (бахя ва буклама) нинг намуналарини бажара олиш.
Халқ ҳунармандчилиги технологияси (16 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламага ишлов беришга оид ҳунармандчилик касблари (каштачилик, зардўзлик, попопчилик ва б.). Каштачиликнинг ўзига хос хусусиятлари. Каштачилик мактаблари. Каштачилик асосида ишлаб чиқарилаётган буюмлар турлари.
Амалий мустақил ишлар: Каштачилик ишларига хос буюмлар чизмаларининг андозалари ва буюмларни тайёрлаш.
Таянч маълумотлар: Иш ўрнини ташкил қилишда санитария-гигиена
талаблари ва меҳнат хавфсизлиги қоидалари.
Хулоса. Юқоридаги фикрларга асосланиб, Газламаларга ишлов технологияси йўналиши бўйича йиллик тақвим-мавзули режалаштиришнинг «Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси» бўлимининг 25-28-машғулотларига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Шакллантириладиган билимлар қисмига: Чизмачилик элементлари. Чизиқ турлари. Чизмачилик асбобларини тузилиши ва ишлашини ўрганиш. Масштбали линейка 2 соат. Буюмларнинг проекциялари. Буюмларни техник расмларини лойиҳалаш ва чизиш 2 соат.
Амалий мустақил ишлар қисмига: чизмачилик асбоблари, чизиқ турлари ва уларни қўлланилиши; буюмларни тасвирлаш усулларини ўрганиш 2 соат.
Бундай фикрларни бошқа синфлар учун ҳам билдириш мумкин. Жумладан 6-синфда маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси қисмида асосан юбка тикиш ишларини бажариш кўзда тутилган ва бунга жами 18 соат вақт берилган. Бу мавзуларни ўрганишда ҳам чизмачиликка оид тушунчалардан фойдаланишга ҳамда ўқувчиларнинг эътборини модельер, дизайнер каби касбларга қаратишга тўғри келади [134, 135, 142]. 7-синфда ҳам мазкур қисм бўйича асосий эътибор аёлларнинг миллий либосларига қаратилган ва бу ишларни ўрганишга жами 16 соат вақт ажратилган. Бу ишларда юқоридаги таклифлар билан бирга миллий кийимлар ҳақидаги тарихий маълумотлардан фойдаланишни таклиф қиламиз [107, 119].
5-7-синфларда ўтиладиган технология ва дизайн йўналиши бўйича ҳам
айрим таклифларни билдириш мумкин. Фикримизча, бунда асосан учта ҳолатни ажратиб кўрсатиш зарур. 1-ҳолат дастурда 5-7-синфлар кесимида уй-рўзғор буюмлари ясаш, ёғочга ва металга ишлов бериш бўйича халқ ҳунармандчилигига оид иш усулларини ўрганиш ва буюмлар тайёрлаш каби мавзулар киритилган. Бунда айнан қайси буюм, қайси ҳунармандчилик, қайси иш турларини ўрганиш аниқ кўрсатилмаган, уларни танлаш ўқитувчига ҳавола қилинган [209; 29-30-б.]. Бу бир томондан ўқитувчиган қулай, яхши бўлиши мумкин. Лекин, иккинчи томондан, турли ҳудудларда ўқитувчилар ўзлари билганларича иш юритишлари сабабли дастурнинг мазмуни ўзгариб кетиши ҳам мумкин.
2-ҳолат: дастурда кўп ҳолларда уй-рўзғор буюмлари (масалан, ўқлов,
нон тахта, чекич, жува ва ҳ.) тайёрлаш кўзда тутилган. Бироқ, тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳар доим ҳам ўқувчиларда бундай уй-рўзғор буюмларини тайёрлашга қизиқиш бўлавермас экан. Балки уларда автомобиль, самолёт, кема, ракета, поезд каби кўринишлардаги буюмларни тайёрлашга бўлган қизиқиш кўпроқ эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун биз технология фанидан 6-7-синфлар учун ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлашда мана шу ҳолатларни ҳисобга олдик [112, 128, 129, 136, 137, 145].
