Рақамли қалъа - Браун Дэн 2 стр.


Дастлабки соатларда криптографлар янги меҳмонга аҳамият ҳам қаратишмади; улкан юмалоқ стол атрофида уймалашганича Девид ҳеч қачон эшитмаган тилда қизғин сўзлашишди. Уларнинг йигитга бутунлай нотаниш симметрик шифрлар, ўзини ўзи йўқ қиладиган генераторлар, рюкзакли тизимлар, ошкора протоколлар, бирлик нуқталари каби аллақандай тушунчалар ва атамалар тўғрисидаги гапларини кузатаркан, Беккернинг боши қотиб кетди. Криптографлар эса ҳанузгача тинмасдан ажи-бужи белгиларни қоғозга туширишарди, компьютердан чиққан варақларни синчиклаб ўрганиб, тўхтовсиз равишда бошлари узра осилиб турган прожекторда қуйидаги матннинг ўзгаришларини текшириб боришмоқда эди:

JHdja3jKHDhmado/ertwtjlw+jgj328

5jhalsfnHKhhhfafOhhdfgaf/fj37we

ohi93450s9djfd2h/HHrtyFHLf89303

95jspjf2j0890Ihj98yhfi080ewrt03

jojr845h0roq+jt0eu4tqefqe//oujw

08UY0IH0934jtpwfiajer09qu4jr9gu

ivjP$duw4h95pe8rtugvjw3p4e/ikkc

mffuerhfgv0q394ikjrmg+unhvs9oer

irk/0956y7u0poikIOjp9f8760qwerqi

Ниҳоят, код ечувчилардан бири Беккернинг аҳволини кўриб раҳми келди шекилли, унга нималар бўлаётганини тушунтиришга уринди. Юқоридаги ажи-бужи матн аслида код рақамли ахборот бўлиб, ундаги сонлар ва ҳарфлар шифрланган сўзларни ифода этарди. Криптографларнинг вазифаси мана шу кодларни ўрганиб, уларнинг остида қандай хабар беркитилганини аниқлашдан иборат эди. Шифрланган хабарнинг асл нусхаси мандарин тилида ёзилган бўлиши мумкин деган тахмин билан улар хитой ва япон тиллари бўйича энг кўзга кўринган мутахассис ҳисобланган Девидни МХАга таклиф қилишганди; у мандарин тилидан белгиларни таржима қилиши орқали криптографларга матнни расшифровка қилишда ёрдам бериши кўзда тутилганди.

Келаси икки соат давомида Беккер мандаринча белгиларнинг битмас-туганмас оқимини таржима қилиш билан шуғулланди. Аммо ҳар сафар уларга янги таржимани тақдим этганида криптографлар кодлар мос келмаётганини билдириб, инкор маъносида бош чайқарди. Ёрдамга жон-жаҳди билан бел боғлаган Девиднинг миясига тўсатдан бир фикр келди: унга кўрсатилган барча белгиларда умумий бир жиҳат бор эди. Улар нафақат мандарин тилининг, балки канжи алифбосининг ҳам бир қисми ҳисобланарди. Бу маълумотнинг фойдаси тегиб қолар деган ниятда атрофдагиларга айтганида ғала-ғовурга тўлган хонада бир зум жимлик чўкди. Стулда ўтирганича бир-бирига улаб сигарет тутатаётган Морантей исмли найнов киши Беккерга юзланиб, ишончсизлик билан деди:

 Бу белгилар кўп маъноли демоқчимисиз?

Беккер бош ирғади ва канжи бироз ўзгартирилган хитойча белгиларга асосланган япон ёзув тизими эканлигини тушунтирди.

 Мен сизларга мандаринча таржимани бераётгандим, чунки ўзингиз мендан шуни сўрагандингиз, деб қўшиб қўйди у.

 Ё парвардигор! Морантей иҳраб юборди. Канжидан фойдаланиб кўрайлик қани.

Девид энди белгиларни канжи ёзуви бўйича таржима қилишни бошлади ва бу кутилмаганда ижобий натижа бериб, криптографларни ҳайратга солди.

Девидга таржима жараёнида белгиларни кетма-кет тарзда эмас, балки тартибсиз ҳолда беришларидан ажабланганида, Морантей «шундай қилсаккина сиз нима таржима қилаётганингизни билмайсиз, бу эса шахсий хавфсизлигингиз учун муҳим», деб таъкидлади.

 Хавфсизлигим учун?

