Рақамли қалъа - Браун Дэн 5 стр.


 Бўлиши мумкин эмас! хитоб қилди Сьюзан. Қандайдир носозлик бордир балки. Текшириб кўрдингизми?

 Ҳеч қандай хатолик йўқ, текис ишлаяпти.

 Аммо калит сўз жуда катта бўлиши мумкин!

Стратмор бош чайқади:

 Оддий алгоритм. Менимча, қирқ тўрт бит ҳажмда.

Бу қандай содир бўлиши мумкин Трансхабар қирқ тўрт белгидан иборат калит сўзни ечиши учун ўн дақиқа ҳам сарфламасди ҳатто.

 Қандайдир изоҳ бўлиши керак бунга!

Командор тасдиқ ишорасини қилди:

 Изоҳ бор. Лекин бу сенга ёқмайдими деб қўрқаман.

 Трансхабар бузилиб қолдими? хавотир аралаш сўради қиз.

 Гап машинада эмас.

 Унда вирус тушдими қандайдир? янада ваҳимага тушди Сьюзан.

 Ҳеч қандай вирус йўқ, эшитсангчи мени, Сьюзан, Стратмор бироз асабийлашди.

Қизнинг боши ғовлаб кетди. Аппаратда носозлик бўлмаса, вирус тарқалмаган бўлса, гап нимада бўлиши мумкинлигига ақли етмаётганди.

 Сьюзан, командор оҳиста гап бошлади. Буни қабул қилишинг қийин бўлади, лекин бир дақиқа менга қулоқ сол. Трансхабар жавобини топишга уринаётган код биз шу вақтгача учратган кодлардан бутунлай бошқача. Олдин бунақасига дуч келмаганман. Бу кодни ечиб бўлмайди.

Флетчер унга қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбораёзди:

 Ечиб бўлмайди? Бу нима дегани? Баъзи кодлар ҳақиқатанам узоқроқ вақт олиши мумкин, лекин эртами, кечми машина барибир бир тўхтамга келарди. Нима демоқчилигингизни англамадим, жаноб.

 Бу кодни ечиб бўлмайди, афсус билан сўзларини такрорлади командор.

Ечиб бўлмайди? Сьюзан код таҳлили бўйича йигирма етти йиллик тажрибага эга одам оғзидан чиққан бу гапга асло ишонолмасди.

 Командор, Бергофский қонуничи?

Бергофский тамойили ҳақида Сьюзан криптограф сифатида янги иш бошлаган кезлари билганди. Бу қонунга мувофиқ агар компьютер кераклича калит сўзларни синаб кўрса, улар орасидан тўғрисини топиши исботланганди. Компьютер тўғрисини тополмаса, бунга сабаб коднинг ўта ҳимоялангани эмас, машинага ишни бажариш учун етарлича вақт берилмаганида бўларди. Бу қонун код ечишдаги «шафқатсиз ҳужум» усулининг тамал тоши эди. Айнан шу тамойил Стратморга Трансхабарни қуриш учун илҳом бағишлаганди.

Командор яна бош чайқади:

 Бу код бошқача деяпман-ку.

 Бошқача? қизнинг кўзларида савол қотиб қолди. Ечиб бўлмас код мавжуд бўлиши математик эҳтимолдан бутунлай йироқ эди. Командор буни жуда яхши биларди.

Стратмор чаккасидаги тер томчиларини қўли билан сидириб ташлади ва тушунтиришга киришди:

 Бу кодни бизга бутунлай нотаниш энг сўнгги русумдаги шифрлаш алгоритми ёзган.

Сьюзаннинг шубҳаси янада ортди. Шифрлаш алгоритмлари шунчаки, матнни кодга айлантиришга хизмат қилувчи математик формулалар эди холос. Дастурчилар ҳар куни янги алгоритмларни яратарди. Техника дўконларидан уларнинг PGP, ZIP, IDEA каби юзлаб турини топиш мумкин эди. Трансхабар бундай алгоритмлар ёзган кодларнинг барчасини ҳеч қандай муаммосиз синдириб келган. Машина учун шифрни қайси алгоритм тузгани аҳамиятсиз эди.

