БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД - Мирзо Иқбол 2 стр.


 Журналда расми чиққан қиз сиз-а? деб сўради.

 Ҳа, дедим сал тортиниб.

 Жуда соз, деди қоратўридан келган тўлароқ ўқитувчи, бизда сиздай қизлар ўқиши керак, ички гўзаллик яхши, агар ташқи гўзаллик ҳам вобаста бўлса, бу аъло!

Кейинроқ дорилфунунга кириб, шанба кунлари қишлоққа қайтсам, бирваракайига уч-тўрт совчи ичкари-ташқарида мунтазир навбат кутар, бу ҳол мен учун оддий воқеага айланиб улгурган, меҳмон бор-йўқлигига парво қилмай, ўз юмушларим билан андармон бўлардим. Чунки улар орасида мен кутган йигитдан элчи йўқ эди

* * *

12 август

Акажон, зериктириб қўймаяпманми? Адабиётчи бўлганим учунми ё сизга ақллироқ кўринмоқчиманми, ҳаётимни бадиий бўёқларда тасвирлашга уриниб ёзяпман.

Балки, бу ёзмишим сизга бачкана, кулгили туйилаётгандир, лекин зарра ёлғони йўқ. Баъзан ўша пайтдаги ҳиссиётларим таърифига сифат тополмай ожиз қоляпман. Ўйлайманки, айтмоқчи бўлган гапларимни бус-бутун англаб, ҳолатимни тўла-тўкис тасаввур этиб боряпсиз.

Москвада тун бўйи ёмғир қуйиб чиқди. Ҳа, бу ерда ёмғир ёғмайди, айнан челаклаб қуяди. Гоҳ мусаффо осмонга, об-ҳаво башоратига ишониб кўчага чиқсанг, бирдан булут йиғилиб, уст-бошингни шалаббо қилиб ташлайди. Ногоҳ бошга тушган фалокатдан қочолмагандай, оби раҳматдан ҳам беркиниб улгурмайсан.

Август бошидаёқ ёз тугаб, бабье лето сунбула бошланди.

Тошкентда ҳалиям жазирама бўлса керак. Отёғи шафтолилар пишгандир

Ҳикоямга қайтаман.

Ўқишга кириб олганимдан дадамдан бошқа ҳамма хурсанд кўринарди. Ҳужжат топшириш учун елиб-югурганимда қўлидан келганча кўмаклашган дадам (барибир ўз кучи билан синовлардан ўтолмайди деб ўйлаган, чамамда) хушхабарни эшитиб, Қиз бола тўрт йил ўқиши шартми? Совчилар орасида тагли-тугли, бамаънилари ҳам кўп, уларни ранжитиш яхшимас, тенги чиқса текин бер, деган гап бор, деб қовоқ уйиб олди. Тағинам мен тўлов-шартномага зўрға илашганимни уларга айтмагандим. Шундоқ ҳам серчиқим оиламиз бу харажатни кўтара олмаслигини билардим.

Бахтимни кўринг, коллежда амалиёт ўтаб бир муддат тарихдан дарс бериб кетган ўқитувчим Шоира опа билан тасодифан учрашиб қолдиму муаммони айтсам, Болаларимга қараб, уй ишларига кўмаклашиб бизникида яшасанг, хўжайинимга айтиб тўловингни ёптириб бераман, деб мушкулимни осон қилди. Шу тариқа мен отбозордан баттар ётоқхона ғалвасидан ва тўлов ташвишидан биратўла қутулдим.

Бу ёқда онам ва Зебо опам жонимга ора кириб, Бону ўқийдиган қиз, келажакда олима бўлади, биздан ҳам битта чиқсин-да, деб дадажоним кўнглини юмшатишди. Асли дадам ҳам мени жонидан ортиқ яхши кўрар, кўнглимга қарар, ўқишимга мойиллиги бор эди-ю, оталарга хос қиз хавотири туфайли сиёсат қилаётганди.

