Ҳозир чироқларни ёқаман, деди Уинстон. Илтимос, ичкарига кириб, эшикни ёпсангиз.
Профессор бир қадам ичкарига кириб, қоронғилик аро ниманидир илғашга уринди ва атрофга разм солди. Ортдаги эшикни ёпганда чиққан шиқирлаган товуш эшик қулфланганидан дарак берди.
Аста-секинлик билан хонанинг турли бурчакларида чироқлар кўрина бошлади. Лэнгдоннинг кўз ўнгида баҳайбат учоқлар кутиб олиниб, кузатиладиган ангар сингари бепоён кенглик намоён бўлди.
Хона майдони уч минг юз квадрат метрни ташкил этади, профессорнинг ҳайратини сезгандек изоҳ берди Уинстон.
Бу хонага солиштирганда музейнинг кириш зали митти гномча эди.
Чироқлар ёришаркан, Лэнгдон полдаги улкан шаклларни пайқади. Етти-саккизтача келадиган баҳайбат қорамтир шарпалар ярим тунда ўтлаётган динозаврларни ёдга соларди.
Ё қудратингдан!.. Нималарни кўряпман ўзи?
Кўраётганингиз Вақт материяси деб аталади, музейимиздаги энг оғир экспонат саналади. Унинг вазни тўққиз юз тоннадан зиёдроқ, тантанали оҳангда изоҳ берди Уинстон.
Бу ерда ёлғиз нима қиляпман?
Айтганимдек, жаноб Киршнинг шахсан ўзи сизга ушбу ажойиботларни кўрсатишимни сўради.
Уинстон гапини тугатар экан, чироқлар бор кучи билан нур тарата бошлади ва бепоён зални оппоқ ёғду чулғаб, олис қисмлари ҳам кафтдагидек намоён бўлди. Қаршисидаги манзарага чексиз ҳайрат‐ла тикиларкан, Лэнгдоннинг тили калимага келмас, хаёлида битта ўй айланарди.
Мен бутунлай бошқа дунёга кириб қолдим.
Еттинчи боб
Адмирал Луи Авила музейнинг хавфсизлик текшируви нуқтасига етиб келди ҳамда кечикмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун соатига қаради.
Ҳаммаси режадагидек!
Documento Nacional de Identidad (шахсни тасдиқловчи ҳужжат)нинг кўрсатгач, хизматчилар унинг исмини меҳмонлар рўйхатидан қидира бошлади. "Исмим бўлмаса‐чи", деган хавотир миясидан ўтиб, бир лаҳзага Авиланинг томир уриши тезлашди. Бахтига, унинг исми рўйхатнинг энг охирида сўнгги дақиқада қўшилганлар орасидан топилди ва ичкари киришига рухсат берилди.
Регент ваъдасининг устидан чиқди. Айтишларича, меҳмонлар рўйхати пўлат сандиққа солингандек сақланаркан. Регент қай тарзда унинг исмини тиркаб қўйгани Авилага қоронғи эди, буни кўп ўйлаб ҳам ўтирмади. Регент айтганини доим бажарган, ахир.
Авила металл аниқловчи ускунага яқинлашиб, мобил телефонини махсус идишга солди. Кейин ўта эҳтиёткорлик билан костюми чўнтагидан ноодатий оғир бўлган тасбеҳ доначаларини чиқариб, телефонининг устига қўйди.
Эҳтиёт бўлиш керак, деди ўз-ўзига, жудаям эҳтиёт бўлиш керак.
Металл детекторнинг нариги томонида турган соқчи Авилага қўлини силкиб, ўтиш ишорасини берди. Сўнг шахсий буюмлар солинган идишни ўзига тортди.
Que rosario tan bonito!8 деди соқчи бақувват занжирга зич тизилган катта-катта мунчоқлар ва учига хоч осилган металл тасбеҳга ҳавас билан қараб.
Gracias, ташаккур билдирди Авила. Ўзим ясаганман буни.
Авила металл аниқловчи қурилмадан ўтиб, қўл телефони ва тасбеҳни идишдан олди, доимги эҳтиёткорлик билан чўнтагига қайта жойлади. Сўнг иккинчи текширув нуқтасига яқинлашди. Бу ерда унга ғалати қулоқчин беришди.
