Рақамли қалъа - Браун Дэн 8 стр.


Сьюзан қошини чимирди:

 Хўш, нима қилибди? Танкадо ниятингизга етмагунингизча бир нечта вариантларни синаб кўришингизни тахмин қилган. ShDakotaни текшириб кўришингиз аниқ эди.

 Бўлиши мумкин, деди Стратмор хотиржамлик билан ва қоғозга нималарнидир ёзиб, қизга тутқазди. Лекин мана бунга нима дейсан?

Қиз қоғозни ўқиди ва шу заҳотиёқ командор нимага шаъма қилётганини англади. Қоғозда Шимолий Дакотанинг электрон почта манзили ёзилган эди.

SHDAKOTA@ara.anon.org

Сьюзаннинг эътиборини манзил ўртасидаги ARA ҳарфлари тортди. ARA Америка рақамли анонимлари деган маънони берарди. ARA жуда машҳур махфий сервер эди.

Аноним серверлар интернет фойдаланувчилар ўртасида кенг тарқалган бўлиб, улардан ўз шахсларини сир сақлашда фойдаланишарди. Пул эвазига бу компаниялар хабар жўнатувчи ва қабул қилувчи ўртасида туриб, мактубнинг кимдан келаётганини яшириб берарди. Бу рақамланган почта қутисидан фойдаланишга ўхшайди. Фойдаланувчи исми-шарифини ва манзилини ошкор этмасдан туриб ҳам мактубларни юбориб, қабул қилиши мумкин. Шахс юборган мактубни қабул қилиб олган компания унга қалбаки исм кийдириб, қабул қилувчига йўналтириб беради. Бундай фирмаларнинг барчаси мижозлари билан тузган шартномага кўра уларнинг шахсий маълумотларини бир умр сир сақлаш мажбуриятини олади.

 Албатта, бу аниқ далил эмас, лекин шубҳаланишга арзийди, деди Стратмор.

 Айтмоқчсизки, Танкадо Шимолий Дакотани қидириб қолишларидан чўчимаган, чунки унинг исми ва манзили ARA томонидан яширилган, қидирганлар барибир тополмайди деб ўйлаган, шундайми?

 Худди шундай, азизам.

Сьюзан бир неча сония ўйланиб қолди, сўнг сўради:

 ARA асосан АҚШ ҳудудида фаолият юритади. Шимолий Дакота қаердадир яқин атрофда бўлиши мумкин деб ўйлайсизми?

Стратмор елка қисди:

 Бўлиши мумкин. Икки калит сўзни географик жиҳатдан бир-биридан узоқда сақлаш яхши ғоя.

Сьюзан командорнинг гапларига қўшилди.

 Шимолий Дакота қиз ўйга чўмди. Нима сабабдан айнан АҚШ штатларидан бирининг номи аноним исм қилиб танланган? Нега айнан Шимолий Дакота? Нега Вашингтон, Нью-Йорк, Калифорния эмас? Қизиқ сўнг овоз чиқариб сўради: Бу анонимнинг Танкадога ёзган хабарларида нима дейилган экан?

 Бундан хабарим йўқ. Cоминт фақатгина Танкадодан чиқувчи хабарларни ушлаган. У қабул қилган мактублардан бехабармиз.

Сьюзаннинг юрагини шубҳа тарк этмаётганди.

 Бу тузоқ бўлиши мумкин, жаноб, такрорлади у.

Стратморнинг қошлари чимирилди:

 Қанақасига?

 Жуда оддий! Танкадо ҳеч ким фойдаланмайдиган ўлик аккаунтга сохта электрон хабарларни атайдан юборган. Хабарларни ўқиб, уларни яхшилаб ҳимоялаган, ҳақиқатан ҳам ҳамтовоғи бор деб ўйлашимизга эришмоқчи бўлган. Билишимча, АҚШда унинг бирорта ҳам яқин кишиси йўқ эди. Унинг характерини ҳисобга олсак, аслида Танкадо ёлғиз ишлаётган бўлиши эҳтимолга яқинроқ.

