Бахтга қарши, деди шеф оҳиста, директор ҳозир Жанубий Америкада, Колумбия президенти билан учрашувга кетган. У ердан туриб қўлидан бирор иш келмаслигини ҳисобга олганда, менда иккита чора қолганди ё директордан президент билан бўладиган учрашувни бекор қилиб, зудлик билан АҚШга қайтишини сўрашим ёки вазиятни қўлга олиб, барчасини ўзим ҳал қилишим керак эди. Ўрнимда бўлганингда сен нима қилардинг? сўради Стратмор.
Сьюзан жим қолди. Командорнинг ҳорғин кўзлари қизнинг нигоҳлари билан тўқнашди. У яна гап бошлади:
Сьюзан, қўполлик қилганим учун кечир. Мен чарчадим. Бўлаётган ишлар қўрқинчли тушга ўхшайди. Девид учун хафа эканлигингни тушунаман. Мен сени бундан хабаринг бор деб ўйлагандим, ишон. Акс ҳолда бу тарзда, қўққисдан айтиб, сени шокка туширмаган бўлардим.
Бу гаплардан кейин Сьюзандаги жаҳл ўрнини айбдорлик ҳисси эгаллаб олди ва вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб кўрди:
Мен ошириб юбордим аслида. Кечиринг, жаноб. Девид ростдан ҳам яхши танлов бўлган.
Шеф паришонлик билан бош қимирлатди:
У бугун тунда ортга қайтади, хавотир олма.
Қиз командор бошидан кечираётган барча муаммолар ҳақида ўйлай бошлади соатлаб давом этадиган мажлислар, йиғилишлар, Трансхабар масаласи билан бир қаторда, шефнинг шахсий ҳаёти ҳам нотинч бўлиб, ўттиз йил бирга яшаган рафиқаси Стратмор билан ажрашаётгани ҳақида гап-сўзлар юрганди; бу ҳам етмагандек, Рақамли қалъа МХА тарихидаги энг даҳшатли хатар ҳам қалқиб чиқди бечора одам эса муаммолар пўртанасига қарши ёлғиз ўзи сузаётганди. Шуларни хаёл қилиб, қизнинг юраги эриб кетди.
Вазиятни ҳисобга олган ҳолда айтишим мумкинки, деди у, сиз барибир директорга қўнғироқ қилишингиз керак.
Стратмор бош чайқади, пешонасидаги тер томчиси столга томди.
Директорга ҳал қилиш қўлидан келмайдиган катта инқироз ҳақида хабар қилиб, унинг мавқеини хавф остига қўёлмайман. Чунки Колумбия раҳбари билан учрашувни бекор қилиш Ўзинг тушунасан, ўйинчоқ нарса эмас бу.
Сьюзан унинг гаплари тўғри эканини биларди. Ҳатто шундай фавқулодда вазиятда ҳам Стратмор тиниқ фикрлаётганди.
АҚШ президентига қўнғироқ қилиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми? яна сўради у.
Ўйлаб кўрдим, бўлмайди, қўл силкиди командор.
МХАнинг юқори лавозимдаги мансабдорлари фавқулодда вазиятларда федерал ташкилотлардан рухсат кутиб ўтирмасдан чора кўриш ҳуқуқига эгалигини Сьюзан яхши биларди. МХА барча турдаги федерал жавобгарликдан озод этилган АҚШдаги ягона ташкилот эди. Стратмор шу имкониятдан фойдаланиб, ёлғиз ишлашни афзал кўрарди.
Командор. эътироз билдирди қиз. Бу муаммо бир ўзингиз эплашингиз учун жуда катталик қилади. Кимдандир ёрдам сўрашингиз керак.
Сьюзан, Рақамли қалъанинг мавжудлиги ташкилотимизнинг келажаги учун жиддий хавф туғдиради. Президентга бу ҳақда айтишим директорнинг орқасидан иш қилишим билан баробар. Биз банкротлик арафасида турибмиз, мен вазиятдан чиқишга уриняпман, Стратмор қизга ўйчан боқди. Мен операциялар бўйича директор ўринбосариман, мен ўз вазифамни бажаряпман ҳозир, кейин жилмайиб, қўшиб қўйди: Қолаверса, мен ёлғиз эмасман. Менинг жамоамда Сьюзан Флетчер бор!