Менга аудиойўлбошловчи ҳам, аудиотур ҳам керак эмас, қиладиган муҳим ишларим бор, деб кўнглидан ўтказди у. Музей атриуми бўйлаб юраркан, қулоқчинни ҳеч кимга сездирмай, дуч келган биринчи ахлат қутисига ташлаб юборди.
Авила холироқ жой қидириб, бинони кўздан кечирди. Регентга алоқага чиқди, ичкарига ҳеч қандай муаммосиз кириб олганидан уни хабардор қилиш зарур эди. Офицернинг юраги қафасдаги қушдек потирлай бошлади.
Барча ҳаракатларим энг аввало Яратган эгам, сўнгра мамлакатим ва қиролим шаъни учун, дея Авила ўзини тинчлантиришга уринди.
***
Айни шу маҳал Испаниядан минглаб километр олисдаги Дубай шаҳри атрофида жойлашган бепоён саҳро машъум ҳодисага гувоҳ бўлмоқда эди. Ойнинг кумуш ранг ёғдуси остида қум барханлари аро базўр эмаклаб, олдинга судралаётган кимса яққол кўзга ташланарди. Бутун танасини дош бериб бўлмас оғриқ чулғаб олган бу қария кўпчилик учун мўътабар етмиш саккиз яшар аллома Саид ал-Фадл эди. Ҳарчанд уринмасин, вужудини қоплаган азоб унга ортиқ бир қадам ҳам силжишга изн бермасди.
Ал-Фадлнинг териси куйиб, шилиниб кетган, томоғи шунчалик қуруқшаганидан зўрға нафас оларди. Дайди бўронлар аллақачон унинг кўзларини қум билан тўлдириб, кўриш бахтидан мосуво этган, шунга қарамай, у ҳамон эмаклашга интиларди. Бир гал унинг қулоғига саҳрода юришга мослашган машиналар моторининг товуши чалингандек бўлди, лекин бу шунчаки шамолнинг увиллаши бўлиб чиқди. Худо жонини сақлаб қолишига бўлган ишонч алломани аллақачон тарк этганди. Қузғунлар унинг боши узра ортиқ қанот қоқмас, энди улар ал-Фадлнинг атрофида бемалол айланиб юрарди.
Аллома инсон қадами камдан-кам етадиган саҳрога тасодифан келиб қолмаганди. Ҳаммаси ўтган тунда ал-Фадлга баланд бўйли, номаълум испан ҳужум қилишидан бошланди. Талончи ёши бир жойга бориб қолганидан ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган қарияни асир олиб, ўз машинасида шаҳар ташқарисига олиб келди. Номаълум испан йўл-йўлакай чурқ этмай, бирор соатча юргандан сўнг тўхтаб, алломага машинадан тушишни буюрди ва бечора қарияни сувсиз, егуликсиз зулмат саҳро бағрига ташлаб кетди.
Талончи ўзининг кимлигини айтмади, хатти-ҳаракатлари учун ҳеч қандай тушунтириш ҳам бермади. Ал-Фадлнинг кўзи тушган ягона нарса унинг ўнг панжасига туширилган ғалати белги бўлди. Бу белги ал-Фадлга бутунлай нотаниш эди.
Аллома бир неча соат қум оралаб аранг қадам ташлаб, йўл қидирди, ёрдам сўраб беҳуда фарёд урди. Мана энди, сувсизланган гавдаси тупроққа қоришаркан, жони ҳалқумига тиқилганини ҳис қилди ва кечадан бери тинмасдан миясида айланаётган саволни яна бир карра ўзига берди.
Менинг ўлимим кимга бунчалик керак бўлди экан?
Шу чоғда ал-Фадл бу саволга фақат бир тўғри жавоб борлигини англаб, даҳшатга тушди.
