СЎЗ ҚИСМАТИ - Исомиддинов Зуҳриддин 2 стр.


Энди, айрим опахонларимизнинг кўчакўйда, бирон йиғинда ёки автобусда кўришиб қолган чоғларидаги азбаройи ким ўзарга сўрашишларини қаранг. Бунда кўпинча сўралаётган кимсанинг аҳволига сўраётган одам мутлақо қизиқмайди, айтайлик, Абдували эсон-омон юриптими? деб сўраса-ю, сиз Абдувалининг чет элга ўқишга кетганини айтмоқчи бўлсангиз, овора бўласиз кеннойи бу орада Муҳаммадалининг, Моҳира опанинг, Лола қизу қайнотангизни пайдар-пай сўраётган бўлади.

Буям ҳолва. Бир танишимизнинг қизи келин бўлиб тушган хонадонда антиқа таомил расм экан. Телефон жиринглаб қолса, албатта уни келинпошша олиб жавоб бериши, қўнғироқ қилувчи қариндошлардан бўлса, ўша оиладаги одамларни номма-ном айтиб ҳол сўраши, пировардида ҳар бирига бирма-бир салом айтиб қўйишни тайинлаши керак экан. Бу хонадонга тушганига ҳали бир ой ҳам тўлмаган, куёв томоннинг ўнлаб оилалардаги қариндошларини ҳали кўриб-таниб олишга улгурмаган ёш келинчак гоҳо тутилиб қолса, ё янглишиб, бошқа оиладаги одамлардан биронтасининг номини тутиб сўраса, қайнонасидан эшитадиганини эшитиши нақд экан. Ойижон, кечиринг, айб менда, билмай чалкаштириб юборибман деса, яна балога қолади (Нега янглиштирасиз, ахир ман сизга ҳаммалигини бир-бир этиб берувдимку!). Келин бечора, ноилож бир шпаргалка дафтар тутиб, унга қуда томоннинг ҳамма вакиллари номини ёзиб олиб, то дурустроқ таниббилиб олгунича беш-олти ой телефонда ҳалиги матоҳнинг керакли саҳифасини ўқиб, ҳол сўраб юрган экан Бундай номига сўрашиш самимий эмаслигидан ташқари, ўртадаги бор-йўқ самимиятни ҳам супуриб ташлайди.

Ўзбекларда саломга, кимнинг қачон, қандай жойда, қандай ҳолатда салом бериши кабиларга қаттиқ эътибор қилинади. Ҳатто энди тили чиқиб келаётган гўдагининг чулдираб берган беҳисоб саволларига жавоб қайтаришга эринадиган одамлар ҳам фарзандига саломлашишни ўргатишга вақтини сира аямайди. Кундалик турмушнинг ўзидагина эмас, балки болаларнинг дил тубига жо бўлиб кетган ўнлаб ўзбек эртакларида ҳам салом беришга даъват мужассам: Зумрад қизнинг саломи ёлғиз яшайдиган мунис сеҳргар онахоннинг кўнглини юмшатиб, яхшиликлар эшигини очади, ботир боланинг саломига эса ҳатто девлар ва ялмоғизлар ҳам алик олиб, Саломинг бўлмаганида, икки ямлаб бир ютардим дейди

Аслимизга, ўзлигимизга қайтмоқчимиз, асл миллий анъаналаримизни тиклашни дастурий йўл деб танлаганмиз. Буни ҳозир, шу кунларда амалга оширишимиз керак. Қанча пайсалга солинса, шунча кеч бўлади.

(Ўзбекистон овози газетаси, 1999 йил 28 октябрь)

Оллоҳга салом бериладими?

Таниқли уламоларимиздан бири ушбу улуҳий ривоятни юзлаб кишилар жам бўлган бир издиҳомда сўзлаб ўтди: Пайғамбаримиз меърожга чиққанида, Оллоҳ таоло у кишидан: Ҳабибим, менга инсонлардан нимани совға қилиб келтирдинг? деб сўраган экан. Расулуллоҳ Мен камтарликни совға қилиб олиб келдим, деб жавоб берганида, инсон зотига хос бўлган бу олийжаноб хислатдан мамнун бўлган Тангримиз расулига қарата: Ассалому алайкум! дея хитоб қилибди, шу тариқа саломлашиш кейинчалик бизларга ҳам ўтган экан.

