Не-не ширин орзулар билан қайта-қайта сандиққа тахланган сарполар тахи бузилмай қолиб кетишини мен хом сут эмган банда қайданам билибман
Одатдагидек шанба куни пешиндан кейин қишлоққа учиб-қўниб қайтсам, дадам, Қизим, оёқларимни уқалаб қўй, негадир ўзимни ҳолсиз сезяпман, деди. Уст-бошимни алмаштириб энди оёқларини уқалашга ўтирган эдимки, дадам гап бошлади:
Қизим, ўзим билиб-билмай сенга кўп зулм ўтказдим, ичиб уйга қайтган пайтларим эзилганингни билатуриб, иродамни жиловлай олмадим. Мени кечир Сениям жонингга тегдим-а Ўқишга бормай тура тур, яна уч-тўрт кун буёғи оз қолди, яқинда ҳаммаси тугайди, деди.
Бу кутилмаган гапнинг зарбидан эсанкираб қолдим.
Йўғ-е, дада, нималар деяпсиз? Ҳечам менга зулм ўтгани йўқ. Аксинча, мен сизни юзингизни ерга қаратдим. Умримни охиригача оёғингизни уқалаб, хизматингизни қилсам ҳам ўзимни кечирмайман. Ахир бу оёқлар мен учун қанча хизмат қилган, дедим кўзларим ёшланиб.
Раҳмат, қизим, яхшиям онанг сени туққан экан, кенжа қизнинг меҳри фариштанинг сеҳри деган гап рост, деб, енгил хўрсиниб олди-да, бугунги санани сўради.
Тўққизинчи март, дедим.
Ҳа, туғилган кунингга икки кун қопти-да? Унгача кетиб қолмасам бўлди эди, деди
Дўхтир чақирайми?
Керакмас, ўз уйимда тинч-хотиржам ўлмоқчиман, юзини девор томон аста ўгирди-да, мен ўлсам йиғлайсанми? деб сўради.
Дада! овозимни кўтардим жаҳл қилиб. Кейин вазиятни юмшатиш учун, жинни бўпманми йиғлаб, дедим зўраки кулиб.
Йиғлама, агар сен йиғласанг, мен чидай олмайман, кўзёшларингни кўтаролмайман, деб ўзи йиғлаб юборди
Дадажон, кетишга қўймайман сизни, ҳаққингиз йўқ таслим бўлишга, ҳали тўйда фотиҳа беришингиз керак, дедим яна гапни ҳазилга буриб.
Айтганча, сенга бир омонат бор, тўйдан кейин бермоқчи эдим
Ўша омонатни менга бергунча кўксингиздаги омонатни топширмай туринг, дедим сўз ўйини қилиб. Одатда бунақа гаплардан дадам завқланиб кетарди. Бу гал илгаригидек муносабат сезмадим.
Кошкийди ажал бирортамиздан рухсат сўраса афсуски, сўрамайди.
Қарасам, ҳақиқатан ҳам жиддий оляпти Дада, қаерингиз оғрияпти ўзи? деб сўрадим.
Дадам чап кўксига кафтини қўйди:
Манави жой
Мен бирдан ожиз ва нотавонлигимни ҳис қилиб, дадажонимнинг ажал панжасида жўжадек типирчилаётган жонини, дарахт шохида зўрға илашиб турган олмадек ғанимат юрагини кўргандек бўлиб, ўксиб кетдим.
Ҳали ўлмасимдан йиғлаяпсан-ку, мен сени кучли қизсан деб ўйлаб юрибман, деди у жилмайишга уриниб.
Чидолмайман, дада, ундай қилманг, илтимос, дедим изиллаб.
Бир келганнинг бир кетари бўлади, ҳаммани бошида бор бу кўргилик. Мендан кейин онангни, опаларингни сенга ишондим, деди. Акангни ажратиб қўйманглар, узоқлашиб кетманглар бир-бировларингиздан, мен тинч ётишим учун ҳаммасидан хабардор бўлиб тур, деди
Сув сўради, косада сув келтириб, тутдим. Кейин бироз дам олишини айтиб, менга рухсат берди.
Кечга қадар аза кайфиятида юрдим. Уйимизни дадамсиз тасаввур қилиб даҳшатга тушиб кетдим
Оқшом амаким келиб, қишлоқдагилар Наврўзга тайёргарлик бошлаб юборишганини айтганди, дадам:
Мен ҳам бораман, насиб бўлса, деди.
