Менгер
Долъменлар. Тик ўрнатилган икки ёки тўрт тош устундан ташкил топган бўлиб, устки қисми ҳам шундай яхлит тош билан беркитилган, тош устун юзаси пардозланган, баъзиларида рамзий белги чизилган, бу ёдгорлик қабр тош вазифасини бажарган бўлиши мумкин, қисман турар жой вазифасини ҳам ўтаган; долъмен ўз туриши ва қурилиши, принципи жиҳатидан дастлабки монументал меъморчилик намунаси ҳисобланади.
Дольмен
«Мегалитик» – (грекча «мег» катта, «лит» – тош сўзидан олинган).
Кромлех айлана бўйлаб тик ўрнатилган тошдан қурилган бўлиб, у тош тўсин билан бирлаштирилган, Англиядаги стоунхендж яқинидаги кромлех, шу типдаги қурилманинг классик намунасидир. Долъмен ва кремлех ёдгорликлари Ғарбий Европа, шимолий Африка, Кавказ, Сибир ва Қозоғистонда кўплаб учрайди, бу ёдгорликлардан яна бири, кўриниши қабр устига ишланган тупроқ қўрғон бўлиб, бу қўрғон диаметри 12 метрга етган, атрофи эса тош плита билан айлантириб чиқилган.
Триполидаги (Киев яқинидаги кишлоқ номи) топилган девор қолдиғи, бу ердаги уй кўпроқ дарё ёқасига яқин ерда қурилганлиги ҳақида маълумот беради, бу уй лой ва ёғочдан ишланган бўлиб, девори эса рангли нақш билан безатилган.
Кромлех
Қора денгиз ва Азов денгизи соҳиллари, Кавказ этаклари, Каспий ёқалари, жанубий Сибирда бир бирига яқин бўлган, бир қанча қабилалар яшаган бўлиб, уни ичида скиф қабилалари етакчилик ролини ўйнаган, шунинг учун бу ер санъатини кўп ҳолда скиф санъати ва даври деб юритилади.
Скиф мустаҳкам қўрғон бошлиғини вафотидан кейин унга атаб, катта тупроқ қўрғон-қабр қурган, бино деворларини нақш ва деворий суръатлар билан безаганлар, бугунги кунда жаҳоннинг машҳур музейи Эрмитажда сақланаётган 40 мингдан ортиқ скиф маданияти ёдгорликлари ибтидоий жамоа тузумининг сўнги босқичи-темир асрини таърифлашга қўл келадиган бебаҳо манбадир.
Ибтидоий жамоа тузуми инсоният тараққиётининг узоқ давом этган босқичидир, шу давр ичида инсон таффакури камол топди, ҳис туйғуси ривожланди: инсон дастлаб табиат яратган инъомлар истеъмолидан ўзи маҳсулот яратишга ўта борди, у меҳнат жараёнида меъморчиликни яратди.
Меъморчилик, санъат воқеликларни образли беришга ёрдам бериш билан бирга, ўз кучига ишонч ҳосил қилиш теварак-атроф қоидаларини ўзлаштириб, уни гўзаллик қонунлари асосида қайта қуришга имкон беради, шундай жамоа даври санъати қадимги шарқ, антик дунё ва ўрта аср Европа санъати ҳамда илк синфий жамият санъатининг асосини ташкил этади.
Қадимги шарқ архитектура назарияси
Ўрта Осиёда фанлар тарихини ўрганиш соҳасидаги ютуқлар талайгина. Бироқ, ХХ- асрнинг 60-йилларига қадар меъморшунослик фанига ўзларининг ҳиссаларини қўшган. Ўрта Шарқ мамлакатларида яшаб ижод этган ўрта аср олимларининг меъморчиликка доир асарлари фанга маълум эмас эди. Бу эса ўз навбатида, Ўрта Осиё меъморчилик санъатининг ўтмишда назарий асослари бўлганми ёки йўқми? деган саволни келтириб чикарган эди.