Асосий мазмуни камтарлик Оллоҳ ҳузурида нақадар марғуб фазилат эканлигини кўрсатиш бўлган бу нақлдан, менимча, айни пайтда яна бир маъно саломнинг Оллоҳдан эканлиги, яъни Оллоҳга салом берилмаслиги ҳам аён бўлади. Дарҳақиқат, бу фикр саҳиҳ бир ҳадис орқали ҳам тасдиқланиши мумкин. Унда айтилишича, исломни қабул қилиб, намоз ўқишни бошлаган дастлабки мўминлар ибодат тугагач, тилак сифатида Оллоҳга салом бўлсин, фалончига салом, ундан кейин фалончига салом бўлсин! тарзида ўз билганларича дуо қилишар экан. Пайғамбаримиз уларни бундан қайтариб, Оллоҳга салом берилмайди, чунки Оллоҳнинг ўзи Саломдир! деб танбеҳ берган, шундан сўнг бу одат мансуҳ бўлиб, Пайғамбаримизнинг амри билан, ташаҳҳуддан кейин ўқиладиган дуода, жумладан, Ассалому алайно ва ало ибодилиҳис-солиҳин ( бизга ҳамда барча солиҳ бандаларга Оллоҳ таолонинг саломи бўлсин!) деб тилак қилинадиган бўлган экан (Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ, 1-китоб, Тошкент, 1991, 230231-бетлар, 4-китоб, 1992, 143-бет). Буни ота-боболаримиз хўп яхши билишган, шу боисдан ҳам бирон вақт дуода, тилакда, шукрона ёки ниятда Оллоҳга салом бериш мотиви учрамайди.

Қарийб бир ярим асрлик тақиқ ва таъқиблардан яқингинада қутулиб чиққанимиздан бўлсамикин, баъзи жиҳатлардан баайни динга яқинда кирган одамларга ўхшаймиз ўзимизни унча-мунча уламодан ўткирроқ кўрсатишга чираниб, гоҳо меъёридан ошириб юборамиз.

Чунончи, телевизор қулоғини бурасангиз, ҳар ҳафта-ўн кунда бирон ижодий мусобақа намойишини кўрасиз: ё икки тумандаги, ёки икки қишлоқдами, маҳалладами тузилган фольклор дасталари ёхуд ҳамшира қизлар ўзаро беллашаётган бўлиб чиқади. Ва бунда албатта бошига оқ рўмол ёпинган келинни таъзимга ундаётган санъаткор опахоннинг чилдирмани даранглатиб, келинсалом куйлашига гувоҳ бўласиз:

Ва ҳоказо, шу тарзда ғазал давом этади.

Аммо баъзи вилоятларда бунинг жўнроқ шакли ҳам учрайди:

Опахонлар ана шу тарзда Пайғамбаримизга, у кишининг аҳли байтларига, чорёрларга, саҳобаларга салом айтиб тугатгач, ҳамёнини ковлаб пул берган қайнотага, паст девордан қараган, тўй қачон деб сўраган қўниқўшниларга, Сочини силлиқ тараган, Қизлар ўтса қараган Куёв жўраларига салом бердириб, маросимни давом эттиришади.



Сув янги очилган чоғида тошиб, қирғоқларни ўпиргани сингари, кўплар диндорлигидан масрур бўлган ҳозирги пайтда ҳар вилоятда янгидан-янги Келинсаломлар ижод этиляпти:

Яна:

(Хоразм оғзаки ижод дурдоналари китобидан)

Яқингинада бодраб пайдо бўлган бу оғзаки ижод дурдоналари кўп эзгу тилакларнинг тажассуми эканлигига менда ҳам шубҳа йўқ, лекин Оллоҳга салом берилмаслиги қоида бўлатуриб, бизни яратган ва бизга сиҳатсаломатлик, омонликни ато этадиган зотнинг ўзига соғлиқ-саломатлик тилаш тўғри бўладими, деган иштибоҳдаман. Диндорлигимиз бир тутганида ота-боболаримиздан ҳам тақводор бўлишга урина бошлаймиз бу чаламуллалигимизнинг аломати эмасмикин? Оллоҳга салом бериш, ҳаттоки тўғри деб топилганида ҳам, бу саломнинг азбаройи кулги учун оғзи сабзи ўрадай деб таърифи келиштириладиган қайноғага бериладиган салом билан кетма-кет келиши-чи?

