БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД - Мирзо Иқбол 4 стр.


 Эртага автобусда бора қоламан, десам, у:

 Даданг тузукми, қачон гаплашган эдинг? деб кўнглимга ғулғула солиб қўйди.

 Кеча оқшом уйдагилар билан гаплашгандим, тинч эди, дедим-у, дилим ғаш бўлди.

Аксига олиб шу тобда телефоним қуввати тугаб, ўчган эди

* * *

Шайтон васваса кўтарди.

Иккилана-иккилана машинага ўтирдим.

Шаҳардан чиқишимиз билан Юсуф рулни туйқус Газли томон бурди, қарасам, унинг авзойи чатоқ, бегона, кимсасиз йўлда машинасини шамолдек учириб боряпти. Қаёққа кетяпмиз, десам, Ҳужжатларимни мелиса обқўйган, айланма йўл билан қишлоқ яқинидан чиқамиз, қўрқма, деди пешойнадан қараб

Вақт ўтгани сари билгисиз чўлу биёбон қаърини ёриб борарканмиз, аста-секин теварак зулмат оғушига сингиб, бепоён қоронғилик ҳайбати менда ваҳм уйғотар, қўрқувни яширишга қанча тиришсам ҳам ич-ичимдан тошқин қалтироқни беркитолмасдим.

Бу ёғи яна тушдек, иситма аралаш босинқи уйқудек кечди. Мен бақирдим, ёлвордим, машинадан ўзимни отмоқчи бўлдим, лекин Юсуф миқ этмай тош қотганча машинани тезлатиб бораверди

Ниҳоят бир янтоқзорга етганда машина бир силтаниб тўхтади. Менинг қўрқув аралаш қарашимга жавобан у:

 Бензин тугади, кутамиз, битта-яримта машина ўтиб қолар, деди атрофга аланглаб.

Одам зоти у ёқда турсин, бирорта жон асари кўринмайди

Кутилмаганда у орқа томонга ўтиб, эшикни очмоқчи бўлганди, мен сапчиб наригисидан тушдиму жоним борича қочдим

У икки ҳатлаб етиб олди, йиқитиб, тинчлангунимча икки билагимни қумга босиб турди. У эркак, мен қиз бола, у кучли, мен ожиз эдим. Ҳар қанча типирчиламай, қаршилик кўрсатмай, чангалидан чиқолмадим

Тинчланди, тақдирга кўнди деб ўйлаб мени кўтариб олаётганди, бўйнидан ғарчча тишладим. У жон аччиғида сўкинди, лекин шунда ҳам мени қўлидан қўймай, аста чўккалади. Бир кафти бўйнидалигидан фойдаланиб, типирчилаб силтанган пайтим бурним пешонасига қаттиқ урилдию қон тирқиради. У бир лаҳза гангиб, бўшашганидан фойдаланиб ўрнимдан туриб қочишга чоғландим.

Ҳар қадам босганимда оёғимга тикан ниш ураётгани ғирт-ғирт этган ички товуш билан миямга келар, лекин заррача оғриқни ҳис қилмасдим, ортимдан изма-из келаётган Юсуфнинг ҳансираган дами елкамни куйдирар, мен телбаларча номаълум томонга жон-жаҳдим билан югуриб борардим.

У чап қўлимни тутиб, илкис тортди, мувозанат кетдию қумга ёнбош йиқилдим. Шундагина ҳолдан тойганимни, бечора эканимни ва чап оёқ кафтимни тешиб чиққан ҳўл чўкиртакни пайқадим. Пайпаслаб, пойабзалим йўқлигини сездим

Юсуф гап-сўзсиз чўкиртакни суғуриб, қўлига илашган тиканларни терган бўлди. Сўнг рўмолчаси билан оёғимни танғиб боғлади. Мен оғриқдан, хўрликдан изиллаб йиғлар, кўз олдимдан Олмоснинг маҳзун кўзлари кетмасди.