Йигит кулиб юборди, лекин атрофдагиларнинг жиддий нигоҳларини кўриб, чеҳраси тундлашди.

Ниҳоят кодни ечиб бўлишди, Беккер уларга қандай махфий ахоротни аниқлашда ёрдам берганига ақли етмаса-да, бир нарсани аниқ тушунди МХАда расшифровка масаласи алоҳида аҳамият касб этаркан; буни йигитнинг ҳамёнига солиб қўйилган чек унинг университетдаги бир ойлик маошидан ҳам кўпроқ экани ҳам тасдиқларди.

Бугунги иш йигит кутганидан кўра узоқроқ вақт олганди, шу сабаб унинг хаёлини ҳозир иложи борича тезроқ шанба куни тушликдан сўнг ўтказиладиган сквошга кечикмасдан етиб бориш банд этганди. Шу сабабдан асосий йўлакдаги бир нечта текширув пунктлари бўйлаб шошганича ортга қайтаркан, тўсатдан Девидни чиқиш эшиги ёнида қўлига телефон ушлаб олган соқчи тўхтатди:

 Жаноб Беккер, шу ерда кутиб туринг, илтимос.

 Нима гап, тинчликми? ажабланиб сўради Девид.

Қўриқчи елка қисди:

 Крипто директорининг сизга икки оғиз сўзи бор экан, хоним ҳозир шу ерга келяпти.

 Хоним? Беккер кулиб юборди: МХА ичида бирорта ҳам аёл кишига кўзи тушмаганди.

 Бунинг муаммоли жойи борми? орқасидан аёл кишининг овози эшитилди.

Ортга ўгирилган Беккернинг юзига қон югурди, юрагининг аллақаери ғалати жимирлаб кетди. Аёлнинг кофтасидаги ID-картасига назар ташларкан, МХА Криптография бўлинмасининг бошлиғи шунчаки аёл эмас, балки жозибадор аёл эканига тан берди.

 Йўқ, албатта, Девид каловланиб қолди. Мен шунчаки, ҳалиги

 Сьюзан Флетчер, аёл жилмайиб, нозик қўлларини кўришиш учун узатди.

Беккер аёлнинг қўлини сиқди.

 Девид Беккер.

 Табриклайман, жаноб Беккер, бугун жуда яхши ишлабсиз. Сиз билан шу ҳақда гаплашсам бўладими?

Беккер иккиланиб қолди:

 Ростини айтсам, ҳозир бироз шошиб тургандим.

Дунёдаги энг кучли разведка агентлигининг таклифини рад этиш қанчалик аҳмоқона иш эканлигига ақли етса ҳам, Девид сквошга кечикишни тасаввурига сиғдиролмасди. У ҳатто университетдаги дарсларига кеч бориши мумкин, лекин сквошни шу вақтгача бирор марта ҳам ўтказиб юбормаган.

 Мен қисқароқ бўлишга ваъда бераман, бу ёққа юрсангиз, марҳамат, Сьюзан жилмайиб йўл бошлади.

Девид соатига қараб, ўйин бошланишига 45 дақиқа қолганини кўрганида ичи ачиб, қизнинг ортидан эргашди.

Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Беккер МХА ошхонасида бош криптограф, сулув Сьюзан Флетчер билан бирга кекс ва муздек наъматак шарбатидан сипқориб, мароқли суҳбат қуриб ўтирарди. Тез орада Девидга 38 ёшли бу аёл МХАда юқори лавозимни эгаллаши шунчаки бахтли тасодиф эмаслиги, Сьюзан ҳақиқатан ҳам ёрқин ақл соҳибаси экани аён бўлди. Шифрлар ва уларни ечиш ҳақида гаплашар экан, Девид ўзи учун янги бўлган бу мавзуда Сьюзан айтаётган ҳар бир маълумотни ёдда сақлашга ҳаракат қиларди, кашф этаётган янгиликлари унга завқ бағишларди.

Орадан бир соат ўтди. Йигит сквошга боришдан, қиз бўлса ўзига келган хабарларга жавоб қайтаришдан воз кечишди ва бу ишларидан нашъа қилиб, кулиб юборишди.

