Офарин, биродар, офарин. Қуллуқ!..
Хаёлан қушлар овози қанотида узоқларга оппоқ булутлар оламига учиб кетади
У:
Ай, биродарлар, сизлар учун ёғочдан уя ясадим, шунақа. Тоғлардаги биродарларимизгаям айтинг, боғимизга келсинлар. Мен уларгаям уя қуриб бераман, шунақа
У хушвақт жилмаяди
II
У кекса ота-онасини кўриш учун қишлоққа бориб, тез қайтди. Машина баланд довондан сойга тушиб, шовуллаб оқаётган кўм-кўк сувдан ўтди. Чапга бурилиб, сув ёқасида тўхтади. У машинадан тушиб, костюмининг тугмаларини ўтказди. Теваракка қаради: йўлни икки томонидан ҳайбатли тоғ чўққилари ўраб турибди. Ботаётган қуёш тоғ чўққиси учида осилиб қолгандай Тоғдан оқиб тушаётган сувнинг шовуллаши эшитилиб, сув оқаётган сойдан салқинлик уфуриб турибди. Тоғ қушларининг нағмалари Бир гала ёввойи каптарлар чўққилар узра учиб юрибди. Каптарлар қўнганда, чап қўлини пешонаси устига соябон қилиб қаради. Кўрмади. Сайр учун каптарлар қўнган тарафга юрди. Катта тош остида бир нарсанинг питирлаётганини кўрди. Тўхтаб, ўша ёққа юрди. Икки тош орасидаги қизил тупроқ устида турган инни кўрди. Яқинроқ борди. Хас-хашакдан усталик билан ясалган инда қуш боласи, юмшоқ тупроқда эса яна бири ердагиси типирчилаб инга чиқмоқчи бўлар, аммо чиқолмас, индагиси эса бўйинларини қисиб, пусиб ётарди. У ин яқинидаги сариқ тошга ўтириб, уларни узоқ томоша қилди. Мусича болаларининг онаси йўқ Ё улар онасизмикин?
Қуёш ботиб тоғларга оқшом чўкди. Мусичаларнинг онаси ҳамон йўқ. У кетмоқчи бўлди. Шунда, мусичалар бўйинларини чўзиб, бирам ғалати чийилладики Унинг юраги увушиб кетди. Мусичаларни олиб уларнинг ҳўл баданини тўлиқ ёпмаган жунларини силай-силай пастга тушди. Энг беозор қуш. Булар одамларга фақат яхшилик тилайди. Ку-кулашлари, таъзимлари шунақа, деди у ўзича. Рўмолчасини машина ўтирғичига ёйиб, устига мусича болаларини қўйди. Идорага келганларида у мусича болаларини диванга қўйиб, жунини силади. Уларни ҳовлига дарахтлар остига қўйиб юбормоқчиям бўлди. Тоғдагидай бу ерда ҳам ўз тирикчилигини ўзи қилар, деб ўйлади. Авайлаб, ҳовлига олиб чиқди. Кўмкўк ўтлар устига қўйиб, бирпас кузатиб турди. Улар жойидан қимирлайвермагач, мендан ҳайиқяпти, деб ўйлаб, хонасига қайтиб кирди. Бирпас янги журналларни титкилаб ўтириб, деразадан қаради. Мусича болалари дарахт ёнида бошларини бир-бирига тегизиб, мудраб, мунғайиб турардилар!.. У шошиб бориб, уларни олиб келди. Ҳеч қаёққа чиқармасликка аҳд қилди. Уларга жой қидира бошлади. Қоровулхона қулайдай. Айниқса, бурчакда турган шкаф тепаси. У ҳовлидан ранги кўчиб кетган эски мис товоқча топиб, унда сув олиб келди. Ер, емаса турар, деган хаёлда бозордан ярим кило тариқ олиб келди-да, бир сиқимини мусичалар олдига сепиб, уйига кетди.
Мусичалар ўз умри билан туғилган экан. Катта бўлиб қолишди.
III
Совет Япон шартномаси имзоланиб, алоҳида моддаси бир давлатдан иккинчи давлатга учиб ўтган қушларга озор бермаслик, уларни авайлаш ҳақида эди. У газетадаги шу моддага тикилиб тўймайди. Қувончини боғ қоровулига изҳор этади:
Эшитдиларми, отахон. Совет ҳукумати кўп танти ҳукумат, қушлар тўғрисидаям ғамхўрлик қиляпти, шунақа. Раҳмат, ҳукумат, раҳмат. Айтгандай, қушларга уя ясанг, деб эдим, тайёр бўп қолдими?
Энди иккита бўлди.
