Лавозимли шахсларнинг техника, ёнғин ва саноат санитарияси қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарлигида жарима, ишдан бўшатиш ёки ахлок тузатиш ишлари ҳамда бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Корхонада меҳнат тартиби иш берувчи ва ходимларнинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи билан келишилиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан билан белгиланади.
Пахта тозалаш корхоналари учун намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида [16] ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилиш ҳамда ишдан бўшатиш, ишчи ва хизматчиларнинг асосий меҳнат мажбуриятлари, иш берувчининг (унинг вакилининг) асосий мажбуриятлари, иш вақти ва унинг фойдаланилиши, ишдаги муваффақиятлари учун рағбатлантириш, меҳнат интизомини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқалар кўрсатилган.
1.9. Корхонада меҳнат хавфсизлигининг уч босқичли назоратини олиб бориш тартиби ва муддатлари
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича уч босқичли маъмурий жамоа назорати корхонанинг барча иш жойлари, участкалари, цехлари ва бошқа ҳудудларида меҳнат шароитлари ва хавфсизлигининг ҳолати ҳамда барча хизматлар, мансабдор шахслар ва ишчилар томонидан меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунлар, қоидалар йўриқномалар ва бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилишнинг асосий шаклидир. Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишнинг уч босқичли назоратининг биринчи босқичида корхонанинг барча бўлинмаларида ҳар куни иш жойларининг хавфсизлик ҳолатини, ускуналар созлигини, ҳимояловчи тўсиқлар борлиги, тўсқичлагичлар ўрнатилганлиги ва уларнинг созлигини, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилаётганлигини ва бошқаларни назорат қилади. Аниқланган камчилликлар махсус журналда қайд қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Уч босқичли назоратнинг иккинчи босқичида цех бошлиғи, тайёрлов маскани бошлиғи, смена устаси, тегишли цех (тайёрлов маскани) касаба уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича комиссиясининг раиси, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис ва цех шифокори камида ойига икки марта цехда, тайёрлов масканида, ишлаб чиқариш участкасида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назоратини олиб боради. Иш жойларида ҳамда бутунлай цехлар ва тайёрлов масканларида аниқланган камчиликлар махсус журналда қайд этилиб уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Учинчи босқични корхона бош мухандиси, корхона касаба уюшмасининг раиси, корхона шифокори, меҳнат хавфсизлиги бўлимининг бошлиғи, бош механик ва бош энергетик билан биргаликда ойида бир марта корхона цехлари, участкалари ва тайёрлов масканларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиб турадилар. Текширув натижалари корхона раҳбари ёки бош мухандиси ҳузуридаги цех, участка ва тайёрлов масканлари бошлиқларини ишлаб чиқариш бўйича йиғилишида муҳокама қилинади ҳамда камчиликларни бартараф этиш, меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирлари, уларни бажариш муддатлари ва бажарувчилари кўрсатилган буйруқ билан расмийлаштирилади ва унинг амалий бажарилиши таъминланади.
1.10. Меҳнатни муҳофаза қилишни иқтисодий аспектлари
Меҳнат шароитлари, ва шунингдек, жароҳатланиш, ўлим ва касб касаллигига чалиниш нафақат алоҳида инсонлар ва уларнинг оилаларига, жамиятга, шу билан бирга муайян корхона, регион ва ҳатто мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратишни ижобий иқтисодий натижаларига: меҳнат унумдорлигини ошиши; меҳнат ресурсларининг сақланиши ва ишловчиларни касбий фаоллигини ошиши; ва шу икки кўрсаткични яхшиланиши эвазига миллий маҳсулотни кўпайиши киради.
Меҳнат унумдорлигини ошиши муддатидан олдин чарчаб қолишни олди олинганлиги, кичик жароҳатланишлар камайганлиги ҳамда жароҳатланишлар, умумий ва касб касалликларига чалинишлар камайганлиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва ишда тўхтаб қолиш вақтлари камайганлиги эвазига содир бўлади.
