Лэнгдон юришдан тўхтади.
Ростдан компьютер бўлсангиз, саволимга жавоб беринг‐чи: 1974 йил, 24 август куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи қандай натижа билан ёпилган?
1974 йилнинг 24 августи шанба дам олиш кунига тўғри келган, иккиланмай жавоб берди овоз. Демак, бу куни бозорлар умуман очилмаган.
Лэнгдоннинг эти жимирлаб кетди. У бежиз танламаганди бу кунни. Лэнгдондаги образли хотиранинг устун жиҳатларидан бири ҳар қандай сана ва рақамлар ҳодисаларга қўшилиб, унинг миясида абадий муҳрланиб қоларди. 1974 йилнинг 24 августида энг яқин дўстининг туғилган куни бўлганди. Профессор ҳалигача ҳовуз базми, Ҳелен Вули кийган мовий бикини ва бу сананинг дам олиш кунига тўғри келганини яхши эсларди.
Аммо, давом этди Уинстон, бир кун аввал, 23 август жума куни Доу-Жонс саноат кўрсаткичи 686,80 га тенг бўлиб, у 17,83 баллга пастлаган ва 2,53 фоиз зиён кўрилган.
Профессорнинг тили калимага келмай қолди.
Смартфонингиздан фойдаланиб, берган маълумотимни текширишингиз мумкин, қиқирлаб кулди овоз. Мен кутиб тураман. Албатта, бундай йўл тутишингизни жуда кулгили деб биламан барибир.
Лекин қандай қилиб
Сунъий интеллектдаги асосий муаммо, Уинстон гапида давом этди. Энди унинг енгил британча акценти Лэнгдонга ғалати туюла бошлади маълумотларга тезкор уланиш эмас, балки маълумотлар бир-бири билан қанчалик алоқадорлиги ва қай бири ҳақиқатга яқинлигини аниқлай олиш қобилиятидир. Ғояларнинг ўзаро боғлиқлигини таҳлил қилишда сизга етадигани камдан-кам топилади, шу сабабли жаноб Кирш қобилиятимни айнан сиз билан синовдан ўтказишни истади.
Синов? Мен билан? Сиз мени синадингизми ҳали?
Йўғ-э, нималар деяпсиз? хижолатомуз кулди Уинстон. Аксинча, мени синовдан ўтказишди: Эдмонд инсон эканимга сизни ишонтира олиш-олмаслигимни синади.
Бу Тюринг тестими?
Худди шундай!
Лэнгдоннинг ёдига ўтган асрнинг эллигинчи йилларида код ечувчи мутахассис Алан Тюринг таклиф этган Тюринг тести тушди. Тест компьютернинг қай даражада инсонга ўхшашлигини баҳолашга мўлжалланган бўлиб, унда ҳакам ролидаги одамга компьютер билан инсон ўртасида бўлган суҳбат эшиттирилар, агар ҳакам иккисидан қай бири инсон эканини аниқлай олмаса, Тюринг тести муваффақиятли ўтган ҳисобланарди. 2014 йили Лондон Қироллик жамиятида ўтказилган тестда сўнгги яратилган компьютер дастурларидан бири юқори натижа қайд этди. Ўшандан бери сунъий интеллект технологияси кўз илғамас суръатда ривожлана борди.
Ҳозирча, гапида давом этди Санъат, ҳеч бир меҳмонимизда шубҳа уйғонмади. Улар мириқиб вақт ўтказмоқда.
Шошманг, ҳар бир ташриф буюрувчи компьютер билан гаплашяпти, демоқчимисиз?
Аниқроқ айтганда, ҳамма фақат мен билан гаплашяпти. Менга бир вақтнинг ўзида кўп сонли одамлар билан гаплашиш муаммо эмас, чунки ўзимни осонлик билан қисмларга бўла оламан. Айни дамда сиз Эдмонд танлаган бирламчи овозимни тингламоқдасиз. Бошқа меҳмонлар ҳам мени ўзининг тилида, лекин турлича товушларда эшитяпти. Америкалик академиклигингизни инобатга олиб, сиз учун британча талаффуздаги асосий эркак овозимни танладим. Эркак товуши америкача шевада сўзлайдиган ёшгина аёл овозидан кўра ҳар ҳолда ишонарлироқ чиқишини тахмин қилгандим.