Ранги қув оқариб кетган Юсуф чўккалаб ўтирган кўйи мени севишини, менсиз ҳаёт ҳаромлигини, менга уйланишини, ўзи ўқитишини, шаҳарда уйи борлигини аввал аччиқ билан бақириб, кейин муроса оҳангида ўксингандай айтди. Мен:

 Севган йигитим бор, дейишим билан жинниларча тутақиб:

 Биламан, анави латтами? У менга ярим соатлик иш, бирпасда йўқ қиламан! Сен унга ишонма, унинг зоти паст, мен қишлоғигача бориб суриштириб келганман! Ўзи билан ҳам гаплашганман! Севаман, Бонуни тинч қўй, десам, мушт отиш ўрнига Унинг ихтиёри ўзида, дейди даюс! деб айқириб саҳрони бошига кўтардию яна ваҳмимни қўзғатиб, ўз бошига мушт ура кетди. Унинг бирорта далилига ишонмадим. Фақат қўрқинч сабаб эътироз билдиролмадим. Эсингдами Азаматлар аканг билан сени қуршовга олгани? Ўшандан бери

Кейин бирдан жимиб, ерга қараганча сукутга чўмди. Бироз ўтгач:

 Саҳро табиати ёмон, кечаси қаттиқ совуқ бўлади, машинага чиқиб ухла, менга ишонмасанг ичидан қулфлаб ол, мен ташқарида ётаман, деди ҳорғин овозда. Мен тиззамни қучоқлаб, жойимда ўтиравердим.

 Машинага чиқ, бу ерда қашқирлар изғийди

 Мен қашқирдан қўрқмайман оқсаб бориб машинага чиқдим-да, тугмаларини босиб, ичкаридан қулфлаб олдим. У мен ўтирган эшикка суянганча яна ҳасрат қила кетди:

 Нега бундай чиройли бўлдинг-а, Бонужон? Мен нима қилай? Сендан бошқани кўзим кўрмайди Ота-онам бўйнимдан боғлаб, холамнинг қизига уйлантириб қўйди. Оқ қиламан, кўк қиламан, деб бахтимни қора қилишди. Эшитганмисан, йўқми, хотиним номига хотин эди, ўртада ҳеч нарса бўлмаган. Униям ҳаёти расво бўлди. Лекин нима қилай? Қўли қўлимга тегса, илон ушлагандай бўлардим. Уйга сира боргим келмасди Менга қара, нима десанг, ҳамма шартингга тайёрман, унинг овозида йиғи пайдо бўлди, мен ҳам одамман-ку, сени деб хотинимга талоқ бердим. Нега менга раҳминг келмайди? Сени ўн бешимдан бери севаман! Ўзимни ўлдирайми, уволимдан қўрқмайсанми?! Сенда ҳам юрак борми, Бонужон?!

Мен:

 Юсуф ака, мендаям юрак бор, фақат бу юрак аллақачон банд бўлган, айтдим-ку, яхши кўрган инсоним бор, мени бунча қийнайсиз? Менга сизнинг раҳмингиз келсин, акамдан жўрангиздан уялмайсизми, унинг кўзларига қандай қарайсиз, дедим йиғлаб-сиқтаб.

 Ё меники бўласан, ё ҳеч кимники! деб машина эшигига тарсиллатиб шаппат урди.

* * *

Кечаси бирдан ҳаво совиб, дағ-дағ қалтирай бошладим.

Мен-ку баҳарнав ичкаридаман, унинг ҳоли не кечдийкан деб ойнадан қарасам, ўша-ўша ғилдиракка суяниб, ойга қараганча ўй ўйлаб ўтирибди.

Бир зум раҳмим ҳам кепти.

Тонгга яқин қуш уйқуси ичида Олмосни кўрдим. У куйиниб ниманидир гапирар, лекин овози эшитилмас, мен уст-бошимдаги қон-қусни кўрсатиб изоҳ бермоқчи бўлардиму, мениям товушим ичимга кетарди.

Машриқ тараф кўкариб, саҳро осмонида биргина Зуҳро қолди.

* * *

10 сентябрь

Юсуф мен ўйлагандан кўра маразроқ, тубанроқ, аблаҳроқ бўлиб чиқди.

Оқшом қилган хатти-ҳаракатлари ҳолва экан. Машинани ўзи ўчириб, бензин йўқ деб алдаганини, бу билан мени тонггача тутиб турмоқчи бўлганини саҳар билдим.

Оламни ёритган тонг унинг башарасини ҳам очиқ-ойдин кўрсатди.

Қишлоққа кириб бораверишда уловини тўхтатиб, ишшайди:

 Бугуноқ пешиндан кейин совчи юбораман, розилик бер, бошқа йўлинг йўқ! Мен билан бир кеча бирга бўлдинг, ҳамма ёғинг қон! Сен меникисан, йўқ десанг, дунёга жар солиб бадном қиламан! Аканг нима, худойингданам қўрқмайман!

