* * *
22 октябрь
Дадамнинг йигирмасини ўтказиб, ўқишга қайтдим.
Эшитган, бошимдаги оқ рўмолимни кўрган таниш-билишлар кўнгил сўраб баттар кўнглимни эзишди.
Мен учун ягона таскин ва юпанч Олмос эди. У ҳар куни мендан хабар олар, қайта-қайта СМС йўллар, мени чалғитиш учун бўлса керак, китоблар совға қиларди. Аммо китобдаги ҳар бир сурат, воқеа, ҳатто исмлар дадажонимни эслатаверар, Олмосга ўзимни қувноқроқ кўрсатишга уринсам-да, юрагим ҳилвираб борарди.
Гоҳида уйга қайтарканман, остона ҳатлаб ҳовлига киришим билан ичкаридан, Келяпсанми, жон қизим, ўқишларинг яхшими, қийналиб қолмадингми? деб дадам жилмайиб чиқиб, пешонамдан ўпадигандай туйилаверарди.
* * *
Бир куни уйга қайтсам, остонада онам мунғайибгина ўтирибди
Қийин-қийин онагинамга қийин бўлди, ҳар ўқишдан келганимда дадам билан қарши олишарди, деб юрагимдан бир нима узилди. Билдирмаслик учун кулиб келиб:
Ҳа, онажон, менга йўл қараб ўтирибсизми? деб юзларидан битта ўпдим.
Онам тўлиб турган экан:
Ҳа, сендан бошқа кимимни кутаман, болам, деб йиғлаб юборди.
Сизга нима бўлди?
Бир гап айтаман, хафа бўлмайсан, хўпми?
Хўп, нима гап?
Онам енгини мижжаларига босиб:
Акангга пул зарил экан, бобонгни ҳовлисини савдога қўйибди, деди.
Музлаб қолдим
Бир вақт акам келди.
Ҳовлини нима учун сотяпсиз? деб гап бошлашим билан онамга бақирди:
Дарров етказдингизми? Ўзим айтардим!
Биринчидан, онамга бақирманг, айтган бўлса бегонага эмас, қизига айтди. Иккинчидан, барибир эшитардим. Учинчидан, ҳовли дадамники, сизники эмас, сотишга ҳаққингиз йўқ! Сотилмайди! Тамом, вассалом! дедим.
Дадамдан кейин мерос менга қолади, чунки мен ёлғиз ўғилман, деб ғудиллади у.
Меросхўрлигингизга қаршилигим йўқ. Лекин у оддий ҳовлимас
Акам ростмана ажабланди:
Нимаси оддиймас? Хароблигими?
Бобом яшаган Бобом
Акам мажбуран кулди:
Ҳозир яшамайди чоғи?
Нима дейишга сўз тополмай:
Дадам, ўғлим бобомерос ерларимни сотсин деб қолдириб кетмаган. Ундан кўра ўзингизни ҳовлингизни сотинг! дедим.
Янги ерни-я?! Бону, сенга ҳамма гапни ижикилаб айтиш керак, дадам шифохонада ётганида қайнакамдан қарз олгандим. Улар тўй бошлашяпти, пул керак экан. Қарзимни қайтаришим керакми, йўқми?
Қанча қарзингиз бор? Нимага бизнинг хабаримиз йўқ?
Анчагина!
Унда озгина кутишсин, мен Шоира опамдан сўрайман, узамиз қарзингизни.
Йўқ, менга кўп пул керак!
Яна нимага?
Бону, ҳаддингдан ошма, мен ота ўрнида отаман, сенга ҳисоб беришим шартмас!
Мен ҳисоб сўрамадим, пул нимага кераклигиниям билишга ҳаққим йўқми?
Керак бўлмаганда сотмасдим!
Эркак ер сотмайди, ака!
Мен лафз қилдим, гапимдан қайтсам иснодга қоламан.
Дадам тўртта қиз чиқариб, ўғил уйлантириб ер сотмаган. Арвоҳдан қўрқмайсизми? дедим аччиғимга аччиқ қўшилиб.
У даврлар бошқа эди, деди акам.