Юрагим сал ёришгандай бўлди
* * *
29 сентябрь
Туғилган кунимни ҳам юрак ҳовучлаб ўтказдим
* * *
1 октябрь
Ҳар йил Наврўзда дадам бош бўлар, бу байрам одамларни бирлаштиради, меҳр-оқибатни тиклайди, болаларни тарбиялайди, деб ҳаммамизга уқтирарди. Яна айтардики, Наврўз фақат сумалак ва кўксомсаю емак-ичмакдан иборат эмас, санъат ва шеърият орқали мияга ҳам озуқа бериши шарт!
Кўргани келган ҳамкасб ўқитувчиларга қайта-қайта вазифа тайинларкан, мени кўрсатиб:
Мана, Бону ҳам ўқишидан рухсат олиб келди, сизларга кўмакчи, деди.
Қадрдон мактабимга кириб, юқори синфлар орасидан уқувли ўқувчиларни йиғдим. Ақлим ва билимим етганча байрам дастури тузиб, уларга шеър, қўшиқ ўргатдим. Баъзи ўқитувчиларим менинг аралашувимни малол олса-да, бир-бирларига кинояли қарашларини сезиб турсам-да, азбаройи дадамга бўлган меҳрим туфайли тишимни тишимга қўйиб ишладим.
Кўнглим алағда, хаёлим дадамда, ҳар икки соатда зув бориб хабар олиб келаман.
Кечқурун дадамнинг гапхалтаси очилиб, опаларим ва акам туғилган пайтларни эслаб ҳангома қилиб ўтирди. Мирхонд акам дунёга келганда жонимнинг вориси туғилди деб шукронасига халққа ош тортганини эслади.
Боладан зериккан пайтингиз олтинчи бўлиб туғилган гўдак сизни унчалик хурсанд қилмагандир? эркаланиб ўсмоқчиладим.
Йўқ, мен сени ҳаммадан кўпроқ яхши кўраман, деди қошларини кўтариб. Бирорта боламнинг ортидан гап эшитган эмасдим. Сен туфайли отамдан шатта еганман. Эсингдами? деди кулимсираб, Шундаям, энг узоқ куттирган фарзанддан кўнгил совирмиди!
Эсимда, бундай воқеани унутиб бўлармиди!
Мактабда Наврўзга атаб тадбир бўлди. Иккита 3-синф беллашдик Кейин ҳар иккала синфбошиларни даврага чақиришди. Рақиб синфбошиси Азамат берилган саволларнинг аксариятига дудуқланиб турганда, мен бурро-бурро жавоб бериб қўяқолдим. Биз ғолиб бўлиб, совринни қўлга киритдик.
Тадбир тугаб, ҳамма ўқувчилар уй-уйига йўл олди. Мен ҳам синфдошларим Бекжон ва Лазиз билан қайтаётсам, мағлуб бўлган ўқувчилар Азамат бошчилигида захкаш бўйида қарши олишди.
Ўртада ёлғизоёқ тахта кўприк. Улар билан кўприкнинг қоқ ўртасида юзма-юз келдик. Эртакдаги икки эчкига ўхшаб бир-биримизга йўл бериш ниятимиз йўқ. Азамат:
Ҳалиги саволларнинг жавобини сенга даданг олдиндан бериб қўйган, шу учун биринчиликни олдиларинг, деб тўнғиллади. Мен:
Дадам эмас, бобомдан ўрганганман, дедим У:
Қайси бобонгдан, балки момонгдандир? деб тилини чиқазиб кулди.
Унинг сурбетлиги жаҳлимни чиқарди, бобомни масхара қилганига чидаб туролмадим.
