Ибтидо - Браун Дэн 8 стр.


 Шундай. Мен ҳам сизга илмий ҳақиқатларни юзага чиқариш орқали барча динларни Ер юзидан супуриб ташлаш ҳаётимдаги ягона мақсадга айланганини таъкидлагандим.

 Ҳаа, қаттиқ гапиргандинг.

 Ўшанда менга агар қачондир диний таълимотларни рад қиладиган ёки уларга мос келмайдиган илмий ҳақиқатни кашф қилсам, уни бирорта диний олим билан муҳокама қилишим зарурлигини маслаҳат бергандингиз. Бунинг натижасида фан ва дин кўпинча бир ҳикояни икки тилда айтишини англашим мумкинлигини айтгандингиз.

 Худди шундай. Олимлар ва диндорлар оламнинг айни бир хил сирларини тасвирлашда турли луғатлардан фойдаланишади. Улар орасидаги ихтилоф одатда модда эмас, маъно сабаб вужудга келади.

 Мен маслаҳатингизга амал қилдим, Роберт, давом этди Кирш. Ва диний раҳнамоларга кашфиётимни ошкор этдим.

 Нима?

 Дунё динлари парламенти ҳақида эшитганмисиз?

 Бўлмасам‐чи! Лэнгдоннинг динлараро муносабатларни йўлга қўяётган Дунё динлари парламентига ҳурмати баланд эди.

 Бу йил, тасодифни қарангки, Парламент ўзининг йиғилишини Барселона ташқарисидаги Монсеррат Аббатлигида ўтказди. У ергача уйимдан атиги бир соатлик йўл эди.

Мафтункор гўша, ўйлади Лэнгдон. У кўп йиллар аввал аббатликка борганди.

 Хуллас, Парламент йиғилиши айнан мен илмий янгилигимни эълон қилишни режалаган вақтимга тўғри келиб қолди. Ўйладимки

 Бу Парвардигорнинг инояти дебми?

Кирш кулиб юборди:

 Шунга ўхшаш. Кейин улар билан боғландим.

 Бутун Парламентга мурожаат қилдингми? ҳайратда сўради Лэнгдон.

 Йўқ, албатта. Бу жуда хавфли бўларди. Ўзим эълон қилмагунча кашфиётим тарқалиб кетишини истамадим. Шунинг учун фақат учта диний раҳнамо насронийлик, ислом ва яҳудийликнинг биттадан вакили билан учрашув белгиладим. Тўрталамиз махфий кутубхонада йиғилдик.

 Наҳотки, сени кутубхонага қўйишган бўлса? Лэнгдон ҳайратланди. У ерга ташқаридагилардан ҳеч кимнинг қадами етмайди, деб эшитгандим.

 Мен шунчаки ҳеч қандай телефон, камера ва гувоҳларсиз учрашув жойи белгилашни сўрагандим, мени кутубхонага олиб боришди. Янгиликни етказишдан олдин уларни барча айтганларимни сир сақлашга қасам ичирдим. Шу бугунгача учала раҳнамо кашфиётимдан бохабар ягона одамлардир.

 Қизиқ. Хўш, янгиликни улар қандай кутиб олди?

 Кўнгилдагидек эмас, шекилли, Кирш хижолат тортиб қизарди. Мени биласиз‐ку, Роберт, тезда қизишиб кетаман. Мендан ҳеч қачон яхши дипломат чиқмаган.

 Биламан, биламан. Умуман олганда, ҳиссиётларни жиловлаш машғулотлари халал бермасди сенга, кулиб жавоб қайтарди Лэнгдон. Стив Жобс ва бошқа кўплаб даҳоларга хос характер ўзи бу.

 Тарки одат амри маҳол, дегандек, сўзлашда давом этди Кирш, раҳнамолар билан суҳбатимни ҳақиқатни дангал айтишдан бошладим. Яъни динларни оммавий иллюзиянинг бир тури деб ҳисоблашимни, миллиардлаб ақлли кишилар тўғри йўлни топиш ва хотиржамликка эришиш учун эътиқодларга суянишини олим сифатида умуман тушунмаслигимни айтдим. Шунда раҳнамолар ҳурматимиз деярли йўқ бўлса, нега ёнимизга гаплашгани келдингиз, деб сўрашди. Мен оддийгина қилиб, уларнинг кашфиётим тўғрисидаги фикрларини билмоқчилигимни баён қилдим. Шу орқали оммага овоза қилганимдан сўнг дунё диндорлари уни қандай қабул қилишини аниқламоқчи эканимни таъкидладим.