3-ҳолат: 5-7-синфларда элктротехника ишлари бўлими мавжуд бўлиб, дастурга асосан бунда ўқувчиларга электр энергияси, уни ҳосил қилиш ва узатиш, электр истеъмолчилари, улардан фойдаланиш, ХТҚ, элетротехника соҳасига оид касблар ҳақида маълумот бериш, айрим иш турларини ўрганиш
кўзда тутилган. Бироқ, айниқса, 5-синфда ўқувчилар бундай маълумотларга расмий равишда биринчи марта дуч келадилар. Шунинг учун ўқитувчи томонидан бундай маълумотларни ўқувчиларга етказиш осон бўлмайди. Шу сабабли бу машғулотларда ўқитувчи ўқитишнинг турли фаол усулларидан унумли фойдаланишига тўғри келади [99, 100, 101].
Биринчи боб бўйича хулоса
Маълумки, Республикамиз давлат мустақиллигига эришгандан кейин барча соҳалар каби таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди ва ошириб келинмоқда. Жумладан умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган ўқув фанларни ўқитиш ишларида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Шу жумладан технология фанини ўқитиш ишлари ҳам мазмунан модернизация қилинди, янги ўқув дастурлари ва ДТС лари, янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди, ҳатто фаннинг номи ҳам ўзгарди. Шу сабабли мазкур бобда умумий ўрта таълим мактабларида технология ўқув фанини ўқитишнинг ҳозирги аҳволи, амалдаги ўқув дастурлари ва ДТСлар мазмуни мухтасар ҳолатда таҳлил қилинди. Чунки бирор соҳада тадқиқот олиб боришдан аввал шу соҳадаги сўнгги ўзгаришларни, уларнинг самарасини ўрганиш, ҳисобга олиш катта аҳамията эга.
Ҳеч иккиланмасдан шуни алоҳида айтиш мумкинки, ўқувчиларни касб танлашга йўналтиришда, мустақил ҳаётга тайёрлашда технология ўқув фанининг аҳамияти катта. Чунки бу фанни ўрганиш жараёнида ўқувчилар турли материаллар (ёғоч, пластмасса, метал, газлама, озиқ-овқат маҳсулотлари) нинг турлари, хусусиятлари, уларга ишов бериш усуллари, ишлов беришда қўлланиладиган асбоб-ускуна ва мосламалар билан танишадилар, амалий машғулотларда улардан қандай фойдаланишни ўрганиб оладилар. Бундан ташқари халқ ҳунармандчилиги, электротехника ишлари ва электроника асослари, таъмирлаш ишлари билан ҳам танишадилар, бу соҳаларда ҳам зарару блган билим ҳамда кўнималарга эга бўладилар.
Мана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб ва биринчи бобда ёритилган материаллар асосида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
1. Технология фани ўқувчиларни амалий ишлашга ўргатишда, ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришда, касб танлашга йўналтиришда, ўзларига мос касбларни танлашда, шу орқали уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда катта имкониятларга эгадир. Шу сабабли технология ўқув фанини ўқитишнинг мазмунини, методикасини фан-техника ва ишлаб чиқариш (технология) тараққиётига мос равишда ўзгартириб бориш бир томондан давр талаби бўлса, иккинчи томондан ижтимоий буюртмадир.
2. Юқорида таъкидланганидек, технология ўқув фани узоқ муддат, яъни биринчи синфдан то охирги синфгача бўлган давр ичида ўқитилади. Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларни ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожлантириш, меҳнат олами ва меҳнат кишилари, меҳнат қуроллари ва амаллари, асосий ишлаб чиқариш соҳалари ва касблар билан таништириш, иш қуролларидан фойдаланиш, оддий буюмларни ясашга оид меҳнат малакаларини ҳосил қилиш, онгли равишда касб танлашга йўналтиришдан иборат. Бу ишларни мактабда шартли равишдв уч босқичда амалга оширилади, бу босқичларнинг ҳар бирини олдига қўйилган аниқ вазифалар мавжуд бўлади. Жумладан, 1-босқичда 1-4-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга кишиларнинг ҳаётида меҳнатнинг тутган ўрни, энг содда меҳнат амаллари ва иш қуроллари, улардан фойдаланишга оид дастлабки маълумотлар берилади. Қоғоз, елим, газлама, ип, пластилин каби материаллардан игна, қайчи, пичоқ каби меҳнат қуроллари ёрдамида содда буюмлар, ўйинчоқлар ясаш, тайёрлаш орқали уларда дастлабки меҳнат кўникмалари шакллантирилади.
