СЎЗ ҚИСМАТИ - Исомиддинов Зуҳриддин 3 стр.


Ҳатто ХIХ аср ўрталарида ҳам қиз яширилган уйда куёв тараф билан келин тарафнинг сўнгги олишуви юз берган бўлиб, чимилдиқли уйда икки тараф аёлларнинг арқон тортишуви унинг қолдиғи бўлса керак. Келин куёвникига олиб кетилаётганда унинг қўшнилари, яқинлари, маҳалла ва қишлоқ йигитлари араваларнинг йўлини тўсиб, совға, инъом талаб қиладилар. Бунинг учун арқон тортиб йўлни тўсадилар. Халқимизда бу одат «йўл тўсиш» деб номланади. Ушбу одат барча вилоятларда мавжуд бўлиб, бу удум Қашқадарёда «Пўта», «Пута тутиш», «Хонтаёқ», Самарқанд вилоятининг айрим туманларида, Чимкентда ва бошқа жойларида «Боқон», «Арқон тутиш» деб юритилган.

Буларнинг барчаси энг қадимги удумлар амал қилган замонларда подшоҳнинг ўз навкарлари билан бостириб келиб, қарши кучларни енгиб, подшоҳ сифатида эътироф этилиб, шундан сўнг зўрлик қилиб келинни олиб кетиши воқеалари шоҳона тўй сифатида эътироф этилганини кўрсатади. Бундай тўй тарзи қиз томон қудалар тарафидан ҳам эътироф этилган, зеро, у келиннинг шунчаки эриникига кўчиб ўтаётганини эмас, кимсан подшоҳнинг назарига тушиб, кўп талафотлар эвазига қўлга киритилган малика мақомига кўтарилганини билдирар эди.

Ўзбек тўйида куёвга келиннинг уйида сарупо кийдирилади, бошига тайёр салла қўндирилади ва куёв энг тўрга (қадимда тахтга) ҳурмат билан ўтқазилади (ўтмишда ҳар бир уруғ, қабиланинг ўз туғи, тахти бўлиб, олимларнинг айтишича, тилимиздаги тагли-тахтли одам дегани аслзодаликни билдирган). Салла ўралади демай, қўндирилади, дейишимизнинг сабаби бу салла намоз ўқишга эмас, подшоҳлик белгиси бўлмиш тож қадашга мўлжалланган, у махсус ясалади. Ўша ондан бошига тож қўйилган дамдан бошлаб куёв йигит келин хонадони учун подшоҳ (почча)га айланади. Ҳатто энг замонавий, ғирт европача тарзда, ҳашаматли ресторанларда ўтаётган бугунги тўйларда ҳам куёвбола тож қадалган саллани бошига қўйиб, эгнида шоҳона зарчопон билан тўйхонага кириб келади ва келин тараф ўша ондан бошлаб уни почча (подшоҳ) дея эътироф этади.

Тўй, айниқса никоҳ тўйи инсон ҳаётида бир марта бўлиб ўтадиган энг бахтли кун. Куёв ўша куни илгари ҳеч қачон киймаган анвойи либосларни кияди, аввал ҳавас қилишга ҳам ботина олмаган арғумоқни миниб (ҳозир энг ажойиб енгил машинада) келин тарафга боради; бу унинг подшоҳ бўлган ва бундан кейин доимо келиннинг укалари ва жиянлари тарафидан подшоҳ (почча) деб аталиши бошланадиган шоҳона кунидир



(Куёвни подшоҳ деб эъзозлаш Европа халқларида ҳам бор. Чунончи, русча венчание сўзи, аввало, подшоҳга тож кийдириб тахтга ўтқазишни, яна бир маъноси никоҳлаш чоғида куёвнинг бошига тож қўйишни билдиради. Кўрамизки, куёвни иззатлаб, подшоҳ деб эътироф этиш дунёнинг кўп халқларига хос, кенг тарқалган бир удум экан).