Саккизинчи боб
Робeрт Лэнгдон зал бўйлаб оҳиста қадам босаркан, ҳайрат тўла нигоҳини қаршидаги санъат асарларидан узолмасди. Ҳар бири занг рангидаги пўлатдан ишланиб, нафосат билан кўкка кўтарилган экспонатлар бир-биридан мустақил, алоҳида деворларни ҳосил қилганди. Уларнинг баландлиги тўрт ярим метрлар чамаси бўлиб, шаклини доимий ўзгартирар, бир тўлқинсимон лента, бир очиқ доира, бир спирал ҳолатига кирарди.
Вақт материяси, такрорлади Уинстон, Ричард Серранинг ижод маҳсули. Ўта оғир металдан ясалган деворларнинг ҳеч қандай тиргакларсиз қад кўтаргани кузатувчида беқарор тургандек таассурот уйғотади. Аслида, экспонатлар жудаям турғун. Геометриянинг кучига ўзингиз ҳам кичик тажриба орқали ишонч ҳосил қилишингиз мумкин. Бир долларлик қоғоз пулни олиб, қаламга айлантириб ўранг. Қаламни секин тортиб олсангиз ҳам, пул ўз шаклини ўзгартирмай, бемалол юзада тик тура олади.
Лэнгдон юришдан тўхтаб, ёнидаги баҳайбат металл доирага синчков разм солди. Ижодкор оксидлантириш орқали металнинг куйган мис рангида, ишлов берилмаган, табиий ҳолатда кўринишига эришганди. Бу санъат асари бир вақтнинг ўзида буюк қудрат ҳамда нафис мувозанат ҳиссини акс эттирарди.
Профессор, кўриб турган экспонатингиз тўла бирлашмаганига эътибор қилдингизми?
Лэнгдон доирани айланиб ўтиб, унинг деворлари ростдан ҳам охиригача қўшилмаганини кўрди. Гўё ёш бола доира чизишни бошлаган‐у, икки учини бирлаштиришни унутгандек эди.
Очиқ қолган бўшлиқ экспонат ичига ўтиш йўлаги бўлиб, ташриф буюрувчини янги маконни кашф этишга чорлайди.
Ташриф буюрувчида клаустрафобия 9 бўлса‐чи? ўйлади Лэнгдон ва тезда у ердан нари кетди.
Қаршингиздаги пўлатдан ишланган учта лентада ҳам, давом этди Уинстон, худди шундай усул қўлланган. Бир-бирига параллель қўйилган ленталар ўттиз метрдан ошиқ узунликдаги иккита ички туннелга йўл очади. Шартли равишда Илон деб аталувчи туннеллар ҳамиша ёш меҳмонларимиз учун севимли жой бўлган. Биласизми, туннелнинг бир бошида турган одам ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмайдиган қилиб шивирлаши, лекин иккинчи бошидаги одам уни юзма-юз тургандек бемалол эшитиши мумкин.
Ҳаммаси жуда қизиқ, Уинстон! Лекин нима сабабдан Эдмонд бу галереяни менга кўрсатишингизни сўраганини тушунтириб бера оласизми? Мен бунақа ишларнинг мухлиси эмаслигимни у яхши билади‐ку.
Уинстон босиқлик билан жавоб қайтарди:
Эдмонд сизга ушбу галереядаги Бурама спирал деб номланган экспонатни кўрсатишимни сўраган. У ўнг бурчакда турибди, кўряпсизми?
Лэнгдон яхшироқ кўриш учун кўзларини қисиб, Уинстон айтган томонга тикилди. Сал кам саккиз юз метр олисдаги экспонатни назарда тутди, шекилли.
Аҳа, кўряпман.
Ажойиб! Қани, кетдик ўша ерга.
Лэнгдон атрофини қуршаб олган бўшлиққа зийрак кўз югуртириб, спирал томон юра бошларкан, Уинстон гапида давом этди:
Профессор, эшитишимча, Эдмонд Кирш сизнинг тарихдаги турли диний анъаналар, уларнинг санъатда акс этган эволюцияси борасидаги изланишларингиз ҳамда фикрларингиз мухлиси экан. Эдмонд шуғулланадиган ўйин назарияси ҳамда ҳисоблаш асосида башорат қилиш қайсидир маънода турли тизимлар қандай шаклланишини таҳлил қилиш ва уларнинг келажакда қандай босқичлардан ўтишини башорат қилишга ўхшайди.
