Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълим ва медиасаводхонлик, медиани тушуниш ва ахборотни баҳолаш йўналишидаги илмий қарашларнинг миқёси кенгайтирилганлиги, ахборий саводхонлик, медиасаводхонлик, рақамли саводхонлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти миллий нуқтаи назардан таърифлангани, талқин этилган ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли, ахборотнинг ошиб бораётган таъсири илмий таҳлил қилинганлиги, янги тадқиқотларга йўл очгани билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълимни жорий этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилгани, фан дастурларининг яратилгани билан изоҳланади, таклиф этилаётган модел медиамаконда миллий манфаатлар ҳимоясидан шахсий маълумотлар хавфсизлини таъминлашгача хизмат қилади.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Медиатаълимнинг «ўзбек моделини яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини тадқиқ қилиш юзасидан ишлаб чиқилган хулоса ва амалий таклифлар асосида:
мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, фуқароларнинг онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимни умумий ўрта таълим тизимига интеграциялашган ҳолда, олий таълим тизимида алоҳида фан сифатида жорий этиш зарурати бўйича таклифлардан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 20222024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, олий таълим тизимига медиатаълимни босқичма-босқич жорий этиш, ёшларга медиамаконда хавфсиз хулқ-атвор қоидаларини ўргатиш, интернетга қарамликнинг олдини олиш бўйича ахборот материалларини ишлаб чиқиш, уюшма билан ҳамкорликда барча таълим йўналишларига мўлжалланган «Медиатаълим» ўқув дастури, журналистика таълим йўналишлари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва фактчекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фан дастурларини ишлаб чиқишда жорий қилинган (Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2022 йил 19 октябрдаги 01/18-517-сон маълумотномаси). Натижада «Медиатаълим» ўқув дастури асосида фан яратилган ва унинг ўқув-услубий мажмуасини яратишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;
тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид топилган мисоллар, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга тегишли қарашларидан медиатаълимни жорий этишда миллий дидактик асос сифатида фойдаланиш бўйича таклифлардан мактаб дарсликларига медиатаълимни интеграциялаш, она тили, тарбия, информатика каби фанларда медиасаводхонлик инструментини қўллашда фойдаланилган (Республика таълим марказининг 2022 йил 30 сентябрдаги 01/1101/10-1564-сон маълумотномаси). Натижада 20222023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим тизимига медиатаълимни интеграциялашган ҳолда жорий этиш, фанлар мазмунига медиасаводхонликни сингдириш, ўқув жараёнини материаллар билан таъминлашда муҳим манба вазифасини бажарган;
ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлар, медиасаводхонлик кўрсаткичларидан, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги бўйича таклифлардан дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, замонавий шароитда маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини тадқиқ қилиш, медиатаълимнинг самарали ва таъсирчан технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини оширишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтининг 2022 йил 26 майдаги 111-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот замонавий медиамуҳитда маънавий ишлар самарадорлигини оширишнинг илмий асосларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам берган;
ишлаб чиқилган медиатаълимнинг «ўзбек моделидан, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентларини белгилаш бўйича таклифлардан Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича мактаб ўқитувчиларининг билим, кўникма ва малакаларини ошириш ўқув дастурига кўра ташкил этилган курснинг «Медиатаълим ва медиасаводхонлик. Асосий тушунча ва атамалар», «Замонавий медиамуҳит ва ахборий тартибсизликлар», «Ахборот истеъмолида танқидий тафаккур. Танқидий тафаккурни шакллантириш усуллари» модуллари бўйича видеодарс, маъруза, тест, глоссарий каби ўқув материалларини яратишда фойдаланилган (Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтининг 2022 йил 1 июндаги 01/09-671-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот малака ошириш курсларини ўқув материаллари билан таъминлашга ёрдам берган.
Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 9 та, жумладан, 4 та халқаро ва 5 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 10 та илмий иш, шундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия қилинган илмий нашрларида 8 та мақола, жумладан, 5 таси республика ва 3 таси хорижий журналларда нашр этилган.
Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг ҳажми 147 саҳифани ташкил этади.
