Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари - Жуманова Санобар


Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари


Санобар Жуманова

© Санобар Жуманова, 2023


ISBN 978-5-0060-1875-4

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

МУНДAРИЖA

КИРИШ

I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ

1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши

1.2§ Ўзбекистонда ахборий ва киберхавфсизликка таҳдидлардан ҳимояланишда медиатаълимни жорий этиш зарурати, қонуний асослари, шарт-шароитлари

1.3§ Медиатаълимнинг полисемик талқини ва таснифи, мақсад ва вазифалари

II БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА

2.1§ Медиатаълимнинг дастлабки тарихий кўринишлари, ривожланиш босқичлари, тараққиёт тамойиллари

2.2§ Ахборий саводхонлик, факт чекингга оид миллий дидактик қарашлар

2.3§ Медиатаълим: халқаро тажриба, оптимал моделлар, етакчи назариялар

III БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ «ЎЗБЕК МОДЕЛИНИ ЯРАТИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ

3.1§ Рақамли муҳитда шаклланган янги медиасаводхонликнинг таянч компетенциялари

3.2§ Ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмоли ва медиасаводхонлик кўрсаткичи (социологик тадқиқот натижалари)

3.3§ Медиатаълимни миллий таълим тизимига жорий этиш шакли, босқичлари, фанларга интеграциялаш масалалари

ХУЛОСA

ФОЙДAЛAНИЛГAН AДAБИЁТЛAР РЎЙХAТИ


КИРИШ

Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳон медиаполисида кечаётган глобаллашув, рақамлашув тенденциялари, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий манфаатлар тўқнашуви медианинг ахборот-психологик таъсирини оширди, инсонлар онгу шуури учун кураш жараёнини кучайтирди. Ахборот супермагистралидаги шиддатли ахборот оқими, рақамли тенгсизлик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик муаммосининг долзарблашуви, ахборотнинг товар сифатидаги тижорий функциялари кўпайиши, ахборий муҳитнинг ифлосланиши, унда турли номақбул ахборот шаклларининг пайдо бўлиши, оммавий коммуникация жараёнида адоват ва нафрат тилининг, эмоционал резонанс, ахборий блокада, медиага қарамлик, фейк ахборот ва манипулятив таъсирнинг кенгайиши миллий манфаатлар устуворлиги ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳолининг медиамаҳсулот истеъмолини чуқур тадқиқ этиш, медиатаълим инструментидан фойдаланган ҳолда омма онгида ахборот оламини тартибга солиш, ахборот ва рақамли саломатлигини сақлаш, ахборот билан муомала қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришни тақозо этмоқда.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борадаги ҳаракатлар ўтган асрда бошланган ва бугун кўплаб давлатларда медиатаълим умумий таълимнинг мажбурий, доимий компонентига айланди. Ўзбекистонда медиатаълимни ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги шакллантириш ҳамда онлайн муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Шу нуқтаи назардан, замонавий медиамакондаги реал вазият, ахборот-психологик курашлар контекстида медиатаълимнинг пайдо бўлиш тарихи ва шаклланиш босқичлари, илмий-назарий, амалий, методологик асослари ва концепциялари, илғор хорижий тажрибани ўрганишга зарурат сезилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар тажрибасини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, илмий тадқиқотлар орқали миллий истиқлол ғоясига асосланган, миллий таълим тизими, менталитетдаги ўзига хосликларни, шарқона тарихий, маънавий негизларни инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек моделини яратиш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М.Мирзиёев 2021 йил 26 июндаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида «Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим» деган фикрлари орқали замонавий медиамакондаги ҳозирги вазиятга баҳо берди1. Янги Ўзбекистонда мамлакатни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, сўз эркинлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, мазкур тадқиқот «20222026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»2нинг 71- ва 89-мақсадларида белгиланган оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Киберхавфсизлик тўғрисида», «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «20222026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги, 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон  2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги, 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.

Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот республика фан ва технологиялар ривожланишининг: I. «Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўлларининг устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.

Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда медиатаълим, ахборотнинг аудиторияга таъсири масалалари Ф. Мўминов, Н. Муратова, Х. Дўстмуҳамедов, Ё. Маматова, С. Сулаймонова, Н. Тошпўлатова, Г. Алимова, С. Бабаджанов3нинг қўлланмалари, илмий мақолаларида акс этган.

Медиатаълим, медиасаводхонликнинг назарий асослари бўйича тадқиқотлар МДҲ давлатларида А.В.Федоров, А.А.Новикова, В.Л.Колесниченко, И.А.Каруна, Е.И.Кузьмин, Е.А.Воронина, Э. Токтогулова, Э. Кайыпов, Г. Асанбаева, Н. Гендина, А.В.Паршакова, А.В.Шариков, И.В.Жилавская4 ва бошқа олимларнинг илмий тадқиқотлари, ўқув қўлланмаларида ўз ифодасини топган. О.Б.Шергова5нинг «Журналистика ва медитаълим (коммуникатив ва лингвистик компонентлар) мавзусидаги тадқиқоти оммавий ахборот воситалари билан тўйинган дунёда яшаётган жамият талабларига жавобан пайдо бўлган янги фанлараро йўналиш  медиатаълимнинг журналистика ихтисослигида ўрганилишини асослаб бергани билан аҳамиятли.

Медиа-ахборий саводхонликнинг замонавий талқини бўйича D. Oberg, S.Ingvaldsen, M. Leaning, A.Grizzle, P.Moore, M.Dezuanni, S.Asthana, C. Wilson, F.Banda, Ch. Onumah, J.Singh, P.Kerr, E. Hamburger, A.Silverblatt, J. Ferry, B.Finan, N.Stevenson6 сингари хорижлик мутахассислар изланиш олиб борган. М. Маклюэн ва Э. Тоффлер каби хорижлик олимларнинг медиани тушуниш, медиа таъсири масалаларига бағишланган мумтоз қарашлари мавзуни чуқурроқ тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз назарий ва қисман эмпирик база сифатида чет эл тадқиқотчиларининг илмий журналлардаги мақолаларидан ҳам фойдаландик. Бу борада ЮНЕСКО томонидан ўтказилган халқаро конференциялар материаллари, «Медиаобразование», «International Journal of Media and Information Literacy» журналларидаги мақолалар муҳим манба ҳисобланади. Уларда медиатаълим, медиасаводхонликнинг замонавий жамиятдаги ўрни, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёти, ўзига хослиги ва медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар ҳақида сўз кетган.

Шунга қарамай, ахборий-психологик кураш шароитида медиатаълимнинг заруратини асослаш, медиа-ахборий саводхонлик компетенциясини миллий таълим тизими контекстида ўрганиш, медиатаълимни жорий этишдаги ўзига хосликларни илмий асослаш бўйича изланишларга эҳтиёж катта.

Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Халқаро журналистика назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари» мавзусида олиб борилаётган истиқболли илмий-тадқиқот ишлари доирасида бажарилган.

Тадқиқотнинг мақсади илғор хорижий тажриба, тарихий маънавий негизларга таяниб, ахборот-психологик кураш хавфи, миллий таълим тизими ўзига хослигини инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек моделини яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини асослашдан иборат.

Тадқиқотнинг вазифалари:

дунёнинг мураккаб ва кўп қиррали ахборий харитасида акс этаётган ахборий-психологик кураш шароитида медиа-ахборий саводхонлик заруратини таҳлил қилиш;

медиатаълим ва ахборий саводхонликнинг миллий, маънавий, тарихий асосларини тадқиқ этиш;

медиатаълим бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, мақбул назария ва моделларни ажратиш;

Ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли ва медиасаводхонлик даражасини аниқлаш асосида таълим тизимининг медиасаводхонликни ошириш функциясини такомиллаштириш;

медиатаълимнинг «ўзбек моделини амалиётга татбиқ этиш шакли ва механизмлари, малака талаблари, жорий этиш босқичлари, таълим мазмунини белгилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш.