* * *

Икки ҳафта ўқигач, пахта ҳашарига отланишга буйруқ бўлди. Тайёргарлик учун икки кун муҳлат беришди. Ашқол-дашқолларимизни олиб Қоровулбозорга карвон бўлиб йўл олдик

У даврни ўзингиз яхши биласиз-ку, халқнинг онгу шуурига пахта муқаддас деб сингдирилиб, ғўза илоҳ даражасига олиб чиқиб қўйилган эди. Ҳали шўравий чучвара қалпоғини ечмаган раҳбарлар пахта сўнгги мисқолигача терилмай қолиб кетса қиёмат қўпади, давлатнинг бели синади, уммон ортидаги бизни кўролмайдиган ёт унсурлар тиш қайраб, қўштиғига питра босиб пайт пойлаб турибди, деб ишонар, бизни ҳам ишонишга мажбурлашарди

* * *

Ҳашарга кетиш арафасида қўл телефонимга пул тушираман деб бошқа уйқаш рақамга беш минг сўм ташлаб юборибман. Бир кун кутдим, телефоним жонланмади, компанияга бориб суриштирсам, пулим бошқага ўтиб кетганини аниқлаб беришди. Рақамни олиб, қўнғироқ қилдим, биров кўтарди, бўлган воқеани айтсам, Ҳа, тушган эди, деди. Икки-уч кунда қайтаришини, ўзи ҳам талаба эканини, ёнида унча пули йўқлигини айтиб, узр сўради.

Кейин қарзини қайтарди. Аввал пул тушдими-йўқми деб сим қоқди, кейин ҳол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилди Бу сўзлашувлар СМСларга, СМСлар узоқ суҳбатларга уланиб, бир-биримизга беихтёр боғланиб қолдик

Ҳа, бизни кўринмас ришталар боғлади

Олмос тиббиёт институти талабаси экан.

Гапимиз гапимизга тўғри келганининг асосий боиси, у кўп китоб кўрган, мумтоз адабиёт ошиғи бўлиб чиқди, севган шоири Лутфийдан ҳолатга мос иқтибослар келтириб, завқимга шавқ қўшди, ана шу лутф бизни зарофат билан ўраб олдию, суҳбатдан-суҳбатга дил майли зўрайиб бораверди.

 Ўзингиз ҳам шеър ёзасиз-а? Шоирсиз, биламан дедим тусмол камонидан тийр отиб.

 Ҳа, сизни топгандан бери шоирман

 Ашъорингиздан баҳра олиш бахти қачон насиб этаркан?

 Сизнинг назарингизга муносиб байт битган куним

У айтдики, асли журналист бўлмоқчи экан-у, аммо падарининг қарорига қарши боролмай, буюк ҳамқишлоғи Синога издош тушибди.

Журналист табиб бўлолмайди, вале табиб қаламкаш бўлиши ҳам мумкин. Сен ҳам танани, ҳам қалбни даволайсан отанинг амри вожиб

У яна айтдики, Энди дадамиздан хурсандман, ўшанда қаттиқ турмаганида ҳозир Тошкенти азимда унга урилиб, бунга қоқилиб юрган бўлармидим. Ва сиз менинг борлигимдан, мен сизнинг борлиғингиздан ғофил ўтиб кетармидик Умуман олганда, ғафлат одамзоднинг бахтику-я

* * *

13 август

Сал ўтмай улар ҳам қўшни туманга пахта йиғимига келишди.

Биласизми ҳа, албатта биласиз, қишлоқда ўсгансиз-ку, ҳашарнинг ўзгача гашти бўлади, а?

Мен пахта ҳидини болалигимдан яхши кў рардим. Айниқса, ёз тугаб улгурмай, куз бошланмай туриб очиладиган нишона пахта бўлади-ку, унинг аллақандай момиқ исини туйгандирсиз, балки бу қуёш куйдирган тола ҳидидир, балки шонагул тароватидир, хуллас, юмшоқ-қуруқ бир ҳиди бўлади-да

Тўғри, ноябрларга бориб терим азобга айланади. Ёғингарчилик, лойгарчилик, кўзбўямачилик мавсуми бошланади. Қиз бечораларнинг боши касалдан чиқмайди. Кимнинг оёғи қақшаган, ким тумов-пучқоқ, кимнинг жигари шишган, ким бошоғриқ

Лекин сентябрь пахтаси романтиканинг худди ўзгинаси. Бу вақтда кечалар ҳам сафоли, чўл осмонида юлдузлар ғўзапоя чўғидек бозиллайди, илиқ шабада димоғингга юлғун ва янтоқнинг ачимсиқ ҳавосини кўтариб келади

Тўп-тўп қизлар курсдош эшик оғалари кузатувида дала йўлларини оҳиста кезиб, паст овозда ўланлар куйлаб борарканмиз, номаълум бетийиқ ёввойи шодлик туфайли тўсатдан юрак қинидан чиққудай талваса қилади-да, юлдузлар шуъласидан чароғон осмонга қараб ҳаёт қандай гўзал, яшаш қандай яхши, деб ҳайқиргинг келади ва айни пайт кўзларингга маржондай йирик ёшлар йиғилади. Фақат бу ҳол яқиндагина севиб қолган, бу туйғудан ҳам хавотирда, ҳам умидвор, ҳам сархуш ўсмирларда бўлса керак.