Сьюзан шу лаҳзада командорни ҳурмат қилишига асосий сабабни тушуниб етди. Ўтган ўн йил давомида яхши ва ёмон кунларнинг барчасида Стратмор ўз тамойилларига, ватанига ва ғояларига содиқ қолган эди энг мураккаб даврларда ҳам ғалабага ишончини йўқотмасдан, олға ҳаракат қилиши қизни доим ҳайратга соларди. Нима бўлишидан қатъий назар, командор Тревор Стратмор қоронғуда МХАга йўл кўрсатувчи ёруғ юлдуз эди.
Сен мен билан биргасан, шундай эмасми? сўради командор.
Сьюзан жилмайди:
Албатта жаноб, мен сиз биланман, юз фоиз!
Хурсандман. Энди ишга қайтсак ҳам бўлар, командор ҳам илиқ табассум қилиб, қизнинг елкасидан қоқиб қўйди.
Ўн иккинчи боб
Девид Беккер олдин ҳам мотам маросимларида қатнашиб, ўлик таналарни кўрганди, лекин бу сафар асаблари дош беролмади. Гулчамбарлар билан безатилган тобутга солиш ўрнига алюминий столга қип-яланғоч қилиб ётқизиб қўйилган мурдага тикилар экан, Девиднинг кўнгли беҳузур бўлди. Жасаднинг шифтга термулган очиқ кўзларида қўрқув ва надомат аломати зуҳрланиб қолганди.
Dónde están sus efectos? сўради Беккер соф Кастилия шевасида. Унинг нарсалари қаерда?
Allí, жавоб қайтарди тишлари, тамакидан бўлса керак, сарғайиб кетган лейтенант бурчакдаги шкафга ишора қилиб.
Es todo? Ҳаммаси шуми?
Sí.
Девид буюмларни жойлаштириш учун бирор қути сўради, лейтенант топиб келиш мақсадида шошилиб чиқиб кетди.
Шанба бўлгани сабаб Севилья ўликхонасининг иш соатлари расман тугаганди. Бироқ ёш лейтенантга Беккер ташрифидан бир неча соат олдин юқоридан қўнғироқ бўлиб, бугун ташриф буюрадиган америкаликни ичкарига киритиб, истаганини муҳайё қилишга қатъий буйруқ берилганди.
Девид кийимлар уюмига кўз ташлади. У ерда паспорт, теридан ҳамён, кўзойнак ва оёқ кийими бор эди. Бундан ташқари, полиция мурда жойлашган меҳмонхонадан топиб келган кичкина сумка ҳам турарди. Беккерга берилган кўрсатма қисқа ва лўнда эди: ҳеч нарсани ушламаслик, ҳеч нарсани ўқимаслик, шунчаки ҳамма нарсани АҚШга олиб келиш. Барчасини. Бирор буюмни унутиб қолдирмаслик.
Буюмларни кўздан кечираркан, йигитнинг қошлари чимирилди. Бир уюм эски-туски орасида МХАга керакли нима бўлиши мумкин?
Лейтенант қўлида кичкина қутича билан қайтиб кирди, Беккер нарсаларни унга сола бошлади.
Зобит мурданинг оёғига ниқтаб сўради:
¿Quienes? Бу ким?
Ким билади дейсиз.
Хитойликка ўхшайди.
«Япониялик», ўйлади Девид.
Бечора. Юрак хуружими?
Беккер париншохотир бош қимирлатди:
Менга шундай деб айтишди.
Лейтенант ҳамдардлик билдирди:
Севилья Қуёши базан жуда шафқатсиз бўлади. Эртага ташқарида юрганда эҳтиёт бўлинг.
Раҳмат, миннатдорлик билдирди Девид, бироқ бугун уйга қайтаман.
Зобит ҳайрон бўлди:
Ўзи ҳозиргина келдингиз-ку!
Биламан, аммо мени бу ерга юборган киши мана бу буюмларни кутяпти, тезроқ учишим керак ортга.
Лейтенант буни эшитиб хафа бўлди:
Севильяни кўрмасдан кетаман демоқчимисиз?
