механизациялаштирилган ва электрлаштирилган воситалар билан ишлаш, технологик билим ва малакаларни меҳнат қонунчилиги, хавфсизлик техникаси қоидалари, санитария-гигиена талаблари асосларини ўргатиш;
ўқувчиларни бозор иқтисодиёти қонуниятлари талаблари асосида сифатли, рақобатбардош истеъмол моллари, меҳнат маҳсулотлари етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиш воситаларини ўргатиш, иш бошқарувчи (менеджерлик), ҳомийлик, ишбилармонлик сифатларини шакллантириб бориш ва ривожлантириш;
ўқувчиларга билимга интилиш ва меҳнатга муҳаббат, меҳнат кишиларига нисбатан ҳурмат ҳиссини сингдириш, уларни жамоатчилик, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш;
халқ ҳунармандчилиги касбларини ўргатиш орқали халқнинг миллий руҳини, яшаш тарзини, анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш. Миллий қадриятлар, тарихий ёдгорликлар, халқ усталарининг бой меросини ўргатиш, амалий фаолиятларда улардан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш;
янги ишлаб чиқариш ва ахборот технологиялари, компьютер техникаси, янги техника ва жиҳозларнинг қўлланилиши соҳаларини замонавий талаблар даражасида ва жаҳон тажрибаларига мос ҳолда ўрганишларини таъминлаш;
юқори синфларда турли мутахассисликларнинг касбий фаолиятида қўлланиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, мосламалардан фойдаланишни ўргатиш [209; 3-5-б.].
Булардан кўринадики, технология фани мактаб ўқувчиларига таълим-тарбия беришда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли технология фани дарсларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, бунда педагогик технологиялардан фойдаланиш яхши натижалар беради, деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги таълимий-тарбиявий ва ривожлантирувчи вазифаларни ҳам бажариш зарур бўлади:
Таълимий вазифа ўқувчиларнинг баркамол шахслар бўлиб шаклланишлари учун уларга меҳнат жараёнлари, касблар, умумий технология, техника ва ишлаб чиқаришнинг илмий асосларини ўргатиш, уларни касб танлашга йўналтириш, камида учта касб билан дастлабки таништириш орқали уларнинг касбгача тайёргарликларини амалга ошириш ва касб-ҳунар коллежларида ёки ҳунар мактабларида ёки техникумларда таълим олишга тайёрлашдан иборат.
Тарбиявий вазифа ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини шаклланти-
риш жараёнида меҳнат ва касбга муносабатларида юқори ахлоқий сифатларни, ижодий ёндашувни, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, тежамкорлик ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда нафосат туйғусини сингдириб боришдан иборат.
Ривожлантирувчи вазифа технология фани машғулотлари жараёнида ўқувчиларга ақлий, жисмоний, ахлоқий, бадиий-эстетик тарбия ва таълим бериш, технология фани дарсларида эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини бошқа фанларда ҳам қўллай олиш хислатини таркиб топтириш, касбгача тайёргарликларини амалга ошириш орқали уларнинг баркамол шахслар бўлиб етишишларигаёрдам беришдан иборат [209; 6-б.].
Технология фани фанининг мазмуни шартли равишда учта қисмга, яъни меҳнатга тайёргарлик, касблар бўйича тайёргарлик ва касбгача махсус тайёргарлик қисмларига бўлинади. Бу қисмларнинг ҳар бир машғулотнинг таркибига сингдирилиши, уларни ўқитувчилар ва услубчилар томонидан илмий-услубий нуқтаи назардан ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиб борилиши технология фани машғулотларининг аниқ мақсадга йўналтирилган бўлишини ҳамда муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайди. Технология фани бўйича юқорида айтиб ўтилган таълим йўналишлари мактаб атрофидаги корхона, ташкилот, хўжалик ва касб-ҳунар коллежларида кенг тарқалган соҳалар, касбларга мувофиқ танлаб олинади. Шунга кўра ҳар бир мактабда технология фанининг қуйидаги йўналишлари ёки улардан айримлари асос қилиб олиниши мумкин: технология ва дизайн, сервис хизмати, умумлашган. Бунда технология ва дизайн йўналиши ёғочга ишлов бериш технологияси, пластмасса ва полимер материалларга ишлов бериш технологияси, металлларга ишлов бериш технологияси, электротехника ишлари, рўзғоршунослик ишлари; сервис хизмати йўналиши эса пазандачилик асослари, газламага ишлов бериш технологияси, рўзғоршунослик асослари бўлимларидан ташкил топган. Умуман олганда 5-7-синфлардаги технология фани дарслари асосан қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
1. Умумий тушунчалар (материалшунослик асослари).