I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ
1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши
Ижтимоий, геосиёсий, маданий, иқтисодий жараёнлар глобаллашуви, ахборотлашуви, рақамлашуви натижасида оммавий коммуникация барча соҳаларга интеграциялашди ҳамда замонавий медиамаконни пайдо қилди. Замонавий медиамакон коммуникация воситалари ёрдамида шаклланган, одамлар ёки гуруҳлар бир вақтнинг ўзида фойдаланиши мумкин бўлган яхлит ва умумий, мураккаб ва чалкаш платформа бўлиб, ҳажми, таъсир имкониятларини ўлчаш ундаги кўрсаткичлар ўзгариб туриши, миқёс катталиги, чегараларни белгилаш қийинлиги сабабли имконсиз. Ҳар бир инсон унинг 4 фоизидан фойдалана олади. Замонавий медиамуҳит ахборий-психологик курашда платформа вазифасини ўтайди.
Медиамакон фанда уни назарийлаштиришга қаратилган тадқиқотларда қуйидаги ёндашувлар бўйича ўрганилган: матнмарказли ёндашув медиамаконга барча медиаматнларнинг мажмуи, «дискурсив» макон сифатида қаралади; тузилмавий ёндашув медиамакон институционал соҳа, ижтимоий майдон, оммавий коммуникация воситалари тизими сифатида тушунилади; ҳудудий (бозор) ёндашуви медиамакон медиабозор ҳудуди (мамлакат, шаҳар) ёки ахборий саноат сифатида характерланади; технологик ёндашув медимаконга моддий технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган «виртуал реаллик» мақоми берилади; экологик ёндашув медиамаконга инсон фаолиятининг барча соҳаларини қамраб оладиган глобал яшаш жойи сифатида қаралади7. Ҳар қандай ёндашувда ахборот воситасида инсонлар онгу шуурига таъсир, интерпретация масаласи марказда туради.
Медиамакон умумий маънода ахборий макон, тор специфик мазмунда кибермакон билан ёндош келади. Медиамакон ахборот истеъмолчилари сонининг динамик ўсиши, коммуникациянинг кенг қулоч ёйиши билан боғлиқ равишда кенгайиб бормоқда. 2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, дунёда 4.66 миллиард киши интернетдан фойдаланади. «We Are Social» ва «Hootsuite» ташкилотлари ҳисоботига кўра, бу дунё аҳолисининг 59,5 фоизини ташкил қилади. Ижтимоий тармоқлардан 4,2 миллиард киши ёки аҳолининг 53,6 фоизи фойдаланади. Мобиль қурилма фойдаланувчилари катта қисмни ташкил қилади8. Рақамли оммавий ахборот воситалари сони, ахборот супермагистралидаги ҳаракатлар шиддати ошмоқда глобал тармоқда 1,7 миллиард веб сайт мавжуд, ҳар соатда 7 миллион веб саҳифа онлайнда пайдо бўлади, телефон қўнғироғи ва шахсий ёзишмаларни ҳисоблаш имконсиз. Инсонлар диққат-эътиборини жалб этиш учун кураш тарғибот, ташвиқот, манипуляция, ишонтириш, таъсир ўтказиш усулларидан кенг фойдаланиш, брендлаштириш, реклама, шов-шувли янгиликларнинг кўпайиши, интернетдаги реклама учун сарфланган маблағларнинг ошиши каби кўринишларда юз бермоқда. Медиамаконга хос хусусиятлардан яна бири ахборотдан баҳрамандлик борасида рақамли тенгсизликнинг, ахборот олиш очиқлиги имкониятидаги фарқнинг мавжудлигидир. Интернет билан таъминланганлик кўрсаткичлари ўртасидаги тафовут дунё мамлакатларида 10 фоиздан 90 фоизгача бўлган оралиқдадир. Ахборотга, янгиликка ташналикнинг кучайиши қидирув тизимларида сўровга берилган мавзуларнинг 15 фоизи янгилиги билан изоҳланади.
