Ибтидо - Браун Дэн 9 стр.


Бугун ҳеч нарсага чалғимаслигим керак.

Авила соатига қараб вақтни кўргач, лифтлар томонга кўз ташлади. Улар аллақачон асосий намойиш ўтказиладиган юқори қаватга кўтарилаётган меҳмонлар билан тўла эди. Авила зинадан чиқишга қарор қилди. Юқорига одимларкан, у танасида ўтган тундаги каби қалтироқни ҳис этди. Наҳотки, ўлдиришга яроқсиз одамга айланиб қолган бўлсам? Рафиқаси ва фарзандлари ҳаётига зомин бўлган худосиз жоҳиллар Авилани ҳар томонлама ўзгартириб юборганди. Барча ҳаракатларимга Парвардигорнинг ўзи ижозат берган, эслатди у ўз‐ўзига. Қилаётган ишларим адолат тақозоси.

Иккинчи қаватга етганда Авиланинг эътиборини зина яқинида турган аёл тортди. Испаниянинг янги юлдузи, деб ўйлади у соҳибжамолга кўз ташлаб.

Аёлнинг эгнидаги қора диагональ чизиқли оппоқ кўйлак хушқад танасига ёпишиб турар ва нозик қоматининг бутун гўзаллигини кўз‐кўз этарди. Унинг тим қора қалин сочлари, латиф ҳаракатлари нафақат Авила, балки бошқа йиғилганларнинг ҳам нигоҳини жалб этганди.

Оқ кўйлакли аёл атрофдагиларнинг ҳавасманд қарашларидан ташқари иккита бақувват соқчининг эътибор марказида эди. Соқчилар унга бир‐икки қадам нарида ёввойи мушук каби эҳтиёткорлик ва масъулият ила эргашиб борар, уларнинг кўк камзулига хоч тасвири билан бирга ҚГ бош ҳарфлари туширилган эди.

Авила соқчилар борлигидан ажабланмаса-да, уларни кўриб, юрак уриши тезлашди. Испан қуролли кучларининг собиқ аъзоси сифатида Авила ҚГ нима маъно англатишидан яхши хабардор эди. Бу икки соқчи қуролланган ва ер юзидаги энг яхши тайёргарликдан ўтган қўриқчилар қаторида эди.

Улар шу ерда экан, бу ёғига эҳтиёт бўлишим зарур.

 Ҳой! кутилмаганда кимдир унинг ортидан чақирди.

Авила овоз келган томонга ўгирилди.

Унинг рўпарасида башанг костюм ва ковбойча шляпа кийиб олган қориндор кимса кулиб турарди.

 Кийимингизга гап йўқ! мақтади у Авиланинг ҳарбий коржомасига ниқтаб. Қаердан олдингиз буни?

Авила унга тикиларкан, мушти тугилди ва хаёлан деди: Бир умрлик хизматим ва қурбонликларим эвазига олдим. Сўнг елка қисганча:

 No hablo ingles13 дея жавоб қайтарди ва зинадан кўтарилишда давом этди.

Учинчи қаватда Авила узун коридорга дуч келди. Девордаги Ҳожатхона белгисига эргашиб, йўлак охирига қараб юрди. Манзилига етай деганда музейдаги чироқлар ўчиб‐ёнишни бошлаб, меҳмонларни назокат билан намойишлар залига чорлади.

Авила бўм‐бўш ҳожатхонага кириб, энг чеккадаги кабинага кирди ва эшикни ичкаридан қулфлади. Ёлғиз қолгач, у қалбида ўзига яхши таниш иблисларнинг уйғонаётганини, уни қайта чоҳга итаришмоқчилигини ҳис қилиб, юрагини ваҳима чулғаб олди.

Орадан беш йил ўтди, лекин хотиралар ҳануз таъқиб қилади мени.

Жаҳли чиққан Авила миясидаги қўрқувни қувиб чиқаришга уринди ва чўнтагидан тасбеҳни чиқарди. Эҳтиёткорлик билан уни эшикдаги кийим илгичга илиб қўйди. Кўз олдида аста‐секинлик билан тебранаётган тасбеҳ доналари ва хочни кўриб, ўз меҳнатига тасанно ўқиди. Оддий одам Авиланинг бу тасбеҳни ясашдан мақсадини билиб қолса, даҳшатга тушиши турган гап эди. Аммо Регент иложсизликдан қилинган гуноҳлар кечирилишига Авилани ишонтирганди.

