Олтмиш учга кирган бўлса ҳам, Авила ҳануз бақувват ва чайир эди. Эгнидаги коржомаси кенг ёқали оқ костюм, тилларанг погон, кўкракка тақилган медаллар шодаси, крахмал билан қотирилган ёқа ва дазмолланган оқ шойи шим унга шоҳона кўркамлик бахш этарди.
Испан армадаси ортиқ Енгилмас ҳисобланмаса‐да, офицерларни қандай кийинтиришни эсдан чиқармаган.
Адмирал байрамона мундирини анчадан бери киймай қўйганди. Лекин бугун ўзгача кеча. Бироз олдин нотаниш шаҳарнинг кўчалари бўйлаб сайр қиларкан, аёлларнинг унга ҳавас билан тикилиши, эркакларнинг беихтиёр йўл бўшатишини кўриб роҳатланди.
Ватан олдида бурчини бажарганлар ҳамиша ҳурмат топади.
¿Otra tónica?2
деб сўради кўҳликкина бариста қиз жилмайиб. Унинг ёши тахминан ўттизларда бўлиб, қадди‐қомати келишган, юзида ўйноқи табассум жилваланарди.
Авила бош чайқади: No, gracias3.
Қовоқхона бўм‐бўш эди. Баристанинг ҳавас аралаш нигоҳларини сезгач, адмиралнинг кайфияти чоғ бўлиб ўйлади: Тубсиз жардан яна ҳаётга қайтдим.
Беш йил илгари содир бўлган даҳшатли воқеа Авиланинг хаёлини бир зум тарк этмай таъқиб қилади. Ўшанда она замин қулоқни қоматга келтириб фарёд чеккан ва бағри ёрилиб, Авилани тириклай ютиб юборганди.
***
Севилья бош ибодатхонаси.
Пасха тонги.
Андалусия қуёшининг заррин ёғдуси черков деразаларининг ранг-баранг ойналаридан ўтиб, тош деворларда ўзгача рангларда жилваланарди. Минглаб дуогўйлар Исо Масиҳнинг қайта тирилиши мўъжизасини шодлик билан нишонламоқда. Уларнинг хорига қўшилган органнинг товуши бинони ларзага келтириб, кўтаринки кайфият уйғотади.
Тиззалаган кўйи меҳроб қаршисида ўтирган Авиланинг юраги шукроналикдан хаприқмоқда. У бутун умрини денгиз қўшинларига бағишлаб, шахсий ҳаёти ҳақида эртароқ қайғурмади. Хизмат тугагандан кейин вақти-соати етиб, Парвардигор уни энг юксак мукофот оила билан тақдирлади. Авила ёйилиб жилмайганча елкаси оша ўгирилиб, ёшгина рафиқаси Марияга қаради. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларини бошидан кечираётган аёл учун узун йўлак бўйлаб юриб, меҳроб олдигача келиш қийинчилик туғдирди. Шунга остонага яқин ўрнатилган ўриндиқларнинг бирига чўкди. Мариянинг ёнида уч яшар болакай уларнинг тўнғич ўғли Пепе ўтирибди. Отасининг ўгирилганини кўрган кичкинтой ҳаяжон билан қўл силкиди, Авила унга кўзини қисиб қўйди. Буларни кузатиб турган Мариянинг юзига табассум ёйилди.
Ўзингга шукур, Парвардигор, шивирлади Авила қадаҳдаги винони қабул қилиш учун меҳробга қайта ўгириларкан.
Худди шу маҳал ибодатхонада қулоқни қоматга келтирувчи портлаш эшитилди.
Яшин тезлигида Авиланинг бутун дунёси куйди.
Портлаш тўлқини адмирални меҳроб томонга отиб юборди. У куйиб кетган инсон аъзолари-ю, парчаланиб кетган тана қолдиқлари орасига тушди. Ҳушига келганда ҳавони тутган ачимсиқ тутун нафас олишга изн бермасди. Авила бир муддат қаердалиги, нималар бўлганини англолмади.