 Ҳақиқий дипломатча ёндашув, деди Лэнгдон кулгидан кўзлари қисилиб. Ҳақиқатни айтиш доим ҳам тўғри сиёсат эмаслигини биласан‐ку?

Кирш эътиборсиз қўл силтади:

 Диний қарашларимни ҳеч қачон яширмаганман. Раҳнамолар самимийлигимни қадрлашади, деб умид қилгандим. Чучварани хом санабман. Хуллас, кейин мен уларга ишимни намойиш қилдим, нимани кашф қилганимни ва кашфиётим қандай қилиб ҳамма нарсани ўзгартириб юборишини ипидан‐игнасигача тушунтирдим. Ҳатто телефонимни олиб, баъзи видеоларни кўрсатдим. Тан оламан, видеолар бироз этни сескантирадиган эди. Раҳнамолар тилини ютиб юборгандек, бир сўз айта олишмади.

 Наҳотки, бир оғиз ҳам гапиришмаган бўлса? Киршнинг кашфиётига Лэнгдоннинг қизиқиши ортиб бораётганди.

 Рости, қизғин баҳс кутгандим, аммо анави насроний роҳиб қолган иккитасининг оғзини ёпиб, дамини чиқармай қўйди. У кашфиётни эълон қилишни қайта ўйлаб кўришга ундади. Мен бу ишни келаси ойга мўлжаллаганимни айтдим.

 Ия, келаси ой? Ахир, сен бугун эълон қилмоқчисан‐ку?

 Шунақа қилишимга тўғри келди. Раҳнамолар ваҳима қилиб, ишимга халал бермаслиги учун уларга янгилик баёноти бир неча ҳафтадан сўнг бўлади, деб қўя қолдим.

 Бугунги тақдимотдан улар хабар топса‐чи? сўради Лэнгдон.

 Бундан ажабланишмаса керак. Айниқса, улардан бири, Кирш кўзларини Лэнгдонга қадади. Учрашувимизни ташкиллаган епископ Антонио Вальдеспино эди, уни танийсизми?

Лэнгдон ўйланиб деди:

 Мадридликми у?

Кирш бош силкиб, тасдиқлади:

 Худди ўзлари.

Эдмонднинг радикал атеизми учун боп номзод эмас бу шахс, хаёлидан ўтказди Лэнгдон. Вальдеспино Испан католик черковининг энг қудратли намояндаси бўлиб, у ўта мутаассиб қарашлари ҳамда испан қиролига кучли таъсири туфайли донг таратганди.

 Бу йил Вальдеспино Парламент йиғилишига мезбонлик қилди, изоҳ берди Кирш. Шу боис учрашув тўғрисида унга мурожаат қилдим. Вальдеспино юзма‐юз кўришишни таклиф этди, мен эса ўз навбатида ислом ва яҳудийликдан биттадан вакил чақиришини сўрадим.

Юқоридаги чироқлар учинчи марта ўчиб‐ёна бошлади.

Кирш чуқур хўрсинди, овозини янада пастлатиб давом этди:

 Роберт, намойишим олдидан сиз билан гаплашмоқчи бўлганимга сабаб, сизнинг маслаҳатингизга муҳтожман ҳозир. Нима деб ўйлайсиз, епископ Вальдеспино хавфли бўлиши мумкинми?

 Хавфли? ажабланди Лэнгдон. Қайси маънода?

 Кўрсатган нарсаларим унинг дунёсига таҳдид солади. Шунинг учун сиздан сўраяпман: Вальдеспино менинг ҳаётимга хавф солишга қодирми?

Лэнгдон дарҳол бош чайқади:

 Мутлақо! Вальдеспинога нима деганингни аниқ билмайман Албатта, у испан католик черковининг муҳим таянчи, испан қироллик оиласи билан яқин алоқалари унинг нуфузини янада оширади. Аммо биринчи ўринда у роҳиб, қотил эмас. Вальдеспино сиёсий кучга эга, одамларни сенга қарши қўйиб, ваъз ўқиши мумкин. Бироқ сенга жисмонан зарар етказади, деб ўйламайман.