Агар мақсад муқаддас бўлса, таъкидлаганди Регент, Парвардигор барчасини афв этади. Авиланинг нафақат руҳи, балки танаси ҳам ҳимоя остида эди. У панжасидаги татуировкага қаради.



Исо Масиҳ номи билан аталган қадимий монограмма масиҳий сингари унинг татуировкаси ҳам ҳарфлардан иборат рамзий белгини англатарди. Регентнинг кўрсатмасига биноан, бу белгини Авиланинг ўзи уч кун олдин махсус игна ва сиёҳ ёрдамида чизди. Агар мабодо қўлга тушиб қолса, у қўлидаги татуировкани соқчиларга кўрсатиши, шунда бир неча соат ичида қўйиб юборилишини Регент икки карра таъкидлаганди.

Бизнинг орамизда ҳукуматдаги олий мартабали шахслар бор, деганди Регент ўшанда.

Аллақачон бунинг исботини кўришга улгурган Авила учун татуировка ҳимоя қобиғи вазифасини ўтарди гўё. Анъаналарни ҳурмат қилувчи зотлар ҳалиям бор экан. Офицер кун келиб ана шу элита қаторига қўшилишдан умидвор, ҳозирча эса ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр эди.

Кабинада Авила телефонини олди ва берилган махфий рақамни терди:

Биринчи гудокдаёқ овоз эшитилди:

 Sí?

Estoy en posisión14, деди Авила якуний кўрсатмани кутиб.

 Bien, жавоб қайтарди Регент, Tendrás una sola oportunidad. Aprevecharla será crucial. Сизда фақат битта имконият бўлади, уни қўлдан чиқармаслигингиз шарт!

Ўн биринчи боб

Дубайнинг қуёш нурлари остида ялтирайдиган осмонўпар бинолари, инсон қўли билан бунёд этилган ороллари ва машҳур зодагонларнинг ҳашаматли виллаларидан ўттиз километр олисда Шаржа шаҳри жойлашган. Шаржа ўта консерватив Ислом маркази ва Бирлашган Араб Амирликларининг маданий пойтахти ҳисобланади.

Олти юздан ортиқ масжиди ва энг яхши университетлари билан Шаржа илоҳиёт ва фан борасида юксак маррага эришганди. Унинг ютуқларида беҳисоб нефт манбаларидан келадиган даромад ҳамда халқининг сифатли таълим олишини ҳар нарсадан устун қўювчи бошқарувчининг ўрни беқиёс эди.

Бу оқшом Шаржа аҳолисига қадрдон аллома Саид ал‐Фадлнинг оиласи ибодат учун бир жойга тўпланди. Бу сафар анъанавий таҳажжуд намозини ўқиш ўрнига улар куни кеча сирли равишда ғойиб бўлган севимли дада, амаки ва турмуш ўртоқларининг соғ‐омон қайтишини сўраб, саждага бош қўйдилар.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ҳамкасбларидан бири икки кун олдин Дунё динлари парламенти йиғилишидан қайтганидан бери аллома ўзини жуда ғалати тутганини гапириб берган. Ҳамкасби, шунингдек, Саиднинг телефонда ким биландир қаттиқ тортишганини эшитган. Суҳбат инглизча бўлгани учун у ҳеч вақони тушунмаган, лекин аллома бир исмни қайта‐қайта такрорлаганига ишончи комил эди:

Эдмонд Кирш.

Ўн иккинчи боб

Спиралдаги йўлак орқали ташқарига қараб юраркан, Лэнгдоннинг ўй‐хаёллари чалкашиб кетди. Эдмонд билан суҳбати ҳам қизиқарли, ҳам хавотирли бўлди. Киршнинг даъволари қанчалик муболаға бўлмасин, шогирди дунёни ўзгартирадиган ниманидир кашф қилгани аниқ эди.

Коперник кашфиётидек муҳим топилма нима бўлиши мумкин?

Ниҳоят, Лэнгдон туннелдан чиқиб олгач, боши айланаётганини ҳис қилди. У полга қўйиб кетган қулоқчинни қайта тақди:

 Уинстон, шу ердамисиз?