Аксарият Ғарб олимлари бу саволга жавоб излаб нафақат Ўрта Осиё, балки Ўрта Шарқ мамлакатлари архитектурасининг ҳам назарий асослари бўлмаган, деган фикрга келиб колган эдилар. Бирок бу тушунчага ўрта аср Шарқ олимларининг ишлари ўрганилгач, чек қўйилди. Биз қуйида ана шундай тарихий манбаларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.
Бизга маълум бўлган қомусий асарлар орасида ХV асрда яшаб, асилзодалар авлодига мансуб бўлган катта амалдорлардан бири Вожид Алининг «Матла ул-улум ва мажма ул-фунун» («Фаннинг келиб чикиши ва техника билимларининг тўплами») номли асари муҳим аҳамиятга моликдир. Китобнинг 31-бобидаги меъморлар санъати қисмида иморат қуришнинг қуйидаги 14 моддадан иборат қоидалари берилган [5.– 42 б]:
1. Қурилиш учун жой танлаш (1-модда). Ер қатлами зич ва қаттик бўлиши керак, лекин асло қумлик ва таги бўш бўлмаслиги лозим.
2. Ер майдони (4, 10-моддалар). Ер майдони тўғри чизиқли бўлиши керак. Агарда уй қурулиши кўзда тутилаётган ер майдони учбурчак шаклида бўлса, иморатни шундай жойлаштириш керакки, ҳовли тўғри бурчак шаклини олсин. Учбурчак ромб ва параллелограмм шакллари хўнук кўриниб, дидга мос эмас. Номувофиқ қисмларини бартараф қилган ҳолда квадрат, тўғри бурчакли, олти бурчакли ёки саккиз бурчакли ҳовлига эга бўлиши мумкин.
3. Пойдевор (2-модда). Бино пойдеворининг кенглиги ва чуқурлиги унинг катта -кичиклигига муносиб бўлиши керак. Агар иморат бир қаватлик бўлиб, унчалик катта бўлмаса, пойдеворнинг эни 1 ёки 1,5 газ чуқурлиги эса шунга муносиб бўлиши лозим. Агарда иморатнинг баланд бўлиши 2 ёки 3 қаватга кўтарилиши кўзда тутилса, унинг пойдеворини шунга муносиб бўлиши ҳисобга олиниши керак. Бу ҳолда ғиштларни шундай териш керакки, бино пойдеворига сув киришнинг барча ҳолларидан мустасно бўлсин.
4. Иморат курсиси (13-модда). Бино курсиси баланд бўлиши керак. Шунда бино ҳашаматли ва салобатли кўринишга эга булади.
5. Деворлар ҳакида (8-9- моддалар).Бино деворининг эни пойдевори энидан камрок бўлади. Биринчи қаватнинг охиригача девор қалинлиги бир хилда қолса иккинчи қават деворларининг қалинлиги пастки қаватдаги деворга нисбатан озрок камайтирилади. Бунда девор қалинлигини камайтириш усули кейинги қаватга кўтарилган сари ортиб боради. Девор бурчакларини шундай бириктириш керакки, токи ундан ғишт бирикмаларида ҳосил бўлган излар кўринмасин (1-расм).
6. Устини ёпиш (7-14- моддалар). Иморат шипидаги тўсинлар сони ток бўлиши керак, чунки жуфт сон ёмон белги деб ҳисобланган. Иморат томи мустаҳкам ва сув ўтказмайдиган бўлиши керак.
7. Иморат режаси ва мутаносиблиги (3-5-6-12-моддалар). Хонанинг баландлиги унинг кенглигига мувофиқ тушиши керак. Масалан агар йўлак ёки ёпилган йўлнинг кенглиги 4 газга тенг бўлса унинг гумбази ёки томонининг баландлиги кўпрок бўлиши керак. Акс ҳолда номутаносиблик вужудга келади ва бинонинг кўриниши ёмон таасуротга эга бўлади.