Мен олдин келганман бу ерга. Жуда мафтункор шаҳар. Жон деб қолган бўлардим ўзимга қолганида, узрини билдирди Беккер.
Ооо, Севильяга келганмисиз олдин? Ундай бўлса Ла Гиральдани кўрганмисиз?
Беккер бош силкиди. Моронларнинг қадимий минораси Ла Гиральдага чиқмаган бўлса-да, уни ростдан ҳам кўрган эди.
Альказарчи? деб уни яна сўроққа тутди лейтенант. Афтидан, у она шаҳри билан жуда фахрланарди.
Беккер яна бош силкиркан, беихтиёр ўн бешинчи асрга мансуб қалъада юлдузлар ёғдуси остида машҳур хонанда Пакоде Лусия гитара жўрлигида қўшиқ куйлаган ажойиб кеча ёдига тушди. Девид тезроқ Сьюзан билан бу ерга яна қайтиб келишни истади.
Ва албатта Христофор Колумбни ёддан чиқармаслик керак, деди зобит қувноқ табассум билан. У бизнинг бош черковимизда дафн этилган.
Беккер бошини кўтариб, соқчига қаради:
Ростданми? Мен Колумб Доминикан республикасига кўмилган деб ўйларканман.
Жин урсин, албатта ундай эмас! Ким айтди бу бемаъни гапни? Колумбнинг танаси шу ерда, Испанияда! Мен сизни мактабда ўқигансиз деб юрибман-а, куйинди соқчи.
Беккер елка қисди ва жилмайиб қўйди:
Шу ҳақда дарс бўлган куни мен синфда йўқ эдим шекилли.
Испан черкови тарихий ёдгорликларга жуда бой, фахрланиб таъкидлади лейтенант.
Испан черкови! Беккер Испаниядаги Роман католик черкови борлигидан хабардор эди. Католик дини бу ерда Ватикандагига қараганда кучли ривожланганди.
Албатта, бизда Колумбнинг тўлиқ танаси йўқ, гапида давом этди соқчи. Solo el escroto.
Беккер бу сўзни эшитиб, нарсаларни йиғишдан тўхтади ва лейтенантга қаради. Ичидан отилиб келган қаҳ-қаҳ кулгини тўхтатиб қолишга уриниб лабини тишлади:
Solo el escroto? Фақат мояги қолганми?
Зобит мағрурланиб, бош ирғади ва тушунтиришга киришди:
Шундай. Агар черков буюк шахснинг тана қолдиқларига эгалик қилса, уни муқаддаслаштиради ва ёдгорлик сифатида бошқа черковларга тарқатади. Бу бошқа, оддий одамларга уларнинг шукуҳидан баҳра олиш имкониятини беради.
Демак сизларга тушган қисм Беккер кулиб юборди.
Ҳа-да! Бизда жудаям муҳим қисм сақланади, зобит ҳимояга ўтди. Колумбнинг моягига эгалик қилиш унинг аллақандай қовурғаси ёки тиззасига эгалик қилишдан ўлса ўлиги ортиқ. Сиз албатта бугун Севильяда қолишингиз ва бу ажойиботни ўз кўзингиз билан кўришингиз зарур! соқчи Девидни кўндиришга жон-жаҳди билан киришганди.
Яхши, балки шаҳардан чиқиб кетаётганимда черковга кириб ўтишга вақтим бўлар, деди Беккер илтифот билан.
Mala suerte, лейтенантнинг ҳафсаласи пир бўлди. Эҳ, бўлмайди. Черков қош қорайганда ёпилади
Ундай бўлса бошқа сафар, жилмайди йигит, қути қопқоғини ёпаркан. Кетиш вақти бўлди чоғи. Самолётим кутяпти.
Аэропортгача олиб бориб қўяйми? сўради соқчи. Ташқарида мотоциклим бор.
Мотоцикл сўзини эшитиб Девиднинг капалаги учди. Коллежда ўқиб юрган кезларида бир марта мотоцикл ҳайдаб, нариги дунёга равона бўлишига бир бахя қолганди. Ўшандан бери, ким бошқаришидан қатъий назар, мотоциклга чиқишни ҳамиша рад қиларди. Ҳозир ҳам шоша- пиша эътироз билдирди:
Таклиф учун миннатдорман, овора бўлманг, такси ушлай қоламан.