Сьюзаннинг гапларини эшитиб, Стратмор қиқирлаб кулиб юборди:

 Ишонса бўлади. Лекин сен бир нарсани ҳисобга олмаяпсан. Танкадо Шимолий Дакотага мактубни ўзининг доимий электрон манзилидан юбормаган. Аксинча, ўзи бир вақтлар ўқиган Дошиша университетининг серверидан фойдаланиб, яширин аккаунт очган ва ёзишмаларда ўшандан фойдаланган. Ўзинг ўйлаб кўр Агар Танкадо уни топишимизни истаган бўлса, нима учун махфий почта манзилидан фойдаланди?

Сьюзан саволга ўйлаб ўтирмай жавоб берди:

 Бу иши орқали у электрон почтасининг ишончлилигини таъминламоқчи бўлган холос. Чунки Танкадо қўйган тузоқдан шубҳаланиб қолишингиздан қўрққан.

 Сен аслида криптограф эмас, шахсий детектив бўлишинг керак эди, Стратмор қизнинг фикрларини эшитиб кулиб юборди, сўнг тушунтиришга киришди. Фикрингда жон бор. Бироқ гап шундаки, Танкадо юборган ҳеч бир мактуб жавобсиз қолмайди. Танкадо ёзади, Шимолий Дакота жавоб қайтаради. Агар ShDakota ўлик аккаунт бўлганда эди, ундан жавоб мактуби келмаган бўларди.

Сьюзан қошларини чимирди:

 Яхши, тушунарли. Шу омиллар сабаб Шимолий Дакота ортида ҳақиқий, реал шахс турибди деб ўйлаяпсизми?

 Шундай деб қўрқаман. Нима бўлса ҳам, биз уни тезлик билан топишимиз керак. Унинг изига тушганимизни пайқаб қолса борми, ҳаммаси тамом бўлади.

Қиз нима учун Стратмор уни бугун чақирганини энди тушуниб етди.

 Тахмин қилишга рухсат беринг деди у. Сиз мени ARAнинг маълумотлар базасини бузиб кириб, Шимолий Дакотанинг асл шахсини аниқлашимни истайсиз.

Командорнинг юзи ёришиб кетди, у қизга табассум ҳадя қилди:

 Сен менинг фикримни ўқидинг, Флетчер хоним. Ҳозир менга фақат сен ва Изқувар ёрдам бера олади.

Бир йил аввал, Оқ Уйдаги юқори мартабали бир амалдор ARA фирмаларидан бирининг аноним манзилидан фойдаланиб ёзилган таҳдидли мактублар қабул қилишни бошлади ва МХАдан хатларни юбораётган одамни топишни сўраб мурожаат қилди. МХАнинг ўртада анонимликни таъминлаб турган компанияни воқеа юзасидан сўроқ қилиб, фойдаланувчининг асл шахсини аниқлашга ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққи бўлса-да, улар ортиқча машмашаларсиз Сьюзан яратган Изқувар дастуридан фойдаланишни маъқул кўрди. Қиз Изқуварни компания серверига жойлаштириб қўйиб, мижозларнинг ҳақиқий манзили ва исми-шарифини аниқлаши мумкин эди. Изқувар керакли маълумотни топиб, МХАга юборарди ва из қолдирмасдан ўзини ўзи парчалаб ташларди. Изқувар яратилгандан сўнг, Америка рақамли анонимлари агентлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш МХА учун писта пўчоғига айланганди. Айни вақтда Стратмор Изқувар орқали Шимолий Дакотанинг кимлигини аниқлашни мақсад қилганди.

 Сен топа оласанми уни? сўради командор қиздан.

 Албатта. Муаммо бўлиши мумкин эмас. Нега олдинроқ чақирмадингиз мени?

 Ростини айтганда, Стратмор овозини пастлатди, бирор кимсанинг бу ҳақда хабар топишини истамагандим. Шу сабаб Изқуварни ўзим ишга туширишга уриниб кўрдим. Бироқ, жин урсин, уни янгича гибрид тилда ёзганинг сабаб бошқаришга тишим ўтмади. Натижада сенга қўнғироқ қилиб, дам олиш кунингни барбод қилишга журъат этдим.