2. Асбоб-ускуналар ҳақида маълумот ва ишлатиш усуллари.
3. Машина, механизм, станоклар ва мосламаларнинг умумий тузилиши ва ишлатиш асослари.
4. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси.
Бундан ташқари ҳар бир асосий йўналиш бўйича уй-рўзғор маданияти ва унга тегишли таъмирлаш ишларини бажариш кўникмалари шакллантири-либ борилади. Ҳар бир йўналиш бўйича ишлатиладиган электротехника воситалари, улардан тўғри фойдаланиш ҳамда таъмирлаш асослари ўргатилади. Ҳар бир асосий йўналиш бўйича компьютер техникасидан фойдаланиш масалалари юзасидан дастлабки маълумотларни бериш кўзда тутилади. Ҳар бир дарс мазмунига боғлиқ ҳолда иқтисодий, ҳуқуқий ва экологик билимлар ҳамда хавфсизлик техникаси қоидалари ўзаро уйғунлаштирилган ҳолда ўргатиб борилади, касблар турларига оид билим, кўникма ва малакалар мактаб жойлашган ҳудуддаги имконият ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда танланадиган касблар асосида шакллантирилади.
Технология фани бўйича машғулотларни амалга ошириш учун қуйидаги ташкилий ва услубий вазифаларни ҳал қилиш лозим:
Ташкилий вазифалар. Технология фанидан назарий машғулотлар
учун ўқув хонаси ва амалий машғулотлар учун ўқув устахонаси ташкил қилиш ва уларда хавфсиз ишлаш ҳамда қулай меҳнат шароитларини яратиш. Ўқувчиларни машғулотлар учун зарур хомашё, материал, асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳамда мосламалар, механизмлар станоклар билан амалий ишлаш жараёнини ташкил қилиш. Санитария-гигиена ҳамда меҳнат ҳавфсизлиги бўйича меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва мунтазам назорат қилиб бориш. Ўқувчиларни турли касблар бўйича меҳнат жараёнлари ва касб эгалари билан яқиндан танишишларини амалга ошириш учун корхоналар, жамоа хўжаликлари, ташкилотлар, муассасалар билан доимий алоқа ўрнатиш.
Расмий ҳужжатлар: меъёрий режалаштирувчи ҳужжатлар, устахонада хавфсизлик техникаси, санитария-гигиена талаблари ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига доир ҳужжатларни юритиш.
Услубий вазифалар. Машғулотларнинг ярим ва бир йиллик иш режаларини тузиш, бунда маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, касблар таснифи асосида ўқувчиларни яқиндан таништириш мумкин бўлган касб турларини танлаш. Ўғил ва қиз болаларнинг ўзига хос меҳнат машғулотларини ва касб танлашларини амалга ошириб бориш. Машғулотларда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, янги дидактик материаллар, воситалардан кенг фойдаланиш, технология фани таълими ва тарбиясининг бирлигини таъминлаш. Ўқувчиларда турли касбларга тегишли дастлабки меҳнат кўникма ва малакаларини, меҳнатсеварликни шакллантириш. Технология фани дарслари жараёнида ўқувчиларни ақлий ва ахлоқий жиҳатдан ривожлантириб боришда уларнинг ёш хусусиятларини, шахсий психологик ва физиологик сифатларини ҳисобга олиш. Ўқувчиларнинг билими, кўникма ва малакаларини рейтинг тизими асосида назорат қилиб бориш [209; 8-9-б.].