Янгам курк товуқдай ҳурпайиб келиб, можарога қўшилди:
Акангни пули кераг-у, ўзи керак эмасми? Унинг обрўси-чи? Акамдан қарз олган, шуни бериш шарт! Маҳримга берган тилла занжири йўқолган, худо билади, биров олганми Энди қалинроғидан тақмасам тўйда уят қилишади Болаларни кийим-бошига ҳам қараб бўлмайди
Ҳа, энди тушунарли, хотинимга ваъда берганман денг, ака, дедим ўпкам тўлиб. Яна акам ўрнига янгам жавоб берди:
Эрим Россияга бориб ишлаб топганини дадангга ишлатган, сенларга сарфлаган. Ҳамма пулни бошига сув қуйган ўзларинг
Мен янгамга ҳеч нима деёлмадим. Яна кучим акамга етди:
Янаги сафар пул керак бўлганда онангиз билан синглингизни ҳам сотинг!
Ўқ нишонга тегди гапим акамнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ҳе! дедию юзимга бир шапалоқ тортиб юборди.
Шапалоқ зарбидан бетим бир жизиллаб ўтган бўлса, менга қўл кўтаргани юрак-юрагимни ўн бор шилиб ўтди.
Янгам акамга қараб:
Қалай экан? Ана шунақа, синглингга сиғиниб, майдагап бўлиб юравер, деди униям сенсираб.
Акам янгамга ёпишиб, бир-икки тарсаки туширган бўлди. У аюҳаннос солганча кўчага чиқиб кетди. Онам:
Агар ўша ҳовли билан ишинг битадиган бўлса, бор, сот! Московда ишлаган пулларингниям чиқариб ол! Бошқа сарфлама бизга! Нима бўлса, пешонамиздан кўраверамиз энди, деб йиғларкан, менинг билагимдан тутиб, бундан кейин акангни ишларига аралашма, билган бўтқасини есин! деди
* * *
25 октябрь
Бобоҳовли сотилди.
Акам қарзларини тўлади.
Янгам янги занжирли бўлди.
Тўйга телевизўр қўшан қилишди.
Ҳовли можаросигача, шукур, акам бор, деб юрардим. Ўша кундан бошлаб акамни ҳам юрагимга кўмдим.
Мен дадамнинг хонасида Роҳати дилни ўқиётсам, акамнинг икки ўғли дастурхонга таклиф қилиб, остонада туриб олишди. Кейин онам, ниҳоят акам овқатга чақириб келди.
Мен миннатли ош емайман, дедим.
Акам ёнимга коса кўтариб келиб, кечирим сўради.
Йўқ, кечирмайман! дедим жаҳл билан.
Ол, овқатни е, Бонужон, мени эзма, мажбур бўлмасам қилмасдим шу ишни, деди акам муросасозлик билан.
Баттар жиним қўзиди. Деразани очдиму овқатни коса-посаси билан улоқтириб юбордим. Акам бир қалқиб тушди, ранги бўзарди:
Кечирмайсанми? деди хириллаб.
Кечирмайманми? Нимани кечирай? Сиз ҳақ, мен ноҳақман-ку! Нега кечирим сўраяпсиз?
Демак, сенга ака керак эмас, шундайми? деди кўзлари олайиб.
Йўқ! Агар ака дегани сиздай бўлса, керак эмас! Дадасиз яшашга кўникдимми, акасиз ҳаётгаям чидайман! Бўлди, дадам билан бир кунда акамниям кўмдим! дедим.
Акам шахд билан ташқари чиқиб, эшикни қарсиллатиб ёпди
Онам дастурхондан қўл тортганини кўрган янгам жавраб-вайсаб, икки боласини диконглатиб уйига олиб чиқиб кетди.
Шу можаро сабаб акамнинг рўзғори бутунлай бошқа бўлди. Ҳовлида бир-биримизга суяниб онам билан қолдик
* * *
27 октябрь
Бир кун ўқишдан қайтаётсам, ёнимга машина келиб тўхтади. Қарасам, акамнинг қайинакаси. Шаҳардан келаётган экан, саломлашиб, чиқиб олдим.
Ака, сиздан Мирхонднинг қанча қарзи бор эди? деб сўрадим мавридини топиб.
Қанақа қарз? таажжубланиб юзимга бир қараб қўйди акақариндош.
Дадам шифохонада ётган пайтлари пулдан қанча ёрдам қилган эдингиз? суриштирувни давом эттирдим.
У бироз ўйланиб турди-да:
Мен домодга ҳеч қарз берганим йўқ, ҳазиллашгандир, дедию ўйланиб қолди.
Яқинда синглингизни тўйи арафасида қарзини қайтардими ахир? дедим ҳайрат аралаш.