Қоч йўлдан, иккичи, билмасвой! дедим алам билан ва ёнидан ўтиб кетмоқчи эдим:
Ҳозир туртиб юбораман, сувга тушиб оқиб кетасан, деб қўлини кўтарган эди, қўрққанимдан ундан олдин кўксидан итариб юборибман, чинқирганча захкашнинг ўртасига шалоплаб тушди. Икки дўсти уни қутқариш учун қирғоққа югурди. Биз учаламиз кўприкдан амал-тақал ўтиб, энди қоча бошлаган пайтимиз болалардан бири етиб келиб елкамга осилган китобхалтамдан тортқилади. Халтам боғичи узилиб, ерга тушди. Қўл чўзиб энгашган эдим, халтани тепиб, сувсиз ариқчага тушириб юборди. Халтамни оламан деб ариқчага тушсам, бир ҳовуч тупроқни юз-кўзим аралаш сочди. Буниси ошиб тушди. Халтамни судраб ариқчадан чиқдиму қовжираб ётган янтоқни жон-жаҳдим билан тортгандим, таг-томири билан қўпорилиб чиқди. Янтоқ билан боланинг юзига чунонам солдимки, турган жойида бир ирғиб, ўзини ерга ташлаб думалаганча увиллаб юборди. Атрофга қарасам, Бекжон билан Лазиздан ном-нишон йўқ, мени ташлаб қочиб қолишибди.
Тол илдизига тирмашиб чинқираётган Азаматни жўралари икки қўлтиғидан олиб, судраб қирғоққа олиб чиқишди. У дағ-дағ қалтирар, ҳар ўқчиганда оғзидан бўтана сув қайнаб чиқарди. Аянчли манзарадан менгаям муздек титроқ ўтди уйга ура қочдим. Бобомникида беркингани жой йўқ деб ўйлаб ўзимизнинг ҳовлига бурилдим.
Уйда ҳеч ким йўқ: дадам ҳали мактабда, онам кутубхонада, опаларим одатдагидек сигир-бузоқлар учун ем-хашак ўргани далага кетишган.
Биринчи дадам келди. Тадбирдаги ютуғим учун энди мақтай бошлаган пайти йўлтўсар болаларнинг ота-онаси бир гала бўлиб кириб келишди. Янтоқ билан урганимда тиканлари ҳалиги боланинг қош ва кўзи ўртасига, юзига, қовоғига санчилиб, башараси кунжут сепилган патирга ўхшаб қопти. Бўлди қизил-қиёмат!.. Бечора боланинг онаси бобиллаб дадам билан уриша кетди:
Бировларни фарзандини тарбиялагунча аввал ўзингизникини йўлга солинг! Боламни кўзи кўр бўлиб қолса нима бўларди?!
Дадамнинг жаҳли чиқди, тутақиб, менга қараб важоҳат билан кела бошлади. Мен паноҳ истаб жавдираб тургандим, эшикдан Хизрдек бўлиб бобом кириб келдию чопқиллаб унинг панасига ўтиб олдим. Воқеани эшитган бобом ғазабланиб аввал болаларнинг ота-онаси билан, кейин дадам билан тортиша кетди.
Сенинг қизингни тўртта бола ўртага олса, нима қиласан, индамай ўтир, дейсанми?! Билганини қилсин, бошингни эгиб туриб бер, дейсанми? деб келганларнинг ота-онасини мулзам қилди. Кейин менга қараб, Янаги сафар йўлингни тўсишса, уриб бошини ёр, жавобини мен бераман! деди
Масала бобомнинг раислигида менинг фойдамга ҳал бўлди, меҳмонлар шашти қайтиб, бўшашибгина кўчага йўналишди. Бироқ дадам жаҳлидан тушмади. Аёлнинг гаплари қаттиқ теккан эканми, дағдаға кўтариб ёнимга келаётган ҳам эдики, бобом Ҳе, сени қараю! деб ирғай ҳассаси билан елкасига тушириб қолди. Дадам ёш боладек қўлларини кўтариб бошини яширганча боғ томонга қараб қочди. Уни биринчи бор шундай кулгили аҳволда кўришим эди
Шуларни эслаб дадам:
Ўғил бўлиб бирор маротаба отамдан калтак емаган эдим. Қирқни қоралаб, сенинг шарофатинг билан бобонгдан шатта еганман, деб мириқиб кулди
* * *
5 октябрь
4-синфни тугатиб, ёзги таътилга чиқдик.
Маза! Мактаб йўқ, ягана, чопиқ даври ўтган, уйга вазифа деган бошоғриқдан қутулганмиз. Уйда вазифамиз ўт ўриш, тандирга олов ёқиш, даладан чўп-чўмак йиғиб келиш Қолган пайт эркимиз ўзимизда: ўйнаймиз, чўмиламиз, китоб ўқиймиз.