Мактабда технология фани таълими ва тарбияси, касбга йўналтириш жараёнини ташкил қилиш ҳамда уни амалга оширишда педагогика, дидактика, психология, физиология, хусусий методика ва бошқа фанларнинг илмий хулосаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Машғулотлар мавзуи амалиёт билан ўқув мазмуни тарбиявий муаммоларни ҳал қилиш билан уйғунлаштирилган ҳолда бўлишини таъминлаш зарур. Фан бўйича ўқув дастури асосида олиб борилган ўқув-тарбия ишлари натижаларини, ўқувчиларнинг ўзлаштиришларини, аниқлаш ва назорат қилиш Давлат таълим стандарти асосида амалга оширилади. Умумий ўрта таълим мактабларининг 5-9-синфларида ўқувчилар сони 25 ва ундан ортиқ бўлса, технология фани дарслари шу синфлардаги ўқувчиларни икки гуруҳга ажратган ҳолда олиб борилади. Халқ ҳунармандчилигининг айрим нодир касбларини ўрганиш учун уста-шогирд ёки ота-ўғил, она-қиз шаклларидан фойдаланилади. Бундай машғулотларни тегишли халқ усталари билан мактаб ўртасида тузиладиган шартномалар асосида ташкил қилинади. Дастурдаги технология фани йўналишлари бўйича машғулотларни ташкил қилиш ва ўтказиш кетма-кетлиги маҳаллий шароит ва имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда ўқитувчи
томонидан ҳал қилинади [209; 10-б.].
Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, технология фанининг вазифалари билан мазмуни мураккаб диалектик боғлиқликда бўлади. Буни тушуниш учун шуни назарда тутиш керакки, технология фани вазифалари турли даражада қўйилади ва ҳал қилинади.
Биринчи даражада технология фани мактаб тизимининг элементи сифатида, яъни умуммактаб вазифаларини бажариш воситаси сифатида қаралади. Масалан, энг муҳим умуммактаб вазифаси ўқувчиларда миллий дунёқарашни шакллантиришдан иборат. Ўқув жараёнларига ҳам, бутун педагогик жамоанинг синфдан ташқари фаолиятига ҳам тааллуқли бу вазифани беистисно ҳамма ўқув предметлари амалга оширади. Таълимни унумли меҳнат билан қўшиш, политехник таълим, меҳнат тарбияси, ўқувчиларни касбга йўллаш каби вазифалар кўпчилик ўқув предметлари, хусусан, технология фани билан биргаликда ҳал қилинади. Бу вазифаларни ҳал қилишда технология фани алоҳида аҳамиятга эга, чунки технология фани машғулотларида ўқувчиларни унумли меҳнатга жалб этиш, ҳозирги замон ишлаб чиқариши асослари билан таништириш, уларда оммавий ишчи касбларига муҳаббат уйғотиш ва шу касблар ҳақида етарлича тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун қулай шароитлар вужудга келади. Умумий мактаб вазифаларини ҳал қилишда технология фани ўқитувчиси бошқа ўқитувчилардан ажралмаган ҳолда ишлаши ва ўз фаолиятини уларнинг фаолияти билан бирлаштириб бориши муҳимдир. Шундай қилинганда уларнинг ишлари такрорланишдан ҳоли ва янада мақсадга мувофиқроқ бўлади. Кўрсатилган вазифалардан ташқари яна торроқ вазифалар ҳам қўйилади ва улар асосан технология фани доирасида ҳал қилинади ёки булар умуммактаб вазифалари бўлиб, ўзига хос специфик воситалар билан амалга ошади. Булар иккинчи даражадаги вазифалардир. Масалан, ўқувчиларда техник ижодкорликнинг ривожланиши, тажриба ишларида қатнашиш мактаб шароитида асосан технология фани машғулотлари жараёнида ва шу таълим асосида ташкил қилинган синфдан ташқари ишларда содир бўлади. Материалларга ишлов бериш, машиналарда хизмат кўрсатиш ва шу кабиларга доир амалий билим ва кўникмаларнинг шаклланиши ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Меҳнат фаолияти ўқувчиларни ҳар томонлама ривожлантириш-нинг муҳим воситасидир. Физиологик нуқтаи назардан олганда технология фани машғулотларида тўғри ташкил қилинган меҳнат фаолияти бола организмининг жисмоний ривожланишига ёрдам беради. Тиббий соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқотлар устахоналардаги амалий ишларни синфда ўтказиладиган машғулотлар билан алмаштириб туриш ўқувчиларнинг меҳнат қобилиятини оширишини кўрсатди. Технология фани машғулотлари жараёнида жисмоний фаолият ақлий фаолият билан омухталашади. Ўқувчиларнинг буюмларни конструкциялаш, уларни тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқиш ва бошқа қатор ижодий вазифаларни ҳал қилишларига тўғри келади. Шундай қилиб, технология фани машғулотлари фикрлаш фаолияти билан бирга амалга ошади, бу эса ўқувчиларнинг ақлий ривожланишига имкон беради.