Бироз ўтгач, шанғиллаётган қулоқлари остида аянчли чинқириқлар эшитила бошлади. У аранг бошини хиёл кўтарди, атрофга қараркан, даҳшат билан қаерда эканини ниҳоят англади. Рўй бераётган ишларнинг ҳаммаси шунчаки қўрқинчли туш эканига ўзини ишонтиришга уриниши беҳуда эди. Зўрға ўрнидан туриб, инграётган, мажруҳ жабрдийдаларнинг ёнидан мажолсиз оёқларини судраб ўта бошлади. Қоқилиб, бир неча дақиқа олдин рафиқаси билан ўғли жилмайиб ўтирган ўриндиққа қараб йўл олди.
Лекин у ерда ҳеч нарса йўқ эди на ўриндиқ ва на инсон.
Фақат қорамтир тусга кирган тош полда ҳалқоб қонга ботган тана қолдиқлари
***
Қовоқхона эшигидаги қўнғироқ жиринглаб, Авиланинг мудҳиш хотиралари сочилиб кетди. У газли сувни қўлига олди, бир симиришда стаканни бўшатди ва хаёлидан ваҳимали ўйларни қувишга тиришди.
Бар эшиги кенг очилиб, икки забардаст эркак ичкарига кирди. Улар ирланд тилида футбол мухлисларининг аллақандай қўшиғини хиргойи қилишарди, эгниларида қоринларини зўрға ёпиб турган яшил футбол майкаси бор эди. Афтидан, бугунги ўйин ирландларнинг меҳмон жамоаси билан бўлади.
Кетиш вақти бўлди, ўйлади Авила. Сўнг жойидан қўзғалиб, ҳисобни сўради. Келишган бариста бошини чайқаб, кўзини қисди ва пул олишдан бош тортди. Авила унга миннатдорлик билдириб, эшикка йўналди.
Мана бунга қаранглар! хитоб қилди ҳозиргина келган эркаклардан бири Авиланинг коржомасига қараб. Испания қиролининг худди ўзи-я!
Ҳар иккала эркак қаҳ‐қаҳ отиб кулиб юборди ва чайқалганча адмиралга яқинлашди.
Авила улардан узоқроқ туриб, тинчгина жўнаб кетишга уринди. Бироқ гавдалироқ эркак унинг қўлини маҳкам сиқиб, бар столига тортди.
Бир дақиқа, Зоти олийлари! Испанияга келиб қолибмиз, қирол билан бир қадаҳ ичмасак бўлмас!
Авила оҳорли енгига ёпишган эркакнинг кир қўлларига нигоҳ ташлади ва оҳиста деди:
Мени тинч қўйинг. Кетишим керак!
Ҳечам-да Сиз бу ерда пиво ичишингиз керак, amigo! пишиллади эркак Авиланинг билагини янада маҳкамроқ қисиб. Иккинчи эркак ҳам ифлос бармоқларини адмиралнинг кўкрагига қўндирилган медаллар устида юргиза бошлади. Туппа-тузук қаҳрамонга ўхшайсиз, отахон?! Ўрта асрлардан қолган шақир‐шуқур тўғноғичми? Нима бало, ярқироқ совут кийган рицармисиз? деб ҳиринглади эркак энг қадрли медаллардан бирига ниқтаб.
Ўзингни бос, эслатди Авила ўзига ўзи. У ҳаёти давомида бу иккиси каби бирор ишни қойиллатиб қўймаган, кимдир жон бериб ҳимоя қилаётган озодлик ва эркини суиистеъмол қиладиган бечора, бахтсиз эркакларга кўп дуч келганди.
Аслида, мулойимлик билан жавоб қайтарди Авила, бу тўғноғич Испан денгиз қўшини Unidad de Operaciones Especiales рамзи ҳисобланади.
Махсус топшириқлар?.. эркакнинг қути ўчди. Ажойиб! Мана бу ниманинг белгиси унда? у Авиланинг ўнг қўлига ишора қилди.
Адмирал панжасига қаради. Кафтининг юмшоқ қисмида келиб чиқиши ўн тўртинчи асрга бориб тақалувчи қора рамз татуировка ўйиб ёзилганди.
Бу белги менинг ҳимоячим, хаёл қилди Авила рамзни кўздан кечириб. Аммо ҳозир муҳтож эмасман!
Ҳа майли, гавдали безори бироз юмшаб, Авиланинг билагини қўйиб юборди ва баристага қаради. Хўш чиройли, айт-чи, сен тоза испанияликмисан?