(Фан ва турмуш журнали, 2018 йил, 1-2)

Ҳар қатраси дурдона

Мен онамни ҳазиллашиб кўтариб олдим,
Ва ўн қадам юрмасданоқ йиғлаб юбордим;
Шўрлик онам шунчалар ҳам енгил эдики
Исикава Токубоку

Давлатли тилимиз бор. Уммон каби соф, теран, бепоён ва рангин Туркий тиллар орасидаги энг бой, энг серқатлам тил у. Бирон-бир луғат ё бўлмаса бадиийми, илмийми асар йўқки, ўзбек тилининг бойлиги, ранго-ранг товланишларини тўлиқ намойиш эта олган бўлса. Бунинг иложи ҳам йўқ-да, тўлқинлари қирғоққа тўш уриб оқаётган азим дарёни идишга солиб кўрсатиш кимнинг қўлидан келибди, дейсиз?

Она тилимизни уммону дарёларга қиёслаётган эканмиз, бу бежиз эмас. Обиҳаёт ўзини ўзи тозалаши, турли хас-хашакларни четга суриб чиқариб, покланиб оқа бергани сингари, тил ҳам ишлатилгани сари сайқал топади, табиатига ёт, сингишмайдиган хилтларни четга суради покланади, тобора тозариб, яшнай беради. Тил, шу маънода, улкан бир дарё.

Шундай дейсан-у, яна ўйлаб қоласан, киши. Ёқилғи ташувчи улкан кемалар ҳалокатга учраса, ичидаги нефти сув юзига ёйилиб, балиқ, қуш ва бошқа жониворларга қирғин келса, чексиз-чегарасиз уммонлар ҳам тозаланади-ку? Ахлат тўкилиб, балчиқ тўлиб кетган дарёлар чуқурлатилиб, суви поклаб турилади-ку? Дарёю уммонларга ўхшайдиган, улар сингари, ҳатто улардан ҳам азизроқ бўлган она тилимиз бугунги кунда беғубор, ҳар жиҳатдан топ-тоза, деб ким айта олади? Ахир у ер тагида кўмилиб ётган ёмби каби бир нарса эмаски, гард ҳам юқмаса. 30 миллионли ўзбек эли ҳар куни, ҳар он қўллайди уни.

Биз Ўзбекистон деганда, Марказий Осиё бағридаги бир географик муҳитнигина кўзда тутмаймиз, зеро, ватан фақат квадрат километрлардан иборат бўлмайди. Тил ҳам бир ватан, унинг бир бўлагидир. Сиз билан биз ана шу тил муҳитида яшаймиз. Шундай экан, ана шу ватанни ҳам пок тутмоқ, лозим топилса, қўриқламоқ сизу бизга тан.

Кун келди давлатли бу тилимиз давлат тили бўлди. Аммо шу билан тил ташвишлари асло камайиб қолмади, билъакс, ортди ҳам. Негаки, энди унинг гўзаллигини кўрсатишдан ташқари, қудратию шукуҳини ҳам намоён этишимиз керак-да. Бунинг биринчи шарти эса уни пок асраш, тозалаш, унда юз бераётган ҳар хилликларини биртараф этишдан иборат, албатта.

Ҳар бир халқ ўз тарихида қайси эллар билан қўшни бўлиб яшаган ёки бошқа бирон тарзда муносабатга киришган бўлса, унинг тилига ўшаларнинг лисони ҳам таъсир этади. Келиб чиқиши ва хоссалари турлича бўлган араб, форс-тожик, мўғул ва рус тили ўзбек тилига нисбатан ана шундай мавқе тутиб келган.

Бошқа тиллар билан алоқадорликда ҳар қандай тил бойийди, сўз кўпаяди, янги-янги ифода шакллари юзага чиқади. Албатта, шу аснода бу тилнинг табиатига бегона унсурлар қўшилиб қолиши ҳам бор. Масалан, юнонча «география» деган сўзни, араблар ўз тилида «г» товуши йўқлиги боис талаффузга мослаб, «жўғофия» деб аташган, аммо ўзбек тилида бу товуш бор бўлгани ҳолда, нега энди биз тилимизни бураб ўтиришимиз керак экан? «География» «жўғрофия» бўлса, борингки, тарихан шунақа экан деб қабул қилсак, унда худди шу асосдаги «геология», «геофизика» ва ҳоказолар қандай аталиши керак? Ёки аксинча, рус тилида «ҳ»нинг йўқлигидан, дунёдаги қарийб барча тилда бўлган «ҳ»ли сўзларни «г» қилиб ётибмиз: гидролиз, гуманизм

Яна бир жиддий иллат шундаки, ўристахлит гап тузиш кейинги ўн-ўн беш йил ичида камайиб йўқолиш тугул, кўпроқ урчий бошлади: ҳозир ҳатто бирон тракторчи ё бригада бошлиғини сўзга тутсангиз ҳам, «Мен ўйлайманки, шартномавий режамизни албатта бажарамиз» деб оёғини осмондан қилиб гап бошлайди (Я думаю, что).