Ана шундай эртакнамо оқшомлардан бирида кўкдан юлдуз тушгандай у пайдо бўлди. Юзма-юз лолу гунг турибмизу, бирдан қўл телефонимга жон кирди. Қарасам, ундан қўнғироқ бўляпти. Мен янада ҳайрон бўлиб унга боқдим, у зўраки жилмайди, кейин билсам, қаршисида турган қиз менми, бошқами, аниқлаш учун тугмани босган экан.

Билмадим қанча вақт, қанча замонлар гоҳ кўз тўқнашиб, гоҳ нигоҳ қочиб шийпон ёнида телбавор қолиб кетдик. Унинг овози жудаям олислардан келарди.

 Салом, мен келдим! деди у ниҳоят тилга кириб.

 Сиз Қайдан топдингиз мени? воажаб, менинг-да товушим қулоғимга бегона эшитилди.

 Хатда ёзгандингиз-ку манзилингизни у ўзини қўлга олиб, лутф этди. Кейин, сизни топиш жуда осон экан. Мен қайдаки чиройли дарахтларни, гулларни, қушларни, капалакларни кўрсам сизни сўраб-сўраб келавердим

 Нима деб сўрадингиз?

 Дунёдаги энг чиройли қиз қайда? Кўрмаган бўлсаларинг ҳам эшитгандирсизлар, дедим.

 Улар ҳам сизга ўхшаган шоир экан-да? шоир ўрнига ёлғончи демоқчи бўлувдим, қарасам, қўполроқ чиқадиган.

 Сизни кўрган ҳамма шоир бўлади

* * *

У ортига қарай-қарай кетди. Кўз илғамас манзилга етиб, қайрилиб тўхтади, шунда ҳам мен унинг чақноқ нигоҳларини аниқ-аён кўрдим.

Ажаб, илк учрашувдаёқ у менга кўҳна қадрдондек, минг йиллар дилдош, йўлдош бўлгандек, туғилганману кўзларим унинг кўзига тушган, қулоқларим унинг товушидан очилгандек туюлди.

Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, бобом раҳматли хонтахтага мук тушиб Ҳувайдони қироат қилган чоғлари кўз олдимга у келар, йўқ, йўқ, тушларимдами, хаёлларимдами, билмайман, ҳарқалай, қачондир мен уни кўрганим рост эди.

Унга қарадиму мен қачондир йўқотган, эҳтимол, унутган, лекин унутганим эсимдан чиқиб яна соғинган инсоним, қадрдоним, азизим шу эканини дил-дилимдан англадим.

Унинг маъюс кўзлари, ҳазин қарашлари, сийрак, аммо тим қора киприклари, учқур заковатини кўрсатиб турган синиқ сиёҳ қошлари, турмуш машаққатини чеккан толиби кутубларда учрайдиган рангпар чеҳраси бу менга жон қадар яқин эди.

Мен шу кундан бошлаб ишқ оташига тушдим, кечаю кундуз уни ўйлардим, хаёлан суҳбатлар қурардим, кўнглида нелар борлигини аниқ билгим келарди ва шу истак мени баттарроқ оловларга ташларди.

* * *

14 август

Мен энди ишқ дунёсига ҳижрат қилдим.

Ундан бошқа ҳамма хилқат бачкана, ҳамма гап майда, ҳамма иш кераксиз, ҳамма қайғу кулгили эди. Қўлларим бешпанжа чаноқлар чангалидан момиқ пахтани беихтиёр юлиб, белимга боғланган этакка шитоб ташлаб борардию, бошим узра асаларидек бир байт айлангани айланган эди:

Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум, Халойиқға бўлуб кулгу, басе афсоналар бўлдум

У замонларда бир кун келиб мазкур байт пешонамга тақдир муҳри бўлиб босилишини билмасдим, Зуҳро юлдузидек лўппи пахталарни чаққон теримчи қўллар этакларга қамаб борган сари эгатлар шумшайиб, кўланка тушгандай хира тортиб қолгани каби бу оқ-ойдин кунларим омонат экани хаёлимнинг бир четида ҳам йўқ эди.

