БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД - Мирзо Иқбол 3 стр.


Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма, Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма!

Қизларнинг қийқириқ аралаш табрикларидан қулоққинам қоматга келди. Эҳ-е, туғилган кунда бундан ҳам ортиқ совға, бундан ҳам оташин табрик бўлиши мумкинми? Еттинчи осмонга учиб кетдим: Ассалому алайкум! Раҳмат эътибор, ҳурмат ва табрик-шеър учун, ўзингизга ҳам Жума айёми муборак бўлсин, деб хат юбордим. Бу ўзбек филологиясида ўқийдиган толибанинг жавоби эмас, деган нома қайтди. Сал ўтиб қўнғироқ қилиб яна қутлади. Пешиндан кейин университетга келишини айтиб, Унгача СМСимга жавоб кутаман, деб таъкидлади.

Чиройли шеърий жавоб топиш мақсадида курсдошларнинг ён дафтарию телефон хотирасини титкилаб чиқдик. Ва ниҳоят ҳаммамизга бир шеър маъқул бўлди:

О, илк муҳаббатим, илиқ муҳаббат, Тотли туйғуларга тўлиқ муҳаббат!Баҳор қуёшидай иссиқ бўлгин-у, Баҳор ҳавосидай ўзгарма фақат!

* * *

Дарс тугашини интизор кутдим. Назаримда, бир ярим соатлик сабоқ юз эллик йил чўзилгандек туйилди.

Ниҳоят, дорилфунун чорраҳасида учрашдик. У минг андиша билан:

 Табрик орқали сиздан розилик олмоқчийдим, қўлингизни сўрагандим, деди. Мен кулиб:

 Жавобимни ёзиб юбордим, дедим.

У эса эшитилар-эшитилмас товушда:

 Розимисиз? деб пичирлади. Мен елка қисдим. Олмос, Сиз иккиланиб тураверинг, мен эса бугун юрагимни совға қиламан сизга, уни асраб-авайлаб юра оласизми? деб чўнтагидан битта узукчани олиб қўлимга тутди.

Каҳрабодай тўқ-сариқ тилла узукча Ўртасида майин яшил рангли кўзчаси нурланиб турибди.

Узукка қараб кулиб туравердим.

 Олмасангиз хафа бўламан, мендан эсдалик, деди.

Ҳар қандай қиз юрак ҳовучлаб кутадиган изҳори дил воқеаси бунчалик тез содир бўлади деб ўйламагандим, довдираб қолдим.

 Қўрқяпман, дедим шивирлаб. Негадир кўзимга ёш келди. Олмос ҳайрон бўлиб:

 Нимадан? деб сўради.

 Билмайман, елка қисдим

 Олинг, ҳеч нимадан қўрқманг, мен ўлгунча, умрбод, абадий ёнингизда бўламан, деди у ҳаяжондан қўллари қалтираб

Узукни олдим. Бироқ тақишга ҳаддим сиғмади. У:

 Тақинг, деб оёқ тираб туриб олди.

 Кейинроқ, дедим оҳиста

 Ҳозирча шу, камига қарздорман, қолгани тўйда, деди у овози бўғилиб.

 Раҳмат, дедим. Лекин, менимча, овозим чиқмади

Шу турганча иккаламиз ҳам жим бўлиб қолдик.

Бироз айланган бўлдигу Олмос ётоқхонага, мен Шоира опамникига қайтдим.

Шу кун, шу тун фақатгина жисмим ерда эди. Руҳим эса самоларда нурларга чулғаниб парвоз қилиб юрарди.

Сиз ҳам тушингизда учганмисиз? Нималар деяпман, албатта, учгансиз. Ўшанда аллақандай чароғон қувонч бутун вужудингизни чулғаб олади-ку, пардай енгил бўлиб қоласиз-ку, илоҳий нигоҳни ҳис қилиб сархуш бўласиз-ку Барибир аллақандай ингичка бир хавотир кўкдан қулаш хавфи ё номаълумлик қутқуси онг остида чатнаб тураверади. Билмадим, менда шунақа

Эртаси ўқишга келсам, қизлар Олмос нима совға берганига қизиқди. Узукни кўрсатдим. Кимдир Ярашибди, муборак бўлсин, сизларга ҳавасим келяпти, бахтли бўлинглар, деса, кимдир Йигитингиз қаттиқ экан, дур кўзлигидан олиб берса асакаси кетардими? деб лаб бурди. Бироқ ҳеч қандай эътироз кайфиятимни буза олмади. Ўшанда келажагим ҳеч бир суюк бандасига насиб этмаган айрича бахт саройида иккимизни интизор кутаётганига ишончим комил эди.