Эдмонд ўз ишининг устаси эканига шубҳа йўқ. Уни бекорга бугунги кун Нострадамуси деб аташмайди.
Тўғри. Лекин бу қиёс Эдмонд учун бироз ҳақоратлидек, наздимда.
Нимага энди? эътироз билдирди Лэнгдон. Ахир, Нострадамус тарихдаги энг машҳур башоратчи бўлган.
Баҳслашяпти деб ўйламанг, профессор, аммо тан олайлик, Нострадамусга тегишли минглаб тугал маъносиз мисралар тўрт юз йилдан бери йўқ нарсадан маъно қидирадиган иримчиларга қўл келмоқда. Одамларнинг ҳар балони Иккинчи жаҳон урушидан тортиб, малика Диананинг сирли ўлимигача, ҳатто ўн биринчи сентябрь воқеасини ҳам Нострадамус битикларига боғлаши тутуруқсизликдан бошқа нарса эмас. Эдмонд Киршга келсак, унинг булут технологияси, ҳайдовчисиз машиналар, беш атомли чиплар ҳақидаги бир нечта батафсил башоратлари жуда қисқа вақтда воқеликка айланди. Йўқ, профессор, жаноб Киршни ҳеч қанақасига Нострадамусга қиёслаб бўлмайди.
Оббо, ранжитиб қўйдим, шекилли, ўйлади Лэнгдон. Эдмонд Кирш қўлида ишлайдиган ходимлар орасида ҳурмати баландлиги ҳақида гап-сўзлар юрарди. Уинстон ҳам Киршнинг садоқатли мухлисларидан бири экани кўриниб турибди.
Экскурсиямиз сизга манзурми, профессор? мавзуни ўзгартириб сўради Уинстон.
Жуда. Музейлардаги анъанавий йўлбошловчилик тизимини мукаммаллаштиргани учун Эдмондга ҳар қанча олқиш оз.
Масофавий аудиойўлбошловчиликни йўлга қўйиш Эдмонднинг кўп йиллик орзуси эди. Уни рўёбга чиқариш учун кўп вақт ва маблағ сарф қилди. Шу сабабли лойиҳанинг барча жиҳатлари қатъий сир сақланади.
Йўғ-э? Фойдаланилган технология унча мураккаб туюлмади менга. Тан оламан, дастлаб аудиогид ташриф буюрувчида табиий таассурот қолдиришига кўп ишонмагандим. Аммо шубҳаларим булутини шамолдек тарқатиб юбордингиз, сиз билан суҳбатлашиб одам зерикмайди, Уинстон.
Мақтовдан бошим кўкка етди. Ҳақиқатни билгач ҳам фикрингизни ўзгартирмайсиз, деб умид қиламан. Профессор, сиз билан энг бошидан самимий бўлмаганимни тан олишим зарур.
Тушунмадим? Нимани назарда тутяпсиз, Уинстон?
Аввало, менинг ҳақиқий исмим Уинстон эмас. Мени АRT деб аташади.
Аrt санъат дегани-ку! Санъат исмли санъат музейи аудиойўлбошловчиси экансиз-да! кулди Лэнгдон. Асл исмингизни яширганингиз сабаби тушунарли. Танишганимдан хурсандман, Санъат.
Бундан ташқари, нега мен ҳамма йўлбошловчилар қатори сиз билан ёнма-ён юрмаслигимни сўраганингизда, жаноб Кирш музейдаги оломон сонини қисқартиришни кўзлаганини айтгандим. Аммо бу тўлиқ жавоб эмасди. Юзма-юз эмас, қулоқчин орқали суҳбатлашаётганимизга яна бир сабаб бор, овоз бир зум тин олди. Гап шундаки, мен юролмайман.
Вой Жуда афсусдаман Лэнгдон аравачага михланган кўйи қўнғироқлар марказида ўтирган Санъатни тасаввур қилиб, ичи ачиди. Айни дамда бечора йигитнинг аҳволи ҳақида яна сўрашга хижолат тортди.
