Архитектура назарияси
Ўқув қўлланма. Биринчи қисм
Ибадулла Самандарович Байджанов
Мақсуд Бектурдиевич Сетмаматов
© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2020
© Мақсуд Бектурдиевич Сетмаматов, 2020
ISBN 978-5-0051-1582-9
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
Тақризчилар
Ўролов А. С. Архитектура фанлари доктори, профессор, Самарқанд давлат архитектура -қурилиш институтининг Архитектура асослари кафедрасининг мудири
Ахмедов Қ. Техника фанлари номзоди, Урганч давлат университетининг қурилиш ва архитектура кафедраси доценти
Байджанов И. С., Сетмаматов М. Б.
«Архитектура назарияси»
(Ўқув қўлланма)
Биринчи қисм
Аннотация:
Ушбу қўлланма талабаларда архитектура ва шаҳарсозлик назарияси бўйича йўналиш профилига мос билим, кўникма ва малака шакллантиришга катта ёрдам беради. Ушбу мақсадга эришиш учун фан талабаларни назарий билимлар, амалий кўникмалар, архитектура ютуқлари, архитектура жараёнларига услубий ёндашув ҳамда илмий дунёқарашни шакллантириш вазифаларини ҳам ўзида ифода этган
Ўқув қўлланма «Шаҳарсозлик назарияси», “ Ўрта Осиё архитектураси тарихи» бўлимлари билан ҳам боғлиқ бўлиб, «Архитектура тарихи» фанидан олган билим, кўникма ва малакаларини янада чуқурлаштириш имконини беради.
Қўлланма «Архитектура» мутахассисликлари бўйича таълим олаётган бакалавр ва магистрларга ҳамда архитектура тарихи назарияси билан қизиқувчи профессор-ўқитувчилар, архитекторлар, мутахассислар ва кенг доирадаги китобхонларга мўлжалланган
2020 йил
«Архитектура назарияси» (биринчи қисм)
Сўз боши
Ушбу ўқув қўлланма талабаларга архитектура назарияси фанини ўқитиш жараёнида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ва бадиий маданиятнинг ўзаро боғлиқлиги, архитектура ва санъатдаги назария тўғрисида билимларга эга бўлишлари, қадимги Шарқ, Антик дунё, Ўрта асрлар, Уйғониш даври архитектурасидан бошлаб XX-асргача, айниқса асосий урғуни Ўрта Осиё санъатининг ибтидоий даврдан бошлаб истиқлол йилларигача бўлган даврдаги назарий услублар, йўналишларни ажрата олиш бўйича кўникмаларга эга бўлишларини ўзида ифода этади
Қўлланма шунингдек Барокко даври, Классицизм, XVIII—XX асрлар Францияда Виолле-ле-Дюк, Англияда Говард, Германияда Земпер, Россияда Баженов, Жолтовский, И. Грабарь, яна Францияда Ле- Корбюзье, ва бошқа таниқли архитектура соҳасида ижод қилган олимлар Б. Засыпкин, М. Булатов, П. Зохидов, К. Крюковларни шу давр назарияси борасидаги қарашлари ифодасини топган.
Архитектура ва шаҳарсозликдаги муҳим тарихий ютуқлар, усуллар ва услублар йўналишларини, уларнинг қайси, давр, ҳудудга мансублигини, меъморий жиҳатларини, маданий мерос ва анъаналарини назарий жиҳатдан фарқлай олиш, архитектура ва шаҳарсозлик назарияси каби малакаларга эга бўлишлари назарга олинган.
Ушбу қўлланмада берилаётган расмлар расм ости изоҳлар китоблардан, республикамиз ва хорижий давлатларда чоп этилган янги даврий нашрлардан олинди ва муаллифларнинг шахсий архивидан келтирилган фото ва чизмалари билан тўлдирилди.
Қўлланмага ижобий тақриз ёзган Самарканд давлат архитектура-қурилиш институтнинг “ Архитектура асослари кафедрасининг мудири, меъморчилик фанлари доктори, профессор А.С.Ўроловга шунингдек Урганч давлат университетининг қурилиш ва архитектура кафедраси доценти техника фанлари номзоди Қ. Ахмедовга, нашрнинг компьютер графикаси ва дизайнини бажарган М.И.Самандаровга, шунингдек қўлланмани компьютерда терган З. Сапаевага чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Кириш
Жаҳон меъморчилиги тарихи назариясини ўрганиш унинг тараққиёт қонунларини текшириш, нодир ёдгорликлар билан одамларининиг ҳис-туйғу, ҳаётий тажрибаларини ўрганиш лойиҳавий-эстетик қарашларининг шаклланишини билиш демакдир, бу сўзсиз инсонга ҳаётий тажрибаларни бойитишга, ҳаётга янада кенг ва атрофлича ёндашишга ёрдам беради.
