Кўргилик кўпгина ҳолатларда кутилмаган томондан келиб, кутилмаган натижа билан якунланади. Ҳар қандай қийинчилик билан бўлса ҳам ўрнини тикласа бўладиган кўргиликнинг жароҳати аста-секин битиб кетади. Лекин қайта битмайдиганининг асорати умрбод сақланиб қолади, қайта-қайта кўнгилни тирнайвериб охири битмас ярага айланади. Унга гирифтор бўлган кишининг афсус ва надомати бир умрликдир. Орқама-орқа келган кўргиликлар Муҳаммад Солиҳни ҳам қаддини букиб қўйди, фаолиятли ҳаётини йўқотиб, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, ўқтин-ўқтин пана жой топиб кўз ёши тўкадиган бўлиб қолди. Хулқидаги жўшқинлик, ҳазил-мутоибаларга бўлган мойиллик, юзидаги табассум уни мутлақо тарк этди. Жисмонан тетик ташқи қиёфаси йўқолиб, уларнинг ўрнини оқариб кетган соч-соқоллар, букилган гавда эгаллаб олди. Одамзотнинг тақдирга тан бермай иложи йўқ.
***
Катта орзу-умидлар билан яшаётган бечора йигитнинг бошига тушган оғир кўргилик уни хароб қилиб қўйди. Бирин-кетин касалга чалинган икки ўғлидан ажрайди, узоқ вақт даҳшатли кўргиликдан ўзига келолмай юради. Энди барча орзу-умиди ягона ўғли Убайдуллодан. Оллоҳ унинг умрини узоқ қилган бўлсин. Убайдулло ёқимтой болакай бўлиб ўса бошлади. Уни ота ва она еру кўкка ишонишмасди, Оллоҳдан умр тилаб парвариш қилишар, болани оила аъзолари билан бирдек тоғаси Муҳаммад Содиқ ҳам жуда ёқтирар, тез-тез улардан хабар олиб, совға-саломлар билан йўқлаб турар эди.
***
Оламдаги энг гўзал неъмат покиза инсоннинг покиза дили бўлса керак.
Ёвузликни мутлоқ йўқотиб бўлмаганидек, гўзаллик бўлган ва ҳар доим бўлади.
Олижаноблик ҳақида айрим олижаноб кишилар ҳақида ҳикоялар ҳатто асарлар ёзамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Тарихга киритамиз, аслида жамиятнинг асосий қисми олижаноб одамлардан иборат бўлмоғи лозим. Олижаноблик оддий ҳол бўлмоғи керак. Қачонлардир келиб эҳтимол шундай бўлар, оддий инсон энг камида олижаноб кишига айланар. Баркамол одам бўлиш учун оддий турмуш сабоқларининг ўзи етарли эмас. Ҳаётий эҳтиёж жуда кўплаб йўлакларга етаклайди. Муҳтожлик нима, оч қолиш нима, меҳнат ва илм олиш нима барчасини билиш керак, билиш учун кўриш, ўрганиш керак. Кўрмай, билмай ўтиш яшамай ўтиш билар баробар, одам боласи бўлиб туғилиб, яшамай ўтиш жуда ачинарли ҳол.
Тараққиёт тўхтаб қолмайди. Тўхтатишнинг иложи ҳам йўқ, уни тинимсиз одимлашидан барчамиз баҳрамандмиз. Шу боис инсоният тараққиёти учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ҳар қандай янгилик учун қувонишимиз шарт. Нодон буни тушунмайди, тушунишни хоҳламайди ҳам, қанақа-ки гўзал неъмат яратилса ўша нарсага қарши фаолият бошлайди, кишиларнинг омади унинг учун ёқимсиз воқеа, яратилган гўзал нарса унинг учун фожеа.
***
Афсуски қанча-қанча истеъдодларимиз ожизликларимиз исканжасида нобуд бўлган. Бахт нима эканлигини билиш учун аввал бахтсизлик нима эканини билмоқ лозим.
