Эшитаман, Уинстон? жавоб берди Лэнгдон қарсаклар шовқини ичра.
Хайрият! оҳ тортди Уинстон. Мени диққат билан тингланг. Жиддий муаммо чиқди!
Йигирма биринчи боб
Катта ареналарда чексиз ғалаба онлари нашидасини сурган инсон сифатида Эдмонд Кирш ўз муваффақиятларидан ҳамиша рағбат оларди, лекин аҳён‐аҳёнда чинакамига хурсандчиликни ҳис қиларди. Айни лаҳзада минбарда турганча мухлислар эътирофини қабул қиларкан, Эдмонд дунёни ўзгартириш арафасида эканлигини билиб, чин қалбдан масрур эди.
Марҳамат, жойингизга ўтиринг, дўстлар, ишора қилди у. Энг қизиғи ҳали олдинда.
Туман буткул йўқолгунча Эдмонд миллионлаб томошабинлар қаршисида ўзининг жонли тасвирини акс эттириб турган юқоридаги экранга қарашдан зўрға тийилди.
"Унутилмас онлар келди, деб хаёлидан ўтказди Эдмонд, бу онлар миллатлар, табақалар ва динлар ўртасидаги чегараларга чек қўяди".
Эдмонд чап томонда турган Амбра Видалга миннатдорлик билдириш учун ўгирилди. Аёл бир неча ой мобайнида тиним билмасдан бу томошани ташкиллашда катта кўмак кўрсатганди. Ажабланарлиси, Амбранинг эътибори Эдмондда эмасди, у хавотир билан оломон ичига тикиларди.
Бу ерда бир гап бор, ўйлади Амбра томошабинларни кўздан кечириб.
Залнинг марказида баланд бўйли, башанг кийинган эркак меҳмонлар тўдасини ёриб ўтиб, қўлларини силкиганча Амбра томон келаётганди.
Ахир, бу Роберт Лэнгдон‐ку! Аёл Киршнинг видеосидаги америкалик профессорни, ниҳоят, таниди.
Яқинлашаётган Лэнгдонни кўриши биланоқ бир четда турган Қироллик гвардияси қўриқчилари сергак тортиб, профессорнинг йўлини тўсишга ошиқди.
Унга нима керак? Лэнгдоннинг ташвишли қиёфасини илғаб, аёл баттар хавотирга тушди.
У минбарга ўгирилиб, Эдмондга қаради, Профессорни у ҳам кўрдимикан? Лекин Эдмонд Кирш саҳнага эътибор бермаётганди. Унинг нигоҳи тўғри Амбрага қаратилганди.
Эдмонд! Бир гап бўлганга ўхшайди!
Худди шу лаҳза гумбаз ичидан қарсиллаган товуш эшитилди ва Эдмонднинг боши ортга қалқиб кетди. Эдмонднинг пешонасида пайдо бўлган қизил тешикчага кўзи тушган Амбра даҳшатга тушди. Киршнинг кўзлари оҳиста юмилди, аммо қўллари минбарни маҳкам ушлаганча бутун гавдаси тош қотди. Сўнг бироз гандираклаб, юзида тушунарсиз ифода ҳосил бўлди ва қулаётган дарахтдек танаси бир ёнга эгилиб, гурсиллаб полга қулади. Унинг пешонасидан сизиб чиқаётган қон бутун юзини алвон рангга бўяганди.
Нималар содир бўлаётганини англашга улгурмасиданоқ, соқчилардан бири Амбрани полга эгиб, ҳимоя қилди.
Вақт бир лаҳзага тўхтаб қолди.
Сўнг Сўнг қиёмат бошланди.
Прожектор ёғдуси остидаги Эдмонднинг қонли жасадини кўрган меҳмонлар оқими қий‐чув қилганча ўз жонидан хавотирда залнинг чиқиш эшигига қараб қоча бошлади.
Тўс‐тўполон марказида қолиб кетган Роберт Лэнгдон шокка тушиб, жойида тош қотиб қолгандек эди. Бироз нарида унинг қадрдон дўсти, севимли шогирди ёнбошига буралганча томошабинларга юзланиб ётибди, пешонасидаги ўқ тешган жойдан ҳамон қон оқмоқда. Энг ёмони, Эдмонднинг жонсиз чеҳраси телевидение камералари нигоҳида бутун оламга намойиш этилмоқда.
