СЎЗ ҚИСМАТИ - Исомиддинов Зуҳриддин 4 стр.


Халқ улуғ мутафаккир, буюк шоир, тенгсиз муҳаррир. Унинг ижодиёти сиртдан содда кўрингани билан, шу қадар мукаммалки, «қайта ишлаш», «тузатиш»га уриниш ҳамма вақт барбод бўлади. Эллигинчи-олтмишинчи йилларда халқ куйлари хўб қайта ишланди радиодаги концертнинг ярмидан кўпи ана шундай «наманганские яблоки» тахлит куй-қўшиқлардан иборат бўлиб кетганди. Йиллар ўтди, қайта ишловчилар ҳам ўтди, ўша замонасоз куйларнинг бозори ҳам ўтди, аммо халқ яратган содда, сермазмун, жозибадор куйлар боп-боягидай қолди. Ўша йилларда нашр бўлган икки жилдлик «Ўзбек халқ эртаклари»нинг бир талайи ҳам «қайта ишланган», «тўлдирилган» эди. Ўзбек Андерсени, Гримми бўлмоқчи бўлганлар ҳам ўтди жайдари эртакларнинг ўзи қолди, энди уларни қайта нашр этиш учун бояги «адабий» эртакларни чиқариб ташлаш керак бўлади.

Ҳар бир мақол ё матал бир парча дурру гавҳар, тил мўъжизаси. Ҳар бир қўшиқ ноёб обида. Уларни бузмаслик керак. Аксинча, ҳар неки бор, бузилиб кетмасидан аввал терибтўплаш лозим. Бу ҳозир айниқса зарур. Чунки миллий ўзликни англаш маънавиятнинг ўзагини ташкил этаркан, тилни билиш, уни дил-дилдан ҳис қилиш шунга калит бўлади. Ахир, она тилини ҳис қилмаган одам ўзлигини қаёқдан ҳам англасин?

Бу мақолани ёзишдан муддао

Асл миллий хусусиятлари ва урф-одатларидан, диний анъаналаридан ва демакки, она тилидан бизга қараганда кўпроқ узоқлашиб қолган баъзи туркий элларни кўриб турибсиз. Уларда аввал қабул қилинган давлат тили тўғрисидаги қонунлар бир мучал ўтиб-ўтмаёқ уларда яқинда янгиланиб, рус тили ҳам расмий тил деб эълон қилинди. Демак, номига иккитиллилик, амалда ўрис тили яна тахт устига минди, деяверинг. Бошқа соҳаларда ҳам инчунин. Бунга фақат тил билмаслик ёки иқтисодий манфаат сабаб бўлгани йўқ. Ўтмиш билан руҳан боғлиқлик ҳам нисбийроқ эди.

Тарихий хотирасиз келажак йўқлигига ишонган авлод оталарнинг руҳинигина эмас, минг йиллар давомида куйлаган қўшиғини ҳам, айтган сўзи мақол-маталларини ҳам эъзозлайди. Мақолу маталлар илгари «оталар сўзи» деб аталарди. Оталардан қолган меросни аввайлаб асраш ўрнига, уларни муддаомизга мослаб истаганча буза берсак, бундан маънавиятимиз бойиб қолмайди, билъакс, маънан қашшоқ эканлигимиз кўриниб қолади

Пировардида мақолу матал эмас, унинг таркибидаги бир сўз ҳақида сўзлаб ўтсак.

Устоз дегани хийла қадимги бир сўз. Косибликни, дурадгорликни, сартарошликни (ва ҳоказо) ўрганмоқчи бўлган бола шу касб эгасига шогирд тушган. Отаси уни устознинг уйига элтиб, Ҳунарингизни ўргатинг, эти сизники, суяги бизники, деб ташлаб келган. Бола йиллар давомида устозининг уйида яшаган, худди бир фарзанд каби рўзғорнинг турли юмушларини уддалаган, устознинг буюрганини қулоқ қоқмай бажарган. Оқибат, ўртада маънавий-руҳий бир яқинлик вужудга келган, бола учун устоз ҳатто отадан ҳам юқори бир мавқе эгаллаган. Мадраса талабаси учун барча домлалар эмас, унинг иқтидорини пайқаб, қаноти остига олган, йўлйўриқ кўрсатиб, олим бўлишига жаҳд қилган уламогина устоз саналган.

Аммо ҳозир устоз деган сўз жуда болалаб кетди. Ўттиз йилча аввал ҳам мактаб муаллимлари, институт ўқитувчилари ҳурмат билан муаллим, домла деб аталар эди. Аёл ўқитувчилар эса муаллима, опай деб эъзозланган. Билмадим, кимдан чиққан ташаббус экан, ҳаммасини устоз дейиш урф бўлди. Қўйиб берсанг, мактаб завхози ҳам устоз деб аталади.

Хўш, бунинг нимаси маъқул эмас, қолаверса, осон ҳам-ку?

Номаъқуллиги шундаки, тилимиз, сўзларимиз ана шунақа тарзда қадрини йўқотади. Чунки устоз деганда эл отадан ҳам улуғ, табаррук зотни тушунади. Кишининг устози битта бўлади ва бутун умр устоз мақомида қолади. Дуч келган мактаб ўқитувчиси (у ҳатто шу ўқувчига дарс бермаган бўлиши ҳам мумкин) устоз деб аталаверса, унинг бояги юксак мақоми, виқорию салобати қаёқда қолади? Шунинг учун, ҳали ҳам бўлса, ойлик олиб мактабда, институт дарс берадиган ўқитувчиларни устоз деб сохта эъзозлашдан кўра, муаллим, домла деган эски ва қадрдон сўзларимизга қайтганимиз дуруст.

Ана шунда устоз устоз бўлади.

(Моҳият газетаси, 2003 йил 17 апрель)

Миллатнинг онаси

Айримлар тил байрами арафасида жўшиб-жўшиб, Ўзбек тили бизнинг энг катта бойлигимиз, Она тилимиз фахру ғуруримиз, Ўзбек тили маданиятимиз кўзгуси дея афоризмлар ижод қила бошлашади. Невлай. Менинг учун она тилим бойлик эмас. Негаки, киши бойлигидан ажраса, қайғуради, аммо боши омон бўлса, яна топади. Тил бой бериладиган бўлса-чи? Абадулабад алвидо айтилади. Шунинг учун ҳам она тилимиз бизнинг бойлигимиз эмас борлигимиз, бору йўғимиз. Ва у фахр-ғурур объекти ҳам эмас. Биз она тилимиздан ғурурланиб-фахрланиб, йилда бир бўладиган Тил байрами анжуманларида мақтаб-алқаб юргандан кўра, уни ўрганишимиз, онамизни севгандан ҳам ортиқроқ севиб, ардоқлашимиз керак. Мен она тилимизни халқимизнинг энг улуғ қадрияти деб, унинг ўзлиги деб биламан.

Назад