Яхши, у ҳолда мен чироқларни ўчираман, совуққина деди соқчи эшик томонга йўналиб.
Беккер буюмлар тахланган қутини қўлтиғига қистирди. Ҳамма нарсани олдимми? Стол устида ётган ўликка сўнгги марта қаради. Қип-яланғоч жасад шифтга тикилиб, музлаб ётарди. Мурдани бошдан-оёқ кўздан кечирган йигитнинг нигоҳини унинг бужмайган, мажруҳ бармоқлари ўзига тортди.
Зобит чироқларни ўчирди ва хона қоронғуликка кўмилди.
Шошманг, ҳайқирди Девид, чироқни ёқинг.
Хона яна ёришиб кетди.
Беккер қўлидаги қутини полга қўйиб, ўзи столга яқинлашди, эгилиб, мурданинг чап қўлини синчиклаб текширди.
Зобит Девиднинг ёнига келиб, бир муддат бармоқларга қараб, хитоб қилди:
Шунақаям бадбашара бўладими!?
Бироқ Девиднинг эътиборини тортган жиҳат қўлнинг майиблиги эмасди. У бошқа нарсани кўриб қолганди.
Мурданинг барча буюмлари қутида эканига ишончингиз комилми? зобитга ўгирилиб сўради у.
Ҳа, албатта, бори шу эди, деди соқчи ҳайрон бўлиб.
Беккер қўлларини белида тутиб ўйланиб турди. Сўнг полдан қутини олиб, уни бурчакдаги стол устига олиб борди, ичидагиларни пастга ағдарди. Кийимларни эҳтиёткорлик билан қоқиб чиқди, оёқ кийимларини пайтавасигача кўчириб, ичини текширди, пастга қарата силкитди. Ўйлагани амалга ошмади шекилли, ортига ўгирилиб, қовоғини осди.
Бирор муаммо борми? сўради лейтенант ажабланиб.
Ҳа, деди Беккер, биз ниманидир кўздан қочирдик.
Ўн учинчи боб
Токуген Нуматака осмонўпар бинонинг юқори қаватида жойлашган ҳашаматли офисида турганча деразадан Токионинг мовий осмонига тикиларди. Ходимлари ва рақиблари орасида «Сакута сааме» йиртқич акула номи билан танилган бу тадбиркор сўнгги ўттиз йил ичида Япониядаги барча кўзга кўринган компанияларни рақобатда ортда қолдириб, ҳозир жаҳон бозорини эгаллашига бир қадам қолганди.
Numetek корпорациясини келажак Microsoftи даражасига кўтарувчи жуда йирик келишувни амалга ошириш арафасида турган Токугеннинг томирларида адреналин жўш урарди. Ахир бизнес бу уруш, уруш эса ҳамиша завқли бўлади.
Уч кун олдин бўлган қўнғироқ Токуген Нуматакани бироз шубҳалантирган бўлса-да, ҳозир, ҳақиқатни билгач, гумонлари тарқаб кетганди. У бошига қўнган омад қушини худоларнинг инояти ўлароқ қабул қилди.
* * *
Менда Рақамли қалъа калит сўзининг нусхаси бор, деди америкача сўзлаётган овоз. Уни сотиб олишни истайсизми?
Нуматака ичидан отилиб келган қаҳ-қаҳани зўрға тўсиб қолди. Қўнғироқнинг тузоқ эканига ишончи комил эди. Numetek Corp. Энзай Танкадонинг янги алгоритми учун ўта сахийлик билан жуда баланд нарх таклиф этганини сезиб қолган рақиблари ҳойнаҳой пулнинг аниқ миқдорини билиш учун ўйин ўйнашаётганди.
Сизда калит сўз бор? сўради Нуматака ўзини гўлликка солиб.
Шундай. Менинг исмим Шимолий Дакота.