Убайдулло оиланинг ёлғиз фарзанди бўлиб қолди. Отаси Муҳаммад Солиҳ ўзининг барча орзу-умидларини ўғлига бағишлаб унинг тарбиясига астойдил киришди. Болани даставвал эски усулдаги маҳалланинг мактабига ўқишга беришди. Убайдулло зеҳни тез, зукко, чаққон бола бўлиб улғая бошлади. Унинг энг яқин кишиси отаси ва тоғаси Муҳаммад Содиқ эди. Ота-она ва қариндошларнинг меҳрига қониб ўсган бола бошқаларга нисбатан ўзи ҳам меҳрибон, одобли ва ростгўй эди, шўх бўлишига қарамай тез сабоқ олар, ўргатилган нарсаларни ошиғи билан ўзлаштириб оларди.
Дада, деди бола қувончдан кўзлари чақнаб, ҳафтиякни тамомладик.
Э баракалло ўғлим, ўқишни яхши тамомласангиз олим одам бўласиз, барча одамлар сизни ҳурмат қилишади.
Дада қачон менга тойчоқ олиб берасиз?
Бироз катта бўлсангиз, албатта тойчоқ олиб бераман.
Қачон катта бўламан?
Яхши бола бўлиб, айтганларимизни қилаверсангиз тез кунда катта йигитча бўласиз.
Кейин нима қиламан?
Кейин мадрасада ўқиб, илм оласиз. Жуда кўп ўқишингиз керак. Мен сизга жуда қизиқарли китоблар олиб бераман.
Уларда нималар ёзилган бўлади?
Ҳар хил қизиқарли эртаклар, ҳикоялар бўлади.
«Уч оғайни ботирлар» ҳам борми?
Албатта бор, сиз бу эртакни қаердан биласиз?
Домламиз айтиб берганлар.
Баракалла, домлангиз ўргатган нарсаларни эслаб қолишга ўрганинг.
Ўртоқларим билан ўйнаб келсам майлими?
Майли болам, ўйнаб келинг, фақат от аравалардан эҳтиёт бўлинг.
Болаларга бўлган муносабат, ҳар бир даврнинг қиёфаси ва ўша давр кишиларининг меҳр-муҳаббатининг ўлчовидир. Ҳар қандай шароит имкониятдан келиб чиқади. Ўша даврнинг имконияти ўзига хос бўлиб баъзи бир соҳалар қашшоқ ва ночор эди. Ана шу сабабларга кўра қурилиш ва ободончилик ишлари суст ривожланган, кўчалар тор, ёзда тупроқ, қишда лой билан қопланган эди. Болаларнинг ўйнаб ҳордиқ чиқаришлари учун ҳеч қандай шароит йўқ. Бечора болакайлар шундай бўлишига қарамай ўзларига ўзлари шароит яратиб неча хил ўйинларни кашф қилишиб қувонишар, шўхлик қилиб яйрашар эди. Ўйинлар асосан қувлаш, яшин тўпалоқ, эшак минди, оқ терагу-кўк терак каби бўлиб, ўйинчоқларсиз бўларди, мавсумларнинг ўзгаришига қараб уларнинг турлари ўзгариб борарди. Баҳор палласида даста-чикалдак, камалак отиш, дўндирак ўйнаш, варрак учириш бўлса, куз чоғига бориб ёнғоқ ўйини, лаппак отиш кабилар авж олади, қиш палласида ланка тепиш, бир-бирларига эртак сўзлаб беришдан иборат бўлади. Убайдулла жуда хушчақчақ, соддадил бола бўлиб улғая бошлади. Лекин кўпгина ўйинларни тақиқлаб қўйишгани учун фақат томоша қилишдан нарига ўтолмасди. Отаси йиқилиб тушишидан қўрқиб томларга ва дарахтларга чиқишга рухсат бермайди, шунинг учун у қўйнига ғўра тўлдириб дарахтдан тушаётган, томда маза қилиб варрак учираётган болаларга қараб фақат ҳавас қиларди холос. Бошқа ўйинларга ҳар ҳолда қатнаша олади. Унинг ёшлиги пастқам уйлардан иборат унча кенг бўлмаган кўчаларда терлаб-пишиб ўйинқароқлик қилиш билан ўтди. Аста-секин ўйинларни тарк этиб, мутолаа ва отасининг касби маҳсидўзлик билан шуғуллана бошлади.