Технология фани машғулотларининг ғоявий-сиёсий, ахлоқий тарбия учун ҳам аҳамияти катта. Ижтимоий фойдали нарсалар яратиб, унумли меҳнатда қатнашиб ўқувчилар ўзларини ишлаб чиқариш қатнашчилари деб ҳисоблайдилар. Улар давлат мулкига, хусусий ва моддий мулкка қандай эътибор билан муносабатда бўлиш талабига ҳақиқатда тушуна бошлайдилар, меҳнат кишиларини ҳурмат қила бошлайдилар, улардан намуна олишга ҳаракат қиладилар. Технология фани машғулотлари жараёнида эстетик тарбия учун шароитлар яратилади. Агар ўқувчилар чиройли буюмлар ясашса, жамиятга фойда келтирганларидан маънавий қониқиш ҳосил қиладилар ва эстетик завқ ҳам оладилар. Шу билан уларда бадиий дид ҳам тарбияланади, мазмун ва шаклларнинг уйғунлиги ҳақида тўғри тасаввурлар таркиб топади. Ниҳоят, учинчи даражадаги вазифалар ҳар бир машғулот мавзуси доирасида ифодаланади [209; 12-б.].
Технология фани дарслари жараёнида ўқитувчининг ўрни. Технология фанидан амалга ошириладиган таълим ва тарбия ишларида ўқитувчи шахсининг аҳамияти ҳамда ўрнига ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Маълумки, умумий ўрта таълими мактабларида педагоглар ўқувчиларга маълум фанлардан дарс берувчи, касб ўргатувчи ва ўқувчиларни тарбияловчилардир. Ўқув жараёни такомиллаштириш, ўқувчиларнинг замонавий технологик жараёнларни ўзлаштириб олишлари уларга боғлиқдир. Педагоглар ўқувчиларга таълим ва тарбия беришда асосий ролни ўйнайди.
Машғулотларда ўқувчиларни техник маълумотлар билан таништиради, ўқувчиларда ишлаб чиқариш кўникмаларини, меҳнат маданияти малакаларини таркиб топтиради. Ишлаб чиқариш таълими бериш жараёнида Давлат таълим стандартлари асосида ҳозирги замон кишиси, комил инсонга хос бўлган фазилатларни тарбиялаб боради. Ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиб, ўз билим ва тажрибаларини берувчи, бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишда ўзбек моделининг асосий тушунча ва тамойиллари асосида ахлоқий сифатларни таркиб топтириш ҳақида ғамхўрлик қилувчи педагогларнинг ҳалол меҳнати тарбияланувчи-ларга чуқур таъсир кўрсатади. Педагогнинг меҳнати натижаси жамиятни ҳар томонлама камол топган ёш авлодни таркиб топтиришдан иборат бўлган инсон фаолиятининг энг масъулиятли соҳасидир. Биринчи Президентимиз И. А.Каримов таъбири билан айтганда: «Ота-она вужуд меъмори бўлса, ўқитувчи қалб меъморидир» [7; 54-б.]. Шунинг учун ҳам Давлат таълим стандартида педагогларга бир қанча талаблар қўйилган. Бозор иқтисодиётига асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзбек моделини таркиб топтириш, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш масалалари жуда муҳим аҳамиятга эга. Бунда педагогларнинг ўқувчиларни тарбиялаш борасидаги роли ва масъулияти анча ортади. Унинг бутун иши ўқувчиларда Ватанга чексиз муҳаббат, дўстлик, ўртоқлик, ҳақиқатгўйлик, ҳалоллик, камтарлик, бурчга содиқлик, меҳнатга ва жамоат мулкига онгли муносабат, жамоат тартибларини бузувчиларга муросасизлик фазилатларини миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялашга қаратилган. Тарбиячининг ахлоқий қиёфаси бугунги кун талабларига мос бўлиши жуда муҳим. Педагог ўзининг барча ишлари ва ҳатти-ҳаракатларида виждонли, ҳалол бўлиши лозим. Педагог мунтазам равишда ўз илмий ва амалий билимларини тўлдириб бориши керак. Айниқса, муҳандис-педагог ўқувчилар ўртасида обрў ва ҳурмат қозонишга қанчалик ҳаракат қилмасин, агар у ўз фанини юзаки билса, ўз ишига, педагоглик касбига нисбатан