Маънавий олам мусаввири - Оқилжон Ғофуров 2 стр.


Эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат кураши зўр маҳорат билан тасвирланган «Фауст» фожиаси  том маънодаги инсон фалсафасидир. Асарда гавдаланган турли-туман тимсоллар Гётенинг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, маълум маънода фалсафий юк ташийди. Асарнинг иккинчи фаслида олам яралиши хусусида қадимги юнон файласуфлари Анаксагор ва Фалес ўзаро қизғин баҳс-мунозарага киришади. Анаксагор: «Ўт, вулқондан бўлди тоғ бунёд»,  деб ўз қарашларини илгари сурса, Фалес: «Сувдан келиб чиқади ҳаёт»,  дея, ўз қарашларида собит туради. Моҳиятан олиб қарасак, бу икки файласуф орасидаги баҳс-мунозара воситасида нептунизм тарафдори бўлган файласуф Гёте бу борада ўзининг олам яралиши хусусидаги геологик қарашларини ифода этади



Асар ҳақида фикр-мулоҳазаларимизни давом эттирсак, Фауст  эзгулик, тараққиёт, адолат курашчиси сифатида бўй кўрсатса, Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт душмани, тараққиёт кушандаси сифатида бор бўй-басти билан намоён бўлади. Фауст  бутун мавжудиятида ҳаётсеварлик, табиатга, тирикликка поёнсиз муҳаббат ҳислари жўш ураётган хилқат; Мефистофель  башарий тамаддун ёви, зулм-залолат тимсолидир.

«Ул инсон бахтликим, бу зулмат аро
Ҳидоят йўлини излар дамо-дам.
Аён нарсалардан фойда йўқ асло,
Сирлар дунёсига интилар одам»,

 дейди Фауст шогирди Вагнер билан суҳбат асноси. (Йоҳанн Вольфганг Гёте. «Фауст». «Янги аср авлоди», Тошкент  2015, 48-бет.) Модомики, Фауст бутун борлиғи билан тараққиёт сари, сирлар дунёси сари интилади; ҳаёт куйчиси Фауст қалбидаги эзгу инсоний туйғулар сарҳад билмас орзулар билан ҳамоҳанг:

«Не учун, не учун йўқ менда қанот?
Қуёшнинг кетидан қувлашиб учсам,
Алвон шуълаларга чўмиб борлиғим,
Юксак тоғлар узра этсаму парвоз,
Ҳам соф ирмоқларга бўлолсам ҳамроз,
Ҳис этсам қуш каби бахтиёрлигим».

(Ўша нашр, ўша саҳифа.)

Равшан англашилиб турганидек, ҳаётсеварлик, эзгулик, жумла олам тартиботига меҳр-муҳаббат туйғулари доктор Фаустнинг қалб меҳваридир. Вагнернинг ҳам устози каби орзулари мўл. Лекин унинг ҳаваслари бошқа, ўзгача. Унинг дилини на ўрмон, на кўл банд этади; қуш бўлиб учмоқ ҳам муроди эмас.

«Кўнглим тилагидир хаёл парвози,
Юрагим дардига китобдир малҳам.
Китоб ўйларимнинг ёлғиз ҳамрози,
Унга ошинодир кечаларим ҳам.
Қувончдан осмонда учарман агар
Қўлга тушиб қолса нодир бир асар».

Англашиладики, Вагнер тимсолида Гётенинг бой руҳий-маънавий олами бўй кўрсатади. Китобга буюк муҳаббат, мутолаага ташналик  эзгу фазилат.

Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт кушандаси, тамаддун ёви сифатида доктор Фауст билан илк тўқнашув жараёнида ўзининг инкор руҳи эканлигини талқин этади:

«Мен инкор руҳиман, инкор қилишни
Касб қилиб олганман  коинот абас,
Тангри не яратмиш бари керакмас,
Барини йўқотмоқ истагим-сўзим
Хуллас, сиз ёмонлик дея атаган 
Бузиш беомонлик дея атаган
Куч  менинг ўзим».

(Ўша китоб, 57-бет.)