Лэнгдон худди туш кўраётгандек беихтиёр югуриб бориб камералар линзасини юқорига қаратиб, дўстининг жасадини онлайн томошабинлар нигоҳидан пана қилди. Кейин ўгирилиб, минбарга чопаётган одамлар тўдасига, ерда ётган қадрдонининг жонсиз танасига қараб, ниҳоят, тушунди: Эдмонд энди йўқ эди.
Ё Худойим Сени огоҳлантиришга уриндим, Эдмонд Лекин Уинстоннинг хабари жуда кеч етиб келди Мен улгурмадим Кечир мени!
Эдмонднинг жасади яқинида қўриқчи эҳтиёткорлик билан Амбра Видалнинг танасини ҳимоялаб турарди. Лэнгдон аёл томонга шошди, аммо соқчи тезроқ ҳаракат қилди катта‐катта уч қадам ташлаб Лэнгдонга отилди.
Соқчининг бақувват елкаси тўғри келиб Лэнгдоннинг кўкрагига урилгач, профессорнинг нафаси ичига тушиб кетди ва танасини қаттиқ оғриқ қуршаб олди. У кутилмаган зарбадан орқасига гандираклаб, майсазорга гурсиллаб қулади. Ҳатто нафас олишга улгурмасидан, кучли қўллар Лэнгдонни ерга қарата ётқизиб, чап қўлини ортига қайирди, бошининг орқасини маҳкам ушлаб, чап ёноғини ўтлоққа ишқаганча ҳаракатлантирмай қўйди.
Сен ҳаммасини олдиндан билгансан! қичқирди соқчи. Бу ишда сенинг қўлинг бор!
***
Қироллик гвардияси агенти Рафа Диас тарқоқ меҳмонлар орасидан ёриб ўтганча иложи борича тезроқ тўппонча ёлқинини кўрган жойга етиб олишга интиларди.
Амбра Видал хавфсизликда, ўйлади Рафа шеригининг аёлни полга тортиб, ҳимоя қилаётганини кўриб. Қурбонга ҳам энди ёрдам қилиш бефойда. Эдмонд Кирш полга қуламасдан аввал ўлиб бўлганди.
Диаснинг синчков нигоҳи меҳмонлардан бири ўқ отилмасидан бурун қотиллик ҳақида огоҳлантирмоқчидек минбарга шошилганини илғаганди.
Меҳмоннинг ғалати хатти‐ҳаракатини текшириш кутиб туради.
Айни дамда Диаснинг битта вазифаси бор.
Қотилни қўлга олиш.
Тўппонча ёлқини чақнаган жойга етиб келгач, у мато девордаги тешикни топди, қўлини киргазиб бор кучи билан матони полга қадар йиртиб юборди ва ҳавозалар қалашиб ётган гумбаз ичига қадам ташлади.
Агент чап тарафдаги фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган чиқиш эшигига ошиқаётган оппоқ ҳарбий кийимдаги баланд бўйли погонли эркакни пайқаб қолди. Бир неча сония ичида эркак эшикдан чиқиб кўздан йўқолди.
Диас гумбаз остидаги электрон жиҳозлар оралаб, эркакнинг ортидан чопди ва чиқиш эшигидан чиқиб, бетон зинага дуч келди. У пиллапояларга назар солганда погонли эркак икки қават пастда шошиб кетаётганига гувоҳ бўлди. Диас ўйлаб ўтирмай, бешта пиллапояни биттада босиб, унинг ортидан қувлашга тушди. Қаердадир, пастда эшикнинг шарақлаб очилиб ёпилгани эшитилди.
Қотил бинодан ташқарига чиқди.
Биринчи қаватга етиб келиб, Диас қўш табақали чиқиш эшигига отилди. Аммо юқоридагисидан фарқли равишда, бу эшик ланг очилиш ўрнига бир неча сантиметр силжиди, холос. Диаснинг пўлат эшикка урилган елкасида кучли оғриқ уйғонди.
У қалтираганча ўзини ўнглаб, яна бир марта эшикка ёпишди.