Нуматака кулгисини ичига ютди. Танкадо ўзининг сирли ҳамкори борлиги ҳақида матбуотда бот-бот такрорлагани сабаб Шимолий Дакота ҳақида ҳамма хабар топганди. Умуман олганда, Танкадо шерик билан ишлашни ўйлаб ақлли қарорга келганди; ҳатто Японияда ҳам бизнесменлар ўз ниятига етиш учун жиноятга қўл уриши одатий ҳолга айланиб улгургани сабаб Танкадонинг ҳаёти хавф остида эди. Бироқ ҳозир бирор фирма Танкадога нисбатан ғирром ҳаракат қиладиган бўлса, калит сўз тарқатиб юбориларди, бу эса бозордаги ҳеч бир фирмага яхшилик келтирмасди.
Нуматака жавоб беришга шошилмасдан, Умами сигаретасини чуқур ичига тортди, қўнғироқ қилувчининг сабрини синади, кейин сўради:
Калит сўзни сотяпман денг? Қизиқ. Бу ҳақда Энзай Танкадо билса нима деркан?
Жаноб Танкадо билан ҳеч қандай ҳамкорлик қилиш ниятим йўқ. Менга ишониши унинг аҳмоқлиги эди. Калит сўз у менга сақлаб туришим учун тўлаётган пулдан юз марталаб қимматроқ туради. Бунга ақлим етади, лўнда жавоб берди овоз эгаси.
Мени маъзур тутгайсиз, деди Нуматака, лекин калит сўзнинг ўзи бир тийинга қиммат мен учун. Танкадо унга хиёнат қилганингизни билгач, ўзидаги калитни интернетга чиқаради, натижада калитнинг нусхалари бозорда тўлиб кетади.
Хавотирланманг, сиз иккала калитни ҳам қўлга киритасиз, деди овоз пичирлаб. Жаноб Танкадоникини ҳам, меникини ҳам.
Нуматаканинг қаҳ-қаҳаси сўзловчининг овозини босиб кетди. У кула-кула сўради:
Иккала калит учун қанча сўрайсиз?
Йигирма миллион АҚШ доллари.
Йигирма миллион? уф тортиб юборди Нуматака. Бу ҳаддан ташқари кўп пул! деди у ясама ваҳима билан, ўзи аввалроқ Энзай Танкадога таклиф қилган нарх ҳам худди шунча бўлса-да.
Мен алгоритмни кўрдим. Ишонинг, нархига арзийди, афсусланмайсиз шунча маблағ сарфлаганингизга.
Ҳеҳ! Аслида калит сўз бундан ўн баравар кўпроқ нархга лойиқ, ўйлади Нуматака, лекин оғзидан бошқа сўзлар учиб чиқди:
Бахтга қарши, жаноб Танкадо бунга кўнмаслигини иккаламиз ҳам яхши биламиз. Қонуний жавобгарликка тортилишингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
Қўнғироқ эгаси жим бўлиб қолди, кейин ваҳимали овозда деди:
Агар жаноб Танкадо ортиқ ишимизга аралашолмайди десамчи?
Жаноб Танкадо энди аралашолмайди? Нуматака унинг овозидаги ишончни илғади-да, ўйлаб туриб деди: У ҳолда сиз билан келишув тузишимизга тўғри келади.
Ўзим сиз билан алоқага чиқаман, деди овоз ва гўшакни ташлади.
Ўн тўртинчи боб
Беккер жасадга қаради. Ўлимига бир неча соат бўлган эса-да, осиёликнинг Қуёшдан қизарган юзидан бошқа ҳамма жойи оч сариқ тусда эди. Фақатгина юраги устида кичкина жой кўкариб турарди.
Ҳойнаҳой юрак массажидан қолган доғ бўлса керак. Таъсир қилмагани чатоқ бўлибди, ўйлади Девид ва яна мурданинг қўлини ўрганишга киришди. Беккер умрида бунақасига дуч келмаганди. Ҳар бир қўлда атиги учтадан қинғир-қийшиқ бармоқ бўлиб, улар буралиб, бир-бирига қўшилиб кетганди. Бироқ йигит бармоқларнинг бу тарзда шаклланганга эътибор қаратмаганди.
Сиз ҳақ экансиз, хитоб қилди лейтенант хонанинг нариги бурчагидан туриб. У япониялик экан, хитойлик эмас.
Беккер унга ўгирилди. Зобит ўликнинг паспортини ушлаб турарди.