Шу тариқа Мефистофель Фаустни йўлдан оздириш, қалбига эга чиқиш мақсадида турли йўлларга бошлаб боради. Дастлаб Лейпцигдаги Ауэрбах ертўласига бошлаб киради ва у ерда кайф-сафо билан машғул бўлган Фрош, Брандер, Зибель ҳамда Альтмайер каби улфатлар кўз ўнгида ғаройиб нағма-жодулар кўрсатади. Сўнгра икковлашиб «Алвастининг ошхонасига ташриф буюришади; у ерда алвасти кампир косага шароб қуйиб, Фаустга тутқазади. Мефистофелнинг асл мақсади  Фауст қалбини севги-муҳаббатга тўлдирмоқ. Фауст шайтоннинг афсуни билан навқирон йигитга айланиб, кўзига «Еленадек соҳиби жамол» бўлиб кўринган Маргарита (Гретхен) исмли халқ орасидан чиққан содда қизга ошиқу шайдо бўлиб қолади. Фауст билан учрашган Маргарита ҳам оромини тамом йўқотади. Бир-бирига кўнгил боғлаган ошиқ-маъшуқлар вақти-вақти билан учрашиб, қўл ушлашиб боғда сайр қилиб юришади; севги-муҳаббат мавзусида узоқ суҳбатлар қуришади. Кун келиб ораларида фарзанд дунёга келади. Лекин қаҳри қаттиқ, мутаассиб руҳонийлар жазосидан қўрққан боёқиш Маргарита боласини сувга чўкдириб юборади. Оқибат, машъум сирдан воқиф бўлган черков ходимлари шўрлик Маргаритани кишанбанд этиб, зиндонга ташлайдилар. Изтироблар оташида қовурилаётган Фауст Гретхенни зиндондан халос қилиш мақсадида тун маҳали Мефистофель ҳамроҳлигида қора тулпорларда ҳибсхона томон елиб боришади. Бироқ аёлни қутқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар зое кетади, чунки кучли руҳий изтироблар юрагини пора-пора қилган шўрлик аёл ақлидан озиб қолганди. Ҳолбуки, Маргарита ким кўзига кўринса, жаллод деб ўйлаб, талвасага тушади. Фаустни ҳам қатл қилгани келган жаллод деб ўйлаб, ёнидан ҳайдайди. Фауст эса, зўр бериб ўзини танитишга, англатишга уринади. Шунда ҳам Маргарита ўз маҳбубини таниб-таниёлмайди. Фақат чуқур ҳам-андуҳга ботиб, нола чекади:

Надоматлар бўлсинким, ўз ошиғи васлига етиш ниятида телбавор ҳаракатлар қилиб, волидасини уйқу дори бериб ҳалок этган, ўзи туққан фарзандини сувга улоқтириб нобуд қилган муҳаббат асираси, шўрлик Маргарита энди тақдир қаршисида энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ. Алоҳа, қисматидаги кўргуликларни содда юраги кўтара олмаган Маргарита фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бу жудоликдан руҳан қаттиқ изтироб чеккан Фауст ғам-аламлар оташида қовурила бошлайди. Мана, у роҳатбахш оқшом чоғида гул-гиёҳлар очилган бир далада ётибди. Вужуди ҳорғин, кўзлари мудроқ, лекин юраги нотинч. Атрофида кичкина руҳлар қўшиқ айтмоқда; майин сабо эсган паллада Ариэль Сабо арфаси (Эоль арфаси) нинг оҳанги остида куйламоқда:

«Сиз унинг бошида бўлинг парвона,
Меҳру шафқатингиз кўргузиб яна 
Хаста бу жонига берингиз ором.
Виждон азобидан юрак бағри хун,
Малҳам бўлсин унга бул осуда шом».

Чин, руҳияти абгор бўлган Фауст энди ором олиши, чарчоқ вужуди тўйиб тин олиши керак. Сўнгсиз қайғулардан жони фориғ бўлиб, нурли дунёга қайтиши керак. Унинг азал қисмати шу

«Кўксини тўлдириб яна зиёга,
Қайтарингиз уни ёруғ дунёга».

(202 саҳифа.)