Қисқа тиқирлашдан сўнг британча талаффуз эшитилди:

 Салом, профессор. Мен шу ердаман. Жаноб Кирш сизни хизматчилар фойдаланадиган лифтга олиб боришимни сўради, чунки атриумга қайтиш учун вақтимиз жуда оз. У, шунингдек, ичи кенгроқ хизмат лифтимиз сизга ёқишига умид қилди.

 Киршнинг ҳиммати чексиз. У клаустрафобиям борлигидан хабардор.

 Энди мен ҳам буни биламан. Ва ҳеч қачон унутмайман.

Уинстоннинг кўрсатмасига амал қилиб, Лэнгдон ён тарафдаги эшикка қараб юрди, у ердан бетон йўлакка чиқди. Ваъда қилинган лифт кабинаси ҳақиқатан ҳам катта ўлчамли санъат асарларини ташишга мўлжалланган бўлиб, кенггина эди.

 Энг пастки тугмани босинг, кўрсатма берди Уинстон Лэнгдон лифтга кираркан. Учинчи қаватга борамиз.

Манзилга етиб келгач, Лэнгдон ташқарига қадам босди.

 Жуда соз, Лэнгдоннинг боши ичида Уинстоннинг хушчақчақ товуши жаранглади. Чап тарафингиздаги галереяга юринг. У бизни тўғри намойишлар залига элтади.

Лэнгдон ортиқча гапирмай, антиқа санъат асарлари билан тўлган галерея ичра гипнозлангандек кета бошлади. У йўл‐йўлакай оппоқ деворга вақти‐вақти билан юмшоқ қизил мум парчаларини отаётган пўлат замбарак, симдан тўқилгани учун сузишга яроқсиз қайиқ, силлиқланган металл парчаларидан қурилган шаҳарнинг митти макети каби ажойиб нарсаларни кўрди.

Галереянинг чиқаверишидаги катта ўлчамли нарса Лэнгдоннинг эътиборини шунчалик тортдики, профессор чақмоқ ургандек жойида қотиб қолди.

Қасам ичаман, ўйлади у, бу музейдаги энг ғалати санъат асари бўлса керак.

Хонанинг бутун эни бўйлаб шифтгача панель ўрнатилган, унда узун чизиқ бўйлаб югураётган ва осмонга сакраётган кулранг бўриларнинг ёғоч ҳайкаллари акс этарди. Ҳаракатланиб, сакраётган бўрилар кўзга кўринмас шиша деворга бориб урилар ва пастга қулаб, ўлик бўрилар уюмини ҳосил қиларди.

 Кўриб турган асарингиз Тўқнашув деб аталади, тушунтирди Уинстон Лэнгдоннинг ҳайратланганини сезгандек. Девор томон чопаётган тўқсон тўққизта бўри тўда кайфияти, умумқабул қилинган меъёрлардан чиқиб кетишга жасорат етишмаслиги рамзи ҳисобланади.

Лэнгдон бу асарнинг ҳақиқатга нақадар яқинлигидан лол қолди. Бугун Эдмонд умумқабул қилинган меъёрларни бутунлай парчалаб ташламаса деб қўрқаман.

 Энди, тўғрига юрсангиз, деди Уинстон, анави олмос шаклидаги суратнинг чап томонида чиқиш эшигини топасиз. Бу асар Эдмонднинг энг севимли рассомларидан бирига тегишли.

Олдиндаги ёрқин суратга қараб, Лэнгдон ўзига хос чизиқлар, тиниқ ранглар ва ўйноқи кўзлар кимнинг ижодига тегишли эканини дарҳол сезди.

"Хуан Миро", ўйлади профессор. Унга Барселоналик таниқли рассомнинг худди сюрреалист витражга ишланган ёш болаларнинг расм бўяш китобини эслатувчи ижод намуналари ҳамиша ёққан.



Гарчи Лэнгдон бу асар билан яхши таниш бўлса-да, унинг ёнида бир зум тўхтади, суратнинг бўёқ изи қолмаган теп‐текис юзасини кўриб таажжубланди:

 Бу қайта ишланган нусхами?

 Асло. Бу асл нусха, жавоб берди Уинстон ғурурланиб.