Йўқ, домод билан олди-бердим йўқ эди. Фақат қўшан учун юз доллар берди. Кейин телевизўр ҳам Эрта-индин жиянчаларни тўйида қайтарамиз насиб бўлса
Тушунарли
Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликка аҳд қилдим
Машина қабристон ёнига етганда секинлади, акақариндош магнитофон овозини пасайтирди. Юзимизга фотиҳа тортиб ўтдик.
Ана, дадамнинг қабри. Ҳали тупроғи нам. Энди-энди майсалари ниш уриб чиқяпти
* * *
1 ноябрь
Азадор одам бировга кўрингиси келмайди.
Балки, кимлардир ачиниб қарашидан безиб, эҳтимол, аза кийимидан ноқулай тортиб билмайман Бундай пайт одам марҳумни асраб қололмагани учун ўзини бошқалар олдида гуноҳкордек ҳис қиладими
Мен ҳам дадамнинг руҳи қошида ўзимни айбдор сезардим.
* * *
4 ноябрь
Бобоҳовлини сотиб олган қўшни мени кўриб анча хижолат чекди. Рухсат сўраб, бобом билан китобхонлик қилган даҳлизда ўтириб тиловат ўқидим. Ҳамма қадрдонларим ўчоғу болоргача бирма-бир хайрлашиб келдим.
* * *
Акам билан юзкўрмас бўлганимиз, ҳайҳотдай ҳовлида онамнинг ёлғиз қолиши мен учун зўр қайғу бўлиб кўринар, кўнглимга қил сиғмасди. Аммо фурсат ўтиб, бу кўргиликлар шахсий фожиамнинг бошланиши, яна тўғрироғи, ҳолваси эканини тушундим
Олмос тўйни тезлатайлик, деб қистар, бирор дўкон ёнидан ўтиб қолсак мени ичкари тортиб, кийим-кечакми, уй жиҳозими чамалаб танлаб, фикримни сўрар, нархини суриштириб, ён дафтарчасига ёзиб оларди. Менинг оилавий аҳволим ўзимга маълум, ўлик чиқарганга ўн йил тегма деган гап бор, орзу-ҳавас ўз йўлига, келинкўйлакнинг нархи бойвуччани капалакдек қитиқласа, мендақаларни чаёндек чақиши тайин эди.
Олмоснинг раъйига қараб дўкон кезиб юргандик, рўпарамизда дўхтир холаси пайдо бўлди. Аслида, у бизни узоқдан кўриб атай йўлимизни кесиб чиққани аён: ичкари салқин бўлса-да, саратон егандай бўғриқиб кетганди. Салом-аликдан кейин менга ёвқараш қилиб:
Ҳа, пошша қиз, дадангизни қирқи чиқдими? деб писанда қилди. Мен жавоб беришга улгурмай Олмос жонимга ора кирмоқчи бўлди:
Бир оғайнимда омонат гап бор эди, шуни айтгани киргандик
Қачондан бери йигитни омонатини азадор қиз етагида етказадиган бўлдик? деб унинг ҳам оғзига урди. Кейин бирдан ҳушёр тортиб, лабларимга, қошларимга қаради. Мен қўрқиб кетдим. Чап қўлимни тутиб, айлантириб текширди. Бармоқларим учи пўст ташлаб оқаринқираб тургани шубҳалантирди шекилли, бу қачондан бери? деб сўради.
Кеча қишлоққа борганимда гул эккандик, атиргул, ўшаники, дедим қўлларимни ортимга тортиб.
Бирдан кўнглим ўксиб кетди. Шарт бурилиб дўкондан чиқдиму бекатга қараб кетавердим. Анча юргач тўхтаб, ортимга ўгирилдим.
Йўқ, Олмос кўринмади
* * *
5 ноябрь
Очиғи, мотам сабаб ўзимга унча қарамай қўйгандим: азадор қиз-жувон пардоз қилса айб саналади. Шу боис кўзгуга ҳам анчадан бери ишим тушмаган, қараган бўлсам ҳам шунчаки нари-бери кўз ташлагандим.
Шоира опамнинг уйига келиб хонамга кира солиб дарҳол кўзгуга ёпишдим. Ҳа, қошларимнинг таги шамол ялагандай қуруқшаган, лабларим ёрилиб, пўст бойлагандай
Бу хотин нима хаёлларга бордийкан, нимадан шубҳаландийкан?