Бўлғуси меъморлар учун меъморчилик тарихи назариясини ўрганиш, билиш жуда муҳим омиллардан биридир.
Архитектура назарияси фанини аниқлашда, меъморчилик ўз олдига қўйган мақсадидан келиб чиқиб, инсоният тараққиётининг дастлабки даврларидан бошлаб ўрганилади.
Архитектура бу грекча сўз бўлиб – «бош қурувчи» – бинони қуриш санъати, ҳамда мажмуаларни жамият талабларига нафақат амалий хизмат, балки, бадиий-ғоявий жиҳатдан уйғунлигини ҳал қилиши керак.
Бино ва иншоотларни қурилишида рухсат берилган амалий, энг содда мақсадларни бевосита бадиий ижодий уйғунлик билан бирга ҳал қилиниши керак.
Архитектура иншоотлари жамият маданиятининг бир бўлаги бўлиши билан бирга, у санъат асари ҳамдир.
Шундай қилиб, архитектура инсоният тараққиётининг бир тури бўлиб, уни оддий қурилиш иши билан чегаралаб бўлмайди, лекин уни фақат бадиий ижод тури деб ҳам бўлмайди.
Ҳар бир даврда архитектура тушунчаси турлича талқин этилган. Рим меъмори Витрувий классик формуласи бўйича меъморчилик иншоотининг асосий сифатини қуйидагича белгилаган: мустаҳкамлик, фойда ва чиройлилик.
Витрувий бу таълимотида шуни талаб қилганки, бинонинг форма ва композицияси инсониятнинг энг керакли талабларига, ҳалқ анъаналарига, ўша жой иқлимига, ҳалқ урф-одатларига, мослаштиришдан иборат.
Феодализмнинг эрта даврларида архитектура тушунчаси бир оз торайди, унинг вазифаларига асосан қаъла, ибодатхона, қўрғонлар қурилиши билан чегараланади.
Меъморчилик иншоотлари инсониятнинг тафаккури ҳамда қарашларига асосий таъсирини ўтказади.
Инсон бинога қараб, унинг енгиллиги ёки оғирлигини бежиримлиги ёки қўполлигини паст ва баландлигини, яхлитлигини ва композициясининг аниқлиги, унинг формаларининг бўлакларини ҳис эта олади ва ўзи шундан таъсирланади.
Инсон бинога кириб, уни ички фазовий кенглигини, маҳобатли равоқлар, баланд гумбаз, юксак бадиий ишлов берилган сталактиталар, ўз ўрнида бино ҳарактерига мос равишда ишлатилганлигига ҳайратланади.
Асрлардан асрларга ўтган сайин меъморларга нисбатан бўлган талаб кучаяди.
Архитектуравий йўналишни ўрганиш кўпгина даврларданоқ сарой ва мақбарани, халқ турар жойларини ўрганишдан бошлашади. Сарой ва мақбаралар формаларидан уларнинг оддий асосидан ривожланишини топади.
Халқ санъатининг кучи унинг ўзига хос ёрқин характерли топилмаларини тариҳий монументал асарларда етказиб беради.
Бизнинг меросимиз деб қадимиий архитектурани кўриб чиққанимизда биз унда прогрессив интилишларни кўрамиз.
Қадимги Мисрнинг пирамида ва Грециянинг мақбараларида «абадийлик» – ғоялари аниқ намоён бўлиб, қадимги Миср архитектурасидан монументал ғоялари фарқланади.
Миср мақбара пирамидалари фараонлар ҳокимиятининг абадийлиги билан бирга, уларнинг қулдорликни бошқариш демократияси мақбара композицияларида ва уларнинг шаклида, антогонистик равишда талқин этилади.
Миллий мустақиллик урушидан кейинги архитектура мазмунли бўлиб, миллийликнинг янги руҳий даври бошланишини кўрсатади.
Юқорида кўрсатилган архитектура иншоотларининг структура ва образлари инсон томонидан табиат қонунларини тан олинганини уларнинг ўз иншоотларига ёндаштирганлар.
Шунинг учун архитектуранинг ривожланиш даври, инсон томонидан тинчликни ўзлаштириш поғонаси, бизга қимматли бўлган ашёлар архитектоник муҳитда яратилиб тугалланади.
Шуни кўзда тутиш лозимки, архитектураниннг ҳар бир даври мустаҳкам ҳарактерли бўлишига қарамасдан, уйғониш даври усулларини шаклларда қўллаб, оз бўлса ҳам, янги вазифаларга, янги мазмун билан жавоб беришади.
Юз йил давомидаги архитектура ривожланишининг шакл ривожланишида, бир неча қонуниятларни ишлаб чиқди.