Шундай! мағрурланиб жавоб қайтарди қиз.
Томирингда ирланд қони йўқми?
Йўқ!
Бўлишини истайсанми? безори бар столига муштлаганча хахолаб кулиб юборди.
Уни тинч қўйинг! буйруқ оҳангида деди Авила.
Эркак унга олайиб қаради.
Иккинчи безори Авиланинг кўкрагига туртди.
Нима қилиш кераклигини ўргатмоқчимисиз бизга?
Авила чуқур нафас олиб, барга имлади узоқ давом этган саёҳат уни ростдан ҳам толиқтирганди:
Жаноблар, илтимос, ўтиринглар. Сизларни пиво билан меҳмон қиламан!
Олийжаноб адмиралнинг қолгани яхши бўлди, ўйлади бариста ичида. Гарчи ўзини ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқса-да, олийжаноб денгизчининг иккита кўча безориси билан келишганига гувоҳ бўлган қиз ич‐ичидан унинг то қовоқхона ёпилгунча кетмаслигини истади.
Авила эркаклар учун иккита пиво, ўзи учун минерал сув буюрди ва жойини қайта эгаллади. Иккала футболсевар безори офицернинг икки ёнига чўкди.
Минерал сув? ажабланди эркаклардан бири. Бирга пиво ичмаймизми?
Авила чарчаганнамо жилмайиб баристага қаради, стаканни бўшатди ва қўзғалиб деди:
Учрашувга боришим керак. Сизларга яхши ҳордиқ тилайман!
Ўрнидан турган маҳали ҳар иккала эркак худди келишиб олгандек, бараварига қўлларини офицернинг елкасига қўйди ва уни мажбуран курсига ўтқазди. Авиланинг кўзларида ғазаб учқунлари бир зум чақнади‐ю, сўнг ғойиб бўлди.
Бобожон, севгилингиз билан бизни холи қолдириб кетаверасизми? безори ёқимсиз тиржайди ва қизга қараб тилини чиқариб, хунук қилиқ қилди.
Офицер анча муддат жим ўтирди, сўнг костюмига қўл чўзди.
Иккала эркак уни ушлади.
Ҳой, нималар қиляпсиз?
Авила чўнтагидан оҳисталик билан қўл телефонини чиқарди ва безориларга испан тилида нимадир деди. Лекин улар ҳеч вақони англамагач, инглиз тилида қайтарди:
Афв этгайсиз. Рафиқамга қўнғироқ қилиб, кечикишимни айтиб қўйишим керак. Бу ерда бироз муддат ушланиб қоламан, шекилли.
Бўларкан-у, оғайни! хитоб қилди гавдалироқ эркак, кейин пивосини охиригача кўтариб, стаканни тарақлатиб қўйди. Яна битта бўлсин!
Бариста стаканга пиво тўлдираркан, ойнадан Авилани кузатди. У телефонидаги бир нечта тугмачани босиб, қулоғига тутди. Қўнғироққа жавоб бўлгач, испан тилида тез сўзлади:
Le llamo desde el bar Molly Malone4, деди офицер барнинг номи ва манзилини рўпарасидаги афишадан ўқиб. Calle Particular de Estraunza, ocho5. У бир сония сукут сақлаб, давом этди: Necesitamos ayuda inmediatamente. Hay dos hombres heridos6, деб гўшакни қўйди.
¿dos hombres heridos?7 Баристанинг юраги дукиллаб уриб кетди.
Қиз бу жумлаларнинг маъносини чақишга улгурмасидан, Авила тўсатдан ўнг томонга ўгирилиб, тирсаги билан каттароқ безорининг тумшуғига туширди. Қарсиллаган овоз эшитилиб, юзи бир зумда алвон қонга бўялган барзанги орқасига қулади. Иккинчи эркак қаршилик кўрсатишга улгурмасидан, офицер чап тарафига қайрилиб, бошқа тирсаги билан унинг кекирдагига қулочкашлаб солди. Бу зарба безорини стулдан ағдариб юборди.
Бариста ерда ағанаб ётган икки безорига ҳайратланиб қаради. Улардан бири жон аччиғида додлар, иккинчиси томоғини ушлаганча нафас ололмай хирилларди.