Олмоснинг қўнғироқларига жавоб бермадим. Холаси валламат бўлгандаям ортимдан келиши, мени юпатиши керак эди. СМС юборди: Бунча тез кўздан ғойиб бўлдингиз? Холам билан хайрлашиб чиқсам, еру кўкда йўқсиз Эртага ўқишингизга ўтаман.
* * *
7 ноябрь
Лекин Олмос эртаси, индини ҳам келмади. Учинчи куни муюлишда кутиб олиб, узр сўраган бўлди. Айтишича, Самарқандда доришунослар танловида қатнашиб, ғолиблар қаторига илашмабди, тўғрироғи, ташкилотчилар пора сўраган экан, жаҳл қилиб, соврин керакмас, деб уйга қайтибди.
Мен бу сўзларга ишонмадим. Кўнглим ғаш тортди. Ғашликка яна бир сабаб, у ора-чора менинг қошимга, лабимга, бармоқларимга син солиб қараётгани бўлди.
* * *
14 ноябрь
Мен темиратки деб ўйлаган нарса, ҳайҳотки, бошқа бало бўлиб чиқди. Автобусда уйга қайтаётган чоғим бир таманно аёл юзимга ғалати қараганини пайқадим. Ҳамроҳига: Тавба қилдим, гулдай қиз лабидан бузилибди-я, деб шивирлагани қулоғимга чалиниб, ичимдан зил кетдим.
Хавотиримни онажонимга тўкиб солдим. Онам юзимни икки кафтига олиб ёруғликка тутиб, бирпас қарадию елкаси учиб йиғлаб юборди:
Вой шўрим-а, шўрликкина бошим-а! Энди бу кўргилик ҳам бормиди! Жон болам, қошингга қошлиқми, ўсма-пўсма қўй, лабингга бўёғингни сур, оқариб қопти-я, етти уруғимизга йўламаган нарса-я! Худога нима ёмонлигинг бор эди-я, шунча ургани етмасмиди? Сендан бошқа ёмони йўқмикан-а? Вой болам-а!
Икки дунё зимистон бўлди.
Олмос нега тайсаллаб қолганини тушундим. Тонггача худога йиғлаб илтижо қилиб, жойнамоз устида ухлаб қолибман.
Тушимга олти ёшлик пайтим, боғчадан қизамиқ юқтириб келган кунларим кирди. Ўша-ўша манзара: бошимгача майда тошмачалар босиб кетгани сабаб сочим олиб ташланган, митти пуфакчалар сув ёриб ёйилмасин деб кўкдори теккизилганидан юзим ажи-бужи бўлиб кетган, ирим қилиб қип-қизил гулнор кўйлак кийгизиб қўйишганидан масхарабознинг ўзгинаси бўлиб қолганим, ойнага қарагани юрагим бетламай тошойнага дастурхон ёпиб қўйганим, юзимни сийпалаб лаб буриб йиғламсирасам онам қучоқлаб кулгани, акам Олабўжини кўрмадингларми? деб менга тегишгани, опаларим бир-бирларига қараб сирли кўз қисишгани, кўрпага бурканиб ўксиб ётганларим эшикдан қучоқ ёйиб кириб келган дадажоним бошимни силамоқчи бўлса нари қочиб, тегинманг, сизгаям юқиб қолади, деганимда кўзларини катта-катта очиб қараб қолгани, бобом исириқ айлантириб дам солаётганида энди тузалмайманми, деб баралла йиғлаб юбориб ҳаммани чўчитганим барини кўзгудагидек аниқ-тиниқ кўрдим.
* * *
Эртаси кўчага одам чиқмасдан, саҳарлаб шифохонага бордим.
Мени кўрикдан ўтказган врач кўнглимни кўтариб, бу ҳеч нарса эмас, жиддий касаллик ҳисобланмайди, фақатгина жигар фаолияти бузилган холос, деб дори ёзиб берди. Умидим учқунлади. Енгил тортдим. Онамнинг ҳам чеҳраси ёришиб, шифокорни дуо қилди.
Парҳез тутдим, суртма малҳамларидан ниқоб чаплаб уйқуга ётадиган бўлдим.