Тавба, бу матоҳ ҳозиргина мени шовинистга 10 чиқариб қўйдими?
Лэнгдон бир неча йил илгари онлайн тармоқларда шов-шувга айланган машҳур аудиоёзув ҳақида эслади. Ўшанда Тime журнали бош муҳаррири Майкл Шерерга реклама роботи қўнғироқ қилиб, ҳақиқий одамдек гаплашганди. Роботнинг табиий мулоқотидан ҳайратга тушган Шерер суҳбат аудиоёзувини интернет сайтига жойлаб, оммага эълон қилган.
Бир неча йил аввал содир бўлган бу воқеани Уинстонга бирор алоқаси бормикан, хаёлидан ўтказди Лэнгдон.
Кирш кўп йиллардан буён сунъий интеллект яратиш устида ишлаётганини Лэнгдон сезиб юрганди, чунки шогирди вақти-вақти билан журнал муқоваларида пайдо бўлиб, бўлажак кашфиётига турли ишоралар бериб турарди. Кирш янги фарзанди Уинстонни дунёга келтириб, қилган меҳнатлари беиз кетмаганини исботлади. Унинг ақл-салоҳиятига тан бермай илож йўқ.
Вақтимиз озлигини биламан, Санъат сўзлашдан тўхтамади, аммо жаноб Кирш сизга спирални кўрсатишимни қаттиқ тайинлаган. Мана, етиб келдик. Эдмонд яна сиздан спирал ичига кириб, марказий қисмигача боришингизни сўради.
Спиралдаги ичкарига олиб борувчи тор ўтиш йўлакчасига қараб, Лэнгдоннинг эти увишди. Бу яна қанақа ёш болача ҳазил бўлди?
Балки ичкарида нима борлигини айтиб қўяқоларсиз? Тор жойларга унчалик ҳушим йўқ мени.
Ия, бу ҳақда билмас эканман.
Клаустрафобиям борлиги ҳақида ҳамма жойда гапириб юришни лозим топмайман, деди Лэнгдон ҳануз компьютер билан гаплашаётганига тўла ишонолмай.
Қўрқишга ҳожат йўқ. Спирал маркази анчагина кенг. Айтяпман-ку, жаноб Кирш айнан марказни кўришингизни тайинлади. Шунингдек, у киришингиздан олдин бошингиздаги қулоқчинни ечиб, полга қўйишингизни ҳам эслатиб ўтди.
Лэнгдон қорамтир спиралга иккиланганча қараб сўради:
Сиз мен билан кирмайсизми?
Шунақага ўхшайди.
Буларнинг бари жуда ғалати Ишончим комил эмас
Профессор, жаноб Киршнинг таклифномасини олгач, кечада қатнашиш учун минглаб чақирим йўл босиб келдингиз. Бунинг олдида спиралнинг ичига бир неча метр юриб кириш арзимаган иш-ку! Болалар ҳар куни юз марталаб туннель ичидан у ёқдан-бу ёққа чопиб ўтади ва уларга ҳеч қандай зарар етмайди.
Лэнгдонни умрида биринчи марта компьютер изза қилганди. Уинстоннинг сўнгги жумлалари қоқ мўлжалга урилди. Лэнгдон қулоқчинни бошидан олиб, эҳтиёткорлик билан полга қўйди. Сўнг қаршисидаги спиралнинг кириш жойига яқинлашди. Спиралнинг баланд деворлари орасидаги торгина ўтиш йўли ичкариси қоронғиликка туташиб кетганди.
Бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ, деди Лэнгдон ўз-ўзига таскин беришга уринаркан.
У чуқур нафас олиб, туннель ичкарисига қадам ташлади.
Илонизи йўлакдан иборат энсиз туннель Лэнгдон тасаввур қилганидан кўра узунроқ бўлиб, ичкарилагани сари йўлдаги айланма бурилишлар сони кўпайиб борди. Тез орада Лэнгдон неча марта йўлдан бурилганини чамалаб, ҳисобдан адашиб кетди: соат мили бўйлаб ҳар бир айланишдан кейин йўлак борган сари торайиб, туннель деворлари Лэнгдоннинг кенг елкаларига тегай-тегай деб қолди. Нафас ол, Роберт, чуқурроқ нафас ол. Қиялаган металл деворлар ҳар сонияда қулаб, уни босиб қоладигандек эди гўё.