Қулоқларимда Олмоснинг мен ўлгунча, умрбод, абадий ёнингизда бўламан, деган сўзлари қайта-қайта жарангларди.

* * *

24 август

Шоира опамнинг уйида Сужи деган кореялик қиз ижарада яшарди. Феълимиз рост тушдими, бир ой ўтмай яқин дугона бўлиб қолдик. Мен унга ўзбекчани, у эса менга корейс тилини ўргата бошлади.

Ҳар куни ўқишга бирга қатнардик. Мен уни бир неча бор қишлоққа, уйимизга меҳмонга олиб бордим.

Кейинча Сужининг онаси келди, танишдик, шаҳар айландик Аллақандай самимий, содда ва ўта қизиқувчан бу аёлга, айниқса, Арк маъқул тушди. Унинг айтишича, қадим даврларда уларнинг бобокалонлари бизнинг тупроғимизда истиқомат қилган, ёдгорликлари ҳали-ҳамон Сурхондарёдаги обидалардан топилиб турар, яқинда Будданинг ноёб ҳайкалчаси чиқиб қолиб, роса шов-шувга сабаб бўлган экан.

 Қаранг-а, минг йиллар давомида худо деганингиз ер тагида ғинг демай ётганига қойил! Биз бандаи ожизлар икки дақиқага лифтда қамалиб қолсак, осмонни бузгудай сурон кўтарамиз. Ишқилиб, ўзларингда ундан бошқа захирадаги худоларинг бормиди? деб ҳазиллашмоқчи бўлдим. У:

 Худо битта, моҳият битта, банда битта, қисмат битта, деб кўрсатгич бармоғи билан кўкка ниқтаб қўйди.

Шу тариқа тилни пухта ўзлаштириб, Қурияда ўқишни давом эттириш фикри туғилди.

Саралаш синовида иккинчи ўринни қўлга киритиб, имтиҳон топшириш учун йўлланма олдим.

Сужи муҳаббат қиссамдан хабардор эди. Лекин у севги йўқ деб ҳисоблар, кўнгил одамнинг энг хавфли душмани, дерди. У Олмос иккимизни корейс ресторанига олиб бориб, тавозе аралаш миллий ошхонаси билан таништираркан, таклиф қилинган емакларга қўл урмай божрайиб турганимизни кўриб Бу ҳалол, мол гўшти, вов-вов эмас, деб жилмайиб, ўзи бошлаб берганини кула-кула кўп эслаганмиз.

Биз ҳам уни Лаби Ҳовуз ва бошқа миллий ресторанларда меҳмон қилганмиз, Сужи юзларини буриштириб, Сизда гўшт ва ёғ кўп ейилади, бу заҳар, заҳар! дегани ҳам эсда қоларли бўлган.

Бу меҳмоннавозликларда Олмос базўр ўтирар, дугонамнинг очиқлиги ғашини келтираётгани кўриниб турар, яхшики, Сужи ўзбекча кесатиқ ва тагдор гапларни унчалик тушунавермасди.

Бир куни туш маҳали Дур емакхонасига кирдик. Мулозим буюртмага кўра кўзашўрва келтирди. Олдимиздаги ликопларга кўзачаларни қўйиб ўгрилган ҳам эдики, бирдан Олмосга аталган сопол кўза тарс этиб синиб кетса бўладими! Бу кутилмаган ҳодисадан хабар топган емакхона хўжайини югуриб кириб келдию узр сўрай кетди. Биз карахт ҳолда эдик. Яхшики, тагида чуқур ликоп борлигидан шўрванинг забти сусайиб, кийимларимизга тегмади. Бир зумдан сўнг Сужи муқаллидлик санъатини намоён қилди ҳолатга кириб, ҳар иккимизнинг юз ифодамизни кўрсатиб бериб ичагимизни узаёзди

* * *

26 август

Мен Тошкентдаги имтиҳонга Олмоснинг қатъий тақиқи сабаб бора олмадим.

* * *

Дорилфунундаги синовларда мени кўпам қийнашмасди.