Авила бир туки қилт этмасдан, босиқлик билан ҳамёнини олди, ундан юз евро чиқариб, бар устига қўйди.
Маъзур тутасиз, хоним. Ҳадемай, полиция етиб келади ёрдамга, деди у испанчада ва ўгирилиб қовоқхонадан чиқиб кетди.
***
Ташқарида адмирал Авила тунги мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олди. Сўнг Аламеда де Мазарредо кўчаси бўйлаб дарё томон кетди. Полиция сиреналари яқинлашганда ўзини панага олиб, йўл бўшатди. Уни олдинда жуда жиддий иш кутиб турар, ҳозир ортиқча машмашага Авиланинг тоқати йўқ эди.
Регент бугун аниқ топшириқ берган.
Авила учун Регентнинг буйруқларини бажаришда жуда оддий қоида бор эди. Ўйлама! Иккиланма! Бажар!
Узоқ йиллар давомида кўрсатма беришдан чарчаган Авилага рулни бўшатиб, кемани ўзгаларга топшириш ёқимли енгиллик бахш этаётганди.
Бу урушда мен оддий пиёдаман!
Бир неча кун муқаддам Регент томонидан ошкор этилган махфий сир шу қадар ташвишли эдики, вазиятни қўлга олиш учун Авила ўз ёрдамини таклиф этишдан ўзга чора тополмади. Келаётган оқшомда содир бўладиган хунрезликлар ҳақида ўйлаганда офицернинг этлари жимирлаб кетди, лекин барча қилмишлари кечирилишини билиб, кўнгли тинчиди.
Тақводорликнинг шакли турлича.
Эртанги тонггача ажал кўпчиликнинг ёстиғини қуритади.
Авила хаёллар оғушида дарё ёқасидаги очиқ майдонга етиб борди. Рўпарасида намоён бўлган улкан иншоотни кўриб қошларини чимирди. Унинг кўзига бино металл кафель билан қопланган тартибсиз шакллар йиғиндиси бўлиб кўринди. Худди икки минг йиллик меъморий ютуқлар бетартиблик қўзғаш мақсадида ташқарига улоқтирилгандек эди.
Замонавий санъат музейи эмиш! Бадбашара махлуқ‐ку бу! Авила юзини буриштирди ва хаёлларини жамлаб, майдонни кесиб ўтди. Йўл‐йўлакай Бильбао Гуггенҳайм музейи олдига ўрнатилган ғалати ҳайкалларга кўзи тушди. Бинога яқинлашаркан, дарвоза олдида уймалашаётган оқ-қора башанг либосдаги ўнлаб меҳмонларни кўрди.
Даҳрийлар оммаси жам бўлмиш!
Лекин бу оқшом улар ўйлагандек якунланмайди!
Авила бошидаги офицерлар қалпоғини тўғрилаб, камзулини текислади, ўзини олдиндаги вазифа учун руҳан тайёрлади. Бугунги кеча ҳар доимги оқшомлардан фарқ қилади. Бугун энг буюк бурч тақво ҳимояси учун жанг бўлади.
Адмирал чўнтагидаги тасбеҳни эҳтиёткорлик билан ушлаб, музей дарвозаси томон йўл олди.
Учинчи боб
Гуггенҳайм музейининг ички дизайни ўта замонавий черковни ёдга солади.
Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйган заҳоти Лэнгдоннинг нигоҳи беихтиёр шифтга кўтарилган баланд ойнаванд парда, унга ҳамоҳанг равишда ўрнатилган олтмиш метрли баҳайбат оппоқ устунларга қўшилиб тепага йўналди. Бино гумбазидаги галоген прожекторлардан ёрқин ёғду тараларди. Тепадаги айвонларда оқ‐қора кийинган меҳмонлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тепадаги галереяларни айланар, кенг деразалар ёнида туриб, мафтункор кўл манзарасини томоша қиларди. Девор бўйлаб ҳаракатланаётган шаффоф лифтлар овоз чиқармай, меҳмонларга хизмат қилаётганди.