Япон шоирининг эпиграф қилиб келтирилган юқоридаги уч мисралик шеъри, назаримизда, айнан она тилимизни кўзда тутиб айтилгандек.

Ҳозир ҳатто тилимиз академиклари бўлиши керак бўлган халқ ёзувчиларининг асарларидан тортиб, куни кеча чет элда таҳсил олиб кайтган, ўзбекча гапирганида русча ўйлаб, инглизча талаффуз қиладиганларга қадар ҳамманинг тилида турлича иллатлар бор (мен бунда ўзбекча гапирганда русча сўз қўшишни кўзда тутмаяпман, чунки бу нутқ қусурларининг энг майдаси). Ўзбек тилининг бугунги ҳолатини кузатсангиз, биргина тил табиатига ёт унсурлар ва уларни бартараф этиш тўғрисида бир-икки мақола эмас, бутун бошли китоб ёзса арзишига амин бўласиз. Бинобарин, биз ушбу мақолада мавзуни чеклаб, баъзи қаламкашлар томонидан гоҳо «социал заказ» туфайли, гоҳо билимдонлик намойиши сифатида тил мўъжизаси бўлмиш мақол-маталларнинг ўзгартирилаётганлиги, бузиб янгиланаётгани хусусидагина сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

«Социал заказ» деганимиз шуки, халқимиз асрлар давомида қўллаб келган, айрим мумтоз мақол, матал ва идиомалар замона зайлига мослаб қайта бичилади, буткул бошқа муддаони кўзда тутиб айтилган қуйма шаклдаги бирон мақол, матал ёки ҳикматли жумла газетчининг мақсадидан келиб чиқиб, янгиланади.

Совет даврида бундай бедодлик истаганча қилиб кўрилди, ҳатто «диний» деб тамға босилган ҳар қандай мақол-маталларгача шўролаштирилди, чунончи, «Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар» мақоли «тузатилиб», эл меҳнат билан кўкарадиган бўлган эди.

Қизиғи шундаки, мақол-маталларни ўзгартирувчилар буни яна халқнинг ўзига юклашади мақол ва маталлар кўпроқ қўлланадиган одоб-ахлоққа оид кўп мақолаю насиҳатномаларда «улуғ донишмандлардан бири дейди», «нақл қиладиларки», «олимлардан бири айтади» каби мавҳумот жумлалар билан сийқа бир гап тақдим этилади. Аксар ҳолларда, бу «ҳикмат»лар ҳикмат эмаслиги устига, она тилимизда илгари бўлмаган, унинг табиатига сингишмайдиган ибора ва ифода шакли бўлиб ҳам чиқади. Баъзан улар шунчалик оммалаштириб юбориладики, кейин ҳатто энг машҳур ёзувчилар, тил заргари бўлган адиблар асарларида ҳам улар «ўтиб кетиши» мумкин.

«Ватан нимадан бошланади?» деган аллатовур савол ана шундайлардан бири. Газета-журналларни варақласангиз, бу ўхшовсиз саволга беш-ўн хил жавобни учратасиз. Ватан туғилиб-ўсган уй остонасидан бошланади, ватан киндик қони томган жойдан бошланади, ватан тенгқур ўртоқларинг билан ҳаммомпиш ўйнаган жойдан бошланади қабилида чучмал жавоблар бисёр. Ҳатто етти-саккиз йил илгари маҳаллага эътибор кучайиб, у ўзини ўзи бошқариш органига айлантирилганида «ватан маҳалладан бошланади», деган «пурҳикмат» гаплар ҳам чиқди. Қизиғи шундаки, мухбир ёки адиб шундай деб ёзиб қўяқолмайди, балки «доно халқимиз шундай деб айтади», «ота-боболаримиз шундай деб нақл қилганлар», «қадим бир мақолда айтилишича» деб ёзишади. Бўлса бордир, аммо рус адиби Юлиан Семёновнинг Қилич ва қалқон деган романи асосида олинган кинофильмдаги «С чего начинается Родина?» деган машҳур қўшиқ экранда янграгунига қадар ҳам қадим ота-боболаримиз «Ватан нимадан бошланади?» деган саволни қўйиб, унга боягидай жавобларни беришган бўлса, ҳеч бокиси йўқ эди. Шу кино чиққунига қадар чоп этилган минглаб китобларни, юзлаб газета-журналларнинг барча сонини бирма-бир варақлаб кўринг бирон жойда боягидай чучмал савол ёки унга анови каби «доно» жавоб чиқар бўлса, биз бенават.