Архитектура тарихида ҳам мустаҳкам қонунчилик юзага келди. Қонунчиликнинг кўп қисми архитектуравий формаларни ўзгартирди, аммо уларнинг давомийлиги узоққа чўзилмаслиги ҳарактерли эди.
Аниқланган тариҳий давр мобайнида, янги иқтисодий бадиий, янгиликларга қамралган давр, эски даврни чеклантиради.
Бу ердан кўринадики, архитектура илмининг вазифаси архитектуранинг ҳаётий прогрессив қадриятларини ўзлаштириб, ҳозирги даврга, халққа, мамлакатимизга мосланади.
Тарихий материализм қадимий ёдгорликларимизни тиришқоқлик билан архитектурани ўрганишга, шунингдек ҳар бир вақтни мутоносиблигини тўғри танлаш архитектура тарихи дарслигида турли даврлар ҳажмини тўғри ўзлаштириш лозим.
Антик архитектурани биз ўрганамиз ва бизнинг миллий меросимиз бунда кўпроқ халқ яратган қисмига эътибор қаратилади.
Архитектура тарихи бир томонлама ривожланиши билан чегараланмаслиги лозим. Функционал қурилиш техник ғоявий бадиий ва бошқалар.
Архитектура тарихи инсон фаолиятининг кўп қирралари ривожланиши жамиятнинг ривожланиши билан узвий боғлиқ ҳолда жамоа ривожланиши формалари архитектурасида ўз самарасини топади.
Архитектура тарихи назарияси фаннинг шундай ҳусусияти борки, унда уйғониш даври ўрганилади, турли тарихий даврларни юзага келиши ва ривожланиши архитектуранинг фақат маълум бир томонларини эмас, балки мураккаб, кўп қиррали, яъни диалектик бирлигини архитектурада намоён этади.
Архитектуравий жараённинг ривожланиши – эски услубларнинг янгилари билан қамраб олиниши, реал формаларга айлантирилиб утилитар ғоялар илгари сурилади.
Архитектура назарияси
Ибтидоий жамоа тузуми архитектураси.
Ибтидоий жамоа тузуми инсоният тараққиёти тарихидаги энг биринчи ва узоқ давом этган босқичларидан ҳисобланади. Бу босқични ҳамма халқ ва элат ўз бошидан кечирадилар. Ана шу узоқ вақт давом этган тараққиёт жараёнида ҳозирги замон кишиси типи пайдо бўлди; одамлар жамоаси вужудга келди.
Ишлаб чиқариш кучларининг заифлиги одамларни коллектив бўлиб яшаш, меҳнат қилишга даъват этди. Улар қудрат бирликда эканлигини халқнинг илк босқичларида сездилар. Бу қудрат уларни табиат сирларини ўрганишга бошлади. Маданият ва санъат равнақига замин яратди.
Ибтидоий жамоа тузуми санъати ва меъморчилиги тарихи одамзод тафаккури ҳис туйғуларини пайдо бўлиши ва ривожланишидан бошлаб ер юзида биринчи даврлариниг юзага келишигача бўлган давр меъморчилигини ўз ичига олади, ўргатади ва таҳлил қилади. Ибтидоий жамоа тузумидан бизгача ашёвий далиллар-меҳнат ва ов қуроллари, уй-анжом ва безак буюмлари, одамлар яшаш манзил қолдиқлари этиб, келган шулар ибтидоий жамоа кишисининг эстетик ва диний қарашларини билишга, ибтидоий жамоанинг маданияти ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.
Тупроқ остида қолиб кетган маданий ёдгорликлар, одам ва ҳайвонлар жасадининг қолдиқлари ғор ва ертўла деворларига чизилган сурат ва бўртма тасвирлар ибтидоий жамоа даври тарихини ўрганишнинг муҳим манбаи ҳисобланади, архитектура қадим-қадимдан кишиларнинг меҳнати жараёнида юзага келди ва ривожланди.
Одамлар меҳнат жараёнида шакл туйғусини ҳис этиб, ритм, симметрия тушунчаларини ўзлаштира бошладилар. Улар меҳнат жараёнида табиат кучларини ўзларига бўйсундира бошладилар, ишлатилаётган буюмларнинг шакли бажарилаётган меҳнатларини осонлаштирилиши ёки камайтириш мумкинлигини тушундилар, қулай меҳнат қуролларини яратиш уларда ўз қуролларига нисбатан меҳр туйғуларини уйғота борди, улар ўз қуролларига безак бериш орқали ўз меҳрларини изҳор этишга ҳаракат қила бошладилар.
Одамларда қулайлилик фойдалилик тушунчаларининг юзага келиши воқеаликдаги, ҳаётдаги гўзаллик ва ҳурликларни ҳис этиш имконияти ривожлана бошлади.