Хонанинг йуналиши қайси томонга қараган бўлишига қарамасдан, бўйи энига қараганда кенг бўлиши керак. Иморатнинг ташки дарвозасини ҳовлининг бўйига нисбатан паралель жойлашган деворига қуриш керак, шунингдек, дарвозанинг олд томонини жанубга каратмаслик керак, бу гуёки бахтсизликларни тўсолмас эмиш. Ёпик йўллардаги дарвозаларни кенг ва баланд қилиб қуриш керак.
Иморатга кириш учун қурилган асосий дарвозани эса ички эшикларга нисбатан кенг ва баланд қилиш керак, чунки иморатнинг қадр-қиймати, асосан ташқи дарвозанинг гўзаллиги ва салобатида намоён бўлади. Паст дарвоза ҳаддан ташқари ёмон таассурот қолдиради.
– Шамоллатиш (1- модда). Хонанинг ички қисмини ҳаво бемалол кириб- чиқиб турадиган қилиш керак. Хонанинг бундай энг муҳим сифатини бузиш, ҳар хил буғланишларнинг алмашинувига олиб келиб, турли касалликларга сабаб бўладиган буғуқ ҳаво ҳосил қилади ва ҳакоза.
Юқоридаги қоидалар бир мунча умумлаштирилиб берилишига қарамасдан, ўтмишда ҳам ҳар ҳолда иморат қуришдан олдин уни ҳар тарафлама муҳитга ва қурилаётган жойга мувофиқлаштириш, уйғунлаштириш ва ҳисоблаш ишлари олиб борилганлигидан далолат беради.
Шарқнинг таниқли қомусий олими ва мухандиси Ёкуб ибн Исхок ал Кинди (801—866) уйғунлик хусусида маҳсус асар ёзади ва уни «Уйғунлик ҳақидаги катта китоб» деб номлайди. Ал – Кинди уйғунликка изох берар экан, у «муносабатларни ўрганишдан ва бир сонни бошқасига айлантиришдан, мутаносиблик ва номутаносибликни фарқлашдан иборатдир» деб тушунтиради [26. -97 б].
1-расм. Бибихоним масжидининг қурилиши. Расм юқорисидаги бош меъмор қўлида бино макети кўрсатилган. «Зафарнома"га ишланган миниатюрадан олинган
Машҳур Шарк файласуфи Абу Наср Фаробийнинг Х асрда ёзган «Геометрик шаклларнинг нафислиги ҳақидаги маънавий гўзал усуллар ва табиий сирлар китоби» меъморларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Фаробий энг яхши мутаносибликлар ҳақидаги ижодий изланишларни, гўзал нисбатларда қараб чиққан ва санъат асарларининг хандасавий уйғунлиги билан боғлик бўлган гўзаллик сирларини очиб берган.
Фаробийнинг ушбу асарини рус тилига таржима қилган олимлар бу асарни Абул Вафо Бузжонийнинг Фаробийдан кейин ёзган «Ҳунармандларга хандасавий ясамалардан нималар зарурлиги ҳақида"ги китобига деярли тўлиқ мос келишини айтиб ўтган.
Ушбу китоб муқаддима ва ўн бобдан иборат бўлиб, уларда геометрик шакллар ва уларнинг ясалиш услублари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, етти бурчакларни таркибий қуриш, кўпбурчакларни шаклнинг берилган томони ва бошқа параметрлари бўйича ясаш; айлана ичига тенг томонли учбурчак, квадрат, беш, олти, етти, тўққиз ва ўн икки бурчакларни чизишга асосланган ясалишлар ҳамда хандасавий қуриш бўйича бошқа зарур маълумотлар келтирилган. Фаробий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари ҳақида"ги рисоласида «шаҳарни ҳам, уйни хам инсон қоматига таққослаш зарур» деб ёзади [6.– 34 б]. Бу билан олим фозил шаҳарнинг соф инсон қоматига ҳамоҳанг ва мос тарзда қурилишини орзу қилади. Унинг фикрича, «гўзаллик ва фойдалилик”ни бир- биридан ажратиб бўлмайди, уларнинг қўшилиши эса уйғунликка олиб келади [6.– 35 б].