Динга алоқадор масалалар ниҳоятда нозик ва қалтис. Бунда вой, нима қипти, Оллоҳга салом берса, бунинг нимаси ёмон экан? қабилида жўн ўйлаш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Дин ва уни тарғиб этиш борасида салгина қинғайиш ҳозир деярли билинмагани билан, бора-бора талқиндаги катта, жиддий тафовутларга, улар эса фикрий ихтилофларга олиб келиши мумкин. Уламоларимиз ҳам бундай ҳолларда ўзларини тағофилга солмай, динга дахлдор ҳар бир каттакичик масалага ҳушёр ёндашиб, ҳақ сўзларини айтиб турсалар, айни муддао бўлар эди. Пайғамбаримиз ўз саҳобаларини қайтарган бир жоҳилона ишдан муҳтарам имомларимиз ҳам ўз қавмларини қайтарсалар, савоб бўлса керак?

Мавзуга қайтсак. Хўш, келинсаломлар аслида қанақа бўлган, унда кимларга салом берилган? Халқ қўшиқларининг билимдони Музайяна Алавия тўплаб нашр эттирган Оқ олма, қизил олма тўпламидаги келинсаломларда энг аввал куёвга, ундан кейин қайнотага, қайнонага, куёвнинг акасига, янгасига, синглисига маҳалла аҳлига, қариндош-уруғларига, хуллас, ушбу маросимдаги т и р и к о д а м л а рга салом берилади, холос.

Шу кунларда тўйларимизда келинсаломларни санъаткор аёллар томонидан ўтказилиши мода бўлди. Уларнинг кўпчилиги тўй эгаларининг ҳусни таважжуҳини қозониш мақсадида ўз художўйлигини кўз-кўз этиш очиқ-ойдин билиниб турадиган келинсаломларни куйлашга ружу қўйяптилар, яъники, тақводорлик бетама эмас. Келинни ҳам, куёв томонни ҳам танимайдиган, хизматга келган санъатчиларнинг ўрнига, қадимда бўлганидай, келиннинг бирон шаддотроқ ўланчи қиз дугонаси, ё янгаси, ё бўлмаса маҳалла кайвониси ижросидаги оддий, самимий, чин ихлос ила бериладиган салом афзалроқ эмасми? Биз диндор бўлайлик, аммо маърифатли диндор бўлайлик, акс ҳолда бидъату хурофот авж олади.

Қолаверса, ўзбек элининг тўй маросимлари ҳам асрлар оша шаклланган, эндига келиб, халқимизнинг тийнатида бўлмаган бундай мотивларни унга оид деб тақдим этиш ҳам жилла ўринли эмас. Бинобарин, кайвони опахонларимиз келинсалом матнига диний мавзуга тааллуқли ҳар қандай байтни ўз билганича ижод қилиб қўшмасалар, савоблироқ бўларди

Келинсаломлар ўзбек тўйининг гўзал бир лавҳасидир. Биз тўйларимизнинг қадимий ва дунё аҳли кўрса ҳавас қиладиган бетакрор анъаналаримиз билан тобора жилоланиб боришини истаймиз. Бугина эмас, ҳозирда қарийб унутилаёзган, куёв томоннинг келин томонга атаб айтадиган, шунингдек, келинникига куёв навкарлари билан келганларида қиз томонидан айтиладиган Хуш келдингиз, Муборак каби анъанавий тўй қўшиқлари ҳам турфа вариантларда айтилиши тарафдоримиз. Уларни ҳозир эркимиз ўз қўлимизга кирган, бунинг шарофатида гўзал, олийжаноб миллий анъаналаримизга, урф-одатларимизга кенг йўл очилган бир даврда куйламасак, қачон куйлаймиз? Аммо истардикки, Келинсаломлар, бошқа тўй маросими қўшиқлари каби отарчилар қўлига ўтиб кетмаса. Ана шунда беғубор миллий анъаналаримиз тобора ривожланади, тўй ўтказиб ҳамёни юпқалашган хонадон соҳиблари ҳам яна бир чиқим даҳмазасидан қутулишади.

Қуйида фольклоршунос олима Музайяна Алавия ёзиб олиб нашрга тайёрлаган Келинсаломлардан бирини диққатингизга ҳавола этамиз.

(Миллий тикланиш газетаси, 1999 йил 31 август)

Почча сўзининг тарихига оид

Гоҳо ғалати сўзларга дуч келамиз. Маъносига унча эътибор қилмаймиз. Ана шуларнинг бири Почча сўзидир. Хўш, бу сўз қаердан пайдо бўлган?