Жаҳон маданияти тараққиёт оламига қадам қўйди, санъат, меъморчилигининг юзига келиши инсоннинг объектив вакиллиги тўғрисидаги билимларнинг чуқурлашишига, ўз авлоди тажрибаларидан баҳраманд бўлишига олиб келди, бу уни табиат кучларига қарши курашишга даъват этди, унинг ақлий камолоти эстетик, қарашлари ривожини жадаллаштирди. Бу даврда одамлар катта-катта тошларнинг панасида ғор ва ертўлаларда тўда-тўда бўлиб яшаганлар.
Бу ғор ва ертўлалар ибтидоий жамоа кишисининг «уйи» ҳисобланган, шу уйларнинг девор ва шипларига суратлар чизганлар, бўртма тасвирлар ишлашга ҳаракат қилганлар, ана шу одамлар яшаган манзиллардан топилган меҳнат, ов қуроллари, турли ҳайкал ва рамзий мазмунга эса бўлган шакллар ибтидоий жамоа кишиларининг эстетик ва фалсафий қарашларини тушунишга ёрдам беради.
Дастлабки расмлар предмети ва асосан, ҳайвонлар кўринишини тасвирлайди. Бу даврда ҳайвонлар тасвири аниқ реал, пропорциялари тўғри олинган, рассом ранглар ёрдамида нур-соя имкониятларидан ҳам фойдалана бошлагани сезилиб туради. Ўқ, камон, кабиларнинг ихтиро қилиниши ибтидоий жамоа кишисининг ҳаёти янада яхшиланишини таъминлади.
Одамлар ёғоч ўйишга асосланиб, ўзларига керакли буюмлар ярата бошладилар, диний тушунчалар кенг ёйилди, «нариги дунё» тушунчаси пайдо бўлди, кўмиш маросими билан боғлиқ бўлган турли урф-одатлар юзага кела бошлади, булар кишиларда мураккаб тасаввур ва фикрларининг пайдо бўлганлигидан далолат беради. Одамлар тасаввурининг кенгайиши абстракт тушунчаларининг юзага келиши санъатнинг шакл ва мазмун характерида ҳам сезила бошлади, жанг воқеалари, овчиликни акс эттирувчи мураккаб композициялар яратилди, ишлаб чиқариш жараёни кучая борди, шу билан бирга, кишиларнинг маънавий олами, дунё қараши ҳам мураккаблаша борди. Тошни қайта ишлаш, уни пардозлаш, шу асосда жуда нозик буюмлар яратишга кўпроқ эътибор берила бошланди.
Ижтимоий ҳаётда ишлаб чиқариш кучларининг ошиши, сўзсиз одамлар орасидаги муносабатларнинг тараққий этишига ёрдам берди, қабилалар орасидаги муносабатни кучайтирди, динда жамоани оқсоқоллар бошқара бошлади, одамларнинг ўтроқ ҳолга ўтишлари, табиат қонун-қоидаларини кузатиш симметрия, ритм, шакл туйғуларини ўзгартирди. Бир ҳил элементларнинг текис қайтарилиши ёки оралаб келиши асосида вужудга келадиган ўзига хос нақш санъатини майдонга келтирди.
Қабилани ягона бошлиққа бўйсиниши эса меҳнатни ташкил этишни яхшилади, қўшимча меҳнат маҳсулотларининг тўпланишини таъминлади, қулдорлик тузуми бошланди, синфий давлат юзага келди, ижтимоий ҳаётдаги бу ривожланиш тасвирий ва амалий санъат, меъморчиликнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Қабила бошлиғи, оқсоқолларга эътиқод билан қараш, уларнинг вафотидан кейин жасадини яхши сақлашга ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган одат – қабрини бошқа қабрдан ажратиб ишлашга интилиш, муҳташам ер усти тупроқ қўрғон, мақбара юзага келишига олиб келди, қабр ички қисмини ҳам алоҳида эътиқод билан безади.
Ижтимоий ҳаётда содир бўлган ўзгариш натижасида юзага келган мегалитик қурилмаларда яққол сезилди, одамларнинг диний тушунчалари ота-бобо руҳи билан боғлиқ ҳолда юзага келган, бу қурилма катта тошдан кўпчилик кучи билан барпо этилган, бу қурилмалар уч типда-менгер, долъмен, кромлех катта тошлардан барпо бўлган.
Менгерлар. Ўз ҳарактери жиҳатидан тик ўрнатилган катта тош бўлиб, уни баландлиги 20 м гача етган, баъзи менгерлар балиқ, одам шаклида, кўп ҳолларда менгер юзаси бўртма тасвир билан қопланган, бундай ёдгорликлар Арманистон, Қозоғистон, Сибирда кўплаб учрайди.