Чиқмайди. Негаки, бу ифода ўзбек тилининг табиатига ёт, ҳатто янада чуқурроқ кириб бориб айтадиган бўлсак, мавҳум нарсалар нимадан бошланади (меҳр нимадан бошланади, нафрат нимадан бошланади каби), деган тушунчанинг ўзи ўзбекча эмас, яъни ўзбек ва умуман туркий халқлар тафаккур тарзига бегона.

Яқинда бир рўзномада «она рози худо рози, дейдилар», деган янги бир «мақол»га кўзим тушди. Албатта, она улуғ, табаррук зот (бу ҳақда ҳадислар кўплигини биласиз). Аммо бояги гапни мен эшитмаган эканман. Онани мадҳ этиш учун она халқимизнинг отани улуғлаган қуйма мақолини ўзгартириш шунчалик зарурмикин?

Гап оталарга қараб бурилган экан, ота тўғрисидаги яна бир қанча табаррук мақол аллакимлар томонидан «тузатилаётгани», «таҳрир» қилинаётгани эсга келади. «Ота рози Худо рози» дейиш биланоқ фарзанд учун энг улуғ инсон ота эканини муҳрлаб қўйган халқнинг тантилигини қарангки, икки-уч тоифани отадан улуғроқ кўради, масалан, устоз отангдан улуғ, дейди. Бироқ «бўса»ни «бўлса» деб «адабий» ёзишга даъват қиладиган чаққонлар, отадан ҳеч ким улуғ бўлолмайди, демак бу сўз бузилган, асли устоз отангдай улуғ бўлади, энди шундай ёзайлик, деб таклиф беришади.

Бу тилни ҳис қилмасликдан.

Тилшуносликда тил илмига оидликни билдирадиган лисоний деган тушунча билан бирга, ғайрилисоний (тил илмига оид, бироқ ундан ташқарида маъносидаги) деган истилоҳ ҳам бор. Аксар тилшуносларимиз фақат «лисончи»лик билан кифояланиб қолишган уларга грамматика қоидалари бузилмаса бўлгани, тилнинг ўзи бузилиб кетаётгани билан ишлари йўқ. Устоз отангдан улуғ дейиладими ё отангдай улуғми уларга фарқсиз, чунки бу ерда бояги схоластик қоидалар бузилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам, тилчиларнинг бу масалага аралашишини кутиш бефойда (ёдингизда бўлса, она тилимизнинг давлат тили бўлишида ҳам, кутилганига қарши, анча лоқайд турган тоифа тилшунослар эди).

Ота ҳаммадан улуғ. Худди шунинг учун устоз отангдан улуғ, деймиз. Отанинг мавқеи, масалан, холадан пастроқ ё амакиваччадан юқорироқ бўлса, у ҳолда бунақа мақол тўқилмасди. Айнан ота энг улуғ бўлгани боис, эл устозни улуғлаш учун ё бўлмаса меҳмонни эъзозлаш учун устоз отангдан улуғ, дейди, яна меҳмон отангдан улуғ, дейди. Бу билан отанинг мавқеи асло пасайиб қолмайди, чунки ихчам шакл олган айни мақоллар ботинида айнан ота ҳаммадан улуғлигини таъкидлаш бор. Устоз отангдай улуғ, деганда эса ота мавқеи кўтарилиш ўрнига пасаяди, унда бу улуғлик ўлчовли, чекланган бўлиб қолади.

Халқимиз устозни бошига кўтаради, унга боламнинг эти сизники, суяги бизники, деб таъзим қилади. Нега? Чунки устоз пир, у шогирди бўлган талабани камолот сари йўллайди. Ота болани ҳаётга йўлласа, пир Оллоҳ сари элтади. Шунинг учун ҳам устознинг отадан улуғлиги чин, қолаверса, бу мақол замирида буюк педагогик сир пинҳон бўлган шогирд устозини ўз отасидан ҳам улуғ кўрар экан, астойдил том эътиқод билан ўрганади.