Тадқиқотнинг объекти сифатида медиа изоляциясидаги ахборот истеъмолчиларининг рақамли оламга тўғри мослашишига кўмаклашиш, медиасаводхонлик, танқидий тафаккурни ошириш функциясини ўзида мужассамлаштираётган хорижий ва миллий таълим тизими олинган.

Тадқиқотнинг предмети ахборий ва кибер хавф мавжуд бўлган глобал ахборий-психологик маконда мураккаб ва кескин вазият, медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар фонида долзарблашиб бораётган медиатаълим, медиасаводхонлик ҳисобланади.

Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда мавзуни адекват ҳолатда ўрганишни таъминлашга қаратилган қуйидаги назарий ва эмпирик методлар мажмуи қўлланди: назарий (тaҳлилий-синтетик, тaрихий-қиёсий, тaркибий-типологик), таҳлил (анализ, синтез, индукция, дедукция, конкретлаштириш, аналогия, моделлаштириш); социологик (ҳужжатларни ўрганиш, кузатув, анкета сўрови, контент таҳлил), диагностик (лойиҳалаштириш), прогностик (фикрий эксперимент, мустақил баҳоларни умумлаштириш ва бошқ.), математик статистика усуллари.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:

мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимнинг долзарблиги ва зарурати асосланган;

тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид мисоллар топилган, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга оид қарашлари очиб берилиб, ўрта асрларда мадрасаларда ўқитилган, услуб жиҳатидан медиатаълимга ўхшаш бўлган фанлар аниқланган;

ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлари, медиасаводхонлик кўрсаткичлари аниқланиб, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги исботланган;

медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилиб, унга илмий асосда таъриф берилган, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентлари далилланган.

Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:

медиатаълимнинг тарихий шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларнинг ўзига хосликлари кўрсатиб ўтилган;

медиа истеъмолидаги тадрижий ўзгаришлар, медианинг инсонларга ҳиссий, ақлий, жисмоний таъсирида юзага келаётган медиақарамлик, фаббинг, FOMO sapiens каби муаммолар таҳлил этилиб, ечимлар таклиф қилинган;

медиамакондаги ҳар қандай ахборий хуружларга қарамай, миллий истиқлол ғояларига содиқ, фаол фуқаролик позициясига эга ахборот истеъмолчиларини тарбияловчи, ахборот одоби, маданияти, маънавиятини шакллантирувчи медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилган;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги 11-PA 2/1-547-сонли топшириғига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 20222024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг Медиамаконда болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва онлайн хавфсизлигини таъминлаш бўйича 20222024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этилган;

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан республиканинг барча ҳудудидан 7827 нафар респондент иштирокида ёшларнинг медиасаводхонлик кўрсаткичи ва медиамаҳсулот истеъмоли хусусиятларини аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказилган;

Республика олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим» фани бўйича фан дастури, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва факт чекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фанлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети учун «Медиатаълим асослари» фани бўйича фан ва ишчи дастурлар ишлаб чиқилган, маъруза матнлари, тақдимот ва видеоматериаллар тайёрланган.

Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ишда фойдаланилган назарий маълумотлар учун илмий адабиётлар, жумладан, тан олинган нуфузли илмий базаларда ҳаволаланган журналлардаги энг сўнгги илмий материалларга мурожаат этилгани, амалий характердаги маълумотларнинг мунтазам социологик кузатув ва 7827 нафар респондент иштирокидаги социологик сўров орқали олингани, ишончли интернет манбалари, тасдиқланган статистик маълумотлардан фойдаланилгани, сайтларга мурожаат вақти берилиши, таҳлиллар, илмий-амалий характердаги хулосаларнинг қиёсий методлар билан асослангани, моделлаштиришда фикрий эксперимент ва чоғиштириш методи қўллангани ҳамда илмий фикр ва таклифлардан амалиётда фойдаланилгани, уларнинг тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқлангани билан ифодаланади.

Дальше