Унинг бошқа сўзлари қулоғимга кирмади, кўнглим озиб, ҳушимни йўқотдим.

* * *

Душанба куни тушдан кейинларга ўзимга келибман.

Ҳамшира иссиғимни ўлчаб, сув берди-да, уёқ-буёқни тўғрилаб, бош шифокорни чақирди. Шифокор билан бирга дадам ҳам кирди

Бирдан қўрқиб кетдим, уятдан ҳозир худо даҳшатли зилзила солсаю ҳамма шу офат билан овора бўлиб, мени эсдан чиқарса, деган фикр миямни чархлаб ўтди. Кўзимни юмиб, уришиб беради, уриши ҳам мумкин деб ўйлаб ётсам, у кутилмаганда бошимга эгилдию бир жуфт йирик-йирик илиқ томчи юзимга томди.

Дадамда фарзандга қўл кўтариш одати йўқ эди, сабабини бобом раҳматли шундай изоҳлагани эсимда:

 Ҳамма боласини белдан топган бўлса, сизларни ота-онанг зиёратгоҳларда юриб-юриб, авлиёлардан тилаб олган

Бўлиб ўтган воқеани дадамга рўй-рост айтиб бердим

Шифокор дадамга, Қизингизни текшириб кўрамиз, агар бирор гап бўлса, анавини қаматишга ҳаққингиз бор, деб елкасига дўстона қўл қўйди.

Кейин ҳамшира билан аёллар бўлимига бордик, мени текширишди, шукурки, ҳаммаси жойида экан.

Лекин бу ҳақиқат мени турли ёлғонлардан, иснод ва маломатдан қутқариб қололмади

* * *

11 сентябрь

Ҳушимдан кетганимни кўриб ўтакаси ёрилган Юсуф туман касалхонасига олиб келганидаги аҳволимни шу жойда даволанаётган ҳамқишлоқ хотин кўрган ва уйидагиларга ҳам етказган экан. Ўша хотин ҳар куни мен ётган хонага хабар олгани, янаям тўғрироғи, гап олгани кириб турарди

Даволаниб чиққунимча бутун қишлоқ бўлиб ўтган воқеадан хабардор, табиийки, бу ҳикоя қўшимча тафсилотлар билан бойитилиб, халқ оғзаки ижодининг мулкига айланиб бўлган эди

Ҳамманинг оғзида миш-миш

Ахир кўпчилик кўзи билан эмас, қулоғи билан кўради-ку

Хуллас, ихтиёрсиз этагига балчиқ теккан, номига доғ тушганлар рўйхатига тиркалдим

* * *

14 сентябрь

Шифохонадан чиққач, кимдир кўргани келди, кимдир кулгани.

Айниқса, совчиси қайтган харидорларга худо бериб қолди.

Кейин икки оила ўртасида катта жанжал бошланди

Акам, тоғамлар бориб Юсуфни шифохонага ётқизиб келишибди

Унинг аймоқлари ўз навбатида ўч олиш учун акамнинг йўлини тўсишиб, тафсилотни эшитгач, қўл силтаб қайтишибди.

 Айб юз фоиз Юсуфда экан, чиқса ўзимиз яна бир бор таъзирини берамиз, деб ният қилишибди амакилари, тағинам қизга раҳмат, қаматишига ҳаққи бор эди

Бироқ бу хулосалар лой чапланган номимни аввалгидай покиза ва бокира қила олмас, чунки гап урчиб бўлган, эл оғзига тутиладиган элакнинг тўри йўқ, мен асоссиз хўрликка чидашга, номард ҳаёт ҳузурида бош эгишга мажбур эдим

* * *

18 сентябрь

Юсуф такрор совчи қўяверди

Онам дарвозани очмади

Акам ҳайдаб солди

Дадам дарвозахонада туриб уларга:

 Қизим бир умр ўтда куйиб, номард эр билан яшагунча тоқ ўтгани афзал, деб тақа-тақ жавоб қилди

* * *

Олмосга уйдан қўнғироқ қилдим.

У менинг саломимни силтаб ташлаб, биринчи марта зарда қилиб, телефоним ўчиқлиги учун хавотир олганини, хатлар ёзганини, бугун ўқишимга бориб дараклаганини айтди.

Бўлган воқеани сўзлаб берганимдан кейин узоқ сукутга чўмди.