Стратмор ясама жаҳл қилди. Буни эшитиб, Сьюзан кулиб юборди. Ҳақиқатда ҳам, Стратмор ақлли криптограф дастурчи бўлса-да, унинг репертуари бошланғич алгоритмлар билан чекланиб қолганди. Сьюзан Изқуварни яратишда эса энг замонавий Limbo дастурлаш тилидан фойдаланганди. Нима сабабдан Стратмор Изқуварни ишга туширишда муаммоларга дуч келганини тушуниш қийин эмасди. Сьюзан кула-кула:

 Ўзим қарайман Изқуварга. Терминалда бўламан, жаноб, деди ва кетишга чоғланди.

 Тахминан қанча вақт кетиши мумкин бунга? сабрсизлик билан сўради шеф.

Қиз тўхтади, ўйлаб туриб, жавоб қайтарди:

 Хўш Бу Шимолий Дакотанинг қаерда эканига боғлиқ. Агар у АҚШ ҳудудида бўлса, сервер орқали унинг банк рақами, кредит картаси ҳақида маълумот олишимга бир соат вақт кетади. Мабодо мамлакат ташқарисида бўлса, уни топишим бироз кўп муддат талаб қилади. у жилмайиб қўшиб қўйди: Шимолий Дакотани фош этганимдан кейин уёғи сизга боғлиқ.

Стратмор «уёғи» нима бўлишини жуда яхши биларди. Стратмор бошчилигидаги МХА ҳужумчилари жамоаси Шимолий Дакотанинг уйига қурол билан бостириб кириб, уни ҳибсга олади. Командорнинг шахсан ўзи лаънати алгоритмнинг калитини топиб, парча-парча қилиб ташлайди, шундан кейин Рақамли қалъа бир умр очиб бўлмас кераксиз матоҳга айланади.

 Изқуварни эҳтиёткорлик билан юбор, шоширди қизни Стратмор. Агар Шимолий Дакота унинг изидан тушганимизни сезиб қолса, ваҳимага тушади ва калитни олиб, ғойиб бўлади.

 Албатта, жаноб, Стратморни тинчлантирди қиз. Шимолий Дакота уни топганимизни сезмай ҳам қолади.

Стратмор ҳорғин оҳангда миннатдорлик билдирди:

 Раҳмат, Сьюзан.

Қиз жавоб ўрнига дўстона табассум қилди. Стратморнинг шундай қалтис вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймаганига ичида қойил қолди. Шефнинг айнан мана шу совуққонлиги, энг мушкул ҳолатда ҳам муаммони ҳал этишга қодирлиги унинг бугунги куч-қудратга эришишига сабаб бўлган омиллардан асосийси эканига Сьюзан бугун яна бир бор амин бўлди.

Қиз ўрнидан туриб, эшик томон юраркан, пастда, залнинг қоқ марказида ғуввилаб ишлаб ётган Трансхабарга нигоҳ ташлади. Тезроқ Шимолий Дакотани топишларини сўраб чин кўнгилдан дуо қилди.

 Дарвоқе, бир нарса ёдига тушгандек, шеф Сьюзанни ўзига қаратди. Шимолий Дакотани қанча тез аниқласанг, шунча тез Смоки Маунтин тоғларига, саёҳатга жўнаб кетасан.

Қиз юриб кетаётган жойида музлаб қолди. «Смоки Маунтин? Саёҳат? Мен бу ҳақда командорга ҳеч қачон айтмагандимку Наҳотки МХА менинг телефонимни эшитаётган бўлса?» У жаҳл аралаш савол назари билан Стратморга ўгирилди.

 Бугун тонгда Девид билан гаплашгандим. Саёҳат ҳақида у айтди, айбдор оҳангда изоҳ берди Стратмор. Беккер режангиз кечикишидан жаҳлинг чиқишидан хавотирда эди.

Сьюзан бутунлай карахтланиб қолди ва ҳайрат билан сўради:

 Нима? Сиз эрталаб Девид билан гаплашдингизми?

 Ие, хабаринг йўқмиди ҳали? ажабланди Стратмор. Мен Девидга кўрсатма беришим керак эди.

 Кўрсатма? Нима ҳақда кўрсатма?

 Унинг сафари ҳақида кўрсатма. Мен Девидни Испанияга жўнатдим.

Ўн биринчи боб

Испания! Мен Девидни Испанияга жўнатдим! Стратморнинг гаплари қизга найзадек санчилди.

