Рақамли қалъа - Браун Дэн 6 стр.


Танкадо буларнинг барчаси жирканч сиёсий ўйиннинг бир қисми эканини англаб етди. Бошига тушган кулфатларга қарамасдан, жаҳлини ҳеч кимга кўрсатмади, фақат қатъий бир қарорга келди. Соқчилар суд залидан ташқарига олиб чиқиб кетар экан, у Стратморнинг рўпарасида тўхтади ва совуқ нигоҳини унга қадаб, деди:

 Ҳозирча барчамизнинг сир сақлашга ҳаққимиз бор. Бироқ бир кун келиб мен сизга барчамиз сир сақлашга имкониятимиз бўлишини ҳам исботлайман, командор!

Бу Стратмор ва Танкадонинг сўнгги суҳбати бўлди.

Еттинчи боб

Сьюзаннинг мияси қотиб қолди. Энзай Танкадо ечиб бўлмас шифрлар ёзувчи дастур яратибди деган ўй қизни музлатиб қўйганди.

 Рақамли қалъа, Стратмор тилга кирди.

 Кечирасиз, жаноб? қизнинг хаёли чалғиди ва шефга ўгирилди.

 Танкадо ўзининг алгоритмини Рақамли қалъа деб атамоқда, тушунтирди командор. Рақамли қалъа алгоритми дастурлаш оламидаги энг буюк қурол. Агар у бозорга тарқалиб кетса борми, исталган кимса МХА ечишга қодир бўлмаган хабарлардан миллионтасини юбориш имкониятига эга бўлади. Бу разведка агентлигимизнинг ҳалокати демак, тасаввур қиляпсанми, Сьюзан?

Бироқ қизни Танкадо тузган дастурнинг сиёсий оқибатлари қизиқтирмасди ҳозир. Бутун умрини кодларни ошкор қилишга сарфлаган Сьюзан ҳалигача айланма матннинг мавжуд бўлиши мумкинигини қабул қила олмаётганди. Ҳар бир коднинг калити бор Бергофский қонуни буни тасдиқлайди, бошқача бўлиши мумкин эмас Шу сўзларни такрорлар экан, ўзини Худо билан юзма-юз келаётган даҳрийдек ҳис этиб, танасидан совуқ тер чиқиб кетди.

 Танкадо тузган код тарқалиб кетадиган бўлса, криптографиянинг куни битади базўр шивирлади қиз.

 Бу муаммоларимизнинг бошланиши холос, командор чуқур уҳ тортди.

 Балки унга пул керакдир? Алоқаларимиз яхши бўлмаса-да, Энзай билан музокара олиб бориб, унга бир неча миллион доллар таклиф этишимиз мумкин!

 Бир неча миллион доллар? Ҳазиллашяпсанми? Танкадо ёзган шифр бебаҳо. Жаҳондаги ҳар бир ҳукумат у учун бир неча миллион эмас, бир неча юз миллиард доллар беришга тайёр. Жаноб президентга биз ортиқ ироқлик террорчиларнинг хавфли режаларидан бохабар бўлолмаслигимизни қайси юз билан айтамиз? Бу ҳолат фақат МХА эмас, бутун разведка агентликлари учун нақадар даҳшат эканини тасаввур қиляпсанми? Трансхабар қонун ҳимоячилари учун нажот манбаи эди. Федерал қидирув бўлими, Интерпол, Марказий разведка бошқармаси, Наркобизнесга қарши кураш идораси Улар Трансхабарсиз ўз йўлини йўқотиб қўяди. Террорчилар истаганича онлайн мулоқот қилиб, манфур режаларини пишитади, товламачилар банкдаги ҳисоб рақамларини ҳеч қандай муаммосиз тўлдириб боради, наркотик савдоси гуллаб-яшнайди ҳуқуқбузарлик энг юксак чўққига кўтарилади, биз тартибни сақлай олмай қоламиз, тасаввур қиляпсанми? Ақлингга сиғяптими бу воқеаларнинг оқибати, Сьюзан?

Стратмор ўзини босолмай, куйиб-пишиб гапирарди.