Нималар қиляпман ўзи?
Профессор ортига бурилиб, қайтишга чоғланган ҳам эдики, тор йўлак тўсатдан ниҳоясига етиб, уни катта очиқ майдонга олиб чиқди. Уинстон айтганидек, спирал ичкариси кутилгандан кўра кенгроқ экан. Лэнгдон ўйлаб ўтирмай, туннелдан очиқликка чиқди, ўпкасини тўлдириб нафас олди ва атрофини ўраб турган баланд металл деворларга бир қур назар ташлаб, бу пухта ўйланган ҳазил ўйин бўлса керак, деб хаёлидан ўтказди.
Шу маҳал ташқаридан эшикнинг шиқирлаб очилгани эшитилди. Баланд деворлар орасида шахдам босилган қадам товушларининг акс-садоси жаранглади. Кимдир галереяга кириб, Лэнгдон кўрган эшик орқали келаётганди. Қадам товуши спиралга кириб, Лэнгдон атрофида айлана бошлади. У ҳар бурилишда қаттиқроқ эшитиларди. Марказга яна кимдир келаётгани аниқ эди.
Лэнгдон туннелнинг чиқиш жойига диққат билан қаради. Оёқ товуши тобора яқинроқдан жарангларкан, йўлак бошида ўрта бўйли, қотмагина, кўзлари чақноқ, қалин қора соч оқ танли одам кўринди.
Лэнгдон келган меҳмон кимлигини таниш учун бир муддат тикилиб тургач, чеҳраси ёришди ва хитоб қилди:
Буюклар буюги Эдмонд Кирш қандай ташриф буюришни яхши билади!
Айтишганидек, биринчи таассуротни иккинчи марта уйғотиб бўлмайди, жилмайди Кирш. Сизни кўрганимдан мамнунман, Роберт. Келганингиз учун ташаккур!
Икки эркак бир-бирига яқинлашиб дўстона қучоқлашди. Лэнгдон эски қадрдонининг елкасига қоқиб қўяркан, Киршнинг аввалгидан анча вазн йўқотганини ҳис қилди.
Озиб қолибсан, тинчликми? сўради у.
Вегетарианликка ўтдим, жавоб қайтарди Кирш. жисмоний машқлардан кўра осонроқ бу.
Лэнгдон тасдиқлаб кулди:
Озғин бўлсанг ҳам, қайта учрашганимиздан хурсандман, Эдмонд, сўнг ҳазиллашди: Доимгидек барчани башанг кийинишга мажбур қилиб, ўзинг устингга нима илиб олганингни худо билади.
Ким, менми? Кирш эгнидаги тор қора жинси, олди V шаклида ўйилган оқ футболка, ёнбошига замок тикилган курткасига қараб илжайди, Кутюр маҳсулоти булар.
Оппоқ сланс шиппагинг ҳам Кутюрми?
Шиппак?! Шиппак Ferragamo Guineas брендига тегишли.
Эгнингдаги кутюраларнинг нархи, тахмин қилишимча, менинг шкафимдаги ҳамма кийимлар нархига баробар бўлса керак.
Эдмонд қўл чўзиб, Лэнгдон кийиб олган классик фракнинг ёрлиғини кўздан кечирди ва мамнун жилмайиб фикр билдирди:
Нега энди? Жуда ажойиб костюмингиз, Лэнгдон. Сизга ярашган.
Дарвоқе, Эдмонд, менга қара, Лэнгдоннинг ёдига бояги ишлар тушиб мавзуни ўзгартирди, сенинг сунъий дўстинг бор‐ку, Уинстон жуда бошқача.
Эдмонднинг юзига табассум ёйилди:
Жуда зўр, шундай эмасми? Бу йил сунъий интеллект борасида нималар қилганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз, Лэнгдон. Ҳақиқий квант сакраши бўлди. Мен компьютерларга бутунлай ўзгача усулларда муаммоларни ечиш, мустақил равишда ўзини ўзи назорат қилиш имкониятини берувчи бир неча янги технология яратдим. Уинстон устида ҳалиям ишлаяпман, у кундан-кунга ўсиб боряпти.