«Медиамакон» тушунчаси ўз ичига ҳозирги ахборий жамиятдаги, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги мураккаб жараён ва ҳодисаларни қамраб олади. Замонавий жамиятдаги ҳеч бир ҳолат медиамакондан айро ёки ундан ташқарида эмас. Шу қатори иқтисодий, сиёсий манфаатлар тўқнашувлари ҳам. Уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш халқаро миқёсда амал қилувчи ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилмагани ва техник жиҳатдан амалга ошириш имконсизлиги, сўз ва фикр эркинлиги масаласи мавжудлиги сабабли мураккабдир.
Медиамакон турли даврларда, турли мамлакатларда турлича шаклланади, намоён бўлади, мақсад ва вазифаларини ўзгартириб туради. Масалан, МДҲ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ОАВ, кино собиқ иттифоқ даврида мафкуравий қурол бўлган, партия тизимининг тарғибот воситаси вазифасини бажарган. ХХ асрнинг 90-йилларидан кейин цензуранинг бекор қилиниши билан боғлиқликда медиабозор қоидаларига кўра ишлай бошлади, эмпирик равишда истеъмоли енгил ва осон форматлардан фойдаланилди, кўнгилочар, шов-шувли моделлар трендга чиқди, буюртма, реклама материаллари кўпайди, тижорий функциялар ишга тушди. Ўзбекистонда эса бу ҳолат бироз бошқача кечди, ички цензура сақланиб қолиши натижасида аудитория учун сиёсий таъсири кам бўлди, тижорий мақсадлар ҳам устуворлик касб этмади, медиамакон ёпиқ ва барқарор хусусиятларни намоён этди. 2016 йилдан кейин ахборот ва сўз эркинлиги устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти шаффофлиги таъминланиши натижасида медиамаконда демократлашув, либераллашув кучайди.
XXI асрда медиамаконни илмий тадқиқ қилишнинг фанлараро табиати унинг турли соҳаларга интеграцияси натижасида пайдо бўлди. Бироқ медианинг омма онгига таъсир, шахсга йўналтирилган ёндашув, самарали коммуникацияни таъминлашга қаратилган медиациялашув, стереотипларни шакллантириш билан боғлиқ хусусиятлари барча даврларда ва барча шаклларда сақланиб қолган.
Медиамакон формати ва типологиясини ўрганишдан кўра унда юз бераётган ҳодисалар, хусусан, сиёсатшунослик, конфликтшунослик, журналистика ва оммавий коммуникация, психология каби фанларда аҳамиятли бўлган ахборот-психологик кураш шароитида ахборот истеъмолчиларининг ахборий маданиятини шакллантириш зарурати ва усулларини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Ахборот-психологик кураш тушунчаси қарама-қарши томонларга психологик таъсир ўтказиш билан боғланган. Тарихда душманнинг руҳиятини синдириш, тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилган психологик таъсир кичик бўлган ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмаган. Босма маҳсулотларнинг пайдо бўлиши билан вазият ўзгарди. Газета ва журналлар тарғибот олиб бораётган мамлакат учун кўзланган натижага эришиш мақсадида омманинг фикри, ҳиссиётлари ва хатти-ҳаракатларига мақсадли таъсир ўтказиш учун кенг имкониятлар очди. Телевидение, радио, матбуот ХХ асрда кучли қурол сифатида ҳисобга олина бошлади.
«Ахборот уруши» атамасини биринчи марта 1976 йилда Т. Рона «Boing» компанияси учун тайёрланган ҳужжатда қўллаган9. 1992 йилдан бошлаб, «ахборот уруши» атамаси АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан расмий равишда ишлатилган10. Ахборий-психологик кураш, кибер урушни ўрганувчи илмий ёндашувларнинг хилма-хиллиги ҳодисага нисбатан ягона қараш йўқлигини кўрсатади. Бугунги кунда илмий соҳада қуйидаги асосий ёндашувлар аниқланган: геосиёсий, психологик, коммуникатив, конфликтологик11.