Э, тезлатинг-да, отахон, мен қушларга ваъда берганман, биродарларимизни олиб келинглар деб. Ҳали-замон келадилар, шунақа
У қоровулхонага кирди. Мусичалар энди учадиган, хонада йўрғалаб юрадиган, бир-бирларини қувалаб столлар остига кириб кетадиган бўлган эдилар. Сарғиш жунлари қорайиб, тумшуқлари бигиздай Чиройли! Узун қанотларининг усти сал қорайган, ости эса оппоқ. Бирининг қанотлари худди каптарларникидай ола. У пойандоз устида йўрғалаб юрган мусичаларга қараб завқланиб:
Э-э, жуда гўзал бўпсизлар-ку, биродарлар. Яхши эмас, кўз тегиши мумкин, шунақа, деди.
Тариқ олиб келгани бозорга борди. Сотувчи чолга:
Илтимос, яхшироғидан беринг, яқинда мусичаларим кукулайди, шунақа, деди.
Чиндан ҳам, мусичалар оқшомда илк бор илк бор ёнма-ён туриб, вазмин, самимий таъзимлар билан салом қилдилар:
Ку-ку-ку-ку
IV
У мусичалар кетиб қолмаслиги учун деразаларни ёпиб қўйди. Хонада мусичалар қўниб-учиб турадиган жой қилмоқчи бўлди. Ҳовлидаги ўрикнинг кичкина шохчасини синдириб олди-да, деворга суяб қўйди. Мусичалар қўнишига бу ноқулайдай туюлди. Идора супуриш учун ишлатиладиган пақирларнинг бирига пича лой олиб келди-да, ўрик шохчасини лойга суқиб қўйди. Пақир атрофига дон сочиб, кичкина мис идишда сув олиб келди. Мусичалар хона ичида айланиб учиб, стол устига қўндилар-да, бараварига бошларини эгиб, таъзим қилдилар:
Ку-ку-ку-ку
У ўзида йўқ қувониб, бош ирғади:
Бали, бали
V
У эрталаб ўзини ёмон сезиб, валерьянка ичди. Ёнбошлаб ётганида қоровул телефон қилиб, директор курортдан қайтиб, идорага келганини айтди. У кийиниб, уйидан зўрға чиқди. Сочсиз боши юзларидай қип-қизил, қоп-қора кўзлари чиройли, лаблари гўдакларникидай жуда юпқа, қошлари сийрак директор бир сохта табассум қилди-да, яна аслига қайтди:
Жа, янгилик кўп-у. Бизнинг ақлимиз етмабди-да шуларга. Буни қаранг-а
Кутилмаганда директор кўзларининг оқи кўпайиб, қорачиқлари қаёққадир йўқолиб қолгандай бўлди.
Бу маданият боғи! Бу ерда паррандалар эмас, халқ ҳордиқ чиқариши керак! Тавба, ҳамма дарахтларга уя қўндириб чиқибди-я. Ҳаммаёқ мусича тезаги Нима бу зоопаркми?..
Ўртоқ директор, қушлар ҳам халқ
Сиз раҳбарми ё каптарбоз октбрятми? Марҳамат, ёзинг ариза. Ақли кириб қолар, болалигини ташлар, деб шунча сабр қилдим, етар
У директор суриб қўйган қоғозни олди-да, ўз хонасига чиқиб, ариза ёзди. Ариза ёзганида юраги ёмонлашди. Шунда зўр соғиниш билан мусичаларини кўргиси, улар билан мулоқотда бўлгиси келди. Қоровулхонага бориб аланглаб, туриб қолди. Мусичалар йўқ. У стол, шкаф тагларини, дераза пардалари орқасини қаради. Йўқ. Қоровул ҳам йўқ. Директорнинг эшиги олдига келиб энтикиб:
Мусичаларимни кўрмадингизми? деди.
Ана ҳовлида. Ўзларидан кўрсин, ҳайдадим, кетмади деди директор бошини кўтармай.
У шошиб ҳовлига чиқди. Чиқиндилар қутисида мусичалар бошлари орқасига қайрилиб ётарди Унинг юзлари оқариб, лаблари пирпиради. Боши ғувиллаб, бутун фикру хаёллари тумандай хиралашиб, кўзлари ҳеч нарсани кўрмай қолди. Энтикиб, чуқур нафас олмоқчи бўлди-ю, аммо нафаси етмади. Юрагини худди бир махлуқ панжалари тирноқларини ботириб чангаллагандай, кейин эса бирдан ғижимлагандай бўлди. Кўкрагини ушлаб инграб, синиқ овоз билан: а-а-а-а-а-а-а деди-да, скамейкага ўтириб қолди.