Кирш унча ишонмади:

 Монсерратни тарк этаётганимда менга қанақа қараганини сиз кўрмадингиз-да. Нақ еб қўйишга тайёр эди.

 Ўзинг ўйла, ибодатхонанинг муқаддас кутубхонасида ўтирганча, руҳонийга унинг бутун бошли эътиқод тизими ёлғон деб айтгач, Вальдеспино сенга чой ва ширинлик беришини кутганмидинг? хитоб қилди Лэнгдон.

 Жуда унчалик эмас‐у, тан олди Кирш, ҳар ҳолда, учрашувимиздан сўнг менга таҳдидли аудиохабар юборишини кутмагандим.

 Руҳоний Вальдеспино сенга қўнғироқ қилдими?

Кирш жавоб бериш ўрнига курткасининг чўнтагига қўл солиб, одатдагидан кўра анча салмоқли смартфон чиқарди. Телефоннинг зангори корпуси олтибурчакли шакллар билан безатилганди. Лэнгдон каталониялик машҳур модернист архитектор Антони Гауди ижодига мансуб мозаикани дарҳол таниди.

 Мана, эшитинг! деди Кирш телефоннинг бир неча тугмачасини босиб, Лэнгдонга тутди. Смартфон карнайидан ёши катта эркакнинг хириллаган ва жаҳлдор овози эшитилди:

Жаноб Кирш! Епископ Антонио Вальдеспино гапиряпти. Билганингиздек, тонгги учрашувимиз мен ва икки ҳамкасбимни чуқур хавотирга қўйди. Зудлик билан менга қўнғироқ қилинг, бу масалани муҳокама қилиб олишимиз даркор. Ва яна янгиликни оммага эълон қилишнинг хавфи ҳақида яна бир бор огоҳлантираман сизни. Агар алоқага чиқмасангиз, шуни билиб қўйинг: мен ва ҳамкасбларим кашфиётингиз тўғрисида сиздан аввалроқ шундай баёнот берамизки, топилмангизнинг аҳамиятини пасайтириб, дунёга солаётган таҳдидингиз миқёсини камайтирамиз Сиз туғдираётган хавф миқёсини ўзингиз ҳам тасаввур қилолмайсиз ҳатто. Қўнғироғингизни кутаман ва сабримни синашни маслаҳат бермайман, жаноб Кирш.

Шу ерда хабар якунланди.

Вальдеспинонинг таҳдидли товуши ҳатто Лэнгдонни ҳам сескантириб юборганди. Бу сесканиш Эдмонднинг яқинлашаётган эълонига бўлган қизиқишини баттар кучайтирди.

 Хўш, сен қандай жавоб бердинг?

 Ҳеч қандай, деди Эдмонд телефонини чўнтагига қайта жойларкан. Вальдеспинонинг хабарини қуруқ таҳдид деб қабул қилдим. Раҳнамолар кашфиётимни эълон қилгандан кўра ўзи билан гўрга олиб кетишни афзал биларди, бунга иймоним комил. Қолаверса, тақдимотнинг бугун бўлишидан бехабар бўлгани сабабли улар ҳеч қанақасига янгиликни мендан олдин эълон қила олмаслигини билардим. Шунга кўпам хавотирга тушмадим, Кирш гапдан тўхтаб, Лэнгдонга назар солди. Ҳозир эса Билмадим Епископнинг овозидаги нимадир миямга ўрнашиб қолди

 Ҳаётим хавф остида, деб ўйлаяпсанми? Шу ерда, шу бугун?

 Йўқ‐йўқ. Меҳмонлар рўйхати қаттиқ назорат қилинди. Бу бинонинг хавфсизлик тизими ҳам бекам‐кўст ишлайди. Шунчаки Омма олдига чиққанимда нима бўлишидан ташвишланяпман шундай дегач, Эдмонд тўсатдан ҳушига келган одамдек узр сўрай кетди: Ғирт аҳмоқона гапларни гапиряпман. Томоша олдидан бўладиган ҳаяжон таъсири чоғи Вальдеспино тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдим, бошингизни кўп қотириб юбордим.

Лэнгдон диққат билан Эдмондни кўздан кечирди. Шогирдининг ноодатий тарзда оқариб кетган юзи, беғубор кўзларида қотиб қолган қўрқув аҳвол яхши эмаслигини кўрсатарди.

 Фикрим шундай: қанчалик жаҳлини чиқарган бўлма, Вальдеспино икки дунёда ҳам ҳаётингга дахл қилмайди.