Хўш, меҳмон-чи? Меҳмон атойи Худо. Оллоҳ таоло ато этган меҳмон отадан ҳам кўпроқ эъзозланса, неажаб? Илгари ота-боболаримиз уйга меҳмон келавермаса, гуноҳкор эканман, тангрим менга меҳмон ато этмаяпти, деб тавба-тазарру қилганлар. Ўзбекларнинг энг фазилатли хислатларидан бири ва эҳтимолки, биринчиси меҳмондўстлик. Боболаримиз меҳмонни дўст тутганлар, улуғлаб, иззат-икром қилганлар ва «меҳмон отангдан улуғ» деб мақол ҳам айтганлар.

Ёки, «Ўқиган ўғил отадан улуғ» деган яна бир мақолни олинг. Хўш, буниям ўз қаричимизга мослаб, «ўқиган ўғил отадай улуғ» деймизми? Бу ҳолда отанинг мавқеи пасайтирилган бўлмайдими? Ўғил отадай бўла оладими?

Мақол, матал ва идиомалар тил мўъжизаси. Уларда сўзнинг туб маъносига қараганда кўчма маъно устун бўладиган ҳоллар кўп. Бинобарин, улардаги ҳар бир сўз ёки ифодага бирон жиноий қонун матнидаги сўзга ёндашилгани каби жиддият билан ёндашмаслик керак. Масалан, «Устоз отангдан улуғ» деган мақолни тескари ўқиб, ота устоздан тубан экан, деган маъно чиқармаслик керак.



Айрим биларманлар ҳатто илоҳиётга тегишли масалаларда ҳам «янгилик яратиш» қош қўяман, деб кўз чиқариш билан овора. Чунончи, бир мақола муаллифи: «Оллоҳ таоло ҳам сақланганни сақлайман, деб айтган», деб ёзади. Ажаб, бу гапнинг исноди (манбаи) қаерда экан? Тўғри, ўз жонига қасд қилиш исломда қаттиқ қораланади, эл-юртни муҳофаза этиш рағбатлантирилади. Аммо айнан «сақланганни сақлайман» деган калимани қаерда, қайси китобда ўқигансиз? Ахир бу Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам йўқ-ку! Менимча, «сақланганни сақлайман» жумласи «бережённого бог бережёт» (ўзини асраган одамни худо сақлайди) деган рус мақолининг қўпол таржимаси, холос.

Бирон-бир мақол ё маталнинг қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Чунки аксар мақол-маталлар жуда олис замонлардан бери қўлланиб келади. Аммо бунда бир истисно бор. Биз тандирдан эндигина узилган, таваллуд санаси 2002 йилнинг охирги кунларида, деб қайд қилса бўладиган «Отанг маҳалла, онанг маҳалла» деган долзарб бир мақолни кўзда тутаяпмиз. Ҳозир баҳорнинг кўк чучвараси каби янгилик бўлган бу «мақол»ни газеталарнинг ҳар бир сонида ўқийсиз, радио-телевидение ҳам кунига ўн марталаб уқтиряпти.

Илгари «Отанг бозор, онанг бозор» деган лўнда бир мақол бўлар эди. Бирон нарсани қўни-қўшнидан сўраб, тополмай юрган одамга, бозорга борсанг топасан, деган маънода «отанг бозор, онанг бозор» дейишган. (қ.: Маънолар махзани, Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти, Т., 2001, 274-б.). Чамаси, чегачиларнинг қўлига энди ана шу мақол тушган кўринади. Аттанг, дейсан киши, мана шу «Маънолар махзани» китоби яна икки йилча босилмай турсайди, ким билади, анов мақол ҳам «тузатилиб», маҳаллабоп бўлиб чиқармиди? Фақат бир нарсага ҳайронмиз: Обод маҳалла йили ўтганидан кейин ҳам бу мақол ҳозиргидай қолармикин, ё бозор иқтисодиёти шароитида яшаётганимиздан келиб чиқиб, яна эскитдан синашта бўлган «бозор» калимасига қайтармикинмиз?

Назад Дальше