Сотиб олди бора-бора Сотволди шаклини олгани, Муҳаммад Амин кейинчалик Мадамин, сўнг Дамин бўлиб кетганидай, кўп қўлланадиган сўзлар анча-мунча қисқаришга учраши бор гап. Аммо бир сўз бошқа бирон сўз ёки сўз бирикмасининг ихчамлашган шакли бўлиши учун уларнинг маъноси муштарак, мазмуни ҳам қарийб бир хил бўлиши шарт.

Жалолобод яқинидаги Поччаота деган жой ҳозир Пошшоота деб қайта номланди. Бунда подшоҳ сўзи талаффузда почча бўлиб қолганидан келиб чиқилган. Зеро, поччаота сўзининг маъноси йўқ: ота почча эмас ва почча ҳам ота бўла олмайди. Отанинг подшоҳ бўлиши эса ҳақиқатга яқин келади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида почча ўзбек сўзи, яъни туркий калима деб берилган. Аммо туркий тилларнинг этимологик луғатларида, жумладан, Ўзбек тилининг этимологик луғатида ҳам бу сўз учрамайди. Бинобарин, унинг туркий қатламга мансублигини қатъий белгилаш амримаҳол. Қизиқки, бошқа туркий тилларда почча сўзи учрамайди. Демак, айни калиманинг туркий сўз экани гумон. Ундай десак, араб тилида п товуши йўқлигининг ўзиёқ поччанинг арабча сўз эмаслигини кўрсатади. Форсий луғатлар (Фарҳанги забони тожики, Ўзбек тилига ўзлашган форсий сўзлар ва ҳ.)да ҳам бу сўз йўқ. Тожикларда почча ҳам, куёв ҳам бир хилда домод, оилали эркак эр эса шавҳар деб аталар экан. Хўш, почча кимники?

Ўзбек тилида опанинг эри почча дейилади. Ҳозир бу семантик майдон сал кенгайган: амма ва холанинг эри ҳам почча деб аталади. Айрим жойларда ёши катта кишини ҳурмат юзасидан почча деб ҳам чақиришади (амаки, тоға дегандай). Бу сўз шунчалар ёйилганки, Поччахон, Поччажонов тарзида киши исмларига ҳам ўтган. Фитратнинг бир асарида ҳатто Поччомир деган исм келадики, у Поччойи мир (Амирнинг поччаси) лафзининг исмга айлангани бўлса керак.

Аммо қадим туркий хоссалар кўпроқ сақланиб қолган баъзи шеваларда опанинг эрига почча деб эмас, язна деб мурожаат қилинади. Шунга мувофиқ, бошқа туркий тилларда язна сўзи жезде, езне каби вариацияларда келади, аммо почча дейилмайди.

Ўзбек тилида почча сўзи язнадан кейин пайдо бўлган ва дастлаб кўчма маънода қўлланган. Аммо ҳозир язнанинг ўрнини эгаллаб, унинг ареалини торайтирди. Эндиликда язна шева сўзи саналади (ЎТИЛ, 5-жилд, 100-бет).

Бизнингча, почча подшоҳ сўзининг ассимиляцияланган кўриниши. Унинг шаклланиш йўли қуйидагича: шоҳ сўзи олдига улуғликни ифодаловчи под шаклини қўшиш орқали подшоҳ сўзи юзага келган (ҳиндларда рожанинг мартабаси баландлигини кўрсатиш учун унинг олдига маҳа қўшиб, маҳарожа сўзи ясалгани каби); сирғалувчи жарангсиз бўғиз товуши ҳ талаффузда тушиб қолиб, подшо шаклини олган; подшо сўзи ўртасидаги д+ш товушлари регрессив ассимиляцияга учраб, пошшога айланган; тил олди, жарангсиз сирғалувчи ч ва ш ундошларининг алмашиб (чол-шал, шўрва-сорпо ва ҳ.), пошшо поччага айлана борган. Форс-тожик тилида подшоҳ ассимиляцияланмай, подшоҳ деб тўлиқ талаффуз қилинади. Пошшо поччага айланишида энг мушкул ҳолат ш товушининг чга эврилиши десак, аслида бу табиий ҳол, чунки ч аслида бирикма (т+ш) бўлиб, ч ва ш энг яқин товушлар, улар ўзаро алмашиниб туради.

Тиллар фақат сўз олиш туфайли эмас, олинган сўзга янги маъно юклаш орқали ҳам бойиб боради. Тожик тилидан ўзбек тилига подшоҳ сўзининг кириб келиши ва муайян семантик майдонда поччага айланиши бунга мисол. Аммо қарангки, баъзи жойлардаги тожиклар поччани ўзбеклардан қайта қабул қилиб олиб, сингил ёки жияннинг эри (куёв)ни укапоччо деб, опа, амма ё холанинг эри (почча)ни эса акапоччо деб аташга ҳам ўтганлар.