Лэнгдон тингларкан, Эдмонднинг ёш боланикидек беғубор кўзлари атрофида кўкимтир қора доғлар пайдо бўлганини пайқаб, ичи қирилди. Қадрдон шогирди жудаям толиққан кўринарди.
Эдмонд, мени бу ерга чақирганинг сабабини билсам бўладими?
Бильбаогами? Ёки Ричард Серра спиралининг ичигами?
Спиралдан бошлай қолайлик. Клаустрафобиям борлигини билардинг-ку!
Албатта, билардим. Бироқ бу кеча барча меҳмонларни комфорт зонасидан қўзғатиш учун ташкилланган, мағрурона жилмайди Эдмонд.
Ҳар доимгидек, ўз репертуарингдан чиқмайсан, деди Лэнгдон ясама жаҳл билан.
Мендан ранжиманг, Роберт, Эдмонд қувноқлик билан узр сўради. Сиз билан гаплашиб олишим зарур эди. Мен эса томоша бошланмасдан олдин кўринишни истамадим.
Рок юлдузи мухлисларига концертдан олдин дийдорини кўрсатмайдими?
Бўлмасам‐чи! Рок юлдузи саҳнани тўлдирган туман орасида сирли тарзда пайдо бўлади, ахир, деб ҳазиллашди Кирш.
Шу он майдонча тепасидаги чироқлар липиллаб ўчиб‐ёнди. Кирш енгини шимариб, соатига кўз ташлади. Сўнг Лэнгдонга қаради, унинг юз ифодаси тўсатдан жиддийлашганди.
Роберт, вақтимиз оз. Бугун мен учун ўта муҳим кун. Нафақат мен, балки бутун инсоният учун унутилмас кун, десам ҳам бўлади.
Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди.
Яқинда бир илмий кашфиёт қилдим, давом этди Эдмонд. Бу фандаги бағоят улкан ва кутилмаган портлаш бўлди. Унинг инсоният келажагига таъсир кучини хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. Ҳозирча ер юзидаги бирор кимсанинг бундан хабари йўқ. Лекин бироздан сўнг жонли эфир орқали бутун дунёга мурожаат этиб, кашфиётим ҳақида эълон қиламан.
Нима дейишга ҳайронман, елка қисди Лэнгдон.
Қизиқтириб қўйдинг мени.
Эдмонд овозини пастлатиб, ўзига хос бўлмаган ғайриоддий ҳаяжон ила гапира бошлади:
Роберт, кашфиётни ошкор этишдан олдин сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман, у бир зум тўхтади. Айни дамда менинг ҳаётим шунга боғлиқ, деб қўрқаман.
Тўққизинчи боб
Спирал ичидаги катта майдонда икки киши ўртасига жимлик чўкди.
Маслаҳатингизга муҳтожман менинг ҳаётим шунга боғлиқ, деб қўрқаман.
Эдмонднинг сўзлари ҳавода муаллақ қолгандек эди, Лэнгдон дўстининг кўзларидаги қўрқувни кўриб, хавотирланиб сўради:
Эдмонд, нималар бўляпти ўзи? Аҳволинг яхшими?
Чироқлар яна ўчиб-ёнишни бошлади, лекин Эдмонд бунга эътибор қилмади.
Бу йил мен учун эсда қоларли йил бўлди, деди у шивирлаб, ёлғиз ўзим оламшумул кашфиётга олиб келган лойиҳа устида ишладим.
Ажойиб.
Кирш бош силкиди:
Ростдан ҳам ажойиб. Янгилигим тўғрисида бутун оламни хабардор қилишни қанчалик интизорлик билан кутаётганимни таърифлашга тил ожиз. Кашфиётим инсонлар онгида тўнтариш ясайди. Муболағасиз айтяпман: кашфиётим таъсири Коперник инқилобига тенгдир.
Лэнгдон шогирдим ҳазиллашяпти, деб ўйлади, аммо Эдмонднинг қиёфаси ҳамон жиддий эди.