Лэнгдон яқинроқ борди. Сурат катта принтерда қоғозга босиб чиқарилгани кўриниб турарди.

 Уинстон, бу нусха‐ку. Ҳатто матога ҳам чизилмаган, оддий қоғоз нусха!

 Мен мато билан ишламайман, деди Уинстон. Дастлаб виртуал равишда чизаман, сўнг Эдмонд чизганларимни принтердан чиқариб беради.

 Шошманг, Лэнгдон қулоқларига ишонмади, Бу суратни сиз чизганмисиз?

 Ҳа, хижолатомуз кулди Уинстон. Хуан Миронинг услубига тақлид қилиб кўрдим.

 Тушунарли. Ҳатто рассомнинг имзосини ҳам қўйибсиз Мирó.

 Ундай эмас. Эътибор берсангиз, мен сўнгги унлига урғу туширмай, Миро деб имзолаганман. Испанчада миро Мен қарайман деган маънони билдиради.

Ақлли фикр, тан олди Лэнгдон суратдаги ягона кўзга назар солиб.

 Эдмонд мендан автопортретимни чизишни сўраганди. Мана шу ҳосил бўлди.

Бу сизнинг автопортретингиз, демак, ўйлади Лэнгдон нотекис чизиқлар тўпламини яна бир бор кўздан кечириб. Жуда ғаройиб кўринишдаги компьютер экансиз.

Эдмонд алгоритмик санъат, яъни мураккаб компьютер дастурлари ёрдамида санъат намуналарини яратишга қизиқиб қолгани ҳақида Лэнгдон ўқиганди. Бу масала долзарб саволни ўртага ташлади: агар компьютер санъат асари яратса, унинг муаллифи ким бўлади компьютерми ёки дастурчи? Яқинда Массачусетс технологиялар институтида бўлиб ўтган кўргазмада компьютерлар чизган Алгоритмик санъат намуналари намойиш этилди. Бу кўргазма Ҳарвард университети ижтимоий фанлар курси учун янги мавзу очиб берди: санъат бизнинг инсонлигимизни белгилайдими?

 Мен мусиқа ҳам басталаб тураман, гапни давом эттирди Уинстон. Сиз учун бирор куй чалиб беришимни Эдмонддан сўрашингиз мумкин, агар қизиқсангиз. Албатта, ҳозир эмас, кейинроқ. Айни вақтда шошилишингиз керак. Намойиш бошланишига оз қолди.

Лэнгдон галереядан шошганча чиқиб, ўзини асосий залга олиб борувчи йўлакда кўрди. Кенг майдоннинг қарама‐қарши тарафида хизматчилар шошганча сўнгги гуруҳ меҳмонларни лифтдан чиқариб, Лэнгдон турган томошалар зали томонга қараб олиб келишаётганди.

 Бугунги дастур саноқли дақиқалардан сўнг бошланади, деди Уинстон. Залга кириш эшигини кўряпсизми?

 Ҳа. У рўпарамда турибди.

 Жуда соз. Сўнгги кўрсатма: залга кирганингизда, қулоқчинларни ташлаш учун мўлжалланган қутиларни кўрасиз. Эдмонд сиздан қулоқчинингизни ташламасдан, ёнингизда сақлашингизни сўради. Мана шу билан тақдимот тугагач, сизни орқа эшикдан, тиқилинчга қолмай музейдан олиб чиқишга кўмаклашаман, сиз эса бемалол такси ушлайсиз.

Лэнгдоннинг кўз олдига Эдмонд визиткасига ёзиб, такси ҳайдовчисига кўрсатишини тайинлаган ҳарфлар ва рақамлар келди.

 Уинстон, Эдмонд менга BIO ES346 деб ёзиб берди ва бу жудаям осон код эканлигини айтди.

 У ҳақ, дарҳол жавоб қайтарди Уинстон. Энди эса, профессор, дастур бошланиш арафасида турибди. Жаноб Киршнинг тақдимоти ёқади, деб умид қиламан. Сизга кейинроқ ҳамроҳлик қиламан.

Қисқа тиқирлаш эшитилиб, Уинстон билан алоқа узилди.