Аммо савол туғилади: нега энди язнани подшоҳ деб аташ керак бўлган? Бунга қанақа зарурат бор?

Барчага аён: ҳар бир қабила, элат ва халқнинг ҳаёт тарзи унинг тилига кучли таъсир ўтказади. Бинобарин, маълум бир қариндошнинг подшоҳ деб аталиши ўзбек халқининг турмушига, урф-одат ва удумларига алоқадор бўлиб чиқса, ажаб эмас.

Эътибор қилсангиз, бизда куёв ғоятда эъзозланади, унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Қадимда юқори мартабали эмас, оддийгина, масалан, бирон косиб куёв қайнотанинг уйига борадиган бўлса, у уйда эмас, ўша хонадон яшайдиган кўчанинг бошида, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар иштирокида кутиб олинган, шу қариндош-уруғ ва маҳалла ҳам уни куёв санаб, эъзозлаган. Ҳатто, куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган, дея куёв томон қудалар келин томон қудалардан кўпроқ иззатланишига ҳам кўникканмиз. Албатта, бу ҳурмат ўз йўлига, аммо нега шунақа, унинг тарихий илдизлари бирмунча теранроқ.

Ўзбек тўйларида ҳали-ҳамон сақланиб келаётган айрим удумлар аслида қадимги даврлардаги бутун-бутун ритуалларнинг ўчиб-ўнгиб кетган, хийла қисқарган, ҳозирга келиб фақат шакли бир қадар сақланиб қолган қисми (рудименти) экани ҳеч кимда эътироз ўйғотмайди. Чунончи, тўйда келинни олиб кетиш учун куёв унинг яшаётган қишлоғи ёки маҳалласига ёрдўстлари ўзи тенги ёшларни олиб боради. Бу ёр-дўстлар куёвнавкар деб аталади. Навкар эса, маълумки, аскар (жангчи) дегани. Улар келиннинг уйига дутор ё ғижжак чалиб эмас, қадимги жанг чолғулари бўлмиш карнай ва ноғора садолари остида, қийқириғу тўс-тўполон билан етиб боришади. Куёвнавкар йигитлар ҳам ёр-ёр айтадиган жойлардаги ёр-ёрларни тингласангиз, уларнинг ҳам қизлар айтадиган майин ва дилрабо ёр-ёрдан бутунлай бошқача, бор овоз билан ҳайқириб айтиладиган бир қадар ваҳимали ёр-ёр эканини пайқайсиз. Бу қисқа қўшиқ аслида жанг урҳосининг тўкилиб-сочилиб қолган унсурларидир. Кузатсангиз, катта ёшли одамлар, болалар тўйнинг шу қисмида келинни олиб кетишда қатнашмайди. Нега? Негаки, улар жанг қилиш ёшида эмас. Дарвоқе, бу пайтда куёв алоҳида муҳофазага олинади у нафақат куёвнавкар қуршовида бўлади, ҳатто айрим жойларда куёвни таниб олмасликлари учун бир неча жўра у билан бирга бошига тўн ёпиниб тўйхона сари илгарилашади.

Бу дегани, аслида куёв келин томонга зирҳли кийимлар кийиб, ўзларини билдирмаслик учун кўпинча қоронғи тушганда тўсатдан ёпирилиб, жанг қилиб кириб бориши ва келин томоннинг қарши турган кучлари устидан ғолиб чиқиб, келинни олиб кетиши сюжети ҳозирга қадар тўйларимизда такрорланишини билдиради. Ёдингизда бўлса, яқин-яқинларгача келиннинг маҳалласидаги йигит-яланглар куёв томоннинг навкарлари йўлини тўсар, муштлашишар, ғижиллашишар, қоронғида отилган тошлардан қанча бошлар ёрилар, отлар ҳуркитилар, йўллар қазиб ташланар эди. Куёвнавкарлар келин хонадонига етиб келганларидан сўнг махсус тайёрлаб қўйилган хонага кирганлар. Уй остонасига пояндоз (оқ рангли мато ва қизил рангли белбоғ бир-бирига қўшиб тикилган) солинади. Куёв пояндозни босиб ичкарига кирганидан сўнг, унинг дўстлари ва келиннинг маҳалласидан бўлган йигитлар пояндозни ўзаро тортишиб, ким кучлилигини аниқлашган.

Назад Дальше