У ўзига келиб, бошида унга термулиб турган қоровул билан директорни кўрди. Директор жилмайди:
Айёрлик қилманг-е, қўрқитвордингиз. Ариза ёз, деб шунчаки айтдим-да
У ёруғ оламга қаради Худди Шишкиннинг расмларини томоша қилаётгандай ҳаётга суқланиб-суқланиб термулди. Шунда, олча шохига қўниб турган мусичага кўзлари тушди. Унинг мусичаларига жуда ўхшаркан. Мусича бир нағмада ку-кулади:
Ку-ку-ку
Табассум! Унинг оппоқ юзларида маъюс табассум
1970 йил.ЭР-ХОТИН
Йўқ, улар Анҳор бўйида учрашмади. Учрашувда ўзиники қилиб айтиш учун китоблардан шеърлар кўчириб олмади. О, мен сени севаман, сенсиз яшай олмайман қабилидаги мавсумий сўзларни сўзлашмади. Лаблар топишганда қизнинг узун товони ердан сал кўтарилмади. Йўқ, йигит қизни безорилардан қутқариб қолмади
Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини синфдоши Холбувини эслади Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди
Йўқ, шоир аввало ўзининг шоҳ асарини яратиши лозим экан. Ўролбой мана, ўттизга тўлибдики, шоҳ асари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди. Буюк асари қолиб, иккинчи даражали асарлари билан овора бўлибди
У зўр пушаймон билан ўзига қайлиқ излади. Топди: оддий тикувчи Барчиной. У Барчиной билан сохта бўлса-да, жилмайиб гаплашиб, шаҳар истироҳат боғига борди. Ярим килодан музқаймоқ ейишди. Ўролбой бўлажак қайлиғининг кўзларига тикилиб кўнглига доир ҳеч нимани ҳис этмади. Ҳаётда жуфт бўлиб яшаш керак экан, иложимиз қанча, деди ичида. Сўнгра, ўз гапини ўзи мақуллаб, бош ирғади. Барчиной эса ҳатто унинг шоирлигига ишонмади: Поэзия дегани нафосат, жозиба-ку, шоирнинг ўтиришини қаранг
Қиз, у мени писанд қилмаяпти, деган хулосага ҳам келди. Шундай бўлса-да, тўйга розилик берди. Чунки унинг ҳам ёшлиги ўтаётган эди
Тўй ресторанда бўлди.
Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: Ана буюк асар, ана! Анна Каренина! Йўқ, Хамса!
У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.
Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўтириб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп У ўйлаб, Василий Шукшиннинг Қизил бодрезак фильмини ҳали кўрмаганини эслади.
Кийин, кинога борамиз, деди Барчинойга.
Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди. Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:
Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!
Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хоҳлайди.
Аёл аёлдай бўп юрса-да.
Юринг, кечикамиз.
Бормайсан, ўзим бораман.
Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.
Нимага гапни айлантирасан! Мен сенга гапиряпман!
Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю
Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар
Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа
Бас қил!
Ҳо-о, бас қилмасам қўлиздан нима келади
Келмайдими, келмайдими?
Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.
Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.
Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.
У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди
Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди, деб. Мана, айтганим келди.
Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди. Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади
У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.
Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди, деди.
Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Қишлоқилигига борди-да Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман.
Эшик қўнғироғи жиринглади.
Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.
Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.
Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.
Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир кўриб кетайлик деб деди тоғаси.
Яхши, яхши, деди Ўролбой сохта жилмайиб.
Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик процентга бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг энди
Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.
Э, юзга нима бўлди, келин?
Ўролбойнинг юраги шув этиб кетди. Ирис қоғозидаги кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.
Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:
Ҳозир янги уйларга манавинақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими
Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-е, иш адо бўлармиди
Ўролбой энтикканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:
Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.
Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.
Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.
Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коньяги билан шампань виносини қўйди.
Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.
Ўролбой қадаҳларга коньяк қуйди. Тоғаси боши билан Ўролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:
Шоир қалай, келин?
Яхши, жуда яхшилар.
Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?
Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар
Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги коньякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри коньякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.
Меҳмонлар узоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.
Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олдида қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.
Ўролбой унинг қўлини ушлади.
Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.
Барчиной унинг юзига қарамай, қўлини силтаб ташлади.
Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон
Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди.
Шунда Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.
Барчиной эрининг бўйнига осилиб йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди
Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.
Ўролбой меҳмонлардан қолган коньякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнинг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди
1970 йил.Юрт қўшиғи
Бадиа
Аёлимиз айтади, уйқунгизда гапириб чиқасиз, дейди.
Нимани гапириб чиқаман? сўрайман ундан.
Аёлимиз тайин бир нима деёлмайди. Бир ундай дейди, бир бундай дейди. Чин, мен учун кеча-да бир бўлиб қолди, кундуз-да бир бўлиб қолди. Кўзим илиндими, бўлди, тушимга бир нималар киради. Уйқумда қаерлардадир нималардир қилиб юраман. Тушимми-ўнгимми, билмайман. Кунлар ўнгимда қандай кечса, уйқумда-да шундай кечади. Эл билан кўришиб-сўрашаман, гаплашаман, талашиб-тортишаман, қаҳ-қаҳ уриб куламан. Кейин йиғлайман! Йиғлабйиғлаб пахта тераман! Йиғлаб кўзларимни очаман. Теварагимга қарайман. Кўзларимда ёш йўқ бўлади.