Меҳнат ресурсларининг сақланиши ишловчилар ҳаёти давомийлигини ошиши, шунинг учун меҳнат стажи ва касб маҳоратининг ошиши, шунингдек, пенсионерлар меҳнатидан уларга мос иш ўринларида фойдаланиш билан боғланган.
Бундан ташқари, зарарли шароитларда ишлаганлик учун имтиёз ва компенсация харажатлари (қисқартирилган иш куни, қўшимча татил, оширилган тариф ставкалари, имтиёзли пенсия, сут ва пархез овқатларнинг текин берилиши) корхонанинг иқтисодий ҳолатига таъсир этмай қолмайди. Ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ кадрлар қўнимсизлиги ҳам харажатларнинг кўпайишига (янги ходимларни излаш, уларни ўқитиш ва ишни бошлаш даврида камроқ иш унумдорлигида ва кўпроқ хатолар билан ишлашини инобатга олиб уларни ишга мослаштириш ва б.қ.) олиб келади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасида иш берувчиларни меҳнат шароитларини яхшилашга йўналтирувчи иқтисодий манфаатлантириш етарли даражада эмаслиги ва кам самаралилиги кейинги пайтларда зарарли ва хавфли меҳнат шароитли иш ўринларини кўпайиб боришига олиб келмоқда.
1.11. Ишлаб чиқариш маданияти ва унга эришиш йўллари
Ишлаб-чиқариш маданияти меҳнатга виждонан ёндошиш билан бошланади. Эркин яратувчанлик меҳнатда инсонни дунёқараши таркиб топади, унинг истеъдоди ва имкониятлари ривожланади, тажриба ва билими кўпаяди. Агар ишлаб-чиқариш маданиятини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашга йўналтирилган барча тадбирлар узликсиз равишда режа бўйича олиб борилса, ишлаб чиқариш жароҳатининг камайиши қонуний тус олади. Шартли равишда ушбу тадбирлар учта гуруҳга бўлинади.
Биринчи гуруҳга ишлаб чиқаришни самарадорлигини ошириш ва ишловчилар меҳнатини ташкиллаштириш, иш жойларида тозалик ва тартибни назорат қилиш, корхона ҳудуди ва ишлаб чиқариш биноларини кўкаламзорлаштириш, ёритгичларни рационал жойлаштириш, шовқинни ихоталаш ва табиий шамоллатиш қурилмалари, механизмлар, ускуналар, хоналарни техник эстетика талаблари бўйича ранглаш, меҳнат қонунларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш тадбирлари киради.
Иккинчи гуруҳга: сермеҳнат ва оғир ишларни механизациялаштириш тадбирлари, жумладан, пахта ва пахта маҳсулотларини транспорт воситаларига юклаш, ташиш, пахтани ғарамлаш ва уни технологик оқимга қайта ишлаш учун узатиш; технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш участкаларини ҳамда вентиляция, аспирация ва чанг тутиш қурилмалари, гидропресс ускуналари, сепаратор ва шу каби катта ўлчамли ускуна ва машиналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш тадбирлари киради.
Учинчи гуруҳга: технологияни такомиллаштириш, янги ишлаб чиқариш ва маиший хизмат кўрсатиш хоналарини қуриш ва реконструкция қилиш, технологик жараёнларни комплекс механизациялаштириш ва автоматлаштириш, юк ортиш-тушириш ишларини ялпи механизациялаштириш, ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ишловчиларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва бошқалар киради.
2. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУҲИТИ НОҚУЛАЙ ОМИЛЛАРИ ВА УЛАРНИ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯЛАШ
2.1. Ишлаб чиқариш муҳити ноқулай омилларининг синфланиши
Ишлаб чиқариш муҳитининг ноқулай омиллари табиий таъсири бўйича қуйидаги гуруҳларга бўлинади: физикавий; кимёвий; биологик ва психофизиологик.