Чироқлар нимадандир сигнал бергандек яна ўчиб‐ёнди.

 Ҳа майли, раҳмат сизга, Кирш соатига қаради. Боришим керак. Кейинроқ кўришсак бўладими? Кашфиётнинг айрим жиҳатларини сиз билан муҳокама қилиб олмоқчиман.

 Албатта.

 Жуда соз. Намойишдан кейин тўс‐тўполон кўтарилиши турган гап, ўшанда сиз билан холи гаплашиб оламиз, Эдмонд ташриф қоғозини чиқариб, орқасига нимадир ёзди ва Лэнгдонга тутқазди. Ҳаммаси тугагач, такси ушланг ва мана шу ташриф қоғозини унга беринг. Исталган маҳаллий такси ҳайдовчиси сизни қаерга олиб боришни тушуниб олади.

Лэнгдон қўлидаги митти тўртбурчак картанинг орқасига қараб, бирор маҳаллий меҳмонхона ёки ресторан манзили ўрнига кўпроқ сирли кодга ўхшаш ёзувга кўзи тушиб, ажабланди.

BIO ES346

 Эдмонд, шуни кўрсатишим керакми ҳайдовчига?

 Худди шундай. У қаерга боришни тушунади. Соқчиларга сизни ўша ерда кутиб олишини айтиб қўяман. Ўзим ҳам иложи борича тезроқ етиб боришга ҳаракат қиламан.

Соқчилар? Лэнгдоннинг қовоғи уйилди. BIO ES346 қанақадир яширин илмий лабораториянинг шартли номига ўхшайди.

 Бу жудаям содда код, Роберт, кўз қисди Эдмонд. Сизга ўхшаган одамга чўт эмас ечиш. Дарвоқе, бугун сиз ҳам саҳнада кўринасиз. Тақдимотда муҳим ролингиз бор.

Лэнгдон таажжубланди:

 Яна қанақа роль бўлди?

 Хавотир олманг. Сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди, шундай деб Эдмонд Кирш спиралнинг чиқиш эшиги томон юрди. Томошабинлар олдига чиқиш вақтим бўлди. Уинстон сизга йўл кўрсатади, у эшик ёнида бир зум тўхтаб, ўгирилди ва хўрсиниб деди: Оқшом тугагач учрашамиз, Роберт. Вальдеспино борасида адашмадингиз, деб умид қиламан.

Лэнгдон уни тинчлантирди:

 Эдмонд, хотиржам бўл, илтимос. Бор диққатингни намойишингга қарат. Ишон менга: диний раҳнамолар сенга зарар келтирмайди!

Кирш унга иккиланиб қаради:

 Бугун намойишда айтмоқчи бўлганларимни билганингиздан кейин, Роберт, фикрингизни ўзгартирасиз, деб қўрқаман.

Ўнинчи боб

Де ла Алмудена ибодатхонаси ҳудудида Рим католик черковининг Мадриддаги архиепархияси жойлашган. Неоклассик услубда қурилган черков собори қироллик саройига ёнма‐ён тикланган. Қадимий мусулмон масжиди ўрнида барпо этилган бу муҳташам бинонинг номи арабча ал‐мудайна сўзидан келиб чиқиб, қалъа деган маънони беради.

Афсоналарга кўра, Қирол Алфонсо VI 1083 йил Мадридни мусулмонлар ҳукмидан қайтариб олгач, маврлар босқини даврида йўқолган Биби Марямнинг муқаддас ҳайкалини қидиришга киришади. Миш‐мишларга кўра, шаҳар аҳолиси маврлардан асраш учун ҳайкални қалъа деворлари орасига кўмиб юборган эди. Натижа бўлмаса ҳам, Алфонсо узоқ муддат қидиришдан тўхтамади. Кунларнинг бирида қалъа деворининг бир қисми қулаб тушиб, йиғилганлар кўз ўнгида Биби Марям ҳайкали намоён бўлади. Ҳайкал ёнида асрлар муқаддам қўшиб кўмилган шамлар ҳануз ўчмасдан, ёғду таратиб турган эмиш

Бугунги кунда Биби Марям Алмудена Мадриднинг муқаддас авлиёси ҳисобланади. Алмудена соборининг ўзи эса ҳар куни муқаддас илоҳага сиғиниш ёки шунчаки томоша қилиш илинжидаги минглаб зиёратчилар ва сайёҳлар билан тўлиб кетади. Соборнинг қироллик саройи биқинида жойлашгани ташриф буюрувчиларга саройга кириб чиқаётган қирол оила аъзоларини томоша қилишдек қўшимча имконият беради.