Мен қўрқув аралаш Гапимга ишонмади, қинғир хаёлга борди, энди ташлаб кетади, балки, аллақачон ташлаб кетиб бўлди, деб ўйладим.

Бизда фожианинг ўзидан кўра унинг гап-сўзи, миш-миши ёмонроқ эмасми, акажон?

Мени ҳаётда ушлаб турган ягона умид чироғим Олмос эди. Агар у ҳам мендан юз бурса, мен ҳаётдан юз ўгиришга тайёр эдим.

У менга ишонишини, яхши кўришини, келажагини мен билан боғлаб бўлганини, тез орада совчи юборишини айтди. Мен ҳайрат ва қувончдан эсимдан оғай дедим, ажаб, кутилмаган шодлик онгу шууримда қилич тиғидай серманиб, ёқимли оғриқ уйғотди, ҳамма кўргиликлар, туҳматлар, пасткашликлар барча-барчасининг сариқ чақачалик аҳамияти қолмади.

Мен яна ўзимни аввалгидай инсон ҳис қила бошладим.

Назаримда, оппоқ кўйлагимда кўринган қора доғ ўрнимдан туришим билан чўлнинг ғижирқумидек тўкилдию оқ атиргулга айландим-қолдим.

Шунча кундан бери биринчи бор кўзгуга боқиб, қовоқлари шишган, ранги синиққан, аммо кўзлари қувончдан пориллаб турган чеҳрани кўрдим

* * *

20 сентябрь

Энди ўқишга қайтмоқчи бўлиб турганимда дадамнинг соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолди.

Дўхтирлар юрак хуружи дейишди

Бу мен билан боғлиқ машмашанинг асорати эди

Дадамни шифохонада ўзим олиб ётдим

Кўргани келган қариндош борки, мени айбситар, очиқ айтмаса-да, Ҳа, юрак масаласи нозик, буёғига эҳтиёт қиласан-да ўзинг, қабилида писанда қилиб кетарди.

Дадам шифохонадан чиқдию, ичкиликка ружу қўйди. Энди оиламиз бошига бу ташвиш тушди. Ҳеч қачон ичмаган бообрў муаллим тўсатдан кўча-кўйда гандираклаб юрса

Тўғри, маст бўлиб жанжал-сурон кўтармас, ундан-да ёмонроғи, хонасига кириб ичкаридан беркитиб ётаверарди. Айни ана шу беозорлиги, одамовилиги менинг ич-этимни еб битирар, ўзимни қўйгани жой тополмас, назаримда, ҳамма мендан нафратланаётгандай, кўргани кўзи йўқдай туйиларди. Ҳа, ҳамманинг кўзига хунук кўриниб қолгандим. Айбсиз айбдор эдим.

Шу тариқа уйдан, уйдагилардан, қишлоқдан, ҳаммадан безиб борардим.

Яхшики, ўқишим бор. Шаҳар бор, шаҳарда Олмос бор

* * *

22 сентябрь

Мен энди Шоира опамга астойдил қарашар, сидқидилдан ўқир ва интизор бўлиб Олмосдан совчи кутардим. Менга нажот йўли шу у билан бирга бўлиш, унга суяниб яшаш эди. Бироқ у ҳам негадир ўзини олиб қочаётгандай, кўришгиси, кўргиси келмаётгандай, тобора узоқлашиб бораётгандай туйиларди.

Бир куни Олмос ўқишдан чиқишимда қарши олиб, холаси гинеколог эканини ва текширишга олиб бормоқчилигини айтди. Кутилмаган бу таклифдан карахт бўлиб қотиб қолдим.

 Орадан қанча вақт ўтиб кетди, сиз шу пайтгача шубҳа-гумонда юрибсизми? десам:

 Мен ишонаман сизга, бироқ уйдагилар учун илтимос қиляпман, деб четга қаради.

Суҳбат орасида уйидагилар қишлоғимизга бориб оиламизни сўраб-суриштирганида кимдир мен ҳақимда Бузилиб кетган, деганини шунчаки гапдай қилиб айтди.

Нима қиларимни, нима деяримни, нима деб ўзимни оқларимни билмадим Йиғлаб-йиғлаб уйга қайтдим

Эрталаб яна телефонда илтимос қилди, шанба холасининг навбатчилик куни, тушдан кейин боришимиз кераклигини, бу иккаламизнинг келажагимиз учун шартлигини таъкидлади

Хўрлигимни енгиб рози бўлдим.