Бир куни онам сурпа ёйиб, лаплаплатиб элак урар, тўрнинг майда кўзларидан тўкилаётган ун бархан бўлиб уйилар, гўё фалакдан бетиним қуюқ қор ёғиб, Қизилқумни босаётгандек кўринарди. Мен бу манзарага анқайиб қопман шекилли, онам ёнбош қараб бир кулиб олди:
Бону, Барчинойни чақир, ўчоқбошига ўтин ташинглар, бирор соатлардан кейин тандирни оқартирасан
Тандир билан ўчоқ оралиғидаги пастқамга бир боғ ғўзапоя ташлаб, энди ҳовли этагидаги ғарамга қайтаётсак, кўчадан аввал ғингшиб сирқовланган овоз эшитилди, кейин дарвозадан ҳамма ёғи қон, кўйлаги йиртилган, лаблари, қулоқлари шишиб кетган Мирхонд акам оқсоқланиб кириб келаркан, онамга кўзи тушиб, йиғини баралла қўйиб юборди. Онам Вой ўлай! деганча элакни супрага чангитганча ташлаб, ковушини ҳам оёғига илмай, дарвозахонага югурди. Акамнинг ҳиқиллаб берган маълумотига кўра, Азамат икки амакиваччаси билан менинг аламимни ундан опти. Бирга чўмилиб бўлишгач, Мирхонд уйга қайтаман деса, кийимларини беркитиб қўйиб, роса масхара қилишибди. Сўнгра атай уриш чиқариб, ўртага олиб беармон дўппослашибди.
Онам остонага ўтириб йиғлаганча муштумзўрларни қарғади:
Уйи куйсин номардларни! Ёмонни кучи япалоққа етади! Булар ҳам билишади кимни уришни! Буни сўроқлайдиган акаси йўқ-да! Уч киши бир болани-я!..
Онам айтиб-айтиб, дод солиб, ичикиб-ичикиб йиғлаб, уларни худога топширди.
Барчиной опам иккимиз нима қилишни билмай, карахт аҳволда қолдик.
Онам акамнинг юзини авайлаб ювиб, сочиқ босиб, сўрига балиқдай ётқизиб қўйди.
Оқшом дадам келгандан кейин бўлган гапни озгина пардозлаб айтиб берганди, дадам акамнинг иягидан кўтариб чироққа солиб қаради-да:
Ўлмабди-ку, йигитчиликда бўлиб туради, қўй, сен ҳам оловга мой сепма, деб онамни зўравонларнинг уйига боришдан қайтарди. Кейин акамга қараб, сен эркаксан, ўзингни ҳимоя қилишни ўрган-да, қувватинг, жонинг борми, деб уришди
Онамнинг остонада ўтириб ожизона йиғлаганлари анчагача кўз олдимдан кетмай юрди
* * *
6 октябрь
Акам ва бўлаларим билан ёбондан ўт-ўлан ўриб эшак аравада қайтаётсак, анҳорда чўмилиб чиқиб, бўзтупроқда тобланиб ётган Азаматни кўриб қолдик.
Акам иккимиз аравадан сакраб тушиб, мен этагимга, акам чўнтагига йўл ёқаларидаги шағаллардан йиғиб-териб, ғафлатда ётган Азаматни тошбўрон қила кетдик
У кутилмаган ҳамладан ўзини йўқотиб, бошини кафти билан паналаганча вой бибижонлаб чинқириб, ариқ лабига ўзини ташлади. Биз душманни узил-кесил тор-мор қилиш учун қирғоқ томон югурдик. Шу пайт ҳий-юв! деган қийқириқ янграб, акамни копток қилган тўда пайдо бўлиб, бизни қуршовга олди. Бўйи баланд олакўз бола сўрашмоқчидек қўл чўзиб келиб, бирдан Мирхонднинг қулоқ-чаккасига тортиб юборганди, акам шўрлик қияликдан пастга думалаб тушиб кетди.
Навбат менга келди.
Муқбил тошотар ўғил бола бўлганми, қиз болами? деди олакўз шерикларига ишшайиб.
Акасиям қиз бола бўлган
Тепага тирмашиб чиқаётган акамга бармоқ ниқтаб, мириқиб масхаралаб кулишди. Мен этагимдаги тошлар орасидан йирикроғини ажратиб олдим-да, тўдабошига ўқталдим:
Ҳозир кўзингни чиқараман, олхўри!