* * *

Дил ба ёр-у, даст ба кор, деганларидек, қўлим ишдаю, дилим ишқда эди

Мен энди пахтани янада кўпроқ терадиган бўлдим. Ўзим билан ўзим қолишим, хаёл эркинлигидан баҳра олишим учун тезроқ бошқалардан илгарилаб-ажраб, холи бўлишим керак эди.

Тушликдаги оби-ёвғонни шоша-пиша ютиб, яна пайкалга ошиқардим. Бу жиҳатим муаллимларимга маъқул тушса-да, талабаларнинг ғашига тегар, атай менга тегизиб биттаси: Иби, художоним, ордона, ишқилиб жўялани арасига йиқилиб қомасам гўргайди, деса, бошқаси Пулни деб томдан ташлайдигонларни жони сўлкавойдан қаттиқ бўлади, деб пичинг отарди. Кейинги кинояда пича жон бор: азза-базза оқ олтин теришимнинг яна бир сабаби ҳарна, ота-онамга уч-тўрт сўм ёрдам бўлар, дердим.

Пахтада хулқим, меҳнаткашлигим ва фидойилигим учун гуруҳ сардори қилиб қўйишди

Гапларим пойинтар-сойинтарлиги ва бадхатлигим учун кечирим сўрайман.

* * *

17 август

Акажон, сафардамиз, вақт топиб бафуржа ёзарман

21 август

Теримнинг иссиқ кунлари челак кўтариб, ҳашарчиларни суғориб юрадиган мешкобчи талаба бўлади. Одатда бундай мансабга шаҳарлик такасалтанг йигитлар қўйилади.

Курсдошларим биринчи эгатнинг ярмига бормай, мен иккинчисидан қайтаётган пайтим қатор бошидан пахтамни тўкиб-чайиб Шариф мешкобчи келаверди. Жиғибийроним чиқиб, қўлим билан эгатдан қоч, деб ишора қилсам, у қўлини карнай қилиб Суюнчи! Уйдагиларинг кўргани келишибди, мингга қўй! деди.

Ярим тўлган этагимни апил-тапил эгатга ташлаб, ҳаллослаганча ғўзаси ўрилган пайкал бошига ошиғич чиқсам, Шоира опа турмуш ўртоғи ва болалари билан чарақлаб турибди. Аввалига ҳайрон бўлдим коллеждаги расмий муносабатимизни демаса, еттиёт бегона бўлсак, ҳали уларнинг уйларига кўчиб бориб яшаб, меҳр уйғотмаган бўлсам

Лекин барибир хурсанд бўлиб кетдим. Шоира опа қучоқлашиб кўришаркан, хўжайинига қараб:

 Икромиддин ака, мен сизга айтган Бону мана шу, ўзимизни биринчи фарзандимиз, қизимиз, болаларимизни опаси, деди ярашиқли кулиб.

Икромиддин ака хушсурат, маданиятли инсон экан. Қаранг, мен ҳашарга жўнабману булар оилам билан танишиш учун қишлоққа боришиб, онам қўлидан қора қумғон чойини ичиб, менга янада кўнгиллари илибди.

Дугоналарининг ота-оналари кўришга келса, бизнинг қизимиз ажралиб, ўксиб қолмасин деган ўй-фикр билан шунча йўл босиб келишибди.

Гап орасида Шоира опам Уйдагиларингга қўнғироқ қилиб, овора бўлиб юрманглар, биз ўзимиз ҳар ҳафта хабар олиб турамиз дедим, деб қўйди.

Ҳақиқатан ҳам сўзида турди: ҳар якшанба бир тоғора тансиқ таом кўтариб келарди. Ҳеч бўлмаса ўн беш кунда бир келинглар, мени ноқулай аҳволга соляпсизлар, деганимга қулоқ солмасди. Эҳтимол, тўрт мучаси соғ, топиш-тутиши рисоладагидай эр-хотин мени кўриш баҳонасида талабалик йилларини эслаб, яна бир бор ҳашар гаштининг ҳавосини олиб, чигил ёзиб кетармиди

Мен-ку, етишмовчиликка кўниб яшашга ўрганганман, бобом раҳматли шундай тарбия берган Бойлик тилло-зарда эмас, қаноатда, қизим, кўзи оч одам ҳеч қачон тўймайди, кўзи тўқ одамнинг кўнгли тўқ бўлади, деб кўп такрорларди.