Маълумки, Шарқда нафақат бинокорлик санъати, балки боғ- истироҳатчилик ҳам кенг ривож топган. Хиротлик Розил Херавий ХVI асрда агротехника ва меъморий боғларни яратиш бўйича саккиз бобдан иборат ажойиб асар ёзди.
Унинг саккизинчи боби «Дарахтларни боғ режасига мослаб экиш ҳақида» деб аталиб, унда боғларни мунтазам режа асосида тўғри бурчакли бўлишлиги, уфк томонларига ориентацияланиши, боғ девор билан айлантирилган ва периметри бўйлаб тўғри қатор толлар экилишига кўрсатма берилган [17.– 89 б].
Бош хиёбоннинг боғ саройига туташтирилиши зарур. Боғ худудини тежамли суғориш ва боғ ичига сув олиб кириш, хиёбонлар бўйлаб ариқ ўтказиш, сарой (кушк) олдига ховуз бунёд этиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Боғ атрофи ички тарафидан ариқ билан айлантирилиши зарур бўлган.
Боғ экинлари учун манзарали ва мевали дарахтлар таклиф этилган. Гуллар турини танлаш масаласи шундай ечилганки, токи боғда гуллар эрта баҳордан то кеч кузгача узлуксиз очилиб турсин [8.-74 б].
Меъморлар ва боғбонлар учун нафақат ана шундай рисолалар ёзилган, балки Х-ХV асрларда меъморлар томонидан тайёрланган чизмалар, «намунавий"лойиҳа ўрамлари ҳатто махсус мураккаб (альбом) лар ҳам мавжуд бўлган. Илк бор Н.Б.Бакланов томонидан ўрганилиб нашр этилган ХVI аср Бухоро меъморининг чизмалари фикримизнинг далилидир. Унда Г. А. Пугаченкова айтганидек, хонакох, сардоба, карвон сарой ва работларнинг бир неча намунавий лойиҳалари, шунингдек, ғишткор безаклар, гирихлар ва муқарнасларнинг чизмалари ҳам акс эттирилган [18.-67 б].
Хуллас, шуни таъкидлаш зарурки, ўрта асрдаги Ўрта Осиё меъморчилиги ва бизгача қолган тарихий ёдгорликларнинг қурилиши ўзининг чуқур назарий асосларига эга бўлган ва бу назарий билимлар ўрта аср муаллимлари томонидан ёзиб қолдирилган асарларда бизгача етиб келган.
Бу асарларни ўрганишда замондош меъморлар, олимларимиз М.С.Булатов, Г.А.Пугаченкова, П. Ш. Зохидов, М.К.Ахмедов ва А. С. Ураловларнинг хизмати катта. Шундай экан бу улкан меросдан замонавий «Архитектура"таълими тизимида унумли фойдаланишимизнинг бўлғуси меъморларни касбга ўргатишимизда бундай назариядан уларни ҳам хабардор килишимиз фойдадан холи иш эмасдир.
«Чор унсур» тушунчаси ва унинг мазмуни
Жаҳон халқларини ўз фалсафаси, дини, эътиқоди, удум ва анъаналари, тили билан бойитиб келган Ўрта Осиё халқларининг нафосат дунёси ва маънавияти ҳам кўп қирралидир. Бу қирраларнинг бири ўрганилган, бошқаси эса энди ўрганилмокда. Шарқ халқлари тафаккурига мансуб мукаддас «Чор унсур «фалсафаси хам ана шундай азалий маънавият маҳсулидир.
Унинг ёши Авестога ва ундан ҳам олдинги узоқ қадимий даврларга тўғри келади. Авесто таълимоти ҳам «Чор унсур» фалсафаси билан суғорилган. Авестога асосланган зардуштийлик дини эса дунёдаги динлар орасидаги энг қадимгиси ҳисобланиб, инсоният тараққиётига бевосита ва билвосита жуда катта таъсир кўрсатган. Бу таълимот Ғарб давлатларига кенг тарқалиб, юнонча"зороасризим» тарзида зикир этилган. Демак «Чор унсур» фалсафаси ушбу дин орқали Ғарб давлатларига тарқалган.