Менинг изтиробим боиси ишқ имтиҳони саволлари оғир келаётганди.

Олмосдан дарак йўқ эди. Тўғрироғи, ҳар кун телефонда гаплашамизу, лекин бораман демасди, бу тутуми мени баттар шубҳа-хавотир гулханига ташлар, нега мени кўргиси келмайди, нега кўрингиси келмайди, деб заққум ютардим.

Ошиқ кўнгилнинг гумони ишончидан баландроқ келади. Қайси сўзим, қайси атворим билан кўнглига озор берган эканман, деган иштибоҳда у билан суҳбатларимни юз бор қайта таҳлил ва тадқиқ қилиб чиқаман. Танишганимиздан бери бир неча марта Икромиддин ака билан таништириб қўйишимни сўраганди. Мен бу сўровда куёвликка номзоднинг яқинларингиз билан юзлаштиринг, мен қатъий қарор бердим, деган ишорасини тушуниб, қиз бола истиҳоласи юзасидан ҳали эрта, деб пайсалга солиб келардим. Охирги учрашувдаги Вақт-соати билан танишиб оларсизлар, деган жавобимдан энсаси қотгандек туюлганди. Лекин бу гаплар орага совуқчилик соладиган, ўзини тортадиган даражада жиддий эмас-ку

Ана шундай олакўланка кунларнинг бирида у қўнғироқ қилиб:

 Мен дорилфунунингиздаман, кўргони келдим соғиниб, деди.

Ҳаётимга баҳор қайта келди, табиатга яна ранг-жило инди. Ҳарир булдуруқ боғлаган мажнунтоллар кўзимга қийғос гуллаган бодом бўлиб кўрина бошлади.

Очиғи, ўша куни нима ҳақида гаплашганимиз, ўлай агар, эсимда йўқ. Аммо суҳбат нашидаси, нашъаси, сурури эсимда мен худди туш кўраётгандай, эртаклар оламида учиб юргандай, гўё пари ё ҳурман-у, у эса ғилмондай эди. Ва ихтиёр бўлса, бу тушдан қиёмат қадар уйғонмасликни тилардим.

Унинг кўзлари тубига бир лаҳза боқиб, қорачиқларининг қуёш нуридай тарамларига жоним риштаси пайваста тушиб, масту мустағрақ эдим. Шунда ёдимда бир ҳол қолдики, воажаб, бир лаҳзада бирдан икки кўз билан ёрнинг икки кўзига айро боқиб бўлмас экан, нигоҳ нуқтаси фақат бир қорачиқда жамланаркан!

У ҳам бир умрлик орзусини тотли тушида кўраётгандек сархуш ва бу ширин рўёдан ажрагандан кўра жондан айрилишни авло билишини шивирлаб айтарди:

Башардур ё пари, ё ҳуру ғилмондур, билиб бўлмас, Эрур турфа назокатлиғки андин айрилиб бўлмас

* * *

30 август

Эсингизда бўлса, ўша кезлар гўзаллик танловлари ўтказиш урф бўлганди. Ғарб қизларнинг қадди-қомати бичимига кўпроқ эътибор қаратса, бизникилар табиий гўзаллиги, орасталиги, пазандалиги ва уқувини босқичма-босқич баҳолар, дастлабки кўрик ўқув юртларида ҳам ўтказилар эди.

Курс раҳбаримиз мени қўярда-қўймай шу танловга тайёрлай бошлади. Барибир Мен ҳаммадан чиройлиман, деб даъво қилиш, кимлар биландир бу борада баҳслашиш менга эриш туйилар, уйдагилар рухсат беришмаса керак, деб иккиланар эдим. Ажабки, бу гапни онам орқали эшитган дадам Бунинг нимаси ёмон? Муносиб топиб таклиф қилишган экан, қатнашаверсин. Ҳарна билмаганларини билиб, кўрмаганларини кўриб олади. Асосийси, танлови шарқона эканку, дебди. Энди ҳамма гап Олмосда қолганди.

У отаси ҳаддан зиёд қаттиққўллигини таъкидлаб, таъби назми ҳавас қилса арзигулик шоира синглиси етуклик шаҳодатномаси олган куннинг эртасига эрга бериб юборилганини афсусланиб эсларди.