Лэнгдон кириш эшикларига яқинлашаркан, қулоқчинни ечиб, костюмининг чўнтагига солиб қўйди. Сўнг шошганча меҳмонларнинг сўнгги оқимига қўшилиб, намойишлар залига кирди. Унинг ортидан эшиклар ёпилгани эшитилди.

Ичкарида Лэнгдон яна бир бор ўзини кутилмаган жойда кўрди.

Тақдимотни тик туриб томоша қиламизми?

Лэнгдон тақдимот деганда одамлар кенг жойдаги қулай ўриндиқларга ўрнашиб, Эдмонднинг янгилигини бемалол эшитишини тасаввур қилганди. Ҳозир у кирган жой тик оёқда турган уч юз чоғли меҳмон билан тўлганди. Намойишлар залида на бир санъат асари ва на бир ўриндиқ топиларди фақат девор яқинида минбар ва унинг ёнида катта LCD экран бор эди. Экранда қуйидаги сўзлар порлаб турарди:

Жонли эфир 2 дақиқаю 07 сониядан сўнг бошланади.

Лэнгдоннинг юраги ҳаприқиб кетди ва экрандаги матннинг давомини ўқишга тутинди. Сўнг кўзларига ишонмай, яна бир карра қайта ўқиди:

Бизни кузатаётган томошабинлар сони:

1,953,694 та

Икки миллион одам?

Кирш тақдимотини онлайн тарзда намойиш этмоқчилигини айтганди, аммо юқоридаги рақамлар ақл бовар қилмас даражада эди. Ҳар сонияда томошабинлар сони ошиб бораётганди.

Лэнгдоннинг чеҳрасига табассум ёйилди. Шогирдининг ишлари чакки эмас. Ҳозир унинг миясида ягона савол айланарди: Эдмонд нимани эълон қилмоқчи ўзи?

Ўн учинчи боб

Дубай шарқидаги ойдин саҳрода Қум илони деб аталувчи саҳро машинаси моторини тариллатганча чапга қайрилиб, қаттиқ тормоз берди. Кўтарилган қум зарралари унинг чироқлари ёруғида рақс тушарди гўё.

Машина рулида ўтирган ўсмир йигит кўзойнакларини ечиб, сал бўлса уриб кетаёзган алланимани кўриб қўрқиб кетди ва дарҳол машинадан тушиб, қум устида ётган қора шарпага яқинлашди.

Ҳа, у адашмаган эди.

Машина чироқлари юзини қум босган, қилт этмай ётган одам танасини ёритиб турарди.

 Марҳаба? чақирди йигитча. Саломатмисиз?

Жимлик.

Ерда ётган одамнинг кийимлари миллий дўппи ва кенг тоуб унинг эркак кишилигини билдирарди. Миқти ва бақувват бу киши қандай қилиб очиқ саҳронинг ичкарисига келиб қолгани болани ажаблантирди.

 Марҳаба? қайтарди у яна.

Жавоб бўлмади.

Нима қилишни билмай боши қотган йигит оёғи билан эркакнинг ёнбошига туртди. Тана ҳаддан ташқари таранг ва қаттиқ туюлди, қуёш ва шамол уни қуритиб юборганди.

Жони узилибди.

Йигит эгилиб эркакнинг елкасидан ушлаб кўтарди ва орқалади. Ҳаёт нури сўнган кўзларини самоларга тикканча жони узилган бу одамнинг юзи ва соқолини қум қоплаган, лекин шу кўринишда ҳам унинг чеҳрасидан севимли амаки ёки боболарга монанд самимийлик ёғилиб турарди.

Яқин атрофни яна саҳро машиналари баггилар моторининг гумбурлаган товуши тутиб кетди. Йигитнинг дўстлари хавотирланиб, қум узра машиналарини сакратганча уни излаб келишганди.

Ҳамма баггисини тўхтатиб, кўзойнак, каскаларини ечди ва кутилмаганда жасаднинг атрофида жам бўлди. Шу пайт тўпланган йигитчалардан бири оҳ тортиб юборди. У вафот этган одам тез‐тез университетида маъруза ўқиб турувчи таниқли олим ва диний раҳнамо аллома Саид ал‐Фадл эканини таниганди. У ҳаяжон ила билганларини дўстларига сўзлагач, баланд овозда сўради:

Назад Дальше