 Мен тушунмаяпман, жаноб, Сьюзан эътироз билдирди. PGP, Люцифер, DSA фарқи йўқ, ҳар бир алгоритм ўзи хавфсиз деб билган калитни яратади, Трансхабар эса уни топмагунича тўхтамайди.

Стратмор сабр билан жавоб қайтарди:

 Ҳақсан, Сьюзан, Трансхабар кодни ечиш учун зарур бўлган калит сўзни ҳамиша топади, ҳатто унинг ҳажми жуда узун бўлса ҳам. Агар муҳим гапни айтмоқчидек чуқур нафас олди.

 Нима агар? Сьюзан командорнинг оғзини пойлади.

 Агар компьютер кодни топганини ўзи сезмаса-чи?

Кутилмаган фикрдан Сьюзан стулдан йиқилиб тушаёзди:

 Нима-а-а?

 Агар Трансхабар тўғри калит сўзни узоқ муддат тахмин қилишда давом этса, бунга ягона сабаб у керакли калит сўзга дуч келганини англамаслиги бўлиши мумкин. Стратмор бироз тин олиб, умидсиз оҳангда қўшиб қўйди. Менимча, бу алгоритм айланма матндан ташкил топган.

Қизнинг оғзи ҳайратдан очилиб қолди.

Айланма матн тушунчаси биринчи марта 1987 йили венгриялик математик Жозеф Гарн томонидан ўртага ташланганди. Компьютер шифрланган матнни ўқиш учун хабардаги кўзга ташланувчи белгилар, уларнинг жойлашувини таҳлил қилишга таянишини ҳисобга олиб, Жозеф матндаги ҳарфлар ва рақамларнинг ўрнини маълум вақт оралиғида алмаштириб туришни таъминловчи алгоритм яратиш фикрини олға сурганди. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, белгиларнинг доимий ўзгариши натижасида компьютернинг шифрни ечадиган калитни топиши мураккаблашарди. Муқобил калитни топган тақдирда ҳам хабар матни бошқача тус олиб, янги кўринишига эски калит мос тушмасди ва электрон ҳисоблаш машинаси уринишларни қайтадан бошлашга тўғри келарди. Бу жараённинг охири йўқ эди. Ўша даврда Жозефнинг ғоясига Марсни ишғол қилишдек иложсиз ҳодиса сифатида қаралган бўлса, ҳозирга келиб бу каби алгоритмни яратишга инсон салоҳияти ожизлик қилиши тан олинганди.

 Нима? қиз анграйганча курсига суяниб қолди. Бизнинг бўлимда дунёдаги энг моҳир дастурчилар йиғилган, шеф! Энг устаси фаранглар фақат Криптода фаолият юритади! Ўзингиз кўриб турибсиз, бир неча йиллардан бери айланма матн устида ишлаяпмиз, аммо ҳанузгача бирор натижага эришганимиз йўқ. Жамоатчилик орасидаги аллақандай чаласавод айланма матнни яратиш усулини топган бўлиши мумкин эмас! Бу бўлмаган гап!

Стратмор қизни тинчлантиришга уринди:

 Шахсан мен бу дастурчи йигитни чаласавод деб атамаган бўлардим

Лекин Сьюзан эшитишни ҳам истамасди, унинг миясида турфа фикрлар чарх урарди. Трансхабар бу тарзда ишлашига бошқа изоҳ бўлиши керак. Балки вирус, балки ички аппаратлардаги кўз илғамас носозлик туфайли машина код калитини тополмаётгандир. Ҳар нарса бўлиши мумкин, бироқ ечиб бўлмас шифрни сабаб қилиб кўрсатиш ғирт бемаънилик. Бундай алгоритмнинг мавжуд эмаслиги кундек равшан, ахир

Командор гапида давом этди:

 Бу алгоритмни шу вақтгача мен учратган энг зеҳни ўткир, алоҳида истеъдодга эга дастурчи тузган.

 Жин урсин, қанақасига? Ақлий салоҳияти юқори бўлган барча компьютер дастурловчилари менинг бўлимимдаку. Агар улардан бирортаси айланма матнни ёзганида эди, мен албатта хабар топган бўлардим бундан, Сьюзан шубҳа аралаш эътироз билдирди. Кимни назарда тутяпсиз, аниқроқ гапирсангизчи?