Отаўғил бундай хурмача сайловга қатъий қарши чиқади, деб унга бироз юмшатиб, Латофат танловига чақиришяпти, десам, уям кутилмаганда чеҳраси ёришиб: Сиз гўзал қалбингизни ўзга қизларга кўрсатиб, уларни мастура ва комилаликка чорлайсиз, биз мутаассиб эмасмиз, худо берган ҳусн ҳам тарбия воситасидир, деб мени тонг қолдирди. Лекин вилоятда ғолиб бўлгач, пойтахтга боришим кераклигини айтганимда пешонаси тиришиб, Шартмикан шу, эшитганлар қош-кўзини бозорга соляпти демасмикан, деб феъли айниб, тўнини терс кийиб олди. Мен эса бу феълдан хурсанд бўлдим. Рашк қиляпти, қизғаняпти, демак, туйғулари чин

* * *

31 август

Акажон, Истиқлол айёми муборак бўлсин!

Тақдир тақозоси билан кўп юртларда бўлдим, баъзан сафаримиз ҳар хил байрамларга тўғри келиб қолди.

Бирлашган Европанинг бағрикенг, эркин давлатлари озодлик билан боғлиқ кунларини энг улуғ айём деб нишонлашини шунда кўрдим. Улар ўз байроқларини шу қадар эъзозлашадики! Ҳар бир хонадон, қўрғон, мактабу боғча пештоқида яловлари сарбаланд

Байроғимиз ҳамиша ҳилпираб турсин!

3 сентябрь

Онамнинг бир қўшиғи бўларди, гоҳида иш тикиб ўтириб ҳазин овозда хиргойи қилиб қоларди:

Атиргулни чиройи сабаб узишади, хонгулни кўзи боис овлашади деганларидек, ҳусним бошимга бало бўлди. Танловда қатнашаётганимнинг овозаси ёйилиб, шуҳратим тўрт томон таралиши баробарида ошиқи беқарорларим кўпайгандан-кўпайди. Уларнинг баъзиси шунчаки эрмакталаб хуштор, гўзаллик харидори бўлганидай, Ўламан саттор, олсам ҳам оламан, олмасам ҳам! деб қасам ичган ўта сурбет ва ашаддийлари ҳам бор эдики, мен на дорилфунунда, на кўча-кўйда, на автобусда хотиржам юра олар, бетийиқ кўзлару беҳаё нигоҳлардан безиб, безиллаб қолгандим.

Баъзи суюқроқ устозлар ҳам киши билмас гап ташлаши, бойваччалар ўқишдан чиқишимни пойлаб, қимматбаҳо машиналарини кўзкўзлаб йўл тўсиши ҳар куни бир можарога сабаб бўлар, дугоналарим бу машмашалардан қутулишнинг ягона йўли турмушга чиқиш, деб шаъма қилишарди.

Ўзим ҳам шу хулосага келиб бўлгандим, аммо начора, қизлик ғурурим бўлғуси Луқмони ҳакимга ишорат қилишга йўл бермас, Уржузани ҳижжалаб, чинор япроғидан ҳам малҳам олиб, инсоният жароҳатига эм бўлишни мўлжаллаб, илм осмонида ҳардамхаёл сайр қилиб юрган, заминга фақат мен туфайли боғланган бу толиби фан ўзи билиб кутилган мавзу кўчасига мундоқ қадам босай демасди.

* * *

Аммо кўришганда бу заминий можаролардан асар ҳам қолмас, биз ўзимизча бахтиёр, фақат илк севгининг илк кезларидагина рўй берадиган бетоқат сармастлик ила кейинги висол онларини кутардик.

Ҳа, биз бир-биримизни росмана топдик. Ҳар сешанба ва шанба кунлари учрашиб, гоҳ хаёлан келажагимизга сайр этар ва унда ўзимизни бахтиёр ва хуррам топар, хуллас, бахт тушунчаси бир-биримизнинг исмимизга айланиб улгурган эди.