 Девид Девид Испаниядами? қулоқларига ишонмасди Сьюзан. Сиз уни Испанияга юбордингиз? Нимага? ҳайқирди қиз.

Унинг нигоҳлари жаҳлга тўлган эди. Шу туришида у полопонини ҳимоя қилишга шайланган она бургутни эслатарди.

Стратмор қизнинг кутилмаган реакциясини кўриб, бир муддат тилдан қолди. Шеф бирор кимсанинг ўзига нисбатан бундай қичқиришига одатланмаган эди. Сўнг ўзини босиб, гап бошлади:

 Сьюзан, сен Девид билан гаплашган бўлишинг керак бу ҳақда. У тушунтирмадими нима гап эканини? Мен унга бугун тонгда машина юборгандим. Кетишидан олдин сенга қўнғироқ қилмоқчи эканини айтганди менга. Кечир мени. Мен ўйлагандимки

Қиз шефнинг гапини кесди:

 Нимага уни Испанияга жўнатдингиз?

 Калит сўзни олиб келгани.

 Нимани олиб келгани?

 Танкадодаги калит сўзни. Алгоритмни очиш учун зарур калит сўзнинг нусхасини.

 Нималар деяпсиз ўзи? Сьюзаннинг ҳуши бошидан учди.

Стратмор тушунтиришга киришди:

 Танкадо Японияни тарк этаётганида ўзи билан Рақамли қалъанинг калит сўзи нусхасини олиб кетгани аниқ. Демак, Испанияда ўлаётган вақтида калит сўз унинг ёнида бўлган. Мен Севильядаги аллақайси ўликхонада калитнинг йўқ бўлиб кетишини истамайман.

 Шунинг учун сиз Девид Беккерни Испанияга юбордингизми? Сьюзаннинг ҳайрати баттар ошди. Командорнинг бу хатти-ҳаракатидан мантиқ тополмай, бўзариб, қичқирди: Ахир Девид сиз учун ишламайдику! Унинг МХАга умуман алоқаси йўқ!

Стратмор қизнинг баланд овозидан чўчиб тушди. Кўзларини катта-катта очди; рўпарасида турган ходимини таний олмаётганди. У Сьюзанни ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаган эди.

 Сьюзан, босиқ овозда гапини давом эттирди у, айнан шунинг учун ҳам

 Қўл остингизда йигирма минг киши ишлаб туриб, келиб-келиб менинг қайлиғимни бундай сафарга юборишга нима ҳаққингиз бор? бошлиғининг гапини чўрт кесиб, ҳужумга ўтди қиз.

 Менга ҳукумат билан боғлиқ жойи йўқ, оддий аҳоли орасидан чиққан курьер керак эди. Агар ўзимизникилардан кимнидир юборсам, сезиб қолишлари

 Ва Девид Беккер сиз билган ягона оддий фуқаро эди, шундайми?

 Йўқ, ундай эмас. Тушунишга ҳаракат қилсанг-чи! Соат тонгги олти эди, воқеалар шу даражада тез содир бўлдики, ортиқча ўйлаб ўтиришга вақт тополмадим. Девид тилларни яхши билади, у ақлли ва ишончли йигит. Бунинг устига, бу иш унга ёрдам бўлади деб ўйладим.

 Ёрдам бўлади? Сьюзаннинг томоғига нимадир тиқилди. Уни Испанияга жўнатишингиз ёрдамми?

 Ҳа! Мен Девидга бир кунлик иш учун ўн минг доллар тўлаяпман. Мана шу кўмак бўлади. У Севильяга боради, Танкадонинг нарсаларини йиғиштиради ва уйга қайтади. Уни самолёт билан ҳам таъминлаганман. Ваҳима қилишингга арзийдиган нима бор бу ерда? асабийлашди Стратмор.

Сьюзаннинг дами ичига тушиб кетди. У ҳаммасига пул сабаблигини тушунди.