 Тахмин қилиб кўрчи Бу одамнинг МХАга унчалик ҳуши йўқ эди.

 Оббо Топишмоқ топишнинг айни вақтини топдингиз! қиз асабийлашди, унинг сабр косаси тўлиб бораётганди.

Командор Флетчернинг киноясини беэътибор қолдириб, сўнгги изоҳини айтди:

 Бу одам Трансхабар лойиҳаси устида ишлаганди. Бироқ қоидаларга бўйсунмай, муаммо келтириб чиқаргани сабаб уни ишдан четлаштирганман Ёдингга тушдими?

Шефнинг сўнгги сўзларидан кейин Сьюзаннинг ранги оқариб кетди:

 Эй ХудойимАхир у

Стратмор қиз ниҳоят ким ҳақида гап кетаётганини тушунганини кўриб, маъқуллади:

 У йил бўйи Трансхабарга чидамли код ёза олувчи алгоритм яратгани ҳақида жар солиб юрганди.

 Л-лекин дудуқланди Сьюзан. Лекин мен унинг гаплари қуруқ оғиз кўпиртириш деб ўйлагандим. Ростдан ҳам яратибдими шундай алгоритмни?

 Шундай. қисқача жавоб берди командор.

Сьюзаннинг нафаси ичига тушиб кетди:

 Ахирбу дегани

Стратмор қизнинг кўзларига маъносиз тикилди ва нафрат аралаш пичирлади:

 Тўғри ўйлаяпсан. Бу дегани Энзай Танкадо Трансхабарни кераксиз матоҳга айлантирди дегани!

Олтинчи боб

Энзай Танкадо Иккинчи жаҳон урушининг суронли йилларидан анча вақт ўтганидан кейин туғилган бўлса-да, урушни батафсил ўрганди. Айниқса, воқеалар ривожининг энг аянчли нуқтаси, юз минглаб ватандошининг ёстиғини қуритган атом бомбаси портлаши ҳақидаги тарихий маълумотларнинг деярли барчасини синчиклаб кўздан кечириб чиқди.

Ҳиросима. 08:15, 6 август, 1945 йил дунё тарихига аёвсиз бузғунчилик содир этилган сана сифатида муҳрланди. Атом кучи урушдаги ғолиблар ва мағлублар ким эканлигини белгилаб берди. Танкадо жангда мамлакатининг енгилганини ҳам, миллатдошларининг қирилиб кетганини ҳам қабул қила оларди. Лекин мана шу бомба портлаши онасининг умрига зомин бўлганини ҳеч ҳазм қилолмасди.

1945 йили портлашдан кейин кўпчилик дўстлари қатори Танкадонинг онаси ҳам Ҳиросима аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун кўнгилли сифатида йўлга отланди. Ўша ерда ҳудуддаги кучли радиациядан заҳарланиб, дарди бедаво хасталик нурланишга чалинди. Шу дард билан ўн беш йилдан ошиқроқ курашди. Ниҳоят, орадан ўн тўққиз йил ўтиб, ўттиз олти ёшида, ўзини муқаррар ажалга етаклашини билса-да, Танкадони дунёга келтирди ва фарзанди рўйи заминдаги илк нафасини чиқаришига улгурмасиданоқ вафот этди. Аёл ягона зурриёдининг мажруҳ туғилганидан бехабар ҳолда дунёдан ўтганди.

Энзайнинг дадаси хотинини йўқотгани етмагандек, ҳамширалар фарзанди деб кўрсатган нуқсонли мавжудотни кўриб, дардига дард қўшилди, ўша тундаёқ касалхонани тарк этди ва ҳеч қачон боласини қидириб қайтмади. Шифокорлар Танкадонинг бир кечадан ортиқ яшашига ишонмаганди, лекин митти гўдак ҳаёт учун курашиб, матонат билан нафас олишда давом этди. Орадан бироз вақт ўтгач, уни бефарзанд бир оила савоб илинжида асраб олди.

