Инсон бугун ва эртага - Оқилжон Ахмедович Ғофуров 5 стр.


Алоҳа, қудратли Беовульф ёвузликнинг дояси ва боласини буткул маҳв этиб, палид каллаларини ўткир ханжар билан кесди-да, қирол Хротгар саройига келтирди. Саройдаги эл-улус бу кун шодон кайфиятда: бахтиёр чеҳраларда озод туйғулар, эрк нашидаси тантана қилди. Мусаффо осмонда кабутарлар хушҳол қанот қоқиб, тинчлик қўшиғини куйлай бошлади. Чор-атрофдан музаффар Беовульф шарафига олқиш овозлари янграй бошлади:

 Яшасин халоскоримиз баҳодир Беовульф!

 Ёвуз кучларга ўлим! Даф бўлсин йиртқич одамхўрлар!

 Яшасин озодлик, ҳурлик!

Озодлик ва эрк насимлари ичра таҳсин-олқиш овозлари поён билмасди. Эртасига «Буғу қасрида халоскор қаҳрамон шарафига шоҳона зиёфат уюштирилди. Шодумон қирол Хротгар Беовульфга қимматбаҳо совғалар, зарбоф кийимликлар туҳфа этиб, ҳашаматли кемада ўз ватанига катта тантана билан кузатиб қўйди

***

Олам яралибдики, абадийликка дахлдор икки қутб, икки куч мудом бир-бирини яксон этмоққа жидду жаҳд қилади. Мангу муҳораба майдонида эса эзгулик ва ёвузлик бандалари армон билан абадий уйқуга кетаверади. Армонлар ҳам мисоли икки қутб, икки ҳиссиёт

Ибтидо ва интиҳо оралиғида бу сафар эзгулик ёвузлик устидан тантана қилди. Аламзада ёвузлик тарих саҳнасидаги қақшатқич мағлубиятини тан олишни ҳаргиз истамай, тишларини ғижирлатиб неча муддатга кураш майдонидан ортга чекинди. Ҳолбуки, вайронкор ёвуз руҳлар Грендель ва Люцифера танасини тарк этиб, покдомон руҳлардан ўч олмоқ мақсадида аллабир сафил манзил-мароҳилларда, қўланса кунжакларда, бадбўй мазгилларда бир муддат нафас ростлади ва таносух қилиб, қайтабошдан бир танада жипслашиб, Маммон исмли оловкор аждарҳо қиёфасида пайдо бўлиб, рўйи-заминга ўт уфура бошлади; қадамида нимаики дуч келса, аёвсиз куйдира бошлади

***

Даҳшатли аждарҳо оғзидан устма-уст ер юзига олов пуркар экан, дам-бадам:

 Грендель учун, Люцифера учун, ёвузлик қурбонлари учун!  дея гулдурос солиб, қаҳ-қаҳ отарди. У шу тахлит ора-сира ерга қўниб, куч-мадор йиғар ва яна кўкка парвоз этиб, заминга олов пуркашда, одам болалари бошига кулфат-мусибат ёғдиришда давом этарди. Замин юзидаги ям-яшил ўт-ўланлар, ҳатто қулоч сиғмас дов-дарахтлар ҳам қуриб-қовжирай бошлади. Юртда мисли кўрилмаган қаҳатчилик, қурғоқчилик бошланди, одамлар нобуд бўла бошлади. Оловпуркар Маммон аждарҳо эса кўкда ҳамон гулдурак соларди:

 Ҳо-ҳо-ҳо! Куйдираман, ёндираман, қовжиратаман! Эзгуликни маҳв этаман! Ер юзида ёвузлик абадиян тантана қилур! Мени ҳалок этадиган куч йўқ дунёда!..

Ҳайҳот, шу асно бурқсаб ётган ер юзасининг қай бир бурчидан нимадир лаънати буюм визиллаб учиб келиб, нақ томоғига ғарчча санчилди! Ҳис этсаки, учи ўткир ингичка темир жисм экан лаънати! Жисмида кучли оғриқ сезган аждарҳо андоғ иҳраб юборди, кўз олди қоронғулашиб, парвозда мувозанатини буткул йўқотди ва шувиллаб ерга қулай бошлади. Аксига олиб, ўткир тиканакли сассиқ алафлар усига гурсиллаб тушди. Суяк-қовурғалари синиб, мажақ-мажақ бўлди. Боз устига, куйиндидан ҳосил бўлган чидаб бўлмас ачқимтир ҳид димоғини жаз-жаз куйдирди. Атроф қуюқ туман ичида қолгандек, кўзига ҳеч нима кўринмас эди.

 Ҳо-ҳо-ҳо! Яшасин эзгулик, битсин ёвузлик!..

Ажабо, атроф-оламни ларзага солган бу ҳайқириқ қайдан келди, қайси жонзот овози бўлди?!

Дабдурустдан талвасага тушган аждарҳо ўзини ўнглаб улгурмай, елкасига учи ўткир йўғон темир шундай зарб билан санчилдики, жон аччиғида ўкраб-ўкраб юборди. Ҳаял ўтмай, ер юзасини қоплаган ачқимтир дуд тарқалди, дафъатан ҳамма ёқ ёришиб кетди ва рўпарасида ғолиб одамзод пайдо бўлди. Бир қўлида қалқон, бир қўлида ялтироқ қилич! Бошида дубулға, эгнида совут! Ўткир нигоҳларида, юз-кўзларида бешафқат қасос туйғулари ўт пуркар эди! Маммон аждарҳонинг вужуди илкис қўрқинч туйғулардан бир қалқиб тушди  Беовульф!..