Бу сафар эшик яна бироз очилиб, муаммонинг илдизи кўринди.
Жуда ғалати. Эшикнинг ташқи тутқичлари бир‐бирига қандайдир сим билан боғлаб ташланганди. Сим дегани, аслида, ҳар бир испан католигидаги одамда топиладиган мунчоқ доналари эканини билгач, Диаснинг таажжуби ортди.
Бу тасбеҳ эмасми?
Диас бор кучи билан эшикни яна итарди, аммо тасбеҳ узилмади. Ҳам тасбеҳнинг ўзидан, ҳам унинг узилмаслик хусусиятидан ажабланган соқчи энсиз тирқишдан яхшилаб қаради.
¿Hola? бақирди у эшик ортига. ¡¿Hay alguin?! (Ҳой, кимдир борми?)
Жимлик.
Эшикдаги тирқишдан кўз ташлаб, Диас баланд деворлар ва бўм‐бўш хизматчилар хиёбонини кўрди. Ҳалқани олиш учун кимдир келишини кутиб ўтиришга вақт йўқ. Бошқа чора тополмаган қўриқчи, камзули тагидаги тўппончасини олди. Қуролни чиқариб, эшик тирқишида кўриниб турган тасбеҳга тўғрилади.
Муқаддас тасбеҳга ўт очяпманми?.. Qué Dios me perdone. (Парвардигор, ўзинг кечир).
Диаснинг кўз ўнгида ярми юлинган хоч биланглаб осилиб турарди.
Тепки босилди.
Тўппонча овози бетон деворларда жаранглади ва эшик ланг очилди. Тасбеҳ узилди ва доналари шитирлаб йўлакка сочиларкан, Диас бўм‐бўш хиёбонга югуриб чиқиб, атрофга аланглади.
Оқ кийимли қотил ғойиб бўлганди.
***
Адмирал Луи Авила хизматчилар хиёбонидан юз метрча нарида, музейдан чиқиб кетаётган қора Renoнинг орқа ўриндиғида бамайлихотир ўтирарди.
Тасбеҳ доналарини улашда ишлатилган полимер толали сим мустаҳкамлиги таъқибчиларни керагича ушлаб турганди.
Мана, мен энди кетяпман
Авиланинг машинаси Нервион дарёсининг шимоли‐ғарбига томон елиб бораркан, Абандоибарра ҳалқа йўлидаги зувиллаб қатнаётган машиналар орасида кўздан ғойиб бўлди. Авила ниҳоят чуқур нафас чиқарди.
Унинг бугунги миссияси силлиқ ўтди.
Адмирал хаёлан бир вақтлар Бильбаодаги қонли жангда янграган эски қўшиқ Ориаменди мадҳиясининг қувноқ оҳангларини тингларди. ¡Por Dios, por la Patria I el Rey! куйлай бошлади Авила ичида. (Худо учун, мамлакат учун ва қирол учун!)
Бу жанговар мадҳияни аллақачон унутишган Аммо уруш энди бошланди.
Йигирма иккинчи боб
Мадриддаги Palacio Real Европадаги энг катта ва ҳашаматли қироллик саройи ҳисобланади. Ўн тўққизинчи асрда Мавр қасри ўрнида барпо этилган сарой икки хил классик ва барокко услубининг энг мафтункор жиҳатларини жамлаган. Қироллик қасри Армериа майдонида жойлашган бўлиб, унинг жимжимадор устунлардан иборат уч қаватли фасади майдон бўйлаб чўзилган. Қаср ичкариси тўрт юз эллик минг квадрат метрни эгаллаб, турли ҳажмдаги 3418 дона хонадан ташкил топган. Ички қисмдаги салонлар, заллар, ётоқхоналар ҳамда коридорлар бебаҳо диний санъат намуналари, жумладан, Веласкес, Гойя ва Рубенсга тегишли дурдона асарлар билан безатилган.
Авлодлар оша бу қаср испан қироллари ва қироличаларининг хос қароргоҳи саналган бўлса‐да, ҳозир сиёсий масалаларни ҳал қилувчи даргоҳга айланган. Қироллик аъзолари эса шаҳар ташқарисидаги осуда гўша Palacio de la Sarsuelaда истиқомат қилади.