Коперник инқилоби? Гарчанд Эдмонд камтарлик борасида мақтана олмаслигини билса ҳам, унинг бу галги даъвоси Лэнгдонга ўтакетган бемаъниликдек эшитилди. Николай Коперник гелиоцентризм моделининг асосчиси ҳисобланади. У 16‐асрда барча сайёралар Қуёш атрофида айланишини исботлаганди. Бу эса Худо яратган оламнинг маркази Ер экани, ҳамма сайёралар, ҳатто Қуёш ҳам одамзод яшовчи замин атрофида айланишини уқтирувчи анъанавий черков таълимотини йўққа чиқариб, ҳақиқий илмий инқилоб ясаганди. Коперникнинг кашфиёти черков томонидан уч аср мобайнида рад этилиб, қораланса‐да, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Коперник дунё харитасини ўзгартирган олим сифатида тарихда қолди.
Ишонмаяпсиз‐а? деди Эдмонд. Агар кашфиётимни Дарвин назариясига қиёсласам‐чи?
Иккиси ҳам бир, жилмайди Лэнгдон.
Яхши, ундай бўлса айтинг‐чи, бутун тарихимиз давомида инсониятнинг ўзига берадиган икки асосий саволи нима?
Профессор ўйланиб қолди.
Ҳмм Менимча саволлар: Ҳаёт қандай бошланган? Биз қандай пайдо бўлганмиз? бўлса керак.
Мутлақо тўғри. Айтганларингизнинг иккиси ҳам битта савол саналади. Иккинчи савол эса биринчисининг мантиқий давоми сифатида Биз қаердан пайдо бўлганмиз? эмас балки
Бизни олдинда нима кутмоқда?
Айнан шундай! Мана шу икки жумбоқ инсон тажрибасининг асосини ташкил қилади. Биз қаердан пайдо бўлганмиз? Бизни олдинда нима кутмоқда? Инсоният ибтидоси ва инсоният тақдири умумбашарий жумбоқдир, Эдмонд кўзларини катта‐катта очиб, хавотир билан Лэнгдонга қаради. Роберт, менинг кашфиётим иккала саволга аниқ жавоб беради.
Лэнгдон иложи борича Эдмонднинг оғзидан чиққан жумлаларни тушуниб, мағзини чақишга уринарди.
Мен нима дейишни билмайман, рости
Бирор нарса дейишга ҳожат йўқ. Бу масалани тақдимотдан сўнг бафуржа муҳокама қилишга вақтимиз бўлади ҳали. Айни дамда мени бошқа нарса кашфиётимнинг эҳтимолий салбий оқибати ташвишга солмоқда.
Қандайдир кўнгилсизлик бўлишидан чўчияпсанми?
Бунга шубҳам йўқ. Иккала жумбоққа жавоб топиш орқали асрлар давомида қарор топган диний таълимотлар билан ихтилофга киришдим. Инсон ибтидоси ва инсон тақдири ҳақида гапириш анъанага кўра, динларнинг томорқаси бўлиб келган. Мен эса бегона ҳудудга бостириб кирдим. Дунё динлари мен эълон қилмоқчи бўлган нарсани бағрикенглик билан қабул қилмаслиги кундек равшан.
Шошма, демак, ўтган йили Бостондаги тушлик устида дин ҳақида гапириб, нақ икки соат бошимни қотирганинг бекорга эмас экан-да? сўради Лэнгдон.
Шундай. Эсингизда бўлса, бизнинг асримизда барча диний тўқималар илмий кашфиётлар сабабли бутунлай йўқликка маҳкум этилади, деб сизга ваъда бергандим.
"Буни унутиб бўларканми", деб хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Киршнинг ишонч билан айтган сўзлари Лэнгдоннинг хотирасида сўзма‐сўз сақланиб қолганди.
Ёдимда, Эдмонд. Сенинг фикрингга қарши чиқиб, дин минг йиллардан бери илм‐фандаги мислсиз кашфиётларга бардош бериб келаётгани ва у жамиятда муҳим аҳамиятга эга эканини айтгандим. Албатта, динлар ҳамиша ўзгариб келган, ўзгаришда давом этади, лекин ҳеч қачон ўлмайди.