Ҳайҳотки, оловпуркар аждарҳо алам-изтироб ҳиссиётлари билан шу ҳақиқатни ёдга олди: Грендель ва она одамхўр баданини тарк этган ёвуз руҳлар ўз жисимга аста-аста таносух қилиб чирмашар экан, ғойибдан қандайдир вишиллаган овозлар келди: «Қисматингда Беовульф бор, огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ! У  ёвузлик кушандаси, шафқат билмас эзгулик паҳлавонидир! Жисми жаҳонида шундай бир илоҳий куч мавжудки, таърифлаш маҳол»

Интиҳо, қарама-қарши кучлар ўртасидаги галдаги жанг ҳам ниҳоятда оғир, муросасиз кечди. Ҳар икки томон енгаман, янчаман дерди, илло мағлуб бўлишни асло истамас эди. Ҳар нечук, баҳодир Беовульф ёвуз оловпуркар мавжудотнинг ҳамлаларига чап берди, чаққон-чаққон қилич солиб, жон томирларини шартта-шартта кесиб ташлади. Оқибат, Маммон аждарҳо қора қонига ботди.

Интиҳо, қарама-қарши кучлар ўртасидаги галдаги жанг ҳам ниҳоятда оғир, муросасиз кечди. Ҳар икки томон енгаман, янчаман дерди, илло мағлуб бўлишни асло истамас эди. Ҳар нечук, баҳодир Беовульф ёвуз оловпуркар мавжудотнинг ҳамлаларига чап берди, чаққон-чаққон қилич солиб, жон томирларини шартта-шартта кесиб ташлади. Оқибат, Маммон аждарҳо қора қонига ботди.



Афсуски, жон аччиғида ҳамла қилган оловпуркар аждарҳо чапдаст Беовульфнинг танасига охирги дамда заҳарли тишини ботириб олишни уддалаб қолди. Оғир ярадор бўлган Беовульфнинг жонига кучли малҳамлар ҳам мундоқ кор қилмади. Лекин эркпарвар паҳлавон оламдан мағрур кўз юмди, чунки у ёвузлик ва қабоҳат илдизларига болта урди, ҳалокатли зарбалар берди. Озод инсонлар ўз халоскорлари жасадини ўтда куйдириб, ғоят эҳтиром билан дафн этдилар.

Шундай. Эзгулик улкан қурбон бериб бўлса-да, ёвузлик билан азалий курашда яна бир бор ғалаба қозонди

***

Олам яралибдики, эзгу руҳлар ва ёвуз руҳлар инсон қалби учун абадий курашиб келади. Инчунин, бу азалий муросасиз кураш башариятнинг даҳо адиблари заковат қудратидан йўғрилган «Одиссея», «Илоҳий комедия», «Хамса», «Фауст», «Каин», «Ҳамлет», «Жиноят ва жазо», «Қиёмат», «Уста ва Маргарита», «Улуғбек хазинаси» каби умрбоқий асарларда ўз аксини топаверади.

Орадан неча замонлар ўтиб, мушоҳада денгизига шўнғидим.

«Беовульф ҳақида достоннинг чинакам жозибаси, ҳаётбахш кучи нимада эди? Достон қайси жиҳатлари билан онг-шууримни ўзига бу қадар жазб этганди?

Аввало, Беовульф тимсолида чуқур инсонпарварлик, ватанпарварлик, эрксеварлик ғоялари юксак тараннум этилган. Жасур Беовульф мусибатли кунларда ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш учун ўз жонини фидо этишдан қайтмайдиган олижаноб қаҳрамон, толмас эзгулик курашчисидир.

Яна, ушбу «Беовульф ҳақида достон» англо-сакс қаҳрамонлик эпоси ҳамда муаллифнинг орзухоҳ хаёлоти қоришмасидан иборат янгича талқин эканлигини нуктадон ўқувчи англаб етган бўлса, не ажаб. Кўнгилдаги асл мурод, айтар сўзим шул эдики, ёруғлик ва зулмат, эзгулик ва қабоҳат деб аталмиш икки қарама-қарши кучларнинг азалий кураш талотўпида мен эзгулик томондаман ва эзгулик қўшиғини мангу куйлаб ўтаман

Оқилжон Ғофуров; 2019 йил, июнь.

ГОГОЛНИНГ ФИЛЕМОН ВА БАВКИДАСИ

Севимли китоб, севимли асар ҳақида ҳамиша эҳтирос билан сўзлагимиз келади. Зеро, севимли асар инсон қалбига беқиёс маънавий озуқа бериб, тасаввур оламини бойитади, тафаккур уфқларини кенгайтиради. Инсон руҳияти, ботиний оламида соҳир ҳиссиётлар, латиф кечинмалар мавжга келади.

Мен буюк рус ёзувчиси Николай Васильевич Гоголнинг дилимда чуқур, завқли таассуротлар уйғотган «Диканька қишлоғи оқшомлари» ҳамда «Миргород» тўпламидан жой олган ҳикоя ва қиссаларини ҳар сафар айрича мароқ билан мутолаа қиламан. Айниқса, «Май кечаси ёки сув қизи», «Даҳшатли интиқом», «Қадимги замон помешчиклари», «Тарас Бульба», «Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» каби қиссалар сеҳр-жозибаси бутун фикру зикримни оҳанрабодай ўзига тортади; Гоголь оламининг кўз илғамас кенгликларида руҳиятимни ажиб ҳиссиётлар чулғаб олади.

Назад