***
Инсоният тарихига назар солсак, узоқ йиллар давомида диний низолар, дахшатли жанжаллар бўлганини гувоҳи бўламиз. Хўш нега шундай бўлган? Бунинг сабаби шундаки кўпгина одамлар чинакам эътиқод, чинакам гўзаллик нима эканини билмай, эътиқоднинг чин мохиятини тушунмай, ўрганмай ўзини диндор деб тушунади, яна бир тур кишилар динни ўз манфаатларига мослаш қайғуси билан ёки уни даромад манбаи деб тушунувчилар ҳам йўқ эмас. Бундай кишиларнинг аксарият кўпчилиги динга ёнгил елпи қараган, саёз фикрли ва илмсиз одамлардир. Билимсизлик хардоим салбий хохишларнинг авж олишига етаклайди, айниқса очкўзлик, шухратпараслик, нафсни тиябилмаслик, худбинлик, хирсга берилиш каби қусурларни йўлини тўсишга ожизлик қилиб қолади. Чинакам эътиқод эгаси умр бўйи меҳнат қилади, тер тўкади, илм олади, ана шу йўл билан, тинимсиз ўз ички оламини бойитиб, маънавиятини юксалтириб, ўз дилини поклаб боради, бундай одам худбинликдан холи, кишиларга меҳрибон, хаммага омад тилагувчи бўлиб энг ёқимсиз қусурлар хасад бахиллик, бойликка ружу қўйишларидан фориғ бўлади, Парвардигорга чин дилдан ишонган бундай эътиқод эгалари, хурофот, мутаассиблик, бефаросатликдан холи бўладилар. Бундай гўзал кишиларнинг кўпайиши бахтли ҳаётга, мамлакатнинг тараққий қилишига, мазмунли ҳаёт томон етаклайди, бундай юртининг қудрати беқиёс ошади, фидоийлик ва фаоллик тинмай ривожланаберади. Хурофотдан холи бўлган бундай мамлакатни хеч кандай ёв мағлуб қилаолмайди. Бунинг акси бўлган юртда матаассиблик авж олади, бақироқ мутаассиблар пайдо бўлади, илмсизлик, порахўрлик, дилозорилик авж олади. Фуқароларнинг асосий қисми оломонга айланиб, диний низолар кучаяди, жахолат хукмрон кучга айланади, кишилар учун зарарли бўлган фикрлашлар, кераксиз ақидалар ҳам хукмрон кучга айланади. Ўтмиш шуни юз қарра исбот қилди, қайсики юртда муттассиблик кучайса ўша юрт инқирозга юз тутиб, душманга ем бўлган, мустақиллигини йўқотган, донишманд ва хос одамлар изтиробларга мубтало бўлган. Хар бир юртнинг билимдонлари бундай муаммолар устида бош қотирмоқлари, хушёр бўлишлари жуда мухим.
Одамлар воқеаларнинг якунига эмас, кўпроқ унинг ўзига эътибор берадилар. Шу сабабга кўра жуда кўп жараёнларнинг якуни қайғули тугайди.
Чинакам қайғу, чинакам муаммолар, чинакам қийинчиликлар донишмандлар йўлига ғов бўладиган доимий тўсиқлардир.
Яқингинада бўлиб ўтган жараёнларни хаёлимиздан ўтказиб таажжубга тушамиз, ишонгимиз келмайди. Наҳотки шундай ишлар бўлган экан деб ҳайрон бўламиз. Бутун бошли юрт кимгадир мерос, қайсидир бир кимса унинг тўла хўжайини. Шоҳлик тахтига ўтириб олган киши уни ўз майли билан хоҳлаганича бошқаради, нимани истаса ўшани қилади. У одамнинг илми, истеъдоди, инсоний фазилатлари, юртига ва миллатига бўлган меҳр-муҳаббати билан ҳеч кимнинг иши йўқ, деярли ҳеч кимга ҳисобот бермайди. Унинг зулмидан тўйган халқнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди, дардини айтса бўладиган меҳрибони йўқ. Оғиз очмай сабр қилишдан бошқа иложи йўқ. Шоҳ қандай одам эканидан қатъий назар золимми, фозилми, бутун юрт унга тобе, энг ёмони шундаки у ўз умрини якунлаганидан сўнг, ўрнига унинг фарзанди келади. Фарзанди ким, неча ёшда, қобилияти қандай, хулқи қанақа, бунинг аҳамияти йўқ. Подшоҳнинг ўғли бўлгани учун у ҳам подшоҳ бўлади, юртнинг хўжайини бўлади. Борди-ю у гўдак бўлсачи ёки бироз тентакроқ бўлсачи, барибир подшоҳ зотидан бўлгани учун у ҳам подшоҳ бўлиши лозим. Бу нодонликларга қарши ҳеч ким эътироз қилмайди, гўё шундай бўлиши шартдек.