Лекин сўнгги ойларда Мадриддаги қироллик қасри қирқ икки яшар шаҳзода Хулиан, яъни Испаниянинг бўлғуси қиролининг доимий яшаш жойига айланди. Яқинлашаётган тож кийдириш маросими олдидан Хулиан халқнинг кўз ўнгида бўлмоғи зарурлигини таъкидлаб, мураббийлар уни саройга кўчиб ўтишга кўндирганди.
Шаҳзода Хулианнинг отаси, ҳозирги қирол, бир неча ойдан бери сурункали тузалмас дард туфайли тўшакка михланиб қолганди. Қиролнинг ақлий салоҳияти пасая бошлагач, сарой аста‐секинлик билан ҳокимият алмашинувига ҳозирлик кўриб, отаси вафотидан сўнг шаҳзодани тахтга ўтказишга тайёрлана бошлади. Ҳокимият ўзгариши аниқ бўлиб турган паллада испанлар нигоҳини валиаҳд Хулианга қаратди. Барчанинг ўйида бир савол бор эди:
"У қандай бошқараркан?"
Шаҳзода Хулиан ҳамиша вазмин ва мулоҳазали бола бўлган. У бўлғуси вазифалари юкини болалигиданоқ яхши англаган. Хулианнинг онаси иккинчи фарзандига ҳомиладор вақтида эрта туғруқ оқибатида вафот этган. Рафиқаси вафотидан сўнг қирол кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлиб, қайта турмуш қурмади. Натижада, Хулиан испан тахтининг ягона ворисига айланди.
Британия нашрлари шаҳзодани истеҳзо билан Захирасиз меросхўр деб атарди.
Хулиан мутаассиб ота тарбиясини олгани сабабли аксар испанлар унинг отаси бошлаган йўлни давом эттиришига ишонарди. Бу эса шаҳзода испан тожининг обрўсини сақлаб қолиш мақсадида қаттиқ тартиб ўрнатиши, турли маросимларни нишонлаши, энг муҳими, испан католикларининг муқаддас анъаналарини ҳурмат қилишидан далолат берарди.
Асрлар давомида католик қиролларининг мероси Испаниянинг ахлоқий суянчи бўлиб келди. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатда эътиқод мустаҳкамлиги дарз кетди, Испания жуда эски ва жуда замонавий қарашлар ўртасида бошланган уруш домига тортилди.
Тобора кўпайиб бораётган либераллар ижтимоий тармоқларда ва ўз блогларида воқеалар ривожига баҳо бераркан, шаҳзода Хулиан отасининг соясидан чиқиб, ҳақиқий ўзлигини намоён этишига; жасур, тараққийпарвар ҳамда дунёвий йўлбошчи сифатида бошқа кўплаб Европа мамлакатлари раҳбарларига эргашиб монархияни бутунлай бекор қилишига умид боғлашарди.
Авваллари Хулианнинг отаси қирол сифатида ҳамиша фаол бўлгани туфайли шаҳзоданинг сиёсий масалаларда фикр билдиришига ҳожат бўлмасди. Қирол очиқчасига баёнот бериб, фарзанди оддий болалар сингари яйраб ўсиши кераклиги, то Хулиан уйланиб, улғаймагунча давлат ишларига аралашишидан наф йўқлигини таъкидлаганди. Шу тариқа Хулиан умрининг дастлабки қирқ йили хусусий мактаблардаги ҳаёт, от пойгалари, бирор очилиш маросимида қизил ленталарни қирқиш, хайрия ишлари ва дунё бўйлаб саёҳатлардан иборат бўлганди. Кўзга кўринарли бирор иш қилмаган бўлса‐да, шаҳзода Хулиан ҳамма ҳавас қиладиган шахс эди.
Қирқ икки ёшли келишган шаҳзода учрашиб юрган сон‐саноқсиз аёллардан ҳеч бири чин маънода унинг қалбини забт эта олмади. Аммо сўнгги ойларда шаҳзода бир неча марта бир аёл билан бирга кўринди. Бу аёл ташқи қиёфасидан кетворган моделга ўхшаса ҳам, аслида, жуда ҳурматли шахс Бильбаодаги Гуггенҳайм музейи директори Амбра Видал эди.