«Чор унсур" жамики фанларнинг асоси, Авесто ва жаҳоний динларнинг пойдевори, Ислом фалсафаси ва Шарқ халқлари имон-эътиқодининг мазмуни ҳисобланган. «Чор унсур» ҳақида китоблар ёзилган. Улардан бири Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1721) айнан шу номдаги асари -«Чор унсур» дир [19.-23 б].
Бедилнинг ёзишича, ҳали Авесто дунёга келмасдан бурун бутун шарқ халқлари, хусусан Ўрта Осиёлик аждодларимиз бутун борлиқ ва тирик жонзотларни чор унсурдан, яъни -тупрок (хок), сув (об), нур (нор), ҳаво (бод) каби яралганларнинг қўшилишидан яратилган деб билганлар [19.-37 б].
Абу Наср Фаробий (VIII—X асрларда) ҳам ўзининг «Илмларнинг келиб чиқиши» асарида ердага барча нарсалар тупроқ, сув, олов ҳавонинг турли миқдорда қўшилишидан ташкил топади, осмон жисмларини ҳам алоҳида, мустақил нарсалар деб эмас, шу тўрт унсурдан таркиб топади, дейди [7. -42 б].
Материкнинг турли минтақаларида ана шундай тўрт унсурнинг миқдори турлича бўлишлиги ушбу минтақаларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, инсонларнинг яшаш турмуши, мижози ва урф одатларини ҳам турли туман қилиб юборган.
Демак, «Чор унсур"ни бутун оламнинг моддий асоси, оламдаги барча ўзгаришлар ва ҳаракатларни эса ушбу тўрт унсурнинг ўзаро турлича бирикувидан вужудга келган воқеликдир, деб тушуниш мумкин.
Чор унсур таълимотининг моҳияти эса ушбу тўрт унсурнинг бирикуви, ўзаро таъсирида ва яхлитлигида муайян қонуниятларнинг ётиши ва уларнинг ҳам ўз навбатида коинот уйғунлигига боғлик эканлигидадир. Зеро чор унсур ана шу уйғунлик бағрида воқедир. Инсон турмуши ва ҳаёти, унинг бунёдкорлик ишларининг асоси ҳам айнан шу уйғунлик ва мутаносибликка алоқадордир.
Шарқ сарзаминида фалсафий мушоҳада кўп минг йиллик тамаддун ҳосиласи ўларок, аввалбошдан Миср, Сурия, Ироқ, Марказий Осиё, Ҳинд ва Эрон халқларига хос бўлган. Шарқ цивилизацияда ҳеч қачон дин ва фалсафа бир-биридан ажратилмаган. Фалсафа диний таълимот мағзига жо булган.
Шунинг учун шарқ халқлари фалсафасини, унинг тамойил ва мезонларини юнон фалсафасига қўлланган ёндошувлар тизимидан келиб чиқиб ўрганиш нотўғри бўлади. Шарқликларнинг дунёвий қарашлари ўша даврлар шароитига мос бўлган кўринишда, содда мулоҳаза, тушунча ва ривоятлардек туюлса-да, рамз ва ишоратларга бой, чуқур маънога эга бўлган.
Албатта, мулоҳазалар фалсафа эмас, аммо уларнинг шарҳи фалсафага хос мантиқий ёндошувларга олиб келади. Уларнинг асосида шарқ халқларининг бизга номаълум оламларни тушуниш ва талқин қилиш ҳаракати ётадики, бу ўша даврларнинг фалсафаси эди. Буни биз мистика ёхуд илоҳиёт деб аташга одатланганмиз.
Бу илмни ўша тамаддун даражаси ва диний-илохий қарашлар тизимини шакллантирган шарқ шароитларидан келиб чиқиб ўрганиш жуда муҳумдир. Зеро, улардаги айрим етакчи ғоялар ер юзининг турли минтақаларида, турли даврларда, турли кўриниш ва шаклларда учрайдиган диний илоҳий назарияларда бир хиллигини кўрамиз.