Лэнгдон умри бино бўлиб бунақасини кўрмаган. Музейдаги ҳар бир деталь, ҳаттоки акустика ҳам ўзига хос туюлди. Товуш ютувчи махсус ускуналар шарофати билан анъанавий музейларда ҳамиша сокинлик ҳукмрон бўлади. Меҳмонларнинг шиша ва тошлардан қайтаётган шивирлаган товушлари Гуггенҳаймга ўзгача руҳ бағишларди. Фақат ичкаридаги ҳавогина барча музейларга хос мусаффо эди. Чунки ҳаво аввал оксидлантирилиб, сўнг ионланган сув билан 45 фоиз намлик ушлаб турилади.
Шунингдек, музейдаги хавфсизлик тизими ҳам сезиларли даражада мустаҳкам бўлиб, қаторасига текширув ускуналари жойлаштирилган, ҳар бурчакда қуролланган соқчилар турарди. Лэнгдон улардан ўтиб, рўйхатга олиш столи ёнига борди. У ерда турган ёшгина жувон қулоқчин тарқатаётганди.
Audioguía? испанчалаб сўради аёл.
Раҳмат, шарт эмас, профессор жилмайиб, бош чайқади ва ундан узоқлашмоқчи бўлганда аёл тўхтатиб, соф инглиз тилида деди:
Маъзур тутгайсиз, жаноб, лекин кеча ташкилотчиси Эдмонд Кирш меҳмонларнинг қулоқчин тақишини сўраган. Бу дастурнинг бир қисми ҳисобланади.
Шундайми? Ундай бўлса, албатта, оламан.
Лэнгдон столдаги наушниклардан бирига қўл чўзди, лекин жувон ундан шошмасликни сўраб, меҳмонлар рўйхатидан профессорни текширди, кейин унинг исмига мос бўлган рақамли қулоқчинни топиб узатди ва изоҳ берди:
Бугунги сайр ҳар бир меҳмон учун алоҳида ишлаб чиқилган.
Ростданми? Лэнгдон атрофдаги юзлаб меҳмонларга қаради.
У қўлига "қулоқчин" деб берилган, ҳар учига силлиқ ёстиқча ўрнатилган теп‐текис ҳалқага ажабланиб қаради. Унинг ҳайратини сезган аёл ёрдамга ошиқди:
Бу энг сўнгги русумдаги қулоқчин, тушунтирди у. Ёстиқчалар қулоққа тиқилмайди, шунчаки юзга қўйилади.
Шундай деб, аёл ҳалқани Лэнгдоннинг боши орқасига қўйиб, ёстиқчани жағидан юқорироққа жойлаштирди.
Лекин мен қандай қилиб
Суяк орқали овоз ўтказиш технологияси. Ёстиқчалардан жағингизга ўтган товуш тўғридан-тўғри чиғаноқ, яъни ички қулоқдаги органга етиб боради. Ўзим ҳам бироз аввал синаб кўрдим. Таърифга тил ожиз. Овоз худди бошингиз ичидан келаётганга ўхшайди. Яна бир афзаллик жиҳати, қулоқчинни таққанда қулоқларингиз бўш бўлгани сабаб, ташқаридаги суҳбатларни ҳам бемалол тинглайверасиз.
Жуда ақлли ўйланган экан, илжайди Лэнгдон.
Жаноб Киршнинг ўн йилча аввал қилган ихтиросидан ҳозир кўплаб ишлаб чиқарувчилар кенг фойдаланмоқда.
Умид қиламанки, Людвиг ван Бетховен бу ихтиродан ўз улушини олади, хаёл қилди Лэнгдон. Чунки суяк орқали овоз ўтказиш технологияси, аслида, ўн саккизинчи асрда яшаган композитор Бетховенга тегишли эканига унинг ишончи комил эди. Тахминан 40 ёшларида эшитиш қобилиятини йўқотган Бетховен пианинога металл хипчин ўрнатиб, мусиқа чалаётган маҳали уни тишлаган ва шу тарзда жағ суяклари орқали эшитишни кашф қилган.
Оқшомингиз хайрли ўтишига тилакдошман, деди аёл. Тақдимот бошлангунига қадар бир соат давомида музейда сайр қилишингиз мумкин. Аудио йўлбошловчи сизга юқори қаватдаги намойишлар залига бориш вақти бўлганини хабар беради.