Медиа дарҳол Амбра Видални замонавий қирол учун энг муносиб жуфт сифатида ёзиб чиқди. Чиндан ҳам Амбра маданиятли, муваффақиятли, энг муҳими, зодагон оиладан эмас, оддий халқ ичидан чиққан аёл эди.
Шаҳзода Хулиан ОАВнинг фикрига қўшилди чоғи, қисқа муддат ўтиб, кутилмаган ҳамда романтик шаклда Амбрага турмуш қуриш таклифини билдирди ва аёл рози бўлди.
Кейинги ҳафталар давомида нашрлар Амбра Видалнинг кундалик ҳаёти тўғрисида саноқсиз хабарлар чоп этди. Улар аёлнинг нафақат соҳибжамол, балки ақлий салоҳият бобида ҳам тенгсиз эканини билдирарди. Испаниянинг бўлғуси қироличаси эканига қарамай, Амбра Қироллик гвардиясининг кундалик хизматини рад этиб, фақат катта тадбирлар маҳали кам сонли қўриқчилар ёрдамидан фойдаланишга рози бўлди. Бу билан у ўзининг мустақил ва эркин аёл эканини кўрсатарди.
Бошқа сафар Қироллик гвардияси командори Амбрага очиқ‐сочиқ кийинишни йиғиштириб, олий элитага монанд консерватив усулда либос танлаши кераклигига шама қилди. Бунга жавобан Амбра, ўзини йўқотмасдан, истеҳзо билан Қироллик Гвардероби командори менга ҳайфсан эълон қилди, деди. Аёлнинг дадиллиги халқ эътиборини қозонди.
Либерал журналлар муқовасини Амбра! Испаниянинг гўзал келажаги! деган ёзув остида аёлнинг жозибадор чеҳраси безаб турарди. Амбра интервью беришдан бош тортса, мустақил, интервью беришга рози бўлса, киришимли деб эътироф этишарди.
Консерватив журналлар, ўз ўрнида, аёлни ҳокимиятга ўч авантюрист сифатида кўриб, бўлғуси қиролга салбий таъсири тўғрисида эринмасдан ёзарди. Исбот сифатида Амбранинг шаҳзодага нисбатан енгилтак муносабатда бўлишини келтирарди.
Биринчи муаммо шунда эдики, Амбра шаҳзода Хулианга қироллик таомилига кўра Дон Хулиан ёки суальтеза деб мурожаат қилмасди, шунчаки Хулиан деб чақирарди. Бу эса ҳурматсизлик белгиси ҳисобланарди.
Иккинчи муаммо анча жиддийроқ эди. Сўнгги ҳафталар ичида Амбранинг иш жадвали тиғизлашиб кетганидан шаҳзодага умуман вақт ажратолмади. Шу ўринда, аёлни бир неча марта Бильбаода, музей яқинида таниқли атеист америкалик технолог Эдмонд Кирш билан тушлик қилаётганини кўришган.
Гарчи Амбра бу шунчаки иш юзасидан учрашув бўлганини тушунтирса ҳам, музей ичидан келган ишончли хабарларни эшитиб, Хулианнинг рашкдан қони қайнади.
Бунинг учун ҳеч ким уни айбламади.
Унаштирувдан бир неча ҳафта ўтгач, шаҳзоданинг бўлғуси рафиқаси вақтининг кўп қисмини бошқа эркак билан ўтказаётгани айни ҳақиқат эди.
Йигирма учинчи боб
Лэнгдоннинг юзи ҳамон майсазорга ишқаланганча ётар Қироллик гвардияси соқчиси уни бутун гавдаси билан босиб турарди.
Ғалати жиҳати, профессор ҳеч нимани ҳис қилмасди.
Қайғу, қўрқув ва қаҳр ҳаммаси бир бўлиб, Лэнгдонни карахт аҳволга туширганди. Дунёдаги энг бетакрор ақл эгаси қадрдон дўсти, шогирди ҳозиргина омма олдида ваҳшийларча ўлдирилди. У умридаги энг буюк кашфиётни ошкор этишга улгурмасдан жон берди.