Руҳлар ҳам жўр бўлиб, янги кун янги орзулар ҳадя этишини астойдил тилаб, инсон теграсида ҳаётбахш қўшиқ куйлади Руҳафзо майин сабо эсган паллада тиниб ором олган инсон ҳаёт қаршисига яна шодон пешвоз чиқди. Кўксида яна ёниқ истаклар уйғонди, орзулар кўкида парвоз қилмоқ иштиёқи бутун мавжудиятини қамраб олди; тозарган юрак ҳаёт чўққисига интила бошлади. Бироқ шайтон ва инсон ўртасидаги баҳс-мунозара ҳали давом этарди

Гаров бойлашган ҳамроҳлар энди император саройидаги муҳташам кошоналарда уюштирилган дабдабали базму жамшидларда иштирок этишади, лекин руҳи фаолият ва қайноқ ижодга мойил Фауст бундаги лаззатлардан кўнглида заррача қаноат ҳисси туймайди. Ўйлай-ўйлай, энсаси қотган Мефистофель Фаустнинг қалбини гўзаллик билан мафтун қилиш мақсадида уни қадимги Юнонистонга сайр эттиради. Фауст у ерда Спарта маликаси, подшоҳ Менелайнинг ҳуснда беназир хотини Еленага ошиқу шайдо бўлиб қолади. У соҳибжамол аёлнинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ҳозиру нозир

«Менга бу поёнсиз мамлакатингда
Бирга ҳоким бўлиш ҳуқуқини бер.
Бўлай сенга содиқ хизматкор, қулинг,
Асиринг, қўриқчинг не десанг, бўлай».

(398 бет.)

Чин, бешафқат тақдир Еленани эркаклар қалбининг офати қилиб яратди

«О бешафқат тақдир, не учун мени
Эркаклар қалбининг офати қилиб,
Бошларига бало қилиб яратдинг?
Неча баҳодирлар, Тангри, иблислар
Беомон жанг қилиб бир-бири билан,
Бир-бирини алдаб, сўйиб, банд этиб,
Бир-биридан мени олиб қочдилар».

(394 бет.)

Юнон афсоналарида ёзилишича, Троя шаҳзодаси Парис садоқатли дўсти Эней билан Спарта подшоҳи Менелайнинг саройига меҳмон бўлиб келади. Шоҳ Менелай азиз меҳмонларни бағоят иззат-икром ва очиқ чеҳра билан кутиб олади. Саройда ҳашаматли зиёфатлар, тантанали базмлар уюштиради. Зиёфат пайтида Парис Еленанинг илоҳий ҳуснига маҳлиё бўлиб қолади. Келишган қадди-қоматига эгнидаги ҳашаматли Шарқ либослари янада кўрк бағишлаган Парис ҳам Еленани мафтун этади. Шу кунларда Менелай шошилинч равишда Крит оролига жўнаб кетади. Тақдир туҳфа этган имкониятдан фойдаланган Парис Афродита ёрдамида ширин-шакар сўзлар билан Еленани авраб, кемасига хуфиёна олиб чиқади; меҳмондўст Менелайнинг гўзал хотинини, бутун хазинасини Трояга ўғирлаб олиб кетади. Парисга мафтун бўлган Елена қадрдон Спарта диёрини ҳам, эри ва қизи Ҳермионани ҳам унутиб юборади

Мусибатдан огоҳ этилган Менелай дарҳол Спартага қайтиб келади. Париснинг кўрнамаклиги ва Еленанинг хиёнатидан дарғазаб бўлиб, азоб-уқубат чекади. Юрагида дам сайин интиқом олови гуркирайди. Зудлик билан оғаси Агамемнон ҳузурига боради ва қандай интиқом олиш хусусида маслаҳат сўрайди. Интиҳо, бутун Юнон ўлкасидаги подшоҳлар машварат қуриб, жабрдийда шоҳнинг акаси, Микен подшоҳи Агамемнонни бош саркарда тайинлаб, сафарга шай қилинган кемаларда Троя устига бостириб борадилар. Шу тариқа, Еленанинг Парис томонидан ўғирланиши бевосита Троя муҳорабасига сабаб бўлади

Назад Дальше