Ишлаб чиқаришнинг физикавий ноқулай омиллари ўз ичига қуйидагиларни: ҳаракатланаётган машиналар ва механизмлар; ишлаб чиқариш ускунасининг қўзғалувчан қисмлари; силжитилаётган пахта хом-ашёси, пахта маҳсулотлари, материаллар; бузилаётган пахта ғарамлари; иш зонаси ҳавосини юқори чангланганлиги ва газланганлиги; ускуналар, материаллар сиртларининг юқори ёки паст ҳарорати; иш зонаси ҳавосини юқори ёки паст ҳарорати; иш жойида шовқинни юқори даражаси; титрашни юқори даражаси; инфратовуш тебранишларининг юқори даражаси; ультратовушни юқори даражаси; иш зонасида юқори ёки паст барометрик босим ва унинг тез ўзгариши; ҳавони юқори ёки пастки намлиги; ҳавони юқори ёки пастки қўзғалувчанлиги; иш зонасида ионлаштирувчи нурланишнинг юқори даражаси; одам танаси орқали ўтиб туташиши мумкин бўлган электр занжири кучланишининг юқори қиймати; статик электрнинг юқори даражаси; электр магнити нурланишининг юқори даражаси; электр майдонини юқори кучланганлиги; магнит майдонини юқори кучланганлиги; табиий ёритишни етарли эмаслиги ёки йўқлиги; иш зонасини етарли ёритилмаганлиги; ёритишнинг юқори ёрқинлиги; тўғри ва аксланган ялтираш; ёруғлик оқимининг юқори пульсацияланиши; ультрабинфша радиацияни юқори даражаси; инфрақизил радиацияни юқори даражаси; деталлар, асбоблар, ускуналар сиртларидаги ўткир қирралар, ғадир-будирликлар; иш жойини ер (пол) сиртига нисбатан анча юқорида жойлашганлиги ва вазнсизликни олади.
Кимёвий ноқулай омилларга турли агрегат ҳолатидаги ўткир моддалар: дихлорэтан, ацетон, бензол ва бошқа эритувчилар; метан, корбонат ангидрид, ацетилен ва бошқа газлар; лаклар, буёқлар, эмаллар; дори воситалари ва бошқа кимёвий моддалар киради.
Ишлаб чиқариш муҳитининг кимёвий ноқулай омиллари қуйидагиларга бўлинади:
одам организмига таъсирини тавсифи бўйича токсик, ғаштлантирувчи-ғижинтирувчи, сенсибилизация қилувчи, канероген, мутаген, репродуктив (насл) фаолиятга таъсир этувчи;
одам организмига ўтиш йўли бўйича нафас олиш органлари орқали; ошқозон-ичак йўли бўйича; тери ва кўзни шиллиқ қавати бўйича.
Ишлаб чиқаришнинг биологик ноқулай омиллари ўз ичига биологик объектлар патоген микрорганизмлар (бактериялар, вируслар, риккетсии, спирохети, одий қўзиқорин) ва улар ҳаёт-фаолиятининг маҳсулотларини олади.
Асаб-психик юкланганлик ақлий ўта юкланганликка, тахлиллагичларни ўта юкланганлиги, меҳнатни монотонлиги, ҳиссиётли ўта юкланганликка бўлинади.
2.2. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари
Одамнинг меҳнат фаолияти ишлаб чиқариш шароитларининг маълум муҳитида кечади ва у гигиеник талабларга риоя қилинмаганда одамни ишлаш қобилияти ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин. Одамни ҳаёти ва соғлиғига номақбул таъсир этадиган ҳодиса, жараён ва нарсага хавф дейилади.
Маълум шароитларда ишловчига номақбул таъсири жароҳатланишга ёки бошқа бехосдан соғлиқни тез ёмонлашувига, ҳатто ўлимига олиб келувчи омил ишлаб чиқаришнинг хавфли омили, номақбул таъсири касалланишга ёки иш қобилиятини пасайишига ва (ёки) кейинги авлодлари соғлиғига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган муҳит ва меҳнат жараёнининг омили эса ишлаб чиқаришнинг зарарли омили дейилади.