Гўдак Худоёрхонни тахтга ўтиргизиб қўйиб, амалдаги хонликни ўзи бошқараётган Мусулмонқулга қарши бош кўтарган кучларнинг сони ошиб борар, чунки унга суянган қипчоқлар барча муҳим лавозимларни эгаллаб, ўзбекларга кун беришмас эди. Улар энг серҳосил ерларни ва яйловларни эгаллаб олишган, ўша даврдаги тирикчиликнинг энг асосий манбаи бўлган чорва ва деҳқончилик шуларнинг ихтиёрида эди. Улғая бошлаган Худоёрхонда тахтни мустақил бошқариш орзуси туғила бошлади, унинг атрофида Мусулмонқулга қарши кучлар жамланиб аста-секин куч йиға бошлади. Бир неча йиллик хуфиёна қилинган ишлар ўз самарасини берди. Ниҳоят Мусулмонқулнинг зўравонлиги барҳам топиб, ўзи асир олинди ва бир неча кундан сўнг уни халқниг кўз олдида қатл этишди. Халқ енгил нафас олди, янги умидлар, янги имкониятлар яратилган эди.
Халқнинг ҳар қандай даврда қудратли кучи мавж уришдан тинмайди, қатламларининг қат-қатида ижод, илм, санъат аҳли беҳисобдир. Фидоий, донишмандлар, беқиёс гўзал кишилар ҳар доим етарли бўлади. Афсуски, «истеъдодли» нодонлар, худбинлар, очкўзлар ҳам. Соғлом ва бенуқсон бўлган халқ ана шундай «истеъдодли» нодонлар, беморлар касрига қолади. Улар баданга тушган куя мисоли халқнинг, миллатнинг бошига фақат кулфат келтирадилар, оддий халқ, оддий меҳнаткаш хўрланади, азоб чекади. Мусулмонқулнинг ҳалокати оддий кишиларнинг ҳаётини яхшилай олмайди. Зулм устига зулм, бузуқчилик устига бузуқчилик.
Исён устига исён Худоёрхонни жуда толиқтириб юборди. Шимолий вилоятларни бирлаштириб алоҳида ўлка қилиб, унга ўзининг энг ишончли одамларидан бири бўлган Мирзо Аҳмадни ҳоким қилиб тайинлайди. Ўта шафқатсиз ва қаттиқўл бўлган Аҳмад халқ ичида қаҳр ва ғазаб уйғотади. 1857 йилда хонликнинг шимолий қисмида катта қўзғолон кўтарилади. Кимга суянишни билмаган хон қўзғолонни бостириш учун каттагина қўшинга бошлиқ қилиб ўз акаси Маллахонни тайинлайди. Узоқ йиллардан буён фурсат кутиб юрган Маллахон учун бу тахтни эгаллаш учун жуда қулай шароит эди. Худоёрхоннинг атрофидаги анчагина амалдорларни ўз томонига оғдириб олган Маллахон тезлик билан ишга киришади, биринчи бўлиб қўзғолон чиққан вилоятларнинг ўлпон (солиқ)ларини бекор қилади. Уларнинг раҳбарларига совға-саломлар юбориб алоҳида меҳр кўрсатади ва яна аллақанча тадбирлар ўтказиб қўзғолончиларнинг меҳрини қозонади. Маллахон катта қўшин ёнига исёнчиларни ҳам қўшиб Қўқонга юриш қилади. Аллақачон хиёнат йўлига кирган хон амалдорлари Маллахон томонга ўтиб кетадилар. Ёлғизланиб қолган Худоёрхон Бухорога қочиб жон сақлашдан бошқа иложи қолмайди.