Айни оқшом черков йўлакларининг бирида ўсмир ёшдаги черков ёрдамчиси ваҳима ичида югургилаб борарди.

Епископ Вальдеспино қаерда қолди экан?!

Ибодат бошланиш арафасида, ахир!

Бир неча ўн йилдан буён Антонио Вальдеспино собор бош руҳонийси вазифасини ўтаб келмоқда. Қиролнинг узоқ йиллик қадрдон дўсти ва диний маслаҳатчиси бўлган Вальдеспино анъаналарга содиқлиги, консерватив қарашлари ҳамда модернизмдан нафратланиши билан донг таратганди. Саксон учга кирганига қарамай, руҳоний ҳалигача Муқаддас ҳафта давомида оёғига риёзат кишанларини таққанча, шаҳар кўчалари бўйлаб муқаддас ҳайкалчаларни кўтариб юрувчиларга қўшиларди.

Вальдеспинодек одам ҳеч қачон ибодатга кечикмасди, тинчликмикан?!

Атиги йигирма дақиқа аввал ёрдамчи бола кийиниш хонасида Вальдеспинога ридо кийишга кўмаклашганди. Эндигина тайёр бўлган маҳали руҳоний аллақандай хабар қабул қилди ва бир сўз айтмай шошганча ташқарига отилди.

Қаерга кетди экан?

Қўриқхона, кийиниш хонаси, ҳатто епископнинг шахсий ҳожатхонасигача текшириб чиққан ёрдамчи Вальдеспинони тополмагач, черковнинг бошқарув қисмидаги бош офисга қараб чопаётганди.

Узоқдан органларнинг жўр овози эшитилди.

Намойиш мадҳияси янграмоқда!

Болакай ҳаллослаганча Вальдеспино офиси олдида тўхтаб, эшикдан тушиб турган чироқ нурини кўриб таажжубланди.

"Епископ шу ердамикан?"

У оҳиста эшикни тақиллатди:

 ¿Excelencia Reverendísima?

Жимжитлик.

Эшикни қаттиқроқ тақиллатиб сўради:

 ¡¿Su Excelencia?!

Ҳеч қандай жавоб йўқ.

Қартайиб қолган епископнинг соғлиғидан хавотирга тушган ёрдамчи бола тутқични бураб, эшикни очди.

 ¡Cielos! оҳ тортди ёрдамчи ичкарига қараб.

Епископ Вальдеспино қизил ёғочдан ишланган катта столи ёнида ноутбукига диққат билан термилиб ўтирарди. Унинг кийимлари қилт этмаганди бошидаги митра, елкасидаги ридо жой‐жойида эди. Шоҳона ҳассаси деворга суяб қўйилганди.

Ёрдамчи томоқ қириб гап бошлади:

 La santa misa está

 Preparada, унинг гапини бўлди епископ экрандан кўзини узмай. Padre Derida me sustituye11.

Ёрдамчининг кўзларида таажжуб учқунлари чақнади. Дерида ота унинг ўрнига чиқади? Дерида отадек оддий руҳоний шанба оқшомидаги ибодатни олиб бориши деярли ноодатий эди.

 ¡Vete ya!12 деди Вальдеспино жаҳл билан. Y cierra la puerta. (Эшикни ёп).

Қўрқиб кетган болакай зудлик билан хонадан чиқиб, эшикни ёпди. Мусиқа садолари янграётган залга қайтаркан ажабланди: Руҳоний компьютерда нима кўраётган эканки, уни ҳатто Худо олдидаги бурчидан ҳам воз кечишга мажбур қилди.

***

Бу дам адмирал Авила Гуггенҳайм музейи атриумидаги тўп‐тўп одамларни оралаб ўтиб бораркан, меҳмонларнинг аксарияти тақиб олган япалоқ қулоқчини билан гаплашаётганини пайқаб, ҳайрон бўлди. У музей бўйлаб аудиотур икки томонлама суҳбатга имкон беришини англади ва қулоқчиндан вақтида қутулганидан мамнун бўлди.

Назад Дальше