Хавфли ёки зарарли омилнинг таъсири оқибатида содир бўлган ҳодисага бахтсиз ҳодиса, унинг оқибатида одам организми терисини шикастланиши ва унинг функцияларини бузилишига жароҳат дейилади.
Зарарли меҳнат шароитлари таъсири келтириб чиқарадиган касалланиш касбий касалланиш (касб касаллиги) дейилади. Касб касалликларига сурункали чанг бронхити, титраш касаллиги, ўткир моддалар билан заҳарланишлар ва б.қ. киради.
Сонли тавсифига ва таъсирининг давомийлигига кўра ишлаб чиқаришнинг айрим зарарли омиллари хавфли бўлиб қолиши мумкин. Хавфли ва зарарли омилларни мавжуд нисбатидан ва чегаравий рухсатли даражасидан келиб чиқиб меҳнат шароитлари зарарли ва хавфли омиллари даражаси бўйича тўртта синфга бўлинади: 1-синф оптимал меҳнат шароитлари; 2-синф рухсатли меҳнат шароитлари, функционал четланиш келтириб чиқаради, аммо регламентланган дам олишдан кейин организм нормал ҳолатга қайтади; 3-синф зарарли меҳнат шароитлари, гигиена нормаларидан ортиқ, кейинги авлодларга ноқулай таъсир этувчи ишлаб чиқаришнинг зарарли омиллари мавжудлиги билан тавсифланади. 3-синф меҳнат шароитлари зарарлиги бўйича тўрт даражага бўлинади:
қайтадиган функционал ўзгаришлар келтириб чиқарадиган ва касалланиш ривожланиши таваккалини асословчи гигиеник нормалардан четланишларни тавсифлавчи меҳнат шароитлари;
хавфли ва зарарли омилларнинг шундай даражасидаги меҳнат шароитлари, улар турғун функционал бузилишлар келтириб чиқариши, кўпчиллик ҳолларда вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиш билан бўладиган касалланиш ҳолатларнинг кўпайишига, умумий касалланиш частотасини ошишига, касбий патологиянинг бошланғич белгиларини пайдо бўлишига олиб келиши мумкин;
зарарли омилларнинг шундай даражаси билан тавсифланувчи меҳнат шароитлари, у меҳнат фаолияти даврида енгил шаклдаги касбий патологияни ривожланишига олиб келади, меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланишни келтириб чиқариши мумкин;
касбий касалланишнинг кўрсатадиган шакли пайдо бўлиши мумкин бўлган меҳнат шароитлари, сурункали патологияни аҳамиятли ўсиши таъкидланади ва меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланиш кузатилади.
4-синф хавфли (экстремал) меҳнат шароитлари, ишлаб чиқариш омилларининг шундай даражаси билан тавсифланадиган, уларнинг таъсири иш сменаси (ёки унинг бир қисми) мобайнида ҳаёт учун хавф солади, ўткир касб жароҳатини оғир шаклини юқори таваккали вужудга келади.
Ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари орасида маълум боғланганлик кузатилади. Кўпчиллик ҳолларда зарарли омилларнинг мавжудлиги хавфли омилларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Масалан, ишлаб чиқариш хонасининг ўта намлиги ва ток ўтказувчан чангларнинг (зарарли омиллар) мавжудлиги одамни электр токи (хавфли омил) билан жароҳатланиш хавфини кучайтиради.
2.3. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар сабаблари ва хавфли зоналар
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омиллар сабабли: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи ва электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганликдан; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари- ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) хавфсизлиги таъминланмаганлигидан; пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари талаблари бузилганлигидан; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртлар ва агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши) билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганликдан; бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушишидан; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвонлардан фойдаланишдан ва бошқалардан содир бўлиши мумкин
Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 34 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.
Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.
Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.
2.4. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари
Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:
машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);