2-босқичдаги технология фани дарсларини VVII синфлардаги технология фани дарслари ташкил этади. Бу босқичдаги технология фани дарслари Технология ва дизайн, Сервис хизмати йўналишларида ташкил этилади (бўлинмайдиган синфлар эса умумлашган йўналиш бўйича ўқитилади). VVII синфлардаги бу машғулотларда ўқувчиларга ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинлари бўлган ёғоч, пластмасса ва полимер материаллар, металл, газламаларга ишлов бериш ва таом тайёрлаш, электротехник ишлар ва таъмирлаш ишларига оид дастлабки умумий билимлар берилади, меҳнат кўникмалари ҳосил қилинади. Булар ишлаб чиқаришнинг энг муҳим кўринишлари бўлиб, деярли ҳамма соҳаларда қўлланилади. Шу сабабли ўқувчиларга бу соҳаларга оид маълумотлар бериш ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш орқали улар келгусида бирор касбни онгли равишда танлашга йўналтирилади.
3-босқичдаги технология фани дарслари VIIIIX синфларда олиб бориладиган технология фани дарсларидан иборат бўлиб, бўлиб, бу халқ ҳунармандчилиги технологияси, ишлаб чиқариш ва рўзғоршунослик асослари, электроника асослари, ижодий лойиҳа тайёрлаш технологияси, касб танлашга йўллаш бўлимларидан ташкил топган. Бунда ўқувчиларга асосан касб турлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, касб танлашда нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ўргатилади. Бу касблардан қайси бирини танлаш ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола этилади [72; 6-б.].
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, 5-9-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга бирор-бир касб тугал ўргатилмайди. Балки бир неча касблар ҳақида умумий маълумотлар бериш, айрим иш қуроллари, механизм ва станоклардан фойдаланиш орқали, айрим деталь ва буюмларни тайёрлаш жараёнларини ўргатиш орқали ўқувчиларда ўша касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилинади, шулар орқали уларни келгусида онгли равишда касб танлашга йўллаш ишлари амалга оширилади. (Умумий ўрта таълим мактабларининг 11 йиллик таълимга ўтказилиши муносабати билан 4-босқич ишлари ҳам юзага келди. Бунда энди ўқувчиларга маълум бир касбларни ўргатиш назарда тутилади. Шунинг учун бу янги масала бўлиб, бунга энди алоҳида тадқиқот ишлари мавзуси сифатида қараш керак).
3. Ҳозирги пайтда технология ўқув фани мазмуни ва моҳияти ишлаб чиқариш соҳаларига мос келади. Бироқ мактабларда мазкур фанни ўқитишни ҳамма жойларда талаб даражасида олиб бориляпти, деб бўлмайди. Чунки айрим мактабларда ўқув хоналари ва ўқув устахоналари етарли даража жиҳозланмаган. Мазкур ҳолатдан чиқишнинг қулай усул ва воситаларидан бири компьютер техникаси ва ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳисобланади.
4. Сир эмаски, ҳар қандай соҳанинг ривожланиши шу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассиларнинг салоҳиятига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ОТМларда технологик таълим йўналишида мутахассислар тайёрлаш ишларига ҳам эътиборни кучайтириш керак.
5. Айни пайтда технология ўқув фани бўйича ўқув дастурларида айрим
етишмовчилик ва камчиликлар, таҳрир қилиниши ва аниқлик киритилиши зарур бўлган ҳоатлар ҳам мажуд. Жумладан 5-7-синфларда технология ва дизайн йўналишида ўқув режасида халқ ҳунармандачилиги бўйича ёғочга ва металга ишлов беришга оид уйғунлашган буюмлар тайёрлаш мавзуларини ўрганиш белгиланган, лекин айнан қандай буюмлар тайёрлаш кўрсатилмаган. Бундан ташқари уй-рўзғор буюмлари тайёрлаш ишлари ҳам кўзда тутилган. Бунда, биринчидан, қандай буюмлар тайёрлаш кўрсатилмаган. Иккинчидан ҳамма ўғил болалар жува, чекич каби уй-рўзғор бумларини тайёрлашга ҳар доим ҳам қизиқиш билдиравермайдилар. Аксинча улар автомобиль, кема, поезд, смолёт, ракета каби кўринишдаги буюмларни тайёрлашга кўпроқ қизиқар эканлар. Кейинги дастурларни тузишда ва дарсликларни ёзишда мана шу ҳолатларни ҳам ҳисобга олиш зарур деб ҳисоблаймиз.