У ўзини олижаноб ва мард, оқил йигит сифатида намоён этар, бебош туйғуларни жиловлай оларди. Неча бор ёлғиз қолдик, кимсасиз хиёбонларни кездик, аммо у бирор марта билагимни ушламади, одамий истакларга эрк бермади. Фақат бир марта ҳа, майли, бу ҳақда кейинроқ

Кўчада истироҳат қилсак, бир қадам олдинда юрар, шу тахлит менинг кўзимга ҳазрат Румийнинг чодиридан чиққану, адашиб бизнинг кунларга келиб қолган муршиди комилдай кўринарди. Унинг бор-йўқ беадаблиги ҳали туғилмаган болаларимизга исм танлагани эди: бир ўғил, бир қиз бўлар, ўғил унга, қиз менга ўхшар, болага Ўктам деб, қизалоққа Севинч деб от қўярди. Чунки бу исмларда ҳам орзу-умид-тилак бор, яна бу номлар соф ўзбекча Мен рози эдим.

Баъзан хаёлимда уларни эркалаб ўпардим, ҳидлаб-ҳидлаб тўймасдим, бешикларини тебратиб, аллалар айтиб ухлаб қолардим Ўғлим қуйиб қўйгандек унга ўхшар, қизим иккимиз икки томчи булоқ сувидек эдик. Фақат улар кичик, жуда кичик жуда беғубор эди.

* * *

7 сентябрь

Бир йил шу тариқа ширин туш каби ўтди

Биринчи курсни тугатиб, сессияни ёпиб уй-уйимизга қайтдик Қишлоқда икки ҳафта совчилардан безиб, ота-онамга турли-туман важ-корсонлар топиб тоза зериккан чоғим Шоира опам қўнғироқ қилиб, эри хитойликлар билан пиллани қайта ишлайдиган қўшма корхона ишга тушираётгани, менинг кўмагим зарурлигини айтиб чақириб олди. Мен уч ой пиллачилик қилиб, маошимга кийим-бошимни тўғрилаб олдим

Иккинчи курс бошланди.

Яна пахта яна ўқиш

Ҳаёт жуда ширин ва завқли эди. Бу шавқ ким билан боғлиқлигини яхши сезиб турибсиз, албатта.

* * *

Бир куни одатдагидек, қишлоққа қайтиш учун автобусга ўтирдим. Жамоат уловида юришнинг ҳам ўзига яраша гашти бўлади, а?

Автобус деразасидан қараб кетсангЙироқ қочиб кетар ташвишлар

Эсингиздами?

Бекатдан уйгача уч чақиримча пиёда юришга тўғри келарди. Бир ўзим йўл четида кетаётсам, оқ Жигули келиб тўхтади. Қарасам, акамнинг синфдоши Юсуф ака.

 Таниб қолиб машинани сақладим, деди у ёнбошлаб эшикни очаркан.

Сўрашиб уловига миндим, суҳбатлашиб уйгача келдик. Акамга, дадамга салом айтиб қўйишимни тайинлади. Тушаётганимда тўхтатиб, қачон шаҳарга қайтишимни сўраб:

 Душанба эрталаб шу ерга келиб тўхта, олиб кетаман, деди. Хўп деб, хайр-хўшлашиб уйга кирдим.

Душанба куни дорилфунунга келтириб қўйди.

Кейин ҳар кун келадиган одат чиқарди.

У уйланган, лекин кўнгилсиз бўлибми, уч ойга қолмай хотинига жавоб бериб юборганини эшитгандим. Ўзи Жаҳон бозорида дўкондор, топиш-тутиши яхши, хушбичим йигит бўлса-да, негадир тенгқурлари қаторга қўшмас, сабабини Мирхонд акамдан сўрасам, Э, у девона, инсжинслар билан гаплашиб юради, деб кулганди.

Азбаройи акамнинг ўртоғи, ҳамқишлоқ деб хуш муомала қилардим.

Мени олиб кетиш учун ҳовлимизга дадил кириб, уйдагилар билан бемалол суҳбатлашганини кўриб, ҳартугул ёмон нияти йўққа ўхшайди деган хулосага келгандим

* * *

8 сентябрь

Шанба куни қишлоққа отланиб шоҳбекатга келсам, беш дақиқа олдин охирги автобус жўнаб кетган экан, ортимга қайтаман деб турганимда қаердандир Юсуф пайдо бўлиб:

 Ҳа, Бону, яхшимисан, шу ердан ўтиб кетаётган эдим, кўриб тўхтадим. Юр, олиб кетаман, деди. Негадир оёғим тортмади. Унамадим. У оёқ тираб, қани, машинага мин, нега менга ишонмайсан, бирор вақт сенга ёмонлик қилганмидим? деб туриб олди. Мен:

Назад Дальше