* * *
15 ноябрь
Олмос энди ҳар ҳафтада бир бор, фақат жума куни СМС ёзадиган бўлди. Энди ўйлаб қарасам, бу йўқлов шунчаки мажбурият юзасидан, бир пайтлар ичилган қасаму, берилган ваъдалар уятидангина қилинган экан Мен ҳам уни ортиқча безовта қилишни хоҳламасдим
Табриклар қисқагина, беш сўздан иборат бўлиб: Ассалому алайкум. Жума муборак бўлсин! тарзида худди қолипдан чиққан ғиштдай келар, менинг ҳам жавобим: Раҳмат, сизга ҳам! Борингизга шукур қабилида эди
* * *
Сессия бошланиши арафасида ўқув хонамиз эшиги тақилладию устозимиз мени чақириб, бир аёл сўроқлаб келганини айтди. Ҳайрон бўлиб чиқдим, йўқловчи билан салом бериб сўрашдим Аёл Олмоснинг онаси эканлигини, гаплашиб олишимиз зарурлигини айтиб, ташқарига етаклади.
Спорт майдончасидаги ўриндиқларнинг бирига бориб ўтирдик Ўртага ноқулай, зил сукунат чўкди. Юрагим биринчи марта қафасга тушган каптар каби потирлар, қош-кўзимдаги нуқсонни яшириш учун ерга қараб, бармоқларимни мушт қилиб беркитиб ўтирардим.
Аёл биратўла муддаога кўчиб қўяқолди. Яқинда Олмосни уйлантиришларини, тагли-тугли, ўзларига муносиб хонадоннинг қизини сўраб қўйишганини, кеча тўй кунини белгилаб келишганини айтдию бошимдан бир челак муздай сув қуйгандай бўлди Менинг қарашимдаги савол аломатини пайқаб, норози оҳангда бизникига борган эркак совчилар Олмоснинг домлалари эканини, бу ўзбошимчаликдан оила бехабар ва норозилигини писанда қилди.
Мазам қочди, кўнглим беҳузур бўлиб, кўзим тинди, еру осмон чайқала бошлади. Энди аёлнинг овози булутлар ортидан, майсалар остидан келарди:
Ҳа, қизий, ҳаётни ўйинчоқ билибмидинг? Ҳар кимнинг азалий қисмати бор, уни ўзгартиролмайсан. Ё чиройинг билан тақдир яратмоқчимидинг? Ҳусн ҳам омонат нарса, бугун бор, эрта йўқ! Тўғри юрганингда юзингга доғ тушмасди, хўпми? Кўзгуга бир қара! Нималигинг эсингдан чиқмасин! Кўрпангга қараб оёқ узат!
Мени Шоира опамникига дугоналарим олиб келиб ташлашибди. Эртасига бор гапни опамга тўкиб-солдим. Опам ҳам бошимни қучоғига олиб мунчоқ-мунчоқ йиғлади. Шунда дунёда мени ушлаб турган ягона илинжимдан, биттагина умидимдан ҳам ажралганимни ва Шоира опамдек қиёматли жигарим борлигини англаб етдим
* * *
19 ноябрь
Вақт ўтган сайин ҳолсизланиб бораётган эдим, асабийлашсам қўлларим қалтираб қоладиган бўлди. Аста-секин бармоқларим ва оёқларим панжалари оқариб кела бошлади
Учинчи босқичда ўн кунча ўқигач, Қоровулбозорга пахтага кетдик Сал-пал юракка шамол теккандай бўлди Кейин пахта чаноғи қўлимни тилган жойлари оқариб кетди. Сўнгра доғлар ёйилиб, аъзойи баданимга лахтак-лахтак бўлиб тарқалди
Бир кун далага отланиб турсам, деканимиз ёнимга келиб:
Нега бунақа бўляпти? Бу жиддий касаллик, ота-онангга айт, дўхтирга кўрсатишсин, деди.
Хўп, айтаман, дедиму, кимга айтишимни, кимдан нажот кутишимни кўз олдимга келтиролмадим.
Аслида, яқинларимдан йироқ юриш менга маъқул эди, уларнинг ваҳимали куйинчаклиги, шафқати мени зада қилган, айниқса, тўзғиб бораётган чиройим билан онамни об-оташларга ташлашни истамасдим.
* * *
23 ноябрь
Касаллик авж олгани сари одамови бўлиб борардим, сабаби аён, ҳамма устимдан кулаётгандек, раҳми келиб, ачиниб қараётганлар ҳам ич-ичидан мамнундек туйилар, хайрият, бу дардга мен чалинмаганман, деб кўксига туфлаётгандек кўринарди.