Эсини танигандан кейин ҳар кеча ёш Танкадо ўзининг буришиб кетган бармоқларига тикиларкан, онасининг ўлимига, майиб туғилишига, дадасининг ўғлидан воз кечишига сабабчи бўлган мамлакатдан қасос олишга қайта-қайта қасам ичарди. Болакайнинг мурғак қалбида интиқом алангаси гуриллаб ёнмоқда эди.

Энзай ўн икки ёшга тўлганида Токиодаги компьютер ишлаб чиқарувчи бир фирма унинг оиласини ҳузурига чақирди. Бундан мақсад фирма ишлаб чиқарган ногирон болаларга мўлжалланган клавиатура синовида Танкадонинг иштирокини сўраш эди. Қўшимча маблағ ишлаш илинжида тутинган ота-она болани олиб пойтахтга отланди.

Энзай Танкадо ўшанда умрида биринчи марта компьютерни кўрди. Олдин ҳеч қачон фойдаланмаган бўлса ҳам, бир қарашдаёқ уни қандай ишлатишни ўрганиб олди. Компьютер орқали у бутунлай ўзгача дунёни кашф қилганди. Кейинроқ эса ҳаётининг бир лаҳзасини ҳам компьютерсиз тасаввур қилолмайдиган бўлди, компьютер унинг доимий йўлдошига айланди. Улғайгач, Танкадо мактабни бутунлай йиғиштириб қўйди, компьютер ёрдамида ишлаб пул топишни бошлади, керакли маблағни йиққанидан сўнг Япониядаги энг машҳур олийгоҳ Дошиша университетига ҳужжат топшириб, ўқишга кирди. Тез орада Энзай Танкадо бутун Япония бўйлаб «Мажруҳ даҳо» номи остида донг таратди.

Кунлардан бир куни тасодифан Энзай Япониянинг Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШнинг Пёрл-Ҳарбор кўрфазига қилган босқини ҳақида ўқиб қолди. Воқеалар силсиласини тарози палласига қўяркан, АҚШга бўлган нафрати аста-секин сўниб борди. Буддизмга меҳр қўйиб, художўй диндорга айланди, шу аснода болалигида ичган қасамини унутди; у кечириш маърифатга етакловчи йўл эканлигини англаганди.

Йигирмага кирганида Танкадо дастурчилар орасида ҳурматга сазовор инсонга айланганди. Унинг довруғини эшитган IBM зудлик билан ишга таклиф қилди. Имкониятдан унумли фойдаланган Танкадо Техасга учди. IBMда ишлаб, янада тажриба орттирган йигит уч йилдан кейин у ерни тарк этиб, Нью-Йоркка кўчиб ўтди ҳамда ўзи мустақил алгоритмлар ёзишни бошлади, шу орқали каттагина бойлик орттирди.

Шу зайлда тинчгина яшаб юрган Танкадонинг овозаси МХАнинг эътиборидан четда қолмади. Тақдирнинг ўйинини қарангки, Танкадо бир вақтлар ер билан яксон қилиш истагида ёнган мамлакатнинг қоқ юрагида, Миллий хавфсизлик агентлигида ишлаш имкониятини қўлга киритди. Иккилана-иккилана суҳбатга борган Энзай командор Стратмор билан кўришганидан сўнг барча шубҳалари барҳам топди. Интервью давомида улар Танкадонинг келиб чиқиши, АҚШга муносабати, келгуси режалари ҳақида дўстона суҳбатлашдилар. Беш ҳафта давом этган текшириш жараёнида йигит ёлғон детекторидан, турли психологик тестлардан муваффақиятли ўтиб, МХАнинг Криптография бўлимида иш бошлади. Унинг юрагида Америкага нисбатан зиғирча ҳам нафрат учқуни қолмаганди.

Катта маош олишига қарамасдан, Танкадо ишга эски мопедида қатнарди, ходимлар учун тайёрланган шоҳона тушликни рад этиб, қўлбола гамбургерини ошхонага ҳам кирмасдан, столида тановул этарди. Бўлимдаги бошқа криптографлар Танкадони жуда ҳурмат қиларди, чунки Энзай ҳақиқатан ҳам учратиш мумкин бўлган энг моҳир, уддабурон, зеҳнли дастурчи эди. Бундан ташқари, Танкадо ўзидаги меҳрибонлик, тўғрисўзлик, одоб каби юксак инсоний хислатлари билан ҳам эътирофга сазовор бўлганди. Йигит учун ахлоқий фазилатлар, ҳақиқатгўйлик жуда муҳим эди. Лекин айнан мана шу хислатлари МХАдан ҳайдалишига сабабчи бўлиши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди.

* * *

Трансхабарни қуриш устида ишлаётган деярли барча муҳандислар-у дастурловчилар уни тўла қонун доирасида ишлайди деб ўйлашарди. Федерал қидирув бюроси кимнингдир телефонига «қўнғиз» эшитиш датчиги ўрнатиши учун Федерал суднинг ижозатини олиши керак бўлганидек, МХА ҳам бирор электрон хабарни ўқиши учун албатта суд ҳокимиятининг рухсатномаси зарур деган фикр уларга уқтирилган эди. Шу сабаб Трансхабарга Федерал бюро ва суднинг тасдиғидан кейингина ишга тушишни таъминловчи махсус дастур ўрнатилиш кўзланганди. Айнан мана шу йўл билан МХАнинг дунёдаги исталган одамнинг маълумотларини рухсатсиз ўқишига чек қўйилиши назарда тутилганди.

Бироқ дастурни Трансхабарга жойлаштириш вақти келганда ишчи гуруҳга режада ўзгариш бўлганини айтишди. Ҳар бир хабар учун суд рухсатини кутиш баъзан узоқ вақт олиши мумкинлиги МХАнинг фавқулодда тезлик талаб қилувчи аксилтеррор ҳаракатлари ишини кечиктирарди. Шуни ҳисобга олиб, Трансхабар фақатгина МХА томонидан бошқариладиган код ечувчи машина бўлиши режалаштирилганди.

Бу хабарни эшитиб, Энзай Танкадо ғазабдан жунбушга келди. МХАга Трансхабарни бошқаришни тўлиқ топшириш шерни кийиклар лим ўтлоққа қўйиб юборишдек гап эди. МХА энди истаган вақтида, истаган одамнинг хабарларини берухсат, ўзига сездирмаган ҳолда ўқиш имкониятини қўлга киритганди. Бу ҳолат Танкадонинг ҳақиқатгўйлик, адолат тамойилларига асло мос келмасди. Стратмор йигитга Трансхабардан МХАнинг фойдаланиши жиноятчиликнинг кескин камайишига олиб келишини тушунтиришга уриниши бесамар кетди. Танкадо иш жойини тарк этди ҳамда Электрон хабарлар хавфсизлиги идораси билан боғланиб, бор гапни айтиб беришга уринди. Агар Энзай Танкадо дунёга барча компьютерларни яширинча ўқий оладиган махфий машина Трансхабар мавжудлиги ҳақидаги ҳикоясини маълум қилса, бу қилиғи орқали МХАнинг хавфсизлигига жиддий зарар етказиши муқаррар эди. Бундан ваҳимага тушган Миллий хавфсизлик агентлиги бечора ҳақиқатпарвар йигитнинг оғзини қай йўл билан бўлса-да ёпишга мажбур бўлди, натижада Танкадони давлатга хиёнат қилишда айблаб, ҳибсга олишди.

Мажруҳ даҳонинг қамоққа олиниши ва мамлакатдан қувғин қилиниши оммавий муҳокамаларга сабаб бўлди. Стратморнинг қаршилигига қарамасдан, МХАнинг хавфсизлик бўлими мутахассислари Танкадонинг бош кўтариб, Трансхабарнинг мавжудлиги ҳақида гуллаб қўйишидан чўчишди ва дастурчининг обрўсини бир пул қиладиган ҳар хил миш-мишлар тарқатишди. Энзай Танкадо глобал компьютер жамияти олдидаги ҳурматини ва ишончини бир зумда йўқотди; энди одамлар ундан ўзини олиб қочарди, АҚШнинг код ечувчи машинаси борлиги ҳақидаги ҳеч қандай далил-исботга асосланмаган хабар тарқатиб юрган бу майиб дастурчининг елкасига хавфли жосус деган айбни ортмоқлаб қўйишганди.

Назад Дальше