Олакўз ўзини қўрқиб кетгандай кўрсатиб, икки кафтини бирлаштириб, ҳиндча тавозе бажо келтирди:
Муқбил хоним афанди, бир қошиқ қонимдан кечинг
Қуриб кетгур авваллари ҳам машқ қилиб юрганми, ҳинди киноларидаги оқ иштонли қаҳрамонларнинг ўзи бўлди-қолди. Бирпас чалғидим шекилли, муғомбир қандай қилиб билагимга уриб тошни учириб юборганини пайқамай қолдим. Этагимдагилари ҳам сочилиб кетди. Гангиб қолдим.
Акам йўлгача эмаклаб чиқдию ўрнидан туришга ҳоли етмадими ё қўрқибми, ўша жойда ҳансираб ўтираверди.
Бир маҳал бурқситиб чанг кўтарганча велосипедини ғизиллатиб акамнинг синфдоши Юсуф пайдо бўлди. Оғзида ғий-йқ! деб тормоз садосини чиқазиб тўхтаб, уловини толга суяди-да, икки муштини биқинига қўйди:
Учта бўрдоқини кучи битта қизалоққа етдими? Ўғил бола бўлсанг битта-битта келавер!
Олакўз ҳарсиллаб ўтирган акамга, довдираб турган менга, баҳодирлик қиёфасидаги Юсуфга бир-бир синовчан назар ташлаб чиқди ва бирдан қаҳқаҳлаб тиззасига уриб кула бошлади. Гоҳида кулги дағдағадан ваҳималироқ бўлади.
Мирхонд даст ўрнидан туриб, аста-секин биз томон шахдам кела бошлади. Демак, ростмана жанг бўлади! Мен руҳланиб, ерда ётган қиррали кесакни секин қўлга олдим. Акам шошмасдан йўл бошигача чиқдию умидвор қараб турган Юсуфнинг ёнидан ўтиши билан Қоч, Бону! Қоч! деб оёғини қўлга олиб қишлоқ томон учди. Бунисини кутмагандим, эсанкираб қолдим, панжамдаги кесак уваланиб кетди.
Юсуфнинг ҳам бирдан попуги пасайди. Лекин сир бой бермай, аввалги гапини такрорлади:
Қани, битта-битта келаверинглар!
Олакўз югургилаб бориб, бир сакраб Юсуфнинг бўйнига чирмашиб, гуппа йиқитди. Азамат билан шериги айланиб юриб, жойини топиб тепкилай бошлади. Мен нима қилишни билмай, жўжа олдирган товуқдай уларнинг атрофида югурардим. Ҳол-беҳол тўда аъзоларининг елкаларига мушт урардим, зарбаларим чивин чаққанча таъсир қилмаётганидан аламим ошиб, хўрлигим келарди.
Ким бо-ор?! Одамла-ар! ўз чинқириғимдан ўзим чўчиб тушдим.
Тўда бош кўтариб атрофга аланглай-аланглай жуфтакни ростлади.
Юсуф моматалоқ юзини сийпалаб, ўрнидан турди-да, ювингани анҳор бўйига тушиб кетди.
Мен бир аччиқ гап айтиб тезроқ хумордан чиқиш учун акамнинг ортидан югурдим
* * *
7 октябрь
Дадам йўқотган ўйинчоғи эсига тушган боладай бесаранжом, безовта. Ўрнидан турмасдан:
Совқотдим, печкага ўтин қаланглар, деди.
Акам ўтин қалаб, олов ёқди. Кейин дадам устидаги кўрпани суриб тушириб:
Исиб кетяпман, эшикни очиб қўйинглар, деб бетоқатланди.
Олдин мен, сўнг акам дадамнинг муздек оёқларини уқаладик.
Бугун мени аканг бир чўмилтирсин, деди дадам ўзига ўзи гапиргандай паст товушда.
Хўп, дедим-да, оҳорли ички кийимларини, сочиқларини ҳозирлаб қўйдим.
Оёғим тортиб-тортмай мактабга жўнадим. Байрам дастурини бирров кўздан кечирдиму ортга қайтдим. Йўл-йўлакай хавотирим борган сари ошиб бораверди.
Келсам, дадам бир аҳволда, елкасидан нафас оляпти. Кўзлари катталашиб кетгандек, аланглаб ниманидир излаётгандек туйилди.