Икки ўткир ақл эгаси, ҳаётлари давомида ҳеч қачон асоссиз ҳиссиётларга берилмасдан, доим мантиқ билан фикрловчи икки шахс бир-бирининг ёнида бутунлай бошқа дунёга айланишганди, тилшунослик ва морфологиядан тортиб ясама-тасодифий рақам генераторларигача муҳокама қилишаркан, улар ўзларини ёш ўспиринлардек тутишарди, гоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулишса, гоҳ айтилган фикрларга қойил қолиб, бир-бировининг елкасини қоқиб, бу ҳолатдан баттар роҳатланишарди.

Аслида Сьюзаннинг Беккерни учрашувга чорлашидан мақсад уни Осиё криптография бўлинмасига ишга таклиф қилиш эди. Лекин йигитнинг ўз касби ҳақида гапирганида кўзларида порлаб кетган жўшқинлик ва иштиёқ унинг ҳеч қачон университетдан кетмаслигидан далолат берарди, шу туфайли Сьюзан иш ҳақида гап очиб, шундай аъло кайфиятни бузмасликка қарор қилди. Девид билан бўлган суҳбат қизни худди мактаб ўқувчисига айлантириб қўйганди; бу шунчалар ёқимли эдики, бирор қалтис ҳаракат буни барбод этишига йўл қўйолмасди. Ва шундай бўлди ҳам.

* * *

Уларнинг учрашувлари доим узоқ муддатли ва романтик бўларди. Ишларини якунлаши биланоқ кўришиш ҳаракатига тушиб қолиб, вақтларини бирга ўтказиш учун ўзига хос бирор нима ўйлаб топишарди. Баъзан университетнинг хазонларга безанган йўлакларида қўл ушлашганча сайр қилишса, баъзи оқшомларни севимли қаҳвахоналарида капучинодан баҳраманд бўлиш билан ўтказишарди. Баъзи вақтлари маъруза ва концертларга тушишарди. Сьюзан олдингига қараганда кўпроқ кула бошлаганини, ҳаётдан мамнун инсонга айланганини сезди. Девид билан бирга ўтказган вақти, йигитнинг ҳазиллари, самимий муносабати қизни МХАдаги залворли лавозимини бироз муддат бўлса-да эсдан чиқаришга ёрдам берарди.

Шундай куз кунларининг бирида улар Жоржтаун билан Рутгер университети ўртасида бўлиб ўтаётган футбол матчини томоша қилганча стадионда ўтиришарди.

 Қайси спорт тури билан шуғулланаман дегандингиз? Цуккини эдими? илжайиб сўради Сьюзан.

Беккер лабини бурди:

 Йўқ, сквош ўйнайман мен.

Сьюзаннинг савол аралаш нигоҳини кўриб, Девид тушунтирди:

 Сквош ҳам цуккинига ўхшайди, лекин кичикроқ кортда ўйналади, ва қизнинг бурнини чимчилаб қўйди.

Рақиб жамоа Жоржтаун дарвозасига чап бурчак остидан тўп йўллади, томошабинлар оҳлаб юборишди, ҳимоячи жон-жаҳди билан дарвоза томон шошилди. Ўйин шиддатли тус олди.

 Ўзингчи, бирор спорт тури билан шуғулланасанми? сўради Девид.

 Стэйрмастер бўйича қора белбоғим бор, кулди Сьюзан.

 Ммм, менга ғолиб бўлиш мумкин бўлган спорт билан машғул бўлиш ёқади, ўзингни ўзинг ютолмайсан-ку, эътироз билдирди Девид қизнинг елкасидан қучганича.

Жоржтаун ҳимоячиси тўп йўлини тўсиб, рўй бериши мумкин бўлган голнинг олдини олгач, оломон хурсандчиликдан қийқириб юборди.

Сьюзан буларга беэътибор қараб, Девидга эгилди ва қулоғига шивирлади:

 Доктор.

Девид кўзини стадиондан узиб, қизга тикилди, гап нима ҳақида эканини тушунмади.

 Доктор, яна қайтарди Сьюзан. Хаёлингизга келган илк сўзни айтинг.

Беккер шубҳа аралаш сўради:

 Сўз ўйини?

 Оддий МХА тартиби. Мен ким билан эканимни билишим зарур, Сьюзан Девиднинг кўзларига қатъий тикилди; Доктор.

Беккер елка қисди:

 Дулиттл.

Сьюзан чимирилди:

 Окей, бунисига нима дейсиз Ошхона.

 Ётоқхона, иккиланмасдан қайтарди Девид.

Бу жавобдан сўнг қиз уялганича қошларини қоқди:

 Кат.

 Гут.

 Гут?

 Ҳа-да, катгут. Сквош ўйинидаги ракетка арқони.

 Ооо, ажойиб қиз жилмайди.

 Хўш, қандай ташхис қўйдинг менга?

Сьюзан бир дақиқа ўйлаб тургач, жавоб берди:

 Сиз беғубор, сўнгги вақтларда бирор қиз билан яқин алоқада бўлмаган сквош жиннисисиз.

 Шунақага ўхшайди, ҳайрон бўлиб тасдиқлади Девид.

* * *

Мана шу зайлда ҳафталар ўтиб борарди. Бир куни кечки овқат устида Беккер уни саволларга кўмиб ташлади.

У математикани қаерда ўрганган?

Қандай қилиб МХАга келиб қолган?

Шунчалар мафтункор бўлишига сабаб нима?

Сьюзан уялганича ёшлигида иркит ўрдакча бўлганини тан олди; баланд бўйига мос тушмаган ўта ингичка қомати, бунинг устига тишига ўрнатилган брикетлар уни баттар бесўнақай кўрсатганини кулиб эслади. Сьюзаннинг Клара холаси бир марта қизнинг ақлга лиқ тўла мияси унга бесўнақай яратгани учун Худонинг узри деб айтган экан.

«Жуда эрта сўралган узр. Агар Худо Сьюзаннинг келажакда бундай соҳибжамолга айланишини билганида борми» ўйлади Беккер.

Сьюзаннинг криптографияга қизиқиши юқори мактабда ўқиб юрган кезлари бошланганди. Бир куни компьютер клубининг ёш президенти Фрэнк Гутмен унга севги мактубини ёзди ва хатни рақамли дастур билан шифрлаб қўйди. Мактубни очиб, уни ўқий олмагач, Сьюзан унинг сирини айтишини сўраб Фрэнкка ёлворди, лекин йигитча кўзларини сузганича илтимосни рад этди. Қиз шаҳд билан мактубни ушлаб уйига йўл олди, бутун тунни чироқ ёруғида ёзувлар сирини аниқлашга сарфлаб, мижжа қоқмади, ниҳоят тонгга яқин ҳар бир рақам маълум бир ҳарфни ифода этишини тушуниб етди. Эҳтиёкорлик билан кодни жой-жойига қўйиб чиққач, мўъжизадан лол қолди: турфа хил маънисиз рақамлар кўз ўнгида бетакрор шеърни намоён қилганди. Ўша оний лаҳзаларда кодлар ва криптографияга қизнинг ишқи тушиб қолди ва бутун ҳаётининг мазмунига айланди.

Деярли йигирма йилдан сўнг математика бўйича Жон Хопкинс университетида магистрлик даражасини қабул қилгач, қиз машҳур Массачусетс университетида тўлиқ грант асосида рақамлар назариясини ўрганди ва «Қўлланма дастурлар учун криптография методлари, протоколлар ва алгоритмлар» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Илмий ишининг довруғи университетдан ташқарига ҳам ёйилган шекилли, орадан бироз вақт ўтиб, Сьюзан МХАдан қўнғироқ ва самолёт чиптасини қабул қилиб олди.

Криптография билан шуғулланувчи ҳар бир киши МХА ҳақида яхши хабардор бўлиб, у Ер юзидаги энг ақлли криптографлар учун бошпана эди. Ҳар баҳор хусусий тармоқ фирмалари юқори салоҳиятга эга ишчи-ходимларни қидириб топиб, улар билан маош масаласида бир тўхтамга келар, МХА эса бу жараённи диққат билан кузатиб, тайёр вариантлар орасидан энг муносибларини мўлжал қилар ва осмондан тушгандек улар олдида хусусий корхоналардан кўра икки баробар манфаатли таклиф билан пайдо бўларди. МХА нимани истаса, шуни сотиб олади. Бу ёзилмаган қонун. Сьюзан учрашувни сабрсизланиб кутганича Вашингтонга учиб келгач, уни аэропортда МХА ҳайдовчиси кутиб олиб, Форт Мидига елдек учириб олиб кетди.

МХА қароргоҳида Сьюзан ўзига ўхшаб иш таклифини олган яна қирқ бир кишига дуч келди. Ўша вақтлари йигирма саккиз ёшга кирган Сьюзан Флетчер улар орасида нафақат энг ёш, балки ягона аёл номзод ҳам эди. Ташриф ахборот алмашиш учун чақирилган йиғилишдан кўра кўпроқ номзодларнинг ақлий салоҳиятини ўлчайдиган текширувга айланиб кетди. Ўша куни ўзининг натижаси ҳақида ҳеч қандай ижобий ёки салбий жавоб билолмасдан, ҳафсаласи пир бўлиб ортга қайтган Сьюзанни келаси ҳафта қайта чақиришди. Гарчи иккиланаётган бўлса-да, Сьюзан яна Вашингтонга учди. Бу сафар у қабулхонада атиги олти кишини учратди холос. Ичкарига таклиф қилингандан кейин номзодлар бир-биридан холи ҳар хил вазифаларни бажаришди. Улар ёлғон детекторидан ўтишди, насл-насаблари қаттиқ суриштирилди, ёзувлари таҳлил қилиниб, бир-биридан кутилмаган ва ғалати саволлардан иборат интервьюларда соатлаб ўтиришди. Суҳбатда уларнинг жинсий мойиллиги, ким билан неча маротаба қай усулда интим алоқада бўлгани ҳақидаги ўта шахсий саволлар ҳам бор эди. Интервью олувчи Сьюзандан қачондир бирор ҳайвон билан жинсий яқинлик қилган-қилмагани ҳақида сўраганида бечора қиз шунақа уялиб кетдики, хонадан отилиб чиқиб кетишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Фақатгина энг замонавий кодлаш назарияси устида ишлаш илинжи, «сирли ошён»га қадам қўйиш ва дунёдаги энг махфий ташкилот, Миллий хавфсизлик агентлигининг аъзосига айланиш умидигина уни, минг ноқулай бўлмасин, саволларга тўлиқ жавоб беришга мажбур этди.

Қизнинг ҳикоясига маҳлиё бўлганича диққат билан эшитиб ўтирган Беккер ажабланиб сўради:

 Улар ростдан ҳам ҳайвонлар билан жинсий алоқада бўлганмисан, деб сўрадими?

Сьюзан бош ирғади:

 Бу аслият текширувининг бир қисми холос.

 Тушунарли Беккер кулиб юборишдан ўзини босишга уриниб яна сўради: Сен нима деб жавоб бердинг?

 Ярамас, қиз ярим ҳазил, ярим чин жаҳл қилиб, стол остидан Девидни тепаркан, мен уларга йўқ деб жавоб бердим, деди. Кейин маъноли жилмайиб, қўшиб қўйди:

 Умуман олганда сиз билан бирга ўтказган тунимгача бу гапим ҳақиқат эди.

* * *

Девид Сьюзан бутун умр учратишни орзу қилган мукаммал инсоннинг айни ўзи эди. Бироқ йигитнинг бир феъли бор эдики, бунга қиз асло тоқат қилолмасди: ҳар сафар овқатлангани чиқишганида Беккер ҳисобни доим ўзи тўларди. Йигит бир кунлик даромадининг барчасини икковларининг учрашуви учун сарфлашини кўриб, Сьюзаннинг виждони қийналарди, шу сабаб бир-икки марта чекни официантнинг қўлидан олиб, бугун у тўламоқчи эканини айтганида, Девид буни ҳақорат сифатида қабул қилиб, қаттиқ жаҳли чиқди. Шу-шу Сьюзан бу ҳолатга эътироз билдирмасликни ўрганди. Лекин «аслида мен тўлашим керак, ахир мен керагидан ҳам кўпроқ пул топаман», деган фикр уни тинч қўймасди барибир.

Хуллас, мана шу ҳаддан ташқари олийжаноблигини ҳисобга олмаганда, у идеал жуфт эди. Беккер раҳмдил, ақлли, ҳазилкаш бўлиб, муҳими, унда Сьюзаннинг касбига нисбатан самимий қизиқиш уйғонганди. Қаерда бўлишларидан, нима қилишларидан қатъий назар, Девид ҳамиша қиз билан криптография ҳақида гаплашишга тайёр турарди. Хоҳ музейда айланганларида, хоҳ велосипед ҳайдаётганларида ёки Сьюзаннинг ошхонасида спагетти тайёрлаётганларида, бундан қатъий назар, йигит уни беҳисоб саволларга кўмиб ташларди. Сьюзан ҳам ўз навбатида Крипто ҳақида айтишга рухсат бўлган саволларга жавоб бериб, МХАни қисқача тасвирлаб бераркан, Девид эшитганларига маҳлиё бўлиб ўтирарди.

Назад Дальше