Геосиёсий ёндашувга кўра, ахборот уруши бу давлатлараро қарама-қаршилик.12 Унга кўра, давлатлар ахборот орқали бошқа давлатларга таъсир ўтказиб, стратегик соҳаларда устунликка эришишга ҳаракат қилади. Психологик ёндашув тарафдорлари фикрича, ахборот уруши моҳияти ахборот орқали оммавий равишда инсонлар онгига яширин таъсир кўрсатишдир. В.А.Лисичкин фикрича, тафаккурни манипуляция қилиш ахборот таъсирини интеллектуал-психологик ва ижтимоий-маданий жараёнларни бошқариш мақсадида объектлар буни сезмайдиган ҳолда яширин амалга оширишдир13. Коммуникатив йўналишда ахборот уруши бу қарама-қарши тарафларнинг разведка ва сиёсий ва психологик ҳаракатлар амалга ошириладиган алоқа технологияси сифатида талқин этилади. Конфликтологик ёндашув ахборот уруши, қарама-қаршиликларни нафақат давлатлараро, балки гуруҳ, шахслараро зиддиятларни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий призма чиғириғи орқали кўриб чиқишга имкон беради.
Ахборот уруши ўз мақсади, мазмун-моҳиятига кўра, махфий ёки ошкора, аҳамияти кам ёки радикал таъсирли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-психологик, тижорий, ҳарбий ҳодиса бўлиши мумкин. «Ахборот уруши» ва «ахборий кураш» тушунчалари фарқланади. Ахборий-психологик кураш тушунчаси нейтрал маъно англатиб, салбий мазмунда ахборий уруш, психологик уруш, кибер уруш шаклларида ҳам қўлланади. Бугунги кунда ахборот-психологик уруш жанговар операцияларни таъминлашдан ташқари ўзи алоҳида мустақил уруш турига айланди ва геосиёсий даражадаги стратегик вазифаларни ҳал қилишга қодир ҳодиса ҳисобланади. Шу билан бирга, агрессив ахборот ва психологик курашнинг ўзи уруш ва қуролли тўқнашувларни келтириб чиқаради. Ахборот ва психологик қуролларнинг хавфи улардан фойдаланишдаги шахссиз хусусиятидадир, бу ҳужум ҳаракатларини, ҳатто уруш эълон қилмасдан ҳам номаълум ҳолда амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, ахборий қуролларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш деярли мумкин эмас (масалан, кимёвий ёки бактериологик қуролларга нисбатан тақиқ ўрнатилган). Ахборий уруш шахс, жамият, тузилма ва давлатлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, қарама-қаршилик юз берган ҳолатларда устунликка эришиш, бирор сиёсий, иқтисодий ёки бошқа мақсад йўлида маълумот олиш, қайта ишлаш ва етказиш, сиёсий ва ҳарбий мақсадларга эришиш, ахлоқий ва психологик таъсир кўрсатиш мақсадидаги курашдир. Ахборот уруши компютерлар, дастурий таъминотга ҳужум қиладиган ва ахборий тизимларни издан чиқарадиган кибер урушлардан фарқ қилади. Ахборот уруши муайян мақсад йўлида маълумотларни манипуляция қилиш, қайсидир шахс, гуруҳ, тузилма ёки давлатнинг манфаатларига қарши, лекин бошқа томон учун манфаатли бўлган, ахборий босимга асосланган ҳаракат ҳисобланади. Ахборот уруши қачон бошланиши, тугаши ва унинг қанчалик кучли ёки ҳалокатли эканлиги аниқ эмас. Ахборот уруши тактик маълумотларни тўплаш, ўз манфаатларига йўналтирилган ахборотларни тарқатиш, ташвиқот, дезинформация кампанияси, деморализация (маънавий, ахлоқий таназзул) ёки манипуляция қилишни ўз ичига олиши мумкин. Ахборот уруши психологик уруш билан чамбарчас боғланган. Ахборий, психологик, кибер урушлар умумийлаштирилиб, «ахборот операциялари» атамасидан фойдаланган ҳолда ҳам ифодаланади. Бунда технологиялар билан бир қаторда ахборотдан фойдаланишнинг инсон билан боғлиқ жиҳатларига, жумладан, ижтимоий тармоқ таҳлили ва инсонни ахборот орқали бошқаришга эътибор қаратилади. Кибермаконда кураш C4ISR (Command, Control, Communications, Computers, Intelligence, Surveillance and Reconnaissance), яъни бошқарув, назорат, коммуникация, компьютерлар, интеллект, кузатув ва разведкага асосланган шаклда олиб борилади.