Афсусланишга ҳожат йўқ, профессор. Ишонтириб айтаманки, агар оёғим бўлганида, ўта ғайритабиий кўринган бўлардим. Мен тасаввурингиздагидан бутунлай бошқачаман, тушуняпсизми?
Лэнгдоннинг қадами секинлади.
Нима демоқчисиз бу билан?
АРТ исмим инглизча Art эмас, балки Artificial сунъий сўзи ўзагидан олинган. Жаноб Киршнинг ўзи мени ART деб аташни афзал кўради, АRT чуқур нафас олиб давом этди. Ҳақиқат шундаки, профессор, бутун оқшом давомида сиз сунъий экскурсовод, оддийроқ айтганда, компьютер билан суҳбатлашиб келдингиз.
Қулоқларига ишонмаган Лэнгдон юришдан тўхтаб, атрофга аланглади:
Бу яна қанақа ҳазил бўлди?
Айтганларимнинг барчаси бор ҳақиқат, профессор. Эдмонд Кирш сунъий интеллект яратиш учун ўн йилдан ошиқроқ вақт, бир миллиард долларга яқин маблағ сарфлади. Бугун сиз энг биринчилардан бўлиб унинг машаққатли меҳнатлари мевасига гувоҳ бўлдингиз. Музей бўйлаб сизга тақдим этилган саёҳатга сунъий гид ҳамроҳлик қилди. Мен инсон эмасман, профессор.
Дастлаб Лэнгдоннинг ақли эшитганларини ҳазм қилолмади. Боши ичидан овози келаётган одамнинг талаффузи тиниқ, грамматикаси мукаммал эди. Бироз ғалатироқ кулгисини ҳисобга олмаса, Уинстон (ёки АRT) Лэнгдон дуч келган энг зукко суҳбатдош ҳисобланарди. Қолаверса, сунъий аудиогиднинг турлича мавзуларда истисноларсиз гапириши, фақат инсонга хос самимий ҳазиллар қилиши мумкинлиги ақлга сиғмасди.
"Мени кузатишяпти", деган қарорга келди Лэнгдон зал деворларидан яширин камераларни қидираркан. Ҳойнаҳой, 'Тажриба санъати' атайдан саҳналаштирилган томоша иштирокчисига айланиб қолдим. Улар мени лабиринтдаги каламуш аҳволига солиб қўйишди.
Бўлаётган ишлар менга кўп ҳам хуш келмаяпти, Лэнгдон овозини бир парда кўтариб хитоб қилди. Унинг товуши галерея бўйлаб акс-садо берди.
Узр сўрайман, жавоб қилди Уинстон, Аҳволингизни тушуниб турибман. Бу янгиликни қабул қилишингиз қийин бўлишини билардим. Шу боис Эдмонд сизни мана шу холи жойга, одамлар кўзидан узоққа олиб келишимни сўраганди. Бу маълумот бошқа ҳеч бир меҳмонга ошкор этилмайди.
Лэнгдон ён-атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун яна бир бор атрофига назар солди.
Ўзингизга маълум, Лэнгдоннинг безовталигига парво қилмай, гапида давом этди Уинстон, инсон мияси иккилик тизимга асосланган синапсислар ҳамиша ёки фаол, ёки нофаол ҳолатда бўлади. Буни компьютерлардаги ё ўчиқ, ё ёниқ бўладиган ўчириб‐ёққичга қиёслаш мумкин. Одамзот миясида юз триллиондан ошиқроқ ўчириб‐ёққич мавжуд. Бу мия яратиш технологиянинг янгилигига эмас, балки тизимнинг ҳажмига кўпроқ боғлиқлигини кўрсатади.
Лэнгдоннинг қулоғига деярли гап кирмасди. Галереяни тарк этиш учун зал охирига бориш кераклигини кўрсатувчи белгига қараб юришда давом этди.
Профессор, инсонникига ўхшаш овозимни қабул қилишингиз қийинлигини тушунаман. Аслида, нутқ энг осон қисм. Ҳозир тўқсон тўққиз долларга одам товушини озми-кўпми ўхшатувчи электрон китоб ўқиш қурилмасини топишингиз мумкин. Эдмонд эса бу лойиҳага миллиардлаб пул сарфлаган.