Беш ойча муқаддам Жоржтаун университети президенти Девидга Хорижий тиллар кафедраси мудирлиги лавозимини таклиф этганди. Агар Беккер рози бўлса, унинг дарс бериш соатлари қисқартирилиб, қўшимча қоғозбозлик ишлари ортиши аниқ эди. Лекин маошида ҳам сезиларли кўтарилиш бўлишини эшитгандан кейин Девид иккиланиб қолди. Сьюзан қайлиғи ўқитувчилик касбини қанчалик яхши кўришини биларди, молиявий ночорлик сабаб севимли ишидан воз кечиши у учун оғирлигини ҳис қилиб, қизнинг юрак-бағри эзилиб кетди. «Девид, ундай қилманг! Бизнинг пулимиз жудаям кўп ким ишлаб топганининг нима аҳамияти бор ахир?» деб қичқиргиси, йигитни йўлдан қайтармоқчи бўлди, бироқ индай олмади. Ўша кеча уйқуга ётиш олдидан Девиднинг таклифга рози бўлганини эшитиб, Сьюзан унинг лавозими кўтарилганидан мамнун бўлишга уринса-да, ичида нимадир бу яхшиликка олиб бормаслигини тинмай такрорларди. Мана, ҳозирги ҳолат унинг ўша тундаги хавотирлари бекорга эмаслигини исботлади.

 Сиз уни кўндириш учун ўн минг доллар таклиф қилдингизми? заҳарханда овозда сўради қиз. Бу жирканчлик!

Сьюзаннинг охирги гапларидан Стратмор тутаб кетди:

 Жирканчлик? Бу ҳеч қандай жирканчлик эмас! Жин урсин, ахир мен унга пул ҳақида оғиз очганим ҳам йўқ. Қўнғироқ қилиб ёрдам сўрадим. У рози бўлди.

 Албатта рози бўлади-да! Сиз менинг бошлиғимсиз. Сиз МХАнинг бош дирекори ўринбосарисиз! Девид йўқ деёлмаслиги аниқ эди!

 Ҳақсан! ўшқирди Стратмор. Шунинг учун ҳам мен унга мурожаат қилдим. Менда қанақадир шоҳона

 Оддий фуқарони бу ишга жалб қилганингиздан директорнинг хабари борми? командорнинг сўзини кесди Сьюзан.

 Сьюзан, деди Стратмор, унинг сабри тугаб бораётгани овозидан сезиларди. Директорнинг бу ишлардан хабари йўқ.

Буни эшитиб, қизнинг боши айланиб кетди, қаршисида турган одамни умуман таниёлмай қолди. У қайлиғини оддий ўқитувчини МХАнинг махсус топшириғи билан сафарга жўнатибди, бу ҳам етмаганидек, ташкилот тарихидаги энг катта инқироз ҳақида бош директорга хабар бермапти. Нималар бўляпти ўзи? У Стратморга ишончсизлик билан боқиб, сўради:

 Лиленд Фонтейн бехабарми?

Командорнинг сабри тугади. У портлади:

 Жин урсин, Сьюзан, мени яхшилаб эшит! Мен сени бу ерга чақирдим, чунки менга оғир дамда ёрдам берадиган дўст керак эди, терговчи эмас! Кеча тунда Танкадонинг лаънати файлини юклаб олдим ва мана шу ерда соатлаб Трансхабар уни еча олишини сўраб, дуо қилиб чиқдим. Ичимдан нималар ўтганини ёлғиз ўзим биламан. Шу аҳволимда саҳарлаб директорга қўнғироқ қилиб, «Хайрли тонг, жаноб. Сизни уйғотиб юборганим учун узр сўрайман. Нимага қўнғироқ қиляпман? Шунчаки, ҳозиргина Трансхабарнинг ишдан чиққанини аниқладим. Нима учун дейсизми? Чунки менинг қўл остимдаги бебаҳо криптографлар ёзишни уддалай олмаган алгортимни бизнинг ашаддий душманимиз эпчиллик қилиб яратибди», дейишим керакмиди? ўшқирди Стратмор ва жаҳл билан столни муштлади. Унинг юзи ғазабдан қизариб кетганди.

Сьюзан музлаб қолди. Шунча йиллик иш тажрибаси давомида Стратмор биринчи марта қизга овозини баландлатиб бақириши эди. Ўртага бир неча дақиқалик сукут чўкди. Ниҳоят командор курсига орқасини ташлади ва Сьюзан унинг нафас олиши секинлашиб, ўзига келаётганини сезди. Орадан бироз вақт ўтиб, Стратмор тилга кирганида эса, унинг овози олдингидек босиқ жаранглади.

Назад Дальше