Сьюзаннинг юраги орқасига тортиб кетди.

 Агар Электрон чегараланиш жамияти бу ҳақда хабар топса, қиёмат бўлади, командор, бир иложини топишимиз керак деди у ҳаяжон билан.

Стратмор жинидан ёмон кўрадиган идора номини эшитиб ижирғанди:

 Агар Электрон чегараланиш жамияти биз Трансхабар ёрдамида қанчадан-қанча террорчилик ҳужумларини бартараф этганимизни билганда эди, бировнинг хабарларини ўқишимиз фақат тинчликни сақлаш учун хизмат қилишини тушунган бўларди.

Сьюзан шефнинг фикрига қўшилса-да, ЭЧЖ ҳеч қачон Трансхабарнинг нақадар муҳим эканлигини тан олмаслигини яхши биларди. Машина расшифровка қилган маълумотлар ўта махфий бўлиб, ҳукумат улар ҳақида баёнот беролмасди. Масалан, АҚШ ҳудудидаги экстремистик оқимлар ўртасида иккита атом бомбаси яратилганидан дарак берувчи ёзишмалар бўлгани ошкор этилса, омманинг бу янгиликни қандай кайфиятда кутиб олиши номаълум эди.

Бироқ ядровий ҳужум мамлакатга кўланка ташлаб турган ягона хавф эмасди. Ўтган ойда Трансхабар шарофати билан МХА ўта пухта режалаштирилган террорчилик ҳужумини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлди. Мухолиф кучлардан иборат гуруҳ Нью-Йорк биржасини талон-торож қилиб, бойликларни тунаш мақсадида «Шервуд ўрмони» номли режа ишлаб чиққанди. Унга мувофиқ, олти кун давомида гуруҳ аъзолари биржа атрофидаги биноларга йигирма еттита портловчи мослама ўрнатганди. Бу қурилмалар ишга туширилса, кучли магнит портлаши юз берар, натижада бинодаги асбоб-ускуналар, компьютерлар ва уларнинг қаттиқ дисклари, магнит тасмалар, ROM ва ҳатто оддий дискеталар ичидаги маълумотлар билан бирга қайта тиклаб бўлмайдиган аҳволга келиб қоларди.

Портловчи қурилмаларни бир вақтда ишга тушириш зарурлиги сабаб улар интернет телефон линиялари орқали бир-бирига боғланганди. Жойлаштирилгандан бир неча кун ўтгач, механизмлар алмашган шифрли маълумотни МХА ушлаб олди. Дастлаб шунчаки хатолик деб диққат қаратилмаган кодлар аслида даҳшатли портлашга саноқли соатлар қолганига ишора берувчи дарак эканини Трансхабар ошкор этганидан сўнг тезкор гуруҳ ходимлари зудлик билан ишга киришди. Ҳамма қурилмалар ишга тушишига уч соат қолганида хавфсизлантириб, бўлғуси ҳалокатнинг олди олинди.

Юқоридаги ҳолат Трансхабар бўлмаса, МХА ривожланган электроник терроризм қаршисида ожиз эканлигининг яна бир исботи эди.

Сьюзан командор компьютерининг экранига кўз қирини ташлади қарийб ўн олти соатдан буён машина жавлон уриб кодни топиш устида ишлаётган бўлса-да, ҳамон натижадан дарак йўқ эди. Мабодо Трансхабар ҳозир Танкадо шифрининг калитини топган тақдирда ҳам МХА ботқоққа ботиб бўлганди. Битта кодни ечишга 16 соат сарфлаш Криптонинг иш самарадорлиги 10 бараварга қисқариши дегани эди. Ҳозирда кунига юз элликдан ортиқ хабарни очиб ташлайдиган Трансхабар айланма матн сабаб кунига иккита кодни ҳам очолмайдиган аҳволга келиб қоларди.

* * *

 Танкадо ўтган ой менга қўнғироқ қилганди, деди Стратмор қизнинг хаёлларини тўзғитиб.

Сьюзаннинг кўзларида ажабланиш аломатлари пайдо бўлди:

 Қўнғироқ қилганди? Нима учун?