унда чинакам меҳр-оқибат бўлмаса, ҳеч қачон ўз мақсадига эриша олмайди. Педагог тарбия ва таълим усулларини мукаммал эгаллаб олиши, таълимнинг хилма-хил ва энг самарали усулларини қўллаши, буюм ҳақида қизиқарли сўзлабгина қолмасдан, уни тайёрлаб ўз маҳоратини кўрсата билиши ҳам лозим. Мунтазам равишда ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ва уларнинг ўқув машғулотларига муносабатини, умумий камолоти, хулқ-атвор қоидаларини бажаришларини кузатиш; ўқувчиларда ижтимоий ҳодисаларга қизиқиш уйғотиш, бурч ва масъулият, ҳаққонийлик, камтарлик ҳислатлари, иродавий сифатларни тарбиялаш; ўқувчиларнинг моддий турмуш шароитларини ўрганиш педагог учун жуда муҳим. Педагог бу кузатишларни ёзиб бориши ўқувчиларнинг яхши ва ёмон ҳатти-ҳаракатларини уларни келтириб чиқаради деб тахмин қилинган сабабларни қайд қилиб қўйиши, шунингдек ҳар бир ўқувчига таълим ва тарбия беришни яхшилаш чораларини кўриши зарур. Ҳар бир ўқувчига педагогик тавсифнома ёзиб бериш ўқитувчига ўқувчиларда юз берган ўзгаришларни, уларни таълим ва тарбиясидаги силжишларни таҳлил қилиш, улардаги ижобий сифатларни ўстиришга кўмаклашиш имконини беради. Педагогнинг шахсий намунаси, унинг умумий маданиятлилик даражаси ўқувчиларга жуда катта таъсир кўрсатади. Педагогнинг ўзи жамиятимизнинг маданиятли, билимли, илғор кишиси бўлган тақдирдагина таълим-тарбия вазифаларни муваффақиятли ҳал этиши мумкин. Педагог ўз касбига доир билимлардан ташқари ўқувчиларни ҳозир қизиқтираётган фан ва техниканинг бошқа соҳаларига оид маълумотларни ҳам ўзлаштириб олиши керак. Педагог адабиёт, санъат асарлари билан таниш бўлиши, жисмоний тарбия ва спорт масалаларини тушуниши лозим. Педагог маданиятининг баъзи сифатлари: ташқи қиёфаси, нутқ маданияти, педагогик такт ва техникаси яхши одатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Жумладан украин педагоги А.С.Макаренькони ёзишича, педагог эстетик жиҳатдан ифодали бўлиши керак [177; 116-б.]. Педагог батартиблик, саранжом ва саришталикда намуна бўлиши жуда муҳим. Яхши педагог машғулотларни ўтказишга ҳам, ўзининг ташқи кўринишига ҳам қаттиқ талабчан бўлади. Дарсда ўнлаб ўқувчиларнинг ўзига қараб туришини у ҳеч қачон унутмайди. Педагогнинг нутқи ишонарли, ифодали ва тушунарли бўлиши керак. Баландпарвоз, дабдабали нутқ одатда кишиларда ишонч ҳосил қилмайди. Ундан ҳам ёмони ўқувчилар бундай нутқни тушунмайди-лар. Қуруқ ва ифодасиз тушунтиришлар ҳам яхши нуқсон эмас. Сўзлаш оҳанги нутқ маданиятининг муҳим омилидир. Секин, равон сўзлаш оҳанги ҳар қандай фикрни исбот қилишда ёрдам беради, албатта, сержаҳллик, асабийлик эса кишида салбий таъсирларни келтириб чиқаради. Дарсда жуда баланд ёки ҳаддан ташқари паст овозда гапириш ярамайди. Баланд нутқ ўқувчиларни толиқтиради, шунинг учун ҳам улар педагог фикридаги изчилликни аста-секин йўқота бошлайдилар. Паст овоздаги нутқни эса эшитиб ва тушуниб бўлмайди, натижада ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқиши йўқолади. Ўқувчиларни тинглай олиш, жавобини бўлмаслик ўз фикрларини тугаллаб олиши учун жуда муҳимдир. Педагогик такт ва техника ўқув шароитларида жуда хилма-хил масалаларни ҳал қилиш пайтида ўқувчиларга таъсир кўрсатишнинг энг муҳим воситасидир. Педагогик такт ва техника педагог маҳоратининг белгиларидан биридир, дейиш мумкин. Таълим-тарбиявий жараённинг сифатигина эмас, балки педагогнинг ўқувчилар билан ўзаро муносабатлари, обрўси ҳам педагогик такт ва техникага боғлиқ бўлади.