Мени кўпчилик ёқтирарди, аксарияти яхши кўрадиганга ўхшарди. Назаримда, энди Тангри ҳам севиб, сийлаётгандай эди.

Буларнинг барчаси қаноату сабрим ва, очиғи, гўзаллигим учун деб ҳисоблардим.

* * *

22 август

Акажон, сизга шу хотираларни ёзяпману, деразага ёз ёмғири урилгандек телефоним ойнасига кўзёшларим дона-дона тўкиляпти.

Ўз армонларим, фожиаларим билан сизнинг дилингизни сиёҳ қилиш ниятим йўқ. Аммо қисматим битикларига қизиқиб қолганингиз, Бонужон, ҳикояларинг ўта қадрдон, худди ёнингда юргандайман, димоғимга пахта ҳиди урилгандай бўляпти, ёз, ёзавер деган илиқ гапларингиз тезроқ кечинма-туйғуларимни тўкиб солишга ундаяпти.

Ҳай, майли, ҳали қайғуларгача анча бор. Ҳозирча яхши гаплардан гаплашамиз

Юқори курс йигитларининг деярли барчаси атрофимда гирдикапалак, тарози маҳали зил-замбил чойшаб-этагим талаш, бирови номимга шеър бағишлаган, бошқаси қўшиқ куйлаган, бу ёқдаги қизларнинг қовоқ-тумшуғини демаса тугал бахтиёр эдим.

Фақат ота-онам, акам ва унинг соғинчидан ташқари хўрсинтирадиган сабаб йўқ.

Пахтани тугатиб шаҳарга қайтдик.

Ўқиш, сессия Баҳо олишда қийинчилик йўқ, биринчидан, хотирам яхши бир варақлаган китобим муҳрланиб қолади, имтиҳонга кирганда саволга қараб ўша китобни хаёлан варақлайман. Иккинчидан, хоҳлаймизми-йўқми, Худо берган чиройга маҳлиё бўлмайдиган, ўзи ҳам яхши кўрингиси келмайдиган одам топилмаса керак.

Олмос СМСларидан дастлабкисида шундай ёзганди: Парвардигори олам инсониятга аталган ҳуснни яхлит олиб, унинг бир фоизини ажратибди. Ўша фоизни яна юз бўлакка бўлибди-да, тўқсон тўққизини Ҳазрати Юсуфга, қолган бирини бани одамга ҳадя қилибди Юсуф алайҳиссалом андоғ гўзал инсон эканларки, Зулайхо у кишини сабзи тўғраб ўтирган қиз-жувонлар чодирига таклиф этганда, бечора аёллар у кишининг ҳуснларига маҳлиё бўлиб, ўз бармоқларини тўғраётганларини сезмай қолишган экан

Гўзалликда шундай сеҳр, жоду бор, Бону.

Ўрта аср Европасида инквизиция ҳукми билан гўзал аёлларни жодугарликда айблаб, тириклай ёндиришган. Ҳозир эса бир соҳибчирой гуриллаб осмонга ўрлаб, булутларни пароканда қилган ишқ оловида каминани ёндириб-куйдирадир.

Мен сизни кўргандан бери ҳажрингиз юрагимни паррон-паррон тўғрайди, не ажабки, бу қийноқ, бу оғриқ, бу жафо менинг жон-жонимга ҳузур ва лаззат бағишлайди:

Жафони жонима оз қилки, ногаҳон бир кун Жафо тугарса, нетарсен, жафо керак бўлса?Кишики ўз жониға қасд этар, сени севсун, Дағи эшикинга келсун, бало керак бўлса

* * *

23 август

Мендан олдин партадошим Сарвиноз телефонимга қараб:

 Бону, Олмосингдан хат келди! деб суюнчилади.Қулоқларимга ишонмай, унинг қўлидан телефонни олиб, беихтиёр овоз чиқариб ўқидим: Ас. ал.! Сизнинг туғилган кунингиз менинг бахтим таваллуд топган кундир. Тун бўйи муносиб туҳфа қидирдим, кўз ўнгимдан дунёнинг бор дурри акбарлари, лаълу забаржадлари, олтину кумушлари ўтди. Ниҳояда, Сиз учун энг арзимас, мен учун яккаю ягона бўлган жонимни ҳадя қилишга қарор қилдим. Бу йўл четида ётган оддий тош қатори беқадр бўлса-да, Сизнинг бармоқларингизда Кўҳинур бўлиб жило топишига зарра гумоним йўқ. Шу тош Олмос бутунлай сизники:

Назад Дальше