* * *

23 сентябрь

Икки кун қандай ўтди, билмадим, ич-этимни шубҳа-гумон тимдалаб, юмдалаб ташлади

Хаёлимда фақат бир ўй чарх уради: Юсуф туман шифохонаси дўхтирларини сотиб олмаганмикан? Унда нима бўлади?..

Минг турли гумонларда адо бўлдим.

Мана, Олмос билан Моҳи Хоса ёнидаги тиббий бўлимга кириб боряпмиз

У юзимга қаролмайди, мен сўз тополмайман. Иккимиз ҳам бўйнидан боғлангандек мажбур ва маҳкуммиз.

Холаси врачларга хос совуққонлик билан текшириб кўриб:

 Ҳаммаси жойида қиз боласиз, деди

Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан ифодалай олмайман.

Ўзимга келдим Худойимга чексиз шукроналар айтдим. Мен шармандаликдан ҳам кўра Олмосни йўқотишдан кўпроқ қўрқар эдим. Бирдан кўнглим ўксиб, хўрлигим келиб кетди. Шунча ситам кўриб, адолатсизлик таёғини еб кўзимга ёш келмаган эди, шу жойда, ҳаёт-мамот хулосаси айтилган пайти ўзимни тутиб туролмадим. Йиғлаб кўчага чиқиб кетдим.

* * *

27 сентябрь

Болалигимизда об-ҳаво маълумоти тусмоллиги туфайли кўп латифаларга сабаб бўларди.

Кеч куз ёки қиш аввалида эрталаб уйғонсак, кўзимиз дастлаб қўшнининг қор босган томига тушиб, севинчдан дик-дик сакраб, ҳовлига шошардик. Бу биз учун табиатнинг кутилмаган туҳфаси бўлиб, қор катталар учун ташвиш, болалар учун байрам эди.

Шанба уйга қайтиб, наҳор уйғониб яна ўша болалик туйғусини бошдан кечирдим. Кўзимдан уйқу қочгач, ётган жойимда деразага қарасам, лопиллаб лайлакқор уряпти. Сакраб ўрнимдан турдим. Таассуфки, шодлигимга шерик бўладиган опаларим эр уйида, акам далада, дадам бемор, онам беҳол эди. Барибир бу оқлик тасодиф эмаслигига, бунда ҳам бир рамз борлигига пешинга яқин иқрор бўлдим: огоҳлантирмасдан, қўнғироқ қилмасдан Олмос совчи юборибди. Бу унинг менга, менгина ғарибга марҳамати, кутилмаган армуғони эди.

Мен эҳтиёт шарт бир йилдан бери кичик опам орқали онамни пишиқлаб келардим, совчилар икки эркак бўлгани учун онам дадамга ётиғи билан тушунтириб, кейин меҳмонларга пешвоз чиқишибди. Зиёлинамо кишилар билан дадам роса мириқиб суҳбатлашибди, таомилга кўра, биринчи ташрифда нон ушатилмаган эсада, умид ишораси берилиб, совчилар қайта келадиган бўлиб кузатилибди.

Сиз бахтнинг суратини қандай тасаввур этасиз? Мен ўша суратни кўзгуда кўриб турардим

* * *

28 сентябрь

Орадан бир ҳафта ўтиб, совчилар яна келди. Бу сафаргиси шунчаки ўзбекона расмиятчилик юзасидан эди. Элчилар бемалол гурунглашиб ўтиришди. Тўй кунини ҳам ўзларича тахминан май ойларига тайин қилишди.

Оиламизда тўй кайфияти уйғонди. Дадам ҳам ичкиликни йиғиштириб, менга очиқ юз билан гапирадиган бўлди. Ҳамма тараддудда андармон, майда гапларнинг дами кесилган, мен шаҳар ва қишлоқ ўртасида қалдирғочдек чарх уриб бориб-келар, ҳар гал курсдош дугоналаримни уйга таклиф қилиб, сарполаримни ёйиб фикр сўрар, тезроқ камомадимни рисоладагидек битириш пайида эдим.

Мен қиларман ўттиз, Эгам қилар тўққиз деган нақл беҳуда тўқилмаган экан. Бандасининг тадбири манглайдаги битикни ўзгартиролмаслигини ким ҳам ўйлабди дейсиз?

Назад Дальше