 Огоҳлантириш мақсадида, командор истеҳзоли жилмайди. У қўнғироқ қилиб, менга фош этишнинг иложи йўқ кодларни ёзувчи алгоритм устидаги иши ниҳоясига етиб қолганини таъкидлади. Ўз-ўзидан, унга ишонмадим.

 Огоҳлантириш мақсадида? қиз сўроқ аралаш шефнинг гапларини такрорлади. У сизни ёмон кўради, ўз режаларини ошкор қилиб, огоҳлантириш нега керак эди унга? Ёки алгоритмни сотмоқчи бўлдими сизга?

 Асло. Танкадо мени шантаж қилмоқчи бўлди.

 Ҳаммаси тушунарли, унинг фикрини давом эттирди Сьюзан. У сиздан номини оқлаб беришингизни сўраган. Шу керак экан-да.

 Афсуски, ундай эмас. Суҳбат тафсилотларини қайта ёдга олган Стратморнинг қовоғи уйилди. Танкадо Трансхабарни талаб қилди.

 Трансхабарни???

 Ҳа. У мендан Трансхабар мавжуд эканлигини бутун дунёга айтишимни талаб қилди. У, биз хоҳлаган одамимизнинг электрон хабарларини ўқий олиш имониятига эгалигимизни омма олдида тан олсак, Рақамли қалъа алгоритмини йўқ қилишга ваъда берди.

Сьюзан аллақачон ҳайратини яширишга уринмай қўйган эди:

 Ахир бу жаллод кундасига ўз оёғинг билан бориш дегани-ку

Стратмор хўрсиниб қўйди:

 Нима бўлгандаям, энди кеч таклифини қабул қилишга. У Рақамли қалъанинг нусхасини интернетдаги сайтига жойлаштирди. Энди хоҳлаган одам уни кўчириб олиши мумкин.

Сьюзаннинг ранги оқариб кетди. У кўзларини катта очганча сўради:

 Нима-нима?

 Ҳозирча хавотирланишга ҳожат йўқ. Интернетга жойлаштирилган алгоритм шифрланган. Одамлар уни кўчириб олиши мумкин, лекин ҳеч ким очолмайди. Даҳоларча ўйлаб қилинган режа бу, тан олиш керак.

 Жин урсин! қизнинг хавотир тўла нигоҳини энди ҳайрат ифодаси эгаллади. Демак, ҳамма нусхани топа олади, аммо ундан фойдаланиш бировнинг қўлидан келмайди, шундайми?

 Худди шундай, қизнинг гапини тасдиқлади командор.

 Ўзи алгоритмни кўрдингизми, жаноб?

 Йўқ, кўрмадим. Айтдим-ку, у барибир шифрланган.

Сьюзан ҳалигача ўзини босолмаётганди.

 Ахир бизда Трансхабар бор-ку, шифрни ечиш учун, нимага энди интернетдан кодни юклаб олиб, Трансхабарга топширмаймиз калитни аниқлашни командорнинг юз ифодасини кўрган қиз бир зум тўхтаб қолди, ниҳоят гап нимада эканлигини англаб, ҳайқириб юборди. Эй Худойим, Рақамли қалъа ўзи билан ўзи шифрланганми?

Стратмор тасдиқлади:

 Бинго!

Сьюзаннинг мияси яшин тезлигида ишлаб кетди. Рақамли қалъа алгоритми Рақамли қалъанинг ўзидан фойдаланиб ёзилганди. Танкадо бебаҳо таом рецептини интернетга жойлаганди. Лекин рецептнинг матни шифрланган эди. Қизиқ жиҳати, уни шифрлашда Энзай рецептнинг ўзидан фойдаланганди.

 Бу усул Бигглман сейфи дейилади, ўйчан хулосалади қиз.

Бигглман исмли шахс бузиб бўлмайдиган сейфни қандай қуриш мумкинлигини кашф этиб, чизмаларини қоғозга кўчирган. Андазаларни хавфсизликда сақлашни ният қилган уста аксига олиб бирор ишончли хуфия жой тополмаган. Охир-оқибат ўзи бузиб бўлмас сейфни барпо этган ва сейфни қандай қуриш ва очиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларни унинг ичига яширган. Ўшанда сейфни очиш учун зарур бўлган код сейфнинг ичида қолиб, натижада ҳеч ким ундан фойдалана олмаганди. Танкадо ҳам шу йўлдан кетган кўринади.

 Файл Трансхабарнинг ичидами ҳозир? қизнинг саволи ўртага чўмган жимликни бузди.

 Мен кўпчлик қатори уни сайтдан юклаб олдим. Бироқ кодни оча олмаяпман, муаммо шунда.

Сьюзан ичида Танкадонинг доҳиёна ёндашувига таҳсин ўқиди. Ҳали алгоритмини кўрсатмасдан туриб йигит унинг қудратини МХАга исботлаб қўйганди.

Стратмор қизнинг қўлига газета тутқазди. Унинг илк саҳифасини япониялик дастурловчи Энзай Танкадо ечиб бўлмайдиган кодлар туза олувчи Рақамли қалъа номли алгоритм ёзишни ниҳоясига етказгани ҳамда синаб кўриш учун уни омма ихтиёрига топширгани ҳақидаги хабар банд этганди. Муаллиф, шунингдек, бу алгоритм Японияда катта қизиқиш уйғотган бўлса-да, АҚШдаги аксарият дастурлаш компаниялари Рақамли қалъанинг мавжудлигига қўрғошиндан олтин олишга ишонишдек бемаъни фикр сифатида қараб, жиддий қабул қилмаётганини қистириб ўтганди. Мақола сўнгида алгоритм эгаси уни кимошди савдосига қўйиб, энг кўп пул тиккан харидорга бермоқчи эканини ўқиб, Сьюзаннинг ҳуши бошидан учди.

 Кимошди савдоси? Бу гап яна қаердан чиқди?

 Япониядаги дастурлаш билан шуғулланувчи ҳар бир фирма аллақачон Рақамли қалъани интернетдан юклаб олган ва айни вақтда унинг кодини очиш билан овора. Бироқ уринишлари самарасиз якунланиб, натижада калитнинг нархи тобора ошмоқда.

Сьюзан куйиниб кетди:

 Шунчалик ҳам тутуруқсизлик бўладими!? Трансхабарсиз янги шифрланган файлларни очиб бўлмайди. Рақамли қалъа аслида бир тийинга қиммат алгоритм бўлиши мумкин, бироқ компанияларда Трансхабар йўқлиги сабаб улар барибир шифрни очолмайди.

 Нима бўлган тақдирда ҳам Танкадо жуда маккорона иш тутди, тан олди командор.

 Япон фирмалари ростданам Рақамли қалъа энг кучли алгоритм эканига ишоняптими?

 Танкадо жамоатчилик олдидаги ҳурматини йўқотган бўлса ҳам, ҳамма унинг даҳо эканини яхши билади. У хакерлар дунёсидаги энг закий кимса. Танкадо алгоритм кодини топишнинг иложи йўқ деса, демак ростдан иложи йўқ. Стратмор чуқур тин олди. Йигирма йиллар муқаддам биз бир кун келиб йигирма битта белгидан иборат шифрларни еча олишимизга ҳеч ким ишонмасди. Бироқ технология ривожланди ва ривожланишда давом этяпти. Компьютер дастурлари ишлаб чиқарувчилари Трансхабар каби ҳисоблаш машиналари қачондир яратилишини тахмин қилишади. Бу эса уларни бугунги кундаги электрон хабарлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлатилаётган кодлар қачондир яроқсиз ҳолга келиши муқаррар эканлигига ишонтиради. Келажак компьютерларига чидаш учун юқори даражада хавфсиз алгоритмлар зарурлигига ҳамманинг ақли етиб турибди.

 Демак, Рақамли қалъа хабарлар хавфсизлигини таъминловчи энг кучли алгоритм бўлиб чиқяптими?

 Худди шундай! Рақамли қалъа код ечувчи компьютерлар қанчалик қудратли бўлмасин, асло оча олмайдиган сирли шифр бўлиб қолади. Бир кечанинг ўзидаёқ у ҳозирги кодлар ўрнини эгаллаши, бутун дунёга ёйилиши мумкин.

Сьюзан чуқур нафас олди ва шивирлади:

 Худодан бошқа ҳеч ким ёрдам беролмайди бу ҳолатда бизга! кейин сўради. Балки кимошди савдосида қатнашиб кўрармиз юқорироқ нарх таклиф қилиб, шеф?

Стратмор бош чайқаб, деди:

 Танкадо бизга имконият берганди, бироқ унинг шарти тўғри келмайди. Агар унинг айтганига кўнсак, биз нафақат Трансхабар мавжудлигини тан олган бўламиз, балки Рақамли қалъанинг енгилмас куч эканлигини ҳам сездириб қўямиз.

 Қанча вақтимиз қолди аукцион бошлангунча?

 Танкадо эртага тушликда таклиф қилинган энг юқори нархни оммага билдиришни режалаштирган.

 Ундан кейинчи? қизнинг ичи шувиллаб кетди. Кейин нима бўлади?

 Келишувга кўра, энг баланд нарх таклиф қилган ғолибга калит сўз топширилади.

 Калит сўз.

 Ҳа. Ҳозир барчада шифрланган алгоритм бор, ундан фойдаланиш учун шифрни ечувчи калит сўз етишмаяпти холос. Танкадо ана шу калит сўзни кимошди савдосида сотяпти ҳозир.

Қиз қийқириб юборди. Ажойиб! Ўта пухта тузилган режа эди бу. Танкадо Рақамли қалъани атайдан шифрлаб қўяди, шифрни очиш учун зарур бўлган калитни эса ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Жин урсин! Наҳотки олтмиш тўрт белгидан иборат шифр бутун бошли разведка агентлигини ағдар-тўнтар қилиб ташласа

Сьюзан содир бўлажак ҳодисаларни хаёлига келтириб, боши айланиб кетди. Танкадо калит сўзни энг қиммат нарх таклиф қилган компанияга тутқазади, ғолиб компания Рақамли қалъа алгоритмини калит сўз ёрдамида очиб, ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Шундан сўнг алгоритмни махсус чипларга ёзиб сотишни бошлайди, мисли кўрилмаган фойда кўради. Даҳшатли жиҳати шундаки, кўпи билан беш йил ичида барча компьютерлардаги электрон хабарлар Рақамли қалъа алгоритми орқали тузилган кодлар орқали юборилади. Банкирлар, брокерлар, террорчилар, жосуслар ҳаммаси Рақамли қалъадан фойдаланади. Жиноятчиларни таъқиб қилишнинг имконияти нолга тенглашади. Рақамли қалъа электрон дунёдаги анархияни бошлаб беради. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди.

Одатда МХА ўйлаган ишлар ўз қолипида кетмаса, вазиятни изга солиш учун баъзан муаммоли одамларнинг баҳридан ўтишга ҳам тўғри келарди. МХАда нафақат кучли дастурчи, математиклар, балки дунёдаги тажрибали, бешафқат ёлланма қотиллар ҳам тўплангани ҳақида турлича миш-мишлар юрарди. Улар разведка агентлигидаги энг қонли иши МХАнинг йўлига ғов бўлаётган рақибларни йўқ қилиш билан шуғулланарди. Бундан жуда яхши хабардор бўлган Сьюзан тусмолланиб сўради:

 Сўнгги чора ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

 Агар Танкадони йўқ қилишни назарда тутаётган бўлсанг, бунинг иложи йўқ ҳозир, бош чайқади Стратмор. У бизга бундай имконият бериб қўядиган даражада аҳмоқ эмас.

 Қанақасига? Яширинишга улгурдими?

Командор ўйланиб туриб жавоб берди:

 Танкадо алгоритм учун бўладиган кимошди савдосини қўл телефони орқали бошқаришни режалаштириб, ўзи Японияни тарк этган. Лекин биз унинг қаерда эканидан хабардормиз.

 Муаммо нимада унда? Нега бирор ҳаракат бошламадингиз